Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 373 марта кўрилди
Имрон ибн Ҳусайн р.а. Ҳайбар жангида мусулмон бўлдилар. Ундан кейинги барча жангларда Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ёнларида ва ҳизматларида бўлишдек баҳт билан шарафландилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Имрон р.а.ни жуда яхши кўрардилар. Саҳобалар орасида жуда кўп гўзал фазилатлари билан ажралиб турардилар. Тафаккур илмида устунлик даражаси бор эди. Дуоси қабул бўлган камёб саҳобалардан эдилар. Макка фатҳида Ҳузоа қабиласининг туғини кўтардилар. Ҳазрат Умар р.а. ҳалифа бўлгач, Басра халқига исломни ўргатиш учун ҳазрат Имрон ибн Ҳусайнни юбордилар. Ҳасан Басрий ҳазратлари улардан жуда кўп ҳадиси шариф ўрганган ва шундай деб қасам ичган эдилар:
- Басраликлар учун Имрондан кўра ҳайрлироқ зот келмаган.
Абдуллоҳ ибн Амр Имрон р.а.ни Басра қозиси этиб тайинлади.
Қозилиги даврида икки киши ҳукм сўраб ҳазрат Имрон р.а.нинг ҳузурларига келди. Улардан бири гувоҳ келтирди, иккинчиси келтира олмади. Хукм гувоҳ келтирганнинг фойдасига ҳал бўлди. Гувоҳ келтира олмаган кимса бундан норози бўлиб шундай деди: “Бу ҳукм ботилдир”. Шундан сўнг ҳазрат Имрон р.а. Абдуллоҳ ибн Амрдан қозиликдан озод этишини сўради.
Чалинган ҳасталиги туфайли на ўтира олар, на тура олар эди. Улар ором олишлари учун хурмо бутоқларидан бир маскан ясаган эдилар. Ўша ерда кун кечирар ва Роббини зикр этардилар. Ўттиз йил шу ҳолат давом этди. Бир куни Мутарриф ибн Абдуллоҳ билан унинг укаси Аъло ҳазрат Имрон р.а.нинг зиёратига бордилар. Мутарриф унинг ҳолини кўриб йиғлади. Ҳазрат Имрон сўрадилар:
- Нима учун йиғлаяпсиз?
- Сизнинг ҳолингизни кўриб йиғлаяпман.
Ҳазрат Имрон р.а. шундай дедилар:
- Йиғлама, мен ўлгунимга қадар ҳеч кимга айтма, фаришталар
менинг зиёратимга келиб салом бермоқдалар. Фаришталарнинг саломига алик олиб улар билан суҳбатлашаяпман. Уларнинг зиёратларидан жуда мамнун бўлиб, ҳаста бўлганим учун берилган бу неъматларга шукур қилаяпман. Шундай ҳасталик берилган ҳолида фаришталарни кўрган бир кимса бу дартларга рози бўлмайдими?
Бир куни Имрон ибн Ҳусайн р.а.га бир кимса деди:
- Бизга фақат Қуръондан сўзла!
- Эй аҳмоқ! Қуръони каримда намозларнинг неча ракат
берилганини топа оласанми?
Бу сўзлари билан ҳадиси шарифларнинг, олимлар фатволари ва изоҳларининг қай даражада муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатдилар.
Имрон ибн Ҳусайн р.а. 672 йили вафот этдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)дан 120 ҳадиси шариф нақл қилганлар. Ҳазрат Имрон ибн Ҳусайн р.а. ҳасталик пайтларида ҳам илм ўргатар эдилар. Талабаларига шундай дердилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳаматдан айрилмаган ҳолда жанг майдонларида дин душманларига қарши шиддат билан олишардилар. Ҳунайн ғазотида мушриклар уларнинг атрофларини ўраб олгандилар, шунда отларидан тушдилар ва ”Мен Пайғамбарман, бу ҳақиқат. Мен Абдулмутталибнинг ўғли Абдуллоҳнинг фарзандиман”, деб душман билан олишдилар. Ўша куни Пайғамбаримиз (с.а.в)дан кўра жасурроқ ва метин иродали кимсани кўрмадим”. Яна шундай дейдилар: “Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига Баъни Тамим қавмидан бир гуруҳ кимсалар келди. Пайғамбаримиз (с.а.в) уларга “Эй Баъни Тамим! Сизларга мужда бўлсин!”, деб марҳамат қилдилар ва уларга инсонларнинг яратилишини ва қиёмат бўлишини англатдилар. Баъни Тамим эса: “Бизни муждаладингиз, бироқ биз давлат хазинасидан улуш истаймиз”, деб имон келтирмадилар. Сўнг Яман халқидан бир гуруҳ кимсалар зиёратга келди. Пайғамбаримиз (с.а.в) яманликларга дедилар:
- Эй яманликлар! Модом Баъни Тамим имон келтиришни
истамадилар, ўша ва саодат муждасини сизлар олинглар!
Яманликлар дедилар:
- Қабул қилдик Ё Расулуллоҳ! Зеро биз сизнинг ҳузурингизга имон
келтириш учун келгандик.
Пайғамбаримиз (с.а.в) уларга ҳам инсонларнинг яратилишини ва қиёмат бўлишини англатаётган пайтларида бир кимса менинг ёнимга келиб деди:
- Эй Имрон! Миниб келган туянг юганини ечиб қочди.
Мен эса туямни излаш мақсадида дарҳол ташқарига чиқиб қарадим. Қани энди туямни қўйиб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак сўзларини эшитиш фурсатини бой бермасайдим”.
Ҳазрат Имрон р.а. хасталик пайтида намозларини қандай қилиб ўқишни Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уларга буюрдилар:
- Туриб ўқи! Кучинг етмаса ўтириб ўқи! Бунга ҳам қудратинг
етмаса ёнбошлаб ёки чалқанча ётиб ўқи!
Амирлардан бири Имрон ибн Ҳусайн р.а.ни закот тўплаш учун юборган эди. Қайгач амир ҳазрат Имрон р.а.дан тўплаган молининг қаерда эканини сўради. Ҳазрат Имрон р.а. амирга шундай жавоб қайтардилар:
- Мол учун юборганмидинг? Пайғамбаримиз (с.а.в) замонларида
олганимиз каби олдик ва яна уларнинг замонларида тарқатганимиз каби тарқатдик. Яъни бойдан закотини олиб ҳақ соҳиби бўлган фақирларга бердик.
Бир суҳбатида шогирдларига шундай дедилар: Расулуллоҳ (с.а.в) бизларга шундай буюрдилар: “Эй асҳобим! Қуръони каримни ўқинглар! Қуръони каримнинг файзи ила эҳтиёжларингизни Оллоҳ таолонинг эҳсон дарёсидан истанглар. Сизлардан кейин бир гуруҳ Қуръони карим ўқувчилари келадики, улар Оллоҳ таолодан эмас инсонлардан манфаат кўриш учун Қуръонни ўқийдилар”.
Ҳазрат Имрон ибн Ҳусайн р.а. шундай дейдилар: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) менга дедилар:
- Эй Имрон, ўзинг биласан, биз сени жуда яхши кўрамиз. Қизим
Фотиманинг тоби йўқ эмиш. Агар мен билан бирга борсанг уни зиёрат қилиб, ҳол аҳвол сўраб келардик.
- Ота онам, жоним сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ, борамиз.
Ўрнимдан турдим, биргаликда ҳазрат Фотиманинг ҳузурларига бордик. Пайғамбаримиз (с.а.в) эшикни тақиллатдилар ва “Ассалому алайкум эй Аҳли Байт!”, деб ичкарига кирдилар. Ҳазрат Фотима жавоб бердилар:
- Ва алайкум салам, суюкли отажоним ё Расулуллоҳ! Марҳамат қилинг!
- Қизим ёнимда Имрон ибн Ҳусайн ҳам бор. У билан бирга келдик. Бошингни ўраб ол!
- Отажоним сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Оллоҳ таолога қасамки, шу жун ёпинчиқдан бошқа ўранадиган бошқа бирор нарсам йўқ.
- Қизим майли, ўшани ўраб ол!
- Эй Отажон! Бошимни ўрасам вужудим, вужудимни ўрасам бошим очиқ қолади.
- Ёпинчиқни тўғри эмас, узунасига ўрагинки, вужудингнинг ҳар тарафини ёпсин.
Ҳазрат Имрон ибн Ҳусайн дейди: “Мен ташқарида туриб ушбу
суҳбатни эшитар эканман кўзларимдан ёш, жигарларимдан қон отилар эди. Ҳазрат Фотиманинг дунёга нисбатан ҳеч қандай майли йўқлигига ҳавас қилардим. Ниҳоят ҳазрат Фотима Расулуллоҳ ўргатганларидек чиройли бўлиб ўранганларидан сўнг ичкарига киришимга изн бердилар. Ичкарида Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг орқаларида ўтирдим. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Қизим аҳволинг яхшими? Нима сабабдан ҳасталандинг?”, деб ҳол сўрадилар. Ҳазрат Фотима эса: “Отажон бу кеча безовталаниб, тонгга қадар уҳлай олмадим. Ҳозир шундай ҳолдаманки, бир бурда нон ейишга ҳам кучим йўқ. Очлик мени ҳолдан тойдирди”. Бу сўзларни эшитган Оллоҳ таолонинг ҳабиби Расули Акрам (с.а.в)нинг муборак кўзларидан ёшлар оқди ва дедилар:
- Қизим асло ҳолингдан шикоят қилма. Оллоҳ таолога қасамки, мен
маҳлуқотларнинг энг устуни, Оллоҳ таолонинг ҳабиби бўлганим ҳолда уч кундан бери ошқозонимга бир бурда нон кирмади. Ҳолбуки агар Роббимдан истасам мени тўйгунимга қадар едиради. Бироқ умматимга ибрат бўлиши учун ўткинчи ризқларни сўнгсиз ризқлар учун фидо қилдим.
Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) муборак қўллари билан ҳазрат Фотиманинг елкаларидан тутиб буюрдилар:
- Муборак бўлсин қизим, сен жаннат аёлларининг саидаларидан
бўлдинг.