Каъб ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 214 марта кўрилди
Каъб ибн Зуҳайр р.а. Музайна қабиласидан бўлиб, ўн бир шоир етишиб чиққан оилага мансуб эдилар. Отаси Зуҳайр ибн Абу Сулаймий ва укаси Бужайр ҳам шоир эдилар. Каъб ибн Моликнинг отаси ҳристиан ва яҳудий олимларининг ёнига борар, уларни тингларди. Улардан оҳирзамонда бир Пайғамбар юборилиши ҳақида эшитгандилар. Зуҳайр бир куни тушида кўкдан бир арқон узатилганини, ўша арқонни ушлаш учун қўл узатиб ушлай олмаганини кўради. Кўрган тушини оҳирзамон Пайғамбарига етиша олмай умрининг якунланишига ишорат деб таъбир қилади. Бироқ ўғиллари Каъб ва Бужайрога оҳирзамон Пайғамбари юборилиши билан Унга имон келтиришларини васият қилади. Каъб ибн Зуҳайр ва укаси Бужайро ислом келгач Пайғамбаримиз (с.а.в) билан кўришиш мақсадида Мадинаи Мунавварага йўл олдилар. Аброк ул Аззоф деган жойга келганларида укаси Бужайро деди:
- Сен шу ерда кут. Мен Мадинага бориб ўша Пайғамбарни бир
кўрай, сўзларини эшитай.
Бужайро Мадинага келгач, Пайғамбаримиз (с.а.в) унга ислом ҳақида сўзладилар ва мусулмон бўлишга даъват қилдилар. У дарҳол шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Каъб ибн Зуҳайр укаси Бужайронинг мусулмон бўлганидан ҳабар топгач ундан қаттиқ ғазабланди. Бу ҳақда шеър ҳам ёзди. Шеърида Пайғамбаримиз (с.а.в) ва ислом тўғрисида номаъқул сўзлар ҳам бор эди. Укаси Бужайро бунга чидай олмай ҳолатни Пайғамбаримиз (с.а.в)га арз қилди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) буюрдилар: “Каъбни ким учратса уни ўлдирсин”. Укаси Бужайро Каъбга бир мактуб ёзиб жўнатди. Мактубда: “Бошингни эҳтиёт қил!”, деб ҳолатни билдирган эди. Каъбнинг шеърига қарши бир шеър ҳам ёзди. Бу шеърида шундай деди: “Эй Каъб! Сен қабул қилмаётган ислом динидан ҳаққонийроқ ва соғломроқ бирор дин йўқ. Қутулишни истасанг бутларни ташла, ягона ва бир бўлган Оллоҳга имон келтир. Мусулмон бўлки, омонлик топасан. Қиёмат кунида Жаҳаннам оташидан имон келтириб, мусулмон бўлганлардан бошқа бирор кимса қутула олмайди”. Бужайро Каъбга йўллаган мактубида яна шундай деганди: “Расулуллоҳ (с.а.в)ни ҳажв қилиб шеър ёзган Маккаликларнинг баъзилари ўлдирилди. Қурайш шоирларидан соғ қолган Ибн Зубора ва Ҳубайро ибн Абу Ваҳб эса бошларини олиб қочдилар. Агар соғ қолишни истасанг тезроқ Расулуллоҳнинг ҳузурларига кел! Ул зот қилган ишидан пушаймон бўлиб, тавба қилиб келган кимсани ўлдирмайдилар. Тавба қилиб келиб мусулмон бўлганларнинг барчасини қабул қилдилар. Бу мактубимни қўлингга олишинг билан мусулмон бўл ва дарҳол бу ерга кел. Агар айтганларимни қилмасанг бошингни олиб истаган ерингга кет”. Каъб ибн Зуҳайр укаси Бужайронинг мактубини олгач ер юзи унга тордек туюлди. Қабиласи орасидаги душманлари у ҳақда “Каъб ўлдирилган эмиш”, деган миш миш тарқатди. Каъб ибн Зуҳайр бу ҳақда чуқур ўйлай бошлади. Секин аста қалбига ёруғлик кира бошлади. Ниҳоят мусулмон бўлишга қарор қилди. Мадина томон йўлга тушди. Пайғамбаримиз (с.а.в)ни мадҳ этувчи ва ўзининг тавба қилиб мусулмон бўлганини билдирувчи узун бир шеър ёзди. Мадинага боргач Жуҳайни қабиласидан бўлган бир дўстининг уйига яшириниб бориб меҳмон бўлди. Эртасига тонгда уйида меҳмон бўлган дўсти уни Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳузурларига олиб борди. Пайғамбаримиз (с.а.в) ўша пайт саҳобалар билан бирга ўтирар, асҳоблари атрофларини ўраб олган, суҳбатларини диққат билан тинглар эдилар. Каъб ибн Зуҳайр туясини масжид ёнига чўктириб ичкарига кирди. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларига яқин бориб ўзини танитмасдан деди:
- Ё Расулуллоҳ! Каъб ибн Зуҳайр қилган ишларидан пушаймон
бўлиб, имон келтириб ҳузурингизга омонлик сўраб келган кўринади. Мен уни сизнинг ёнингизга келтирсам унга омонлик бериб мусулмон бўлганини қабул қиласизми?
Расули Акрам (с.а.в) жавоб бердилар:
- Ҳа.
- Ё Расулуллоҳ! Мен шаҳодат қиламанки, Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ,
Сиз эса Унинг Расулисиз.
- Сен кимсан?
- Мен Каъб ибн Зуҳайрман.
Саҳобалар унинг Каъб ибн Зуҳайр эканини билгач, Ансордан бири
ўрнидан туриб деди:
- Ё Расулуллоҳ! Изн беринг бошини олай!
Расулуллоҳ (с.а.в) буюрдилар:
- Ундай қилма! У қилган ишидан пушаймон бўлиб, Ҳаққа қайтган
ҳолда келди.
Шу пайт Каъб ибн Зуҳайр р.а. мусулмон бўлганини билдирувчи бир қасида ўқий бошладилар. Қасидадаги узун дебочадан сўнг асл мазмунга ўтиб, мусулмон бўлиб тавба қилганини ва афв сўраганини тилга олди. Сўнггида эса Пайғамбаримиз (с.а.в) ва саҳобаларни мадҳ этувчи байтларни ўқидилар. Расули Акрам (с.а.в) Каъб ибн Зуҳайр р.а.нинг “Банет Суади” деб бошланган ушбу қасидасини тинглаб жуда мамнун бўлдилар. Уни афв этдилар, ҳирқаларини ечиб унинг елкасига ташладилар. Шунинг учун Каъб ибн Зуҳайр р.а.нинг қасидаси “Қасидаи Бардо”, деган ном билан шуҳрат топди.
Ҳазрат Каъб р.а. 645 йилда Шомда вафот этдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳадия қилган ҳирқалари Муовия тарафидан ҳазрат Каъб ибн Зуҳайр р.а.нинг ворисларидан сотиб олиниб, муҳофаза қилинди. Навбати билан Уммавийларга улардан кейин Аббосийларга ўтди. Кейинчалик Миср фатҳ этилгач Макка Шарифи тарафидан бошқа муқаддас омонатлар билан бирга Явуз Султон Салим Ҳонга таслим этилди. Ҳозирги кунга қадар қўриб келинаётган ушбу муқаддас ҳирқа “Ҳирқаи Саодат” номи билан машҳур бўлиб, Истамбулнинг Тўпқапи музейида “Ҳирқаи Саодат” ҳонасида муҳофаза қилинмоқда.