close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу

Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Қуръон, фиқҳ ва ҳадис илмларини чуқур билувчи саҳобаларидан ҳисобланадилар. Асл исмлари Уваймир бўлиб, Ҳазраж қабиласига мансуб эдилар. Ҳижрий иккинчи йилда мусулмон бўлдилар.
Тарихчи олимларнинг маълумотига кўра, Абу Дардо розияллоҳу анҳу оиласидагилар орасида Исломни охирги бўлиб қабул қилганлар. Уларнинг уйида мато билан ўраб қўйилган бир бути бор эди. (Тош, ёғоч, лой ва бошқа шу каби хомашёлардан ясалиб, турли қиёфаларда акс эттирилган, қандайдир илоҳий кучга эга деб ҳисобланган ҳайкал) У зотни Исломга даъват қилган дўсти Ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу бир куни йўқлигида уйига келиб, шу бутни ерга отиб синдириб кетдилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу уйига келгач, ҳолатни кўриб аввал қаттиқ ғазабландилар, сўнг ўзига-ўзи шундай дедилар: “Агар бутнинг қўлидан бирор иш келганда ўзини ҳимоя қилган бўларди”. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб мусулмон бўлдилар.

* * *
Авваллари тижорат ишлари билан шуғулланган Абу Дардо розияллоҳ анҳу мусулмон бўлгач, ўзларини бутунлай зуҳд ва ибодатга бағишладилар. Шом фақиҳи деган ном билан шуҳрат топдилар. Бу ҳақда Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ўзи шундай дейдилар:
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга рисолат келгандан сўнг ҳам тижорат, ҳам ибодат қилишни истадим. Бироқ иккисини  бир вақтда қила олишга кўзим етмагач, тижоратни ташлаб, ибодатга берилдим.

* * *
Исломга киришидан олдин бўлиб ўтган Бадр жангида қатнаша олмаган Абу Дардорозияллоҳу анҳу Уҳуд жангида буюк қаҳрамонлик кўрсатдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг барча ғазотларида қатнашдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Салмон Форсий розияллоҳу анҳу билан қардошлик алоқаларини боғлаган эдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотларидан сўнг Умар розияллоҳу анҳунинг давлат лавозимига тайинлаш учун ўтинишларига қарамай, унга шундай жавоб бердилар:
– Менга рухсат беринг, бориб халққа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларини ўргатай, уларга намоздан сабоқ берай.
Шундан сўнг Умар уларга изн бердилар. Умар розияллоҳу анҳу кейинчалик Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг уйларига борганда эшикларида қулф йўқлигини, хонани ҳеч қандай фонус ёритмаётганини, уст-бошлари ҳам жуда юпун бўлиб, совуқдан қалтираб турганларни, ҳузурларига келганнинг саломига алик олиб, ким эканини суриштирмай қабул қилганларини ва остиларида биргина эчки терисидан бошқа нарса йўқлигини кўрдилар. Умар розияллоҳу анҳу Абу Дардо розияллоҳу анҳудан:  
– Мадинада бундан яхшироқ аҳволда эмасмидинг? – деб сўраганида, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитган шундай ҳадисни эслатдилар:
– Сизнинг дунёдаги молингиз бир йўловчининг озиғи қадар бўлсин.

* * *
У зот уйига меҳмон бўлиб келиб, жой йўқлигидан ерда ётиб шикоят қилган биродарларига шундай дер эдилар:
– Бизнинг бошқа бир уйимиз борки, куни келиб барчамиз ўша ерга тўпланамиз.

* * *
Бутун умрини тақво ила кечирган Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг чиройли юзли, буғдойранг, бошларига такия кийиб юрадиган зот бўлганлари манбаларда зикр этилади.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу фиқҳ ва ҳадис илми олимларидан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан ўрганганларининг барини халққа ўргатишга ҳаракат қилардилар. Қуръони каримни ёд олгандилар ва масжидда ҳар куни Қуръон илмидан дарс берардилар. Шомда юзларча ҳофизи Қуръон етиштирганлар. Аёллари Умму Дардо розияллоҳу анҳо ҳам тобъинлардан бўлиб, қироатни мукаммал билганлар.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан бир куни:
لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَياةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ لاَ تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

“Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир. Аллоҳнинг сўзларида ўзгартириш йўқдир. Ана шу буюк ютуқдир”. (Юнус сураси, 64-оят)
– оятидаги “хушхабар”дан мурод нима эканини сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Бундан мурод солиҳ тушдир, – дея марҳамат қилганлар.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилганлар. Улардан ҳам ҳадис ривоят қилганлар орасида Анас ибн Молик, Абудуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Умму Дардо розияллоҳу анҳумлар каби ровийлар бор.
Машҳур тобеъинлардан Саид ибн ал Мусайяб, Алқама, Қайс, Жубайр ибн Нодир, Зайд ибн Вахб, Муҳаммад ибн Ширин розияллоҳу анҳум кабилар у зотнинг шогирдларидир.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу етмиш тўққизта ҳадис ривоят қилганлар. Улардан энг машҳурлари қуйидагилар:
– Бир инсон илм ўрганиш йўлига кирса, Аллоҳ таоло унга жаннатга тўғри бир йўл очади. Фаришталар илм ортидан югурганлардан хушнуд бўлиб, қанотларини унинг оёқлари остига ёзади. Илм соҳиблари учун ердагилар ва кўкдагилар мағфират ва ниёз тилайдилар.

* * *
Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам жума хутбасида оят ўқиётган эдилар, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ёнидаги Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан:
– Бу оят қачон нозил бўлди? – деб сўрадилар.
Убай розияллоҳу анҳу жавоб бермадилар ва ҳутба тугагандан сўнг:
– Жумани шу бекорчи сўзинг билан йўққа чиқардинг, – дедилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бориб, Убай розияллоҳу анҳунинг сўзларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Убай тўғри гапирди. Имом хутба қилаётган пайт, унинг сўзи тугагунга қадар сукут қил ва уни тингла, – дедилар.

* * *
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳар бир насиҳатни айтиб бўлгач, табассум қилардилар.
* * *
Қиёмат куни инсон меъзонида энг оғир босадиган нарса яхши хулқ, яъни гўзал ахлоқдир.
* * *
Сизга намоздан, рўзадан, садақадан кўра юксакроқ бўлган ишни айтайми? Бу – инсонлар орасини ислоҳ қилиш.

* * *
Шомда бўлган пайтлари Куфадан ва бошқа жойлардан келганлар Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг фиқҳдаги фикрларига таянар эдилар. Улар зикр мавзусида ҳам бир қанча ҳадис ривоят қилганлар. Жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг : “Ҳар намоздан сўнг, ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта такбир келтир”, деганлари ривоят қилинган.

* * *
Азонсиз, намозсиз қишлоқларда яшаманг, бундай қишлоқда яшагандан кўра шаҳарда қолинглар.

* * *
Сахийлик иймоннинг соғломлигидан келади. Иймони соғлом одам жаҳаннамга кирмайди. Хасислик шубҳа ва гумон орқали келади. Шубҳа ичида бўлган одам жаннатга кирмайди.

* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
– Жума кунлари менга кўп саловат келтиринг. Келтирилган саловат менга дарҳол билдирилади.

* * *
Бирор кимса биродарининг орқасидан дуо қилган пайт бир фаришта “Аллоҳ унга тилаганингни сенга ҳам берсин”, дейди.

* * *
Шикоят қилишингизга сабаб бўлган нарсалар, амалларингизнинг бузуқлигидандир.

* * *
Ҳар ким Қаҳф сурасининг бошидаги ўн оятни ёд олса, Дажжол ва ёлғончилар шарридан қутулади.

* * *
Ҳар касалликнинг боши кўп емакдир.

* * *
Дарди бор мўминнинг дуосини ғанимат билинг! “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар вала ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтинг. Зеро, у солиҳ амаллардандир. Дарахтларнинг япроқлари тўкилгани каби, бу дуо ҳам гуноҳларни тўкади. Бу сўзлар жаннат хазиналаридандир.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг саҳобалари орасидаги бир-бирларига нисбатан ҳурмат ва ёрдамлашиш ҳақидаги Ислом уммати учун ўрнак бўла оладиган ҳадиси шариф ҳам Абу Дардо розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган. Бу воқеанинг қисқача мазмуни қуйидагича:
Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Умар розияллоҳу анҳу ораларидаги бир мунозарада Умар розияллоҳу анҳуга нисбатан ноҳақлик қилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу қилган ишларидан пушаймон бўлиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ёнига борадилар. Бироқ Умар розияллоҳу анҳу у зотни кечирмайдилар.
Шундан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига борадилар. Орқаларидан Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига кирадилар. Шу аснода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни тинглаганларидан сўнг:
– Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб юборган эди. Буни сизларга етказганимда барчангиз мени ёлғончига чиқаргандингиз, бироқ Абу Бакр ишонган, мен учун молини ва жонини фидо қилган эди. Энди менинг саҳобаларим унинг қилган озгина айби учун менга шикоят қилиб келяпсизми?
Абу Дардо ўша кундан сўнг ҳеч ким Абу Бакр розияллоҳу анҳуни хафа қилмаганини нақл этадилар.

* * *
Ҳизом ибн Ҳаким раҳматуллоҳу алайҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг шундай деганини ривоят қиладилар:
– Агар ўлгандан сўнг қай аҳволга тушишингизни билганингизда  эди, иштаҳа билан на бирор таом ер, на бирор нарса ичар, на салқинлаш учун бирор уйга кирардингиз. Фақат ҳовлида ўтириб, кўксингизга уриб,  ҳолингизга йиғлар эдингиз.

* * *
“Бир соатлик тушунча ва тафаккур бир кечалик бомдодга қадар қилинган ибодатдан яхшироқ” деган Абу Дардо розияллоҳу анҳу қайғуда ҳам, севинчда ҳам Аллоҳни унутмас, инсонларга гапиришни қандай ўрганган бўлсалар, сукут сақлашни ҳам шундай ўрганишни, керакли жойларда сукут сақлаш буюк илм эканини, инсонларнинг жаннатга ёки жаҳаннамга тиллари орқали боришларини насиҳат қилардилар.

* * *
Собит Ал-Бунонийдан қилинган ривоятига кўра, Абу Дардо розияллоҳу анҳу Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга Бани Лайс қабиласидан бир қиз истаб борадилар. Қизнинг отасига Салмон розияллоҳу анҳунинг яхши хислатлари ҳақида гапирадилар. Қизнинг отаси қизини Салмон розияллоҳу анҳуга узатмаслигини, бироқ  Абу Дардо  розияллоҳу анҳу истаса, унга  беришини айтади.
Шундан сўнг Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўшу қиз билан турмуш қурадилар. Кейинроқ бу ҳақда Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга уялиб  гапирганларида Салмон розияллоҳу анҳу уларга шундай жавоб берадилар:  
– Сендан кўра мен кўпроқ уялишим керак. Аллоҳ сенга насиб этган қизга мен талабгор бўлдим.
Саҳобаларнинг бир бирларидан ҳаё қилиш даражалари мана шундай эди.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафотларидан сўнг Мадинада қолишни  лозим топмадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Ярмук жангида қўшинга қози этиб тайинландилар. Ислом тарихида илк бор жангда қўшинга қозилик қилиш вазифасини у зот бажардилар.
Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида изн сўраб Шомга кетдилар ва у ерда Қуръони карим ва илм ўргатиш билан машғул бўлдилар. Шомдаги Кабир масжидида дарс берар ва дарсларига жуда кўплаб одамлар қатнашарди. Ўқувчилари ўн кишилик ҳалқа бўлиб жойлашиб ўтирардилар. Ҳар дарс ўқувчиларни алоҳида назорат қиларди. Бир марта ўқувчиларининг барчаси саналганда бир минг олти юзта чиқди. Дарсларига саҳобалардан ҳам қатнашганлар бўлган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу табобат илмини ҳам яхши билардилар. Хасталарни даволаб уларга керакли муолажаларни қилардилар. Шомга ҳоким этиб тайинланган Муовия, халифадан бир қози сўради. Умар розияллоҳу анҳу:
– Бу вазифани Абу Дардодан яхши бажарадиган кимса йўқ, – деб, қозиликка уларни тайинлашни буюрдилар. Шундан сўнг у зот қозилик билан бирга илм ўргатишда давом этдилар.

* * *
Бир куни Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ёнига бир киши келиб шундай деди:
– Эй Абу Дардо! Мен оғир хасталикка чалинганман. Менга ёрдам бер, касалимни давола!
– Қандай хасталик экан?
– Менинг қалбимда дунёга нисбатан муҳаббат кучли. Дунё севгиси қалбимни эгаллади. Ўқиган намозларимда нур йўқ. Ибодатларимдан бирор лаззат олмайман.
– Эй биродар! Сенинг касалинг хасталикларнинг энг оғиридир! Буни тезда даволаш зарур. Йўқса, Аллоҳ асрасин, иймонингни ҳам йўқотиб қўясан.
– Эй Абу Дардо! Мени бу хасталикдан қутқар!
Абу Дардо розияллоҳу ўша одамга шундай насиҳат қилдилар:
– Тез-тез хасталарни зиёрат қилиб тур! Жаноза намозларига қатнаш. Қабрларни зиёрат қил. Мана шу уч нарсани мунтазам қилиб турсанг, бу хасталикдан қутуласан. Сендаги дунёга бўлган муҳаббат сўниб, қалбинг нурланади ва басират кўзларинг очилади.
Бу одам айтилган уч насиҳатни мунтазам бажарди, бироқ ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезмади. Тушкун ҳолда яна Абу Дардо розияллоҳу анҳуларининг ҳузурига келиб деди:
– Эй Абу Дардо! Айтганларингнинг барини қилдим. Бироқ ўзимда ҳеч қандай ўзгариш сезмадим. Ўтинаман мени бу хасталикдан қутқар!
Абу Дардо розияллоҳу анҳулари шундай деб жавоб бердилар:
– Бўлмаса сен жанозага ҳайвон ўлигига борган каби борибсан. Ҳозир айтадиганларимни икки қулоғингга қуйиб ол: хаста зиёратига борган пайтинг, бир кун сен ҳам у каби заиф ва беҳол ётоққа михланиб ётишинг мумкинлигини ўйла. Тасаввур қил, бир ютум сувни ҳам бошқалар ёрдами билан ича оласан. Шунча ҳақиқатларга қарамай дунёга муҳаббат қўйишингга сабаб нима? Кўриб турибсан, бойлик, мол-давлат инсоннинг бу ҳолга тушишига моне бўлолмайди. Булар ҳақда бемор ёнида ўйла ва нафсингга шундай дегин:
– Шу хаста ҳолига боқ ва ибрат ол! Сенинг ҳам охиринг шу. Шундай экан, дунёга муҳаббатдан воз кеч.
Жаноза намозига борган пайтинг ўйла: бу одамни дунёнинг барча неъматларидан айириб, тобут ичига солиб, қабрга қўядилар. Яқинлари, жуда севимли ва борини бахшида этган фарзандлари уни четдан кузатиб турибди.  Қабристонга борганингда қабрдагилар ҳолини ўйла! Бир кун сен ҳам улар ёнига келасан. Нозик тананг чириб, қурт-қумурсқаларга ем бўлади. Эй одам! Мана шу уч нарсани қилаётганингда улар ўрнига ўзингни қўйиб кўрсанг, тез орада хавфли хасталикдан қутуласан.
Ўша одам насиҳатларнинг барига амал қилди ва тез орада хасталикдан қутулди. Дунёдан жиркана бошлади. Қалби нурланди. Басират кўзлари  очилди. Ҳақни ботилдан ажратди. Шундан сўнг қолган умрини охиратни ўйлаб, унга ҳозирлик кўриб ўтказди. Кейинроқ Абу Дардо розияллоҳу анҳуни учратиб қолганда шундай деди:
– Аллоҳ сендан рози бўлсин! Қалб кўзимнинг очилишига, ҳақиқатни кўра олишимга сабаб бўлдинг.

* * *
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг ўғли Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан шундай ривоят қилинади:
Абу Дардонинг вафоти арафасида мен ёнида эдим. Менга шундай деди:
– Ўрнингдан тур! Мени вафот этиш арафасида эканимни халққа эълон қил!
Мен бориб одамларга вазиятни айтдим. Эшитганлар уйига келди. Уй ичи ва ташқариси одамга тўлиб кетди. Сўнг:
– Мени ташқарига олиб чиқинглар, – дегани учун ташқарига олиб чиқдик.
– Мени ўтқазинглар – деди. Ўтирғиздик. Уйида йиғилган одамларга қараб шундай деди:  
– Эй инсонлар! Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Кимки нуқсонсиз таҳорат олиб, сўнг ихлос ила намоз ўқиса, Аллоҳ таоло унга истаганини эҳсон қилади.
Абу Дардо шундан сўнг келганларга намоз билан боғлиқ бир қанча маслаҳатлар берди.

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг илмдаги ғайратини кўриб шундай мақтаган эдилар:
– Ҳар умматнинг бир ҳокими бўлади. Бу умматнинг ҳокими эса Абу Дардодир.

* * *
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу вафоти арафасида шогирди Амр ибн Маймун раҳматуоллоҳи алайҳга Абу Дардо розияллоҳу анҳудан илм ўрганишни васият қилиб, шундай деган эдилар:
– Ер юзи у каби олим бўлган кимсани ҳали кўрмади. Абу Дардо барчага бирдек яхши муомала қиларди. Ғазаб ва қаҳрдан узоқ бўлиб, одамларга доим табассум билан боқарди. Ҳеч кимни хафа қилмас ва ҳеч кимдан ранжимасди. Кўзи тўқ, сахий инсон эди. Уйига келган ҳар бир меҳмонни сийлар, шахсан ўзи уларга хизмат қиларди. Илми, тақвоси, гўзал ахлоқи ва бир қанча яхши фазилатлари ила одамлар томонидан эъзозланарди.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу бир одам қилган ёмон иши туфайли одамлар томонидан ҳақорат қилиниб, ёмонланаётганини кўриб қолдилар ва у ердагиларга шундай дедилар:
– Бу одам бирор қудуққа тушиб кетганда уни чиқариб олмасмидингиз?
– Чиқариб олардик.
– Ундай бўлса, уни ёмонламанглар, унга тил теккизманглар, балки у қилган гуноҳдан Аллоҳ сизларни асрагани учун Роббингизга шукр қилинглар.
– Сени ундан жаҳлинг чимайдими?
– Мени унинг ўзи учун эмас, қилган гуноҳ иши учун жаҳлим чиқади.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг аёлларидан Хайри бинти Хадрид розияллоҳу анҳо Умму Дардо ал-Кубро куняси билан машҳур бўлиб,  саҳоба аёллардан ҳисобланардилар. Уларнинг Билол, Язид, Дардо ва Насиба исмли тўрт фарзанди бўлган. Умму Дардо шундай дейдилар:
– Абу Дардо бирор насиҳат қилса ёки бирор ҳадис ривоят қилса доимо табассум қилардилар. Бир куни бунинг сабабини сўрадим. Улар шундай жавоб бердилар:
– Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳадиси шариф  айтаётганларида табассум қилар эдилар.

* * *
Бир куни Мадинадан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиш учун бир зот келди. Абу Дардо розияллоҳу анҳулари ундан нима мақсадда келганини сўрадилар. У эса:
– Сизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан эшитган ҳадисларингизни ривоят қилганингиз хабарини олдим. Шу сабаб келдим, – деб жавоб берди.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу яна сўрадилар:
– Тижорат ёки бирор бошқа мақсадда келмадингми?
– Йўқ.
– Бошқа бирор ишинг ёки эҳтиёжинг учун келдингми?
– Фақат ҳадиси шариф олиш учун келдим.
Абу Дардо розияллоҳу анҳулари унга шундай дедилар:
– Жуда яхши,  унда эшит, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Олимнинг обиддан кўра устунлиги ойнинг юлдузлардан устунлиги кабидир. Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Улар бойлик кетидан қувмайдилар. Илм ортидан югурадилар.

* * *
Бир куни Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг уйига бир одам келди. У одамга:
– Агар бу ерда қолсанг сен учун жой тайёрлай, кетадиган бўлсанг, сенга емак ҳозирлай, – дедилар.
Ҳалиги киши:
– Йўловчиман, кетаман, – деди.
– Ундай бўлса, сенга энг яхши озуқани тайёрлайман. Бундан ҳам яхши озуқа бўлганда, уни ҳам сенга берган бўлардим.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига бордим.
– Ё Расулуллоҳ! Бой саҳобалар дунёга ҳам, охиратга ҳам эришдилар. Улар ҳам намоз ўқийди, ҳам рўза тутади, ҳамда садақа бера олади. Бироқ биз фақир бўлганимиз сабабли, садақа бера олмаяпмиз, – дедим. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар:
– Сенга бир нарса ўргатайми? Сен шу ишни қилиб эришганингга фақатгина буни қилганлар эриша оладилар. Қилмаганларнинг ҳеч бири эриша олмайдилар. Ҳар намоздан сўнг 33 марта Субҳаналлоҳ, 33 марта Алҳамдулиллоҳ, 33 марта Аллоҳу акбарни айт.

* * *
Бир куни қурайшлик бир одам билан мадиналик бир одам тортишиб қолдилар. Иккиси бориб Абу Дардо розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Бир мусулмоннинг танасига зарар келса-ю, бунга сабаб бўлган кимсани авф этса ва ундан рози бўлса, Аллоҳ таоло уни бир даража юксалтиради. Унинг ҳам бир гуноҳини кечиради.
Буни эшитганлардан бири Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қараб шундай деди:
– Сен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шахсан ўзларидан эшитганмисан?
– Ҳа, қулоқларим билан эшитдим, қалбим билан тасдиқладим.
– У ҳолда мен шикоятимдан воз кечаман ва ундан рози бўламан.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳулари бир куни Шомдаги масжидда ўтирар эдилар. Бир киши масжидга кириб шундай дуо қилди:
– Ё Роббий! Ёлғизликдан менга паноҳ бер, ғариблигимда менга раҳм айла, менга азиз ва севимли дўст эҳсон қил!
Унинг дуосини эшитган Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Инсонлар орасида ўзларига зулм қилувчилар бор. Улар ғам қайғуга ботганлар. Инсонлар орасида исрофдан сақланувчилар бор, улар тежамкор ва мўътадил ҳаракат қилурлар. Уларнинг қиёматдаги сўроғи осон бўлади. Баъзи инсонлар эса хайрли ишлар қилиш борасида бир-биридан ўзишга ҳаракат қиладилар. Улар сўроқсиз жаннатга кирурлар.

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Салмон Форсий ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумо ўрталарида биродарлик ришталари ўрнатган эдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бир куни Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг зиёратига келдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу дўстига емак олиб келаркан шундай дедилар:
– Мен рўзаман, сен бемалол тановул қил.
Салмон Форсий шундай деди:
– Сен емас экансан, мен ҳам емайман.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам бирга ейишга мажбур бўлдилар. Тунда
намозга турмоқчи бўлганларида, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу уларга:
– Ёт, ухла, – деди.
У зот эса ётиб ухладилар. Бироздан сўнг яна намозга турмоқчи бўлдилар, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу яна:
– Ёт, ухла, – дедилар.
У зот яна ётиб  ухладилар. Бомдод вақти бўлгач:
– Энди турақол, – дедилар.
Бирга турдилар. Сўнг Салмон Форсий розияллоҳу анҳу уларга шундай дедилар:
– Сенда танангнинг ҳаққи бор. Роббингнинг ҳаққи бор. Меҳмоннинг хаққи бор. Оилангнинг ҳаққи бор. Рўза тут, ифтор ҳам қил. Намоз ўқи, оиланг ёнига ҳам бор. Сен ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини бер.
Таҳорат олиб бомдод намозининг суннатини ўқиб бўлгач, фарзини ўқиш учун масжидга йўл олдилар. Намоздан сўнг ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Салмоннинг боши илм билан тўлган. Тўғри сўзлабди, тўғри иш қилибди.

* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга шундай марҳамат қилдилар:
– Эй Абу Дардо! Жаҳаннам аҳлининг кимлар эканини сенга билдирайми? Кибрга ва ғурурга берилган одам, кеккайган сохтакор ва яхшиликка моне бўлган кимсадир.
Яна дедилар:
– Дин биродарининг орзу қилган емагини унга едирган кимсанинг гуноҳлари кечирилади. Дин биродарини севинтирган Аллоҳни севинтирган бўлади.  
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам гуноҳкорлар учун шафоат сўрашларини айтганларидан сўнг:
– Иймони бўлган ўғрилар ҳам шафоатга эришадиларми? – деб сўрадим. Марҳамат қилдилар:
– Ҳа, улар учун ҳам шафоат сўрайман.
Сўнг яна марҳамат қилдилар:
– Сизлар қиёмат куни ўзингизнинг ва отангизнинг исмлари билан чақириласизлар. Шундай экан, фарзандларингизга чиройли исмлар қўйинглар.

* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Бўлакларга бўлиниб кетсанг ҳам, Аллоҳга шерик қўшма.

* * *
Фарз намозларини тарк этма. Фарз намозларини қасддан тарк этган мусулмонликдан чиқади.

* * *
Зулҳижжанинг илк тўққиз кунида рўза тутиш, кўп садақа бериш ва кўп дуо ва истиғфор қилиш керак. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Бу ўн куннинг барокотидан маҳрум бўлганга надоматлар бўлсин, – деб марҳамат қилдилар.
* * *
Дунёда уч нарса учун яшашни истайман: узун кечаларда ибодат қилиш учун, узун кунларда рўза тутиш учун ва солиҳ кимсаларнинг ёнида бўлиш учун.

* * *
Ёмон одамлар билан кўп алоқада бўлган кимсанинг қалби ҳам ўлади.

* * *
Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилинглар.

* * *
Яхшилик зое кетмайди, гуноҳ унутилмайди.

* * *
Яхшилик мол ва фарзандларнинг кўплигида эмас. Хайр бандалик юкининг буюклигини англаш, амални кўпайтириш, инсонлар билан чалғишни бас қилиб, Аллоҳ ибодатига берилишдир.

* * *
Агар яхшилик қилсанг Аллоҳга ҳамд айт, гуноҳ қилсанг истиғфор келтир.

* * *
Ортидан инсонлар келишидан севинган, Аллоҳдан узоқлашади.

* * *
Ақлида нуқсони бўлмаган кимса йўқ. Чунки дунёда қўлига бирор нарса келса севинади, бироқ умрининг озайганидан асло хафа бўлмайди.

* * *
Илмидан фойдаланмаган, илмига амал қилмаган олимлар маҳшар куни шиддатли азобга йўлиқадилар.

* * *
Ўлимни кўп хотирлаш жўшқинлик ва хасадни аритади.

* * *
Олим илмига амал қилмагунча олим саналмайди.

* * *
Роббимга нисбатан тавозеъли бўлиш учун йўқсиллик ва фақирликни севаман. Гуноҳимга каффорат бўлгани учун хасталикни севаман.

* * *
Банда Аллоҳ таоло ибодати билан машғул бўлган пайт, Аллоҳ уни севади, махлуқотига ҳам уни севдиради.

* * *
Билмаганга бир карра, билиб туриб қилмаганга етти карра надоматлар бўлсин!


* * *
Иймоннинг камоли бошга тушганга сабр, тақдирга розилик, ҳар ишда таваккул ва Аллоҳга таслим бўлишдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase