close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам Исломга даъватни бошлаган даврларида илк иймон келтирган киши Абу Бакр розияллоҳу анҳу эдилар.  У зот адолатли тўрт халифанинг биринчилари, жаннат башорат қилинган ўн саҳобалардан бири бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу “Жомеъ-ул Қуръон”, “ас-Сиддиқ”, “ал-Атиқ” сифатлари билан машҳурдир. Ҳижрат пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга бўлганликлари сабаб Каломуллоҳда у зот ҳақида шундай дейилади:
إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَه
الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ
يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ
اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا
وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى
وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
“Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб, (Муҳаммад) ҳамроҳи (Абу Бакр)га: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» – деган эди. Шунда Аллоҳ унга таскин (хотиржамлик) нозил этди ва сизлар кўрмаган лашкарлар (фаришталар) билан уни қувватлади ҳамда кофир бўлганлар сўзини тубан қилди. Аллоҳнинг сўзи эса, у юксакдир. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли (зот)дир”. (Тавба сураси, 40-оят)
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Абдулкаъба бўлиб, Исломдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ исмини берганликлари қайд этилади. Дўзах азобларидан озод қилинганлиги башорати берилгани боис Ал-Атиқ, содиқ, ишончли ва иффатли бўлганликлари сабаб Сиддиқ сифатлари берилган. “Бўталоқнинг отаси” деган маънодаги Абу Бакр куняси билан машҳур бўлганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг насаблари Мурра ибн Каъбда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг насаблари билан бирлашади. Оналари Умму Хойр, оталари Абу Қаҳофа.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Бадр жангига қадар мушрик бўлган ўғли Абдураҳмондан ташқари бутун оиласи мусулмон бўлишган. Оталари Абу Қаҳофа розияллоҳу анҳу ўғли Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалигини ва вафотини кўрдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан бир-икки ёш кичик бўлганлари айтилади. Исломдан аввал ҳам обрўли, яхши, инсонпарвар, бутларга сиғинмаган ва уйида бут сақламаган тожир бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу то ўлимига қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан айрилмадилар. Бутун бойлигини, йиққан-терганини Ислом учун сарф қилдилар ва ўзлари оддий камтарона тарзда умр кечирдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамр ичиш жоҳилият даврида кенг  тарқалган одат бўлса-да, у ҳеч қачон ичмаган эдилар. У зот Макка аҳлининг насабини билиш борасида ҳам машҳур эдилар. Мато ва кийим савдоси билан шуғулланганлари сабабли сармояси қирқ минг дирҳамни ташкил этарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг даъватлари билан Исломга кирган Абу Бакр ўз даъватлари ила Усмон ибн Авфон, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум каби Исломнинг йўлида буюк хизмат қилган саҳобаларни иймон билан шарафланишига сабаб бўлдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаётлари давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан айрилмадилар. Уларнинг ўртасидаги дўстлик болалик чоғларидан қурилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам кўп ишларда у зот билан маслаҳат қилардилар. Умумий ва шахсий бўлган бир қанча муҳим ишларда асҳоблари билан маслаҳат қиладиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам, асосан, Абу Бакр розияллоҳу анҳудан фикр сўрардилар. Араблар уни “Пайғамбарнинг вазири” деб аташарди.
 
* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳиро тоғидан қайтган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан кўришган пайти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам унга Аллоҳнинг элчиси эканликларини айтиб шундай дедилар:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ {1} خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ {2} اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ {3} الَّذِي
عَلَّمَ بِالْقَلَمِ {4} عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ {5}

“Ўқинг (Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!(У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”. (Алақ сураси, 1–5-оятлар)
Бу мўъжизали сўзлардан ҳайрат ичида қолган Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳнинг бирлигига ва сизни Унинг расули эканингизга иймон келтирдим, – деб Ҳадича розияллоҳу анҳодан сўнг иккинчи бўлиб иймон келтирдилар.

* * *
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Исломга кимни даъват қилсалар ҳам у одам бироз  иккиланиб,  сўнг қабул қилар, Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилган эдилар. Ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Бутун инсоният иймони тарознинг бир палласига, Абу Бакрники эса бошқа палласига қўйилса, унинг иймони  оғир келади, – деган эдилар.

* * *
Мўминларнинг улуғларидан бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаётининг сўнгги дамларига қадар, борини Исломга бахшида қилдилар ва барча хайрли ишларнинг энг бошида бўлдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макка даврида кучли қабилаларга мансуб бўлган кишиларни Исломга киргазишга ҳаракат қилдилар, бошқа томондан мушрикларнинг исканжасига тушган кучсизларни, қулларни сотиб олиб, бойлигини уларнинг озодлиги учун сарф қилдилар. Билол, Ҳаббоб, Лубайна, Абу Фуқоҳа, Амир, Зиннура, Наҳдия, Уммул Убайс розияллоҳу анҳумлар шулар жумласидандир.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу иймон келтирганларидан сўнг Исломга даъват қилишни яширин тарзда олиб борардилар. Усмон ибн Авфон розияллоҳу анҳу ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу нинг даъватлари билан мусулмон бўлганлар.

* * *
Мушрикларнинг азияти кундан-кунга ошиб, давом этавергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Ҳабашистонга ҳижрат қилишини айтадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йўлга чиққан пайтлари Барқул Ғимодда Макканинг обрўли қабиласи вакилларидан бўлган Ибн Дуғунна билан кўришиб қоладилар ва Дуғунна уни ўз ҳимоясига олганини айтиб бирга Маккага қайтадилар. Бироқ Абу Бакрни ўз ҳимоясига олган Ибн Дуғунна Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ибодатларини яширин тарзда  ўқишини шарт қилиб қўйгач, Абу Бакр унинг  ҳимоясини рад этадилар.
– Ҳимоянгни ўзингга қайтиб бераман. Менга Аллоҳнинг ҳимояси кифоя қилади, – деб унинг ҳимоясидан воз кечадилар.
Шу тарзда ўн уч йил Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларидан айрилмаган.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ойша розияллоҳу анҳо онамизнинг ривоятларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳижрат амрини олиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бирга ҳижрат қилишларини айтганда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу қувончидан йиғлаб юборган эканлар.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир кечада Маккадан Қуддусга ва у ердан Сидрат-ул Мунтаҳога бориб келганларини эшитган мушриклар ушбу Меърож ҳодисасини Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бориб айтганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларга:
– Агар бу гапларни ҳақиқатан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтган бўлсалар, тўғри сўзлабди. Борди-ю у киши бундан-да ғаройиб нарсаларни кўрдим, десалар ҳам шубҳа қилмайман, – дедилар.
Бу воқеадан хабар топган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни “Сиддиқ” деб чақирадиган бўлдилар.
Қуръони карим таъбири билан айтганда:
وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء
وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً

“Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!”. (Нисо сураси, 69-оят)

* * *
Мадина томонга ҳижрат қилиш ҳақидаги оят нозил бўлгач, “Амин” ва “Сиддиқ” бўлган икки дўст Савр тоғидаги ғорга яшириниб, сўнг ҳижрат қилдилар. Ўшанда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғор ичига биринчи бўлиб кириб, у ерни тозаладилар, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни ичкарига таклиф қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳо йўлда ейишлари учун емак тайёрлаб берган эдилар.
Улар Маккадан чиққач, мушриклар ҳар тарафга одам йўлаб излай бошладилар. Қурайш қабиласининг мушриклари Абу Жаҳл бошчилигида Асмо розияллоҳу анҳонинг уйларини тинтув қилинди. Ўзларини ҳақорат қилиб, таёқ билан саваладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йўлга чиқишлари олдидан бор пулини ўзи билан олганди. Шунга қарамай, қизи Асмо розияллоҳу анҳо уларнинг қаерда эканликларини кофирларга айтмадилар. Из ортидан қувган Макка мушриклари Савр тоғига қадар келишди.
Аллоҳ таоло ўз Расулига кучли ишонч берди ва иккисини фаришталар воситасида ҳимоя қилди. Кофирлар уларни ҳарчанд изламасин, топа олмадилар. Тоғда уч кун қолишгач, Мадина томон йўл олган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қубога бордилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу тоғда қолган кунлари ҳақида шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга ғорда бўлдим. Бир пайт бошимни кўтариб қарасам, Қурайш жосусларининг оёқлари кўринди. Шундан сўнг: “Ё Расулуллоҳ, буларнинг бирортаси эгилиб қараса, бизни кўради”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам менга:
– Тинчлан, эй Абу Бакр, икки йўлдошнинг учинчи ҳамроҳи Аллоҳ бўлса, нимадан қўрқасан? – деб марҳамат қилдилар.
Қубода уч кун қолишгач, ниҳоят Мадинага етиб келдилар. Мадинада Абу Бакр розияллоҳу анҳу иситмалаб ётиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
– Аллоҳим, Маккани бизларга севимли қилганинг каби, Мадинани ҳам севимли қил ва хасталикларни бизлардан арит, – деб дуо қилганларидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва хасталанган бошқа саҳобаларнинг барчаси тузалишди.
Бу орада Ойша розияллоҳу анҳо онамиз билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тўйлари бўлиб ўтди. Масжиди Набавия қуриб битказилди. Харажатларнинг бир қисмини Абу  Бакр розияллоҳу анҳу кўтардилар. Мадинада маккалик саҳобалар ва ансорийлар  ўртасида қариндошлик ришталари йўлга қўйилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қариндош дўсти Ҳориса ибн Зайд розияллоҳу анҳу бўлдилар.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Мадинада Масжиди Набавия қурилишида иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Исломни ёйиш мақсадида душманлар ҳақида маълумот йиғиш учун кичик-кичик гуруҳларни Мадинадан ташқарига юборар ва бунга баъзан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам қатнашардилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга Бадр, Уҳуд ва Хандақ жангларида қатнашдилар. Бундан ташқари Мурайсий, Қурайза, Ҳайбар, Макка, Ҳунайн, Тоиф каби ғазотларда ҳам иштирок этдилар.

* * *
Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Мадинада катта иқтисодий танглик юзага келди. Шу орада Византия императори Шомда Мадина атрофларини истило этиш мақсадида катта қўшин ҳозирлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам уларга қарши қўшин ҳозирлар эканлар, иқтисодий вазиятдан қийин аҳволда қолдилар. Ўшанда Абу Бакр розияллоҳу анҳу бор молини ушбу қўшиннинг тайёргарлиги учун сарф қилиб юбордилар.
Ҳижратнинг ўнинчи йили Видо ҳажидан қайтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўн биринчи йилда хасталаниб қолдилар ва кўп ўтмай охиратга сафар қилдилар. У зотнинг вафотлари ҳақидаги хабар барча мусулмонларни саросимага солиб қўйди ва нима қилишларини билмай қолдилар. Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни ким “ўлди” деса, ўша одамни чопиб ташлайман, деб бақирардилар.
Ўшанда Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига келдилар ва у зоти шарифнинг муборак пешоналаридан ўпаркан, шундай дедилар:  
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Ҳозир ҳам ҳаётлигингиздаги каби гўзалсиз. Сизнинг вафотингиз билан пайғамбарлик ҳам якун топади. Шон-шарафингиз шу қадар буюкки, тепангизда йиғламоқликдан ҳижолатдамиз. Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам, Роббингизнинг ҳузурида бизни унутманг, хотирингизда бўлайлик! –  дедилар.
Сўнг ташқарига чиқиб, Умар розияллоҳу анҳуни тинчлантирдилар.
– Эй инсонлар! Аллоҳ Бирдир, Ундан Ўзга илоҳ йўқдир! Муҳаммад унинг қули ва элчисидир. Ким Муҳаммад учун ибодат қилган бўлса, билсинки, у оламдан ўтди. Аллоҳга қуллик қилганлар шуни билсинларки, шубҳасиз, Аллоҳ боқий ва абадийдир. Сизларга Аллоҳнинг шу сўзларини эслатаман:
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ
عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئاً وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ

“Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етказа олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай”. (Оли Имрон сураси, 144-бет)
– Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига итоат қилган тўғри йўлни топади, бу иккисини бир-биридан ажратган эса йўлдан адашади. Шайтон Пайғамбаримизнинг ўлими билан сизни алдаб қўймасин, динингиздан адаштирмасин. Шайтоннинг сизга яқинлашишига изн берманг!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз сўзлари ила халққа таскин бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак вужудлари ювилаётган пайти, Ансорийлар Бани Саид қабиласидан бўлган Ҳазраж раиси Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни халифа қилишга келишдилар. Абу Бакр, Умар, Абу Убайда розияллоҳу анҳум ва муҳожирларнинг баъзилари дарҳол Баъни Саид қабиласига бордилар. У ерда ансорийлар билан халифалик тўғрисида музокаралар бўлиб ўтди. Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар ва Абу Убайда розияллоҳу анҳумонинг ўртасига турдилар ва иккисининг қўлидан тутиб, иккисидан бирига байъат қилинишини сўрадилар. Ўзлари эса халифаликка даъво қилмадилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг сўзларидан сўнг Умар розияллоҳу анҳу отилиб чиқди ва дарҳол Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиб, шундай дедилар:
– Эй Абу Бакр, мусулмонларга сен Расулуллоҳ амри ила намозни ўргатдинг. Сен унинг халифасисан ва биз сенга байъат қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга барчамиздан кўра сен суюкли эдинг!
Умар розияллоҳу анҳунинг сўзларидан сўнг ўша ерда бўлганларнинг бари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилишди. Бу кичик байъатдан сўнг, эртаси куни Масжиди Набавияда Абу Бакр розияллоҳу анҳу бутун халққа хутба ўқидилар ва расман уларга байъат қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг дафн маросимлари сешанба куни амалга ошириладиган бўлди ва у зоти шарифнинг муборак жасадлари қаерга қўйилиши ҳақида Абу Бакр розияллоҳу анҳу оқилона фикр юритиб: “Ҳамма пайғамбарлар ўлган жойига дафн қилинади”, ҳадисини саҳобаларга эслатдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг халифаси этиб тайинлангандан сўнг, Масжидда бўлиб ўтган суҳбатда шундай дедилар:
– Сизларнинг энг хайрлийингиз мен эмасдим, бироқ сизларга бош бўлдим. Вазифамни ҳақ ила адо қилсам, менга ёрдам беринг, янглишсам тўғри йўлни кўрсатинг. Мен Аллоҳ ва Расулига итоат қилар эканман, сиз ҳам менга итоат қилинг, агар исён қилсам менга итоатингиз керак эмас, – дедилар.

* * *
Ридда юришида ваҳий котибларининг бир нечтаси шаҳид бўлгач, Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларига биноан Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръоннинг оятларини тўплаш амрини бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга пайдар-пай тушган оятлар, котиблар томонидан териларга, оқ тошларга, хурмо дарахтларига ёзилган, баъзилари эса фақат саҳобалар томонидан ёд олинган эди. Бироқ ёзилган оятлардан ташқари, ёд олинган оятларни ёзиш хусусида бироз қўрқув пайдо бўлди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бошчилигида бир ҳайъат ташкил қилдилар ва барчага қўлидаги оятларни келтириш буюрилди. Фақатгина гувоҳлар воситасида оятлар ёзилар эди. Шу тарзда барча оятлар тўпланиб, “Мусҳаф” юзага келди. Ушбу “Мусҳаф” Абу Бакрдан сўнг Умар розияллоҳу анҳуга, ундан сўнг қизи Ҳафса розияллоҳу анҳога ўтди ва Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида нусхалар кўпайтирилиб, Дор-ул Исломнинг барча вилоятларига тарқатилди.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари жуда қисқа, яъни икки йилу уч ой давом этишига қарамай, шу қисқа давр ичида Ислом давлати сарҳадлари кенгайиб, ривожланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳижратидан сўнг ўн уч йил ўтган, жумод-ул охир ойининг бошларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу хасталикка чалиниб ётиб қолдилар ва ўринларига Умар розияллоҳу анҳунинг жамоа намозига имомлик қилишини истадилар. Саҳобалар билан кенгашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликка муносиб эканини айтдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг қаттиққўл ва жаҳлдор эканини айтиб, эътироз билдирганларга бунинг сабабини тушунтириб, халифалик аҳдномасини Усмон розияллоҳу анҳуга ёздирдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам севган инсонлари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам каби олтмиш уч ёшида вафот этдилар. Ўз васиятига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қабрлари ёнига дафн қилиндилар. Қибла томондан ҳисобланса, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қабри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам қабрларининг орқа тарафида жойлашган эди. Шу ҳолатда  Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзлари ҳам Аллоҳнинг Расулига, ҳам қибла томонга қараган бўлиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бошлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг елкаларидан бироз пастда жойлашди. Шу тарзда бу икки дўст қабрлари ҳам бир ердан жой олди.

* * *
Савдогар сифатида  фаолият юритган Абу Бакр розияллоҳу анҳу гўзал инсоний фазилатлари ва тақводорликлари билан саҳобаларнинг пешқадамларидан эдилар. Юмшоқ феъл, кўп ўйлаб оз сўзлашлари  ва тавозеъликлари билан машҳур эдилар. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, кўнгли бўш, Аллоҳ йўлида кўп кўз ёш тўкадиган, сокин сўзлайдиган инсон эдилар. Жоҳилия даврида ҳам мушриклар у зотга ишонар, қарз олиш ва бериш ишларида уни гувоҳ қилишарди.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзлари оқ, озғин, қирра бурунли эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан сўнг умматнинг энг хайрли инсони эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг:
– Дўстлиги ва моли ила менга нисбатан Абу Қаҳофанинг ўғлидан-да жўмард, вафоли киши йўқдир. Агар Аллоҳдан ўзга дўст килиш имконим бўлганда эди, албатта, у Абу Қаҳофанинг ўғли бўларди, – деган сўзлари ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг мавқеларини белгилаб турибди.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик замонида ички мухолифат ва фитналар юз бермади. Чунки Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларини барчадан яхши билар эдилар.
Улар бирор масалани ҳал қилишдан олдин аввал Қуръонга боқар, топа олмаса, Суннатдан суриштирар, ундан ҳам топилмаса саҳобалар билан кенгашиб, фатво берардилар. Ўлжани тарқатишда муҳожирлар ва ансорийлар ўртасида ихтилоф юзага келмаслигини олдини олиш учун барчага баробар бўлашардилар. Шу сабаб халифаликлари даврида бирор норозилик ва кўнгилсизлик юз бермади.
Молиявий ишларни Абу Убайда, қозилик ва кичик туманларга қараш ишларини Умар, котиблик вазифасини Зайд ибн Собит ва Али, бош қўмондонликни Усома ва Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумлар бажарганлар. Мадина Дор-ул Исломнинг пойтахти бўлиб, Макка, Тоиф, Санъа, Хадрамавт, Хавлон, Зобид, Рим, Жанод, Нажрон, Жураш, Баҳрайн каби вилоятларга бўлинган. Бошқарув маркази бўлган Мадинадаги Байт-ул молга ўлжанинг бешдан бир қисми тўпланган.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳали мусулмон бўлмаган пайтлари эди. Бир куни ғалати бир туш кўрдилар. Осмондан тўлин ой тушиб, Каъбага келди. Сўнг парчаланиб Маккадаги барча хонадоннинг устига тушди, сўнг яна ўз ҳолига қайтиб самога юксалди. Бироқ унинг уйига тушган ой парчаси кўкка юксалмай шу ерда қолди. Чунки Абу Бакр розияллоҳу анҳу эшикни ёпиб олиб  унинг чиқишига моне бўлдилар.
Саҳар пайти ҳаяжон билан уйғонган Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол яҳудий олимнинг уйи томон йўл олди ва кўрган тушини баён қилди. Яҳудий шундай деди:
– Кўрган тушинг чигал туш. Буни таъбир қилиб бўлмайди.
Бироқ яҳудий олимнинг жавобидан уларнинг кўнгли тўлмади. Ҳар куни кўрган тушининг таъбири ҳақида ўйлардилар. Бир муддат ўтгач, тижорат мақсади билан борган жойида роҳиб Буҳайрога учрадилар ва тушини айтиб бердилар. Туш Буҳайронинг эътиборини ўзига тортди ва Абу Бакр розияллоҳу анҳудан сўради:
– Сен қаерликсан?
– Маккаданман.
– Яхши, энди тушингнинг таъбирини айтаман. Маккада Қурайш қабиласидан бир пайғамбар чиқади. Унинг ҳидоят нури ҳамма жойга тарқалади. Сен унинг ҳаётлик чоғида ўнг қўли ва биродари, у вафот этгач, халифаси бўласан.
Роҳибнинг сўзларидан Абу Бакр розияллоҳу анҳу саросимага тушдилар. Буҳайро гапида шундай давом этди:
– Сен дарҳол ўз юртингга қайт. Унинг ёнига бор ва унга ваҳий келгач, ҳаммадан олдин бориб унга иймон келтир.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам даъватни бошлаганларидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу у зотдан сўради:
– Пайғамбарларнинг пайғамбар эканликларига оид далили бўлади. Сизнинг далилингиз нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай жавоб бердилар:
– Пайғамбарлигимга далил сенинг тушинг! Сен кўрган тушингни бир яҳудий олимига бориб айтдинг, ундан жавоб ололмагач, роҳиб Буҳайрога айтдинг ва Буҳайро тушингни тўғри таъбир қилди. Эй Абу Бакр, сени Аллоҳга ва Расулига иймон келтиришга даъват қиламан.
Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлдилар.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳу тилига ҳоким бўлиш, кераксиз нарсаларни сўзламаслик учун муборак оғизларига тош қўйиб юрардилар. Мажбур бўлмагунча асло дунё каломини сўзламасдилар.

* * *
Табук ғазотида мусулмонлар қўшини моддий кўмакка муҳтож эди. Шу важдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам мўминларни моддий ёрдамга чақирдилар. Ҳамма қўлидаги мол-мулкининг эҳтиёжидан ташқари қисмини олиб кела бошлади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу ҳаммани ўз сахийлиги билан доим ҳайратда қолдирадиган Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ўзиб кетиш мақсадида молининг ярмини келтириб бердилар. Унинг ортидан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам молини олиб келиб топширдилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам сўрадилар:
– Эй Умар уйингда молингнинг қанчаси қолди?
– Ё Расулуллоҳ, уйимда яна шунча мол қолди.
Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳудан сўрадилар:
– Эй Абу Бакр, сен уйингда нима қолдирдинг?
– Ё Расулуллоҳ, уйимда ҳеч нарса қолдирмадим. Ҳаммасини шу ерга олиб келдим. Оиламдагиларга Аллоҳ ва Расулини қолдирдим, – деб жавоб бердилар Абу Бакр розияллоҳу анҳу.  
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб шундай дедилар:
– Иккингизнинг орангиздаги фарқ, жавобларингиз орасидаги фарқ кабидир.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳаётликларида бўлиб ўтган ғазотларнинг бирида саҳобалардан Навфал ибн Хорис розияллоҳу анҳу шаҳид бўлишни чин дилдан хоҳлагандилар. Шу боис жанг олдидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан шаҳид бўлиш учун дуо қилишларини истадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дуо қилдилар. Жангда Навфал розияллоҳу анҳу ўз орзусига эришиб, шаҳид бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ва саҳобалар ушбу жангдан қайтишаётган эдилар. Уларни кутиб олиш учун Навфал розияллоҳу анҳунинг аҳли, фарзандлари ва кекса оналари ҳам чиққан эдилар. Оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан ўғлини сўради.
Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг кўзлари намланди. Ўғлининг шаҳид бўлганини айтишга муборак қалблари чидай олмади. Қўллари билан орқага ишора қилиб, йўлларида давом этдилар. Навфал розияллоҳу анҳунинг онаси орқада келаётган Али розияллоҳу анҳудан айни саволни сўради. Улар ҳам ўғлининг шаҳид бўлганини айтолмай, орқага ишора қилдилар.
Кекса она кейинроқ Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларни учратди. Улардан ҳам ўғлини сўради, бироқ улар ҳам айтишга тиллари бормай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам каби йўл тутиб, орқага ишора қилдилар.
Энг охири бўлиб Абу Бакр розияллоҳу анҳу келдилар. Она катта умид билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг азиз биродарларига ҳам айни саволни берди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзича ўйладилар: “Эй Роббим! Қанчалар қийин аҳволда қолдим. Агар тўғрисини айтсам муштипар онанинг қалбига озор берган бўламан. Бундай қилишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам чекиндилар. Қандай қилиб уларга қарши бораман. Ўзинг менга шундай йўлни кўрсатки, бу ғариблар юраги эзилмасин, Аллоҳим! Ё Аллоҳ! Ё Навфал! Сўнг Абу Бакр бутун қалби ила:
– Ё Аллоҳ! Ё Навфал! – дея бақирдилар.
Шу пайт ёйдан отилган ўқ каби тезликда от устида келган одам сўради:
– Лаббай, эй Сиддиқ! Мени чақирдингизми?
От устида Навфал ибн Хорис розияллоҳу анҳу ўтирарди, ундан бошқаси эмасди...
Сўнг Жаброил алайҳиссалом келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай деди:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳақ таолонинг саломи сизга бўлсин! Агар Абу Бакр яна бир марта “Аллоҳ” деганда, Парвардигор барча шаҳидларни тирилтирган бўларди. Чунки Абу Бакр ҳатто жоҳилият даврида ҳам ёлғон гапирмаган, – деди.
Бу ҳодисалардан сўнг Навфал ибн Хорис розияллоҳу анҳу бир неча йил яшадилар. Кейинчалик Ямома жангида яна шаҳид бўлдилар.

* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бизга қадар кўп ҳадис етиб келмаган. Улар адашиб ривоят қилиш қўрқуви билан фақатгина энг ишончли бўлган бир юз қирқ иккита ҳадисни ривоят қилганлар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ўгитларидан баъзилари:
Хайрли ишларга шошилинг, чунки ортингиздан шошиб келаётган ажалингиз бор.

* * *
Аллоҳ йўлида айтилмаган бирор сўзда хайр йўқ.

* * *
Амалнинг сири сабрдир.

* * *
Ҳеч кимсага иймондан сўнг соғлиқдан яхшироқ неъмат берилмаган.

* * *
Ҳисобга тортилмасдан олдин ўзингизга ҳисоб беришни бошланг.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase