Оиша бинт Абу Бакр
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Сешанба, Дек 26 2023
- 14631 марта кўрилди
Оиша бинт Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу Қаҳофа Таймий Қураший (р.а.). Расулуллоҳнинг аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси. Кунялари Умму Абдуллоҳ (Абдуллоҳнинг онаси). Мазкур куняни Пайғамбар (алайҳис-салом) Оиша (р.а.)га жиянлари Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а.)ни қаттиқ яхши кўрганлари ва онадек парвариш қилганлари сабабли берганлар.
Оиша (р.а.) Маккада дунёга келганлар. Айрим манбаларда Оиша бинт Абу Бакр (р.а.) рисолатдан кейин туғилганлари ҳақида маълумот берилса, кейинги тадқиқотларда эса рисолатдан аввал таваллуд топганлари келтирилади.
Оталари буюк саҳобий Абу Бакр Сиддиқ (р.а.). Хулафои рошидунларнинг биринчиси, Расулуллоҳнинг энг яқин, энг суюкли дўстлари ва биринчи эркак мусулмон.
Оналари саҳобия Умму Руммон бинт Омир (р.а.). Бану Кинона қабиласидан бўлиб, биринчи турмуш ўртоғи Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Сахбара Маккада вафот этгач, унга Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) уйланганлар. Бу аёлдан Абдураҳмон ва Оиша дунёга келган. Умму Руммон (р.а.) исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, Мадинага ҳижрат қилиб ўша ерда ҳижрий олтинчи йилда вафот этган.
Оиша (р.а.) мусулмон ота-онадан дунёга келиб, ёшлик-дан исломий тарбия кўрган.
Манбаларда келтирилишича, Оишага уйланишларидан олдин Пайғамбар (алайҳис-салом) бир неча марта кетма-кет бир хил туш кўрадилар. Тушларида Жаброил (алайҳис-салом) У зотга Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг қизлари Оишанинг тасвири туширилган ипак рўмолчани кўрсатиб: «Эй Набий, бу дунё ва охиратда жуфти ҳалолингиздир», дейдилар.
Бу ҳақда Оиша (р.а.)дан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳис-салом) менга: «Сен тушимдауч кеча кўрсатилдинг. Фаришталар сени менга яшил ҳарир матога солиб олиб келар ва: «Мана шу сенинг аёлинг», дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча, агар бу Аллоҳнинг Ўзидан бўлса, тушимни ўнгидан келтирар, дер эдим», дедилар».
Расулуллоҳ дастлаб бу тушга жиддий аҳамият бермаганлар. Аммо ҳар куни бир хил туш кўравергач, бунда илоҳий ишора борлигини пайқадилар. Сўнгра Абу Бакр (р.а.)нинг ҳузурига бориб, тушларини айтиб бердилар. Абу Бакр (р.а.) ниҳоятда хурсанд бўлдилар. Чунки Пайғамбарни куёв қилиш катга шараф эди. Бироқ, у пайтда Оиша (р.а.)ни Мутъим ибн Адий ўғли Жубайрга сўраган эди. Абу Бакр (р.а.) қандай қилиб бўлса ҳам бу қийин аҳволдан ёруғ юз билан чиқишни ўйлар эдилар. Кўп ўтмай теран ақл ва фаросат ишлатиб, бу муаммони ҳам ҳал қилдилар. Муаммоли ва-зиятдан халос бўлган Абу Бакр (р.а.) қизлари Оишани рисолатнинг 11 йили Расулуллоҳга никоҳлаб бердилар. Оиша (р.а.)нинг маҳри беш юз дирҳам бўлган.
Никоҳдан сўнг Расулуллоҳ Оишани дарҳол уйларига олиб кетмадилар. Маълум муддат Оиша (р.а.) ота-онаси билан аввалгидек яшаб юрдилар.
Ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида, камтарона тўй қилиниб, Оиша (р.а.) билан бирга яшай бошладилар.
Оиша (р.а.)нинг келинлик уйи хом ғишт ва хурмо ёғочидан қурилган, Масжиди набавийга улаб солинган кичик бир ҳужрадан иборат эди. Расулуллоҳ (алайҳис-салом) умрлари давомида уйланган аёллари ичида фақатгина ҳазрат Оиша бокира қиз бўлган, қолган хотинлари эса эр кўрган аёллар бўлган. Оиша (р.а.) бу билан фахрланиб юрар эдилар.
Пайғамбар (алайҳис-салом)нинг Оиша (р.а.)га муҳаббатлари кучли эди. Бу хусусда бир неча ҳадислар келган. Жумладан, Амр ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда у киши Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, «Ё Расулуллоҳ, сизга ким маҳбуброқ?», деб сўраганида «Оиша», деб жавоб берганлари айтилган. Шунингдек, Расули Акрам: «Оиша аёллар орасида худди таомлар ичида сарид кабидир», деб марҳамат қилганлар. Араблар хуш кўриб ейдиган «сарид» деган таом жуда тўйимли бўлганидан уни егандан кейин бошқа таомга ҳожат қолмас эди. Бундан Расулуллоҳнинг баъзи аёллари рашк қила бошлаб, қизлари Фотима (р.а.)дан бу ҳолни У зотга билдиришларини илтимос қилдилар. Аввалига Расулуллоҳ бу ҳақда гаплашишни хохдамаган бўлсалар, суюкли қизларининг иккинчи марта мурожаатларидан кейин сўзлашга мажбур бўлиб: «Қизгинам Фотима, мен яхши кўрганимни сиз яхши кўрмайсизми?», дедилар. Ҳазрати Фотима: «Албатта, яхши кўраман, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. Пайғамбар (алайҳис-салом): «У ҳолда Оишани яхши кўришингиз керак!», деб жавоб бердилар. Фотима (р.а.) жим бўлиб қолдилар. Пайғамбар (алайҳис-салом) сўзларини давом эттириб: «Оишадан ҳеч қачон рашк қилмасинлар. Раббимга қасам этиб айтаманки, Оишадан бошҳа ҳеч бирларининг ётоқларида менга ваҳий келмайди», дедилар.
Оиша (р.а.) Пайғамбар (алайҳис-салом) билан кўп сафарларда, ҳарбий юришларда ҳам бирга бўлар эди. Ана шундай сафарлардан бири - Бану Мусталақ ғазотидан қайтишда Оиша (р.а.) мунчоқларини қидиришга чалғиб, карвондан қолиб кетадилар. Эртасига саҳобийлардан бири Оиша (р.а.)ни таниб олиб келади. Бегона эркак билан бирга кириб келганларини кўрган мунофиқлар миш-миш тарқатиб, тарихда «Ифк ҳодисаси» (туҳмат) номи билан ёмон ном чиқарган воқеа содир бўлди. Бу ҳодиса барча мусулмонларни оғир изтиробга туширди. Чунки бу аслида, Оиша (р.а.)га эмас, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қаратилган фитна эди. Мазкур воқеада Аллоҳ таолонинг ўзи Оиша (р.а.)нинг шаънларини поклаб, қуйидаги оятларни нозил қилди:
«Албатта, (бу) бўҳтонни (вужудга) келтирган кимса-лар ўзларингиздан бўлмиш бир тўда кимсалардир. Уни (бўҳтонни) сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламангиз, балки у сизлар учун яхшидир. Улардан (бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳ (жазоси) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса (Абдуллоҳ ибн Убай) учун эса улкан жазо (жаҳаннам) бордир. (Эй, мўминлар!) Сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар ўзлари (бир-бирлари) ҳақида яхшиликни гумон қилиб: «Бу аниқ бўҳтон-ку!» - десалар бўлмасмиди?! Улар (Оишани бадном қилмоқчи бўлганлар) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, агар гувоҳ келтира олмасалар, демак, Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар» (Нур, 11-13).
Кейинчалик «Ифк ҳодисаси» ҳақида сўз очилганда, Оиша (р.а.) ифтихор билан: «Менинг узрим осмондан тушган», дер эдилар.
Шунингдек, Оиша (р.а.) билан боғлиқ бошқа масалаларда ҳам илоҳий ҳикмат намоён бўлганини кўриш мумкин. Бир куни сафар чоғида Оиша (р.а.)нинг маржонлари йўқолиб қолди, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) уни қидиртириб, одамлар ҳам узоқ кутиб қолдилар. Сафарга чиққанларнинг сувлари тугаган, яқин жойда сув борлиги ҳам маълум эмасди. Вазиятни кўриб турган оталари Абу Бакрдан Оиша (р.а.) кўп дашном ҳам эшитдилар. Ниҳоят, тонг отганда Аллоҳ таоло таяммум оятини нозил қилди. Саҳобийлар: «Эй Абу Бакр оиласи, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», дедилар. Маржон эса Оиша (р.а.)нинг чўккан туялари остидан чикди.
Оиша (р.а.) жамоатчилик ишлари, хусусан, аёлларга оид ишларда бош-қош бўлар ва етимларни ҳимояларига олишни яхши кўрар эди.
Ҳижрий 11 йил сафар ойининг охирларида Расулуллоҳ бетоб бўлиб қолдилар. У зот оғирлашиб қолгач, барча аёл-ларидан Оиша (р.а.)нинг уйида қолишга рухсат сўради-лар. Аёллари ижозат бердилар. Шундан бошлаб Расулуллоҳга асосан Оиша (р.а.) қарай бошладилар. Шу боис Расулуллоҳнинг вафотларидан олдинги ҳолатлари ва бу вақт-даги гап-сўзлари Оиша (р.а.) томонидан ривоят қилинган.
Пайғамбар (алайҳис-салом) Оиша (р.а.)нинг қўлларида дунёдан ўтдилар ва у кишининг ҳужрасига дафн этилдилар.
Оиша (р.а.) хулафои рошидунлардан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (р.а.)ларнинг даврини кўрдилар.
Фитначилар томонидан халифа Усмон (р.а.)нинг қатл этилиши у кишини қайғуга солди. Ҳатто, қотиллардан қасос олинмагунча Мадинага кирмасликка онт ичдилар. Уша пайтда Маккада ҳаж амалларини бажараётган эдилар.
Халифа Али (р.а.) томонидан қасос олиш ишининг кечиктирилиши Оиша (р.а.)нинг бир гуруҳ саҳобийлар билан қасос олиш учун Ироқ томонга йўлга чиқишларига сабаб бўлди. Мазкур сафар охир-оқибат «Жамал жанги» деб номланган мудҳиш воқеа билан якун топди. Манбаларда қайд этилишича, Оиша (р.а.) мазкур воқеадан сўнг йўлга чиққанларидан қаттиқ афсус чекдилар. Шундан кейин Мадинага йўл олдилар ва умрларининг охиригача уйларидан чиқмадилар.
58/678 йил рамазон ойида Оиша (р.а.) бемор бўлиб ётиб қоладилар. Шу касаллик оқибатида, рамазон ойининг 18 куни, душанбадан сешанбага ўтар кечаси вафот этдилар. Жанозани саҳобий Абу Ҳурайра (р.а.) ўқиди. Васиятларига кўра Мадинанинг Бақиъ қабристонига қўйилдилар.
"101 улуғ саҳобий" китобидан