Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 946 марта кўрилди
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу – Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуталлиб розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Туғилган санаси аниқ эмас, бироқ ҳижратдан уч йил олдин мусулмонлар Маккада ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тазийқ остида қолган пайтлари дунёга келганлари маълум. Онаси Умму Фазл Лубоба бинти Ал-Хорис бўлиб, мўминлар онаси Маймуна розияллоҳу анҳонинг синглиси бўлган. У аёллар орасида Хадича розияллоҳу анҳодан кейин иккинчи бўлиб Исломни қабул қилган эди.
Отаси Аббос розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳ туғилиши биланоқ Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи вассалламнинг олдиларига олиб бордилар, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам чақалоқни муборак қучоқларига олиб:
– Аллоҳим, уни динда фақиҳ қил, – деб дуо қилдилар.
Не тонгки, Абдуллоҳнинг болалиги кейинчалик Ислом кенг қулоч ёйган Мадинада кечди. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу таҳорат олиш ва намоз ўқишни шахсан Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассалламнинг ўзларидан ўрганган эдилар.
Болаликларида бир неча марта Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи вассаллам Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг бошларини силаб:
– Аллоҳим! Бутун илм ва хикматни мана шу бошга бер, унга таъвил ва тафсирни ўргат. Аллоҳим! Инсониятга берган бутун илм ва хикматингни унинг қалбига жо эт, – деб дуо қилардилар (Бухорий “Вузу”, 10; Муслим “Фадоил-ус Саҳоба”, 138).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расули Акрам салаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга бўлиб, у зотдан буюк илм ва файз олган эдилар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Макка фатҳида, Ҳунайн ва Тоиф жангларида ҳамда Видо ҳажида Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга бўлдилар. Макка фатҳидан сўнг улар ҳам оиласи билан биргаликда Мадинага ҳижрат қилдилар. Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ ва ундан кейинги Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳумоларнинг суҳбатларида бўлдилар. Бир қанча саҳобалардан дарс олиб, илм ўргангандилар.
Учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврида давлат ишларида иштирок этиб, бир қанча лавозимларда бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Абу Шарҳ билан бирга Африка сафарига боришди. Бироз кейин шарқдаги Табаристон фатҳида қатнашдилар. Ҳижратнинг ўттиз бешинчи йилида эса вилоятлардан бирига ҳоким бўлиб сайландилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлишларидан олдинроқ уйларининг атрофида буюк саҳобаларнинг фарзандлари билан бирга халифани исёнчилардан ҳимоя қилишди.
Али розияллоҳу анҳу халифалигида ҳам давлат ишларида муҳим вазифаларни юритдилар. Жамал ва Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг ёнида бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Ҳакам воқеасида Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу билан бирга Али карамаллоҳу важҳаҳунинг вакили бўлишган эди. Халифа Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларни бир неча марта турли қабила ва юртларга элчи қилиб жўнатдилар. Ҳакам воқеасидан кейин ҳам Басра хокимлигига юборилди. Улар мамлакатда исён кўтараётган хорижийларнинг исёнини бостириб, тинчликни сақладилар. Басрага ҳоким бўлгач, туҳматга учрадилар. Ҳокимликдан воз кечиб, Маккага кетдилар ва умрининг охирига қадар ўша ерда илм билан машғул бўлдилар.
Кейинроқ Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфадаги тарафдорлари томонидан Ироққа таклиф қилинади. Ўшанда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у ерга бормадилар ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуни ҳам бориш фикридан қайтаришга уриндилар, бироқ у зотни йўлдан қайтаролмадилар. Минг ваҳки, Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфага кетаётиб, Карбало даштида шаҳид қилинди. Бу мудҳиш воқеадан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай ғамга ботдиларки, йиғлай-йиғлай кўзларидан айрилдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу милодий олти юз саксон еттинчи йили Тоиф шаҳрида етмиш ёшида вафот этдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Ислом оламида сиёсий фаолиятдан кўра кўпроқ илмий фаолияти ва соғлом шахсияти билан танилган эдилар. Асри Саодатда ёшининг кичиклиги сабабли, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламнинг уйларига, айниқса, холаси Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйларига бемалол кириб чиқар, асҳоблар билмаган ва ўрганишга имкони бўлмаган илмларни ҳам бемалол ўрганар эдилар. Шунинг учун ҳам улардан қолган ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмлари бошқалардан фарқли ўлароқ воқеаси билан келтирилган. У зот Қуръон, тафсир ва фиқҳдан ташқари, араб адабиёти борасида ҳам чуқур билимга эга бўлганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга “Қуръони каримнинг таржимони, муфассирларнинг султонидир” дея таъриф берганлар. Етук илми туфайли ўз замонида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни “Умматнинг олими, илм дарёси” деб аташган.
Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳудан келтирилган бир ҳадисда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илмини мақтаганликлари айтилган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари жавоб бера олмаган саволларнинг жавобини Абдуллоҳ ибн Аббосдан сўрашларини ва жавобини унга ҳам айтишларини илтимос қилардилар. Берган фатво ва жавоблари туфайли доимо уни тақдирлардилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос Ислом таълимотини чуқур билганлиги ва одоблари туфайли саҳобалар йиғилган пайт бирор мавзу юзасидан баҳс кетса, токи улардан фикр сўралмагунча гапиришни лозим топмас эдилар. Ёши кичиклиги сабабли улуғ ёшли саҳобалар билан бир жойда ўтириши яхши эмас, деб ҳисоблайдиганларга қарши бир куни Умар розияллоҳу анҳу мажлисга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ҳам чақирдилар. Сўнг Наср сурасининг тафсири мазусида ўтирганлардан сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг кичиклигини пеш қилувчи улуғ ёшлилардан тайинли фикр чиқмагач, Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга мурожаат қиладилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу сурада Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламнинг вафотлари яқинлашганлигига ишоралар борлигини айтдилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам буни тасдиқладилар. Уларнинг Асҳоб ёнида кичиклиги сабаб сўзлашдан ийманганини пайқаган Умар розияллоҳу анҳу у зотга шундай деган эдилар:
– Ёшинг кичиклиги сўзлашингга тўсиқ бўлмасин. Қани, фикрларингни эшитайлик, сўзла.
Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Аббос кекса ва ундан улуғ бўлган саҳобалар билан мажлисларда бўлдилар, улардан кўп нарса ўргандилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу сўралган масалаларни аввал Қуръони каримдан, жавоб топа олмасалар Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадисларидан бу мавзуда бирор маълумот бор-йўқлигини суриштирар, бўлмаса Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг изоҳларидан излар, ундан ҳам топмасалар ўз илмига асосланган ҳолда масала ечимини айтардилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар салаллоҳу алайҳи вассаллам, саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан қолган ва ўз илми билан қилган тафсирларини китоб ҳолига келтирмаганлар. Бизгача етиб келган “Танвир-ул Миқбос мин Тафсир ибн Аббос” номли тафсирнинг у зотга оидлиги мунозарали масала. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсирга оид ривоятлари олим Ферузабодий томонидан тўпланиб, китоб ҳолига келтирилган ва юқоридаги ном билан чоп этилган, деган маълумотлар бор, холос.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мунтазам режа асосида иш юритардилар. Ишларини тоза ва аниқ бажарар, ҳафтанинг маълум кунларида халққа диний илмларга оид дарслар, диний илмлардан ташқари, араб тили ва адабиётига оид суҳбатлар олиб борардилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳу даврида Африкага Ислом қўшини номидан элчи қилиб юборилди. Африкадаги Рум ҳокими Георгио ва унинг одамлари билан илмий мунозаралар олиб бордилар. Улар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ақл-заковати кўриб, “Бу инсон арабларнинг энг билимдон олими экан”, деган фикрга келишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қўмондон, элчи, ҳоким каби давлат лавозимларидан кўра илмининг устунлиги ва чуқурлиги билан Асҳоби киром розияллоҳу анҳум, Умар розияллоҳу анҳу ва Усмон розияллоҳу анҳумолар томонидан кўп илтифот кўрдилар ва бу илтифотлар қаршисида доимо тавозеъда бўлдилар.
Илми туфайли мақтовлар эшитган пайти камтаринлик билан:
– Менга бу неъматни эҳсон қилган Аллоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам доимо мен учун илм ва ҳикмат сўраб дуо қилардилар, – дер эдилар.
* * *
Ислом тарихида Ғариб-ул Қуръон (араб тилида нозил бўлган Қуръони каримдаги араб тилида мавжуд бўлмай ўзга тиллардан олинган сўзлар) ҳақидаги изоҳлар ва улар ҳақидаги энг саҳиҳ ҳадислар Абдуллоҳ ибн Аббосга розияллоҳу анҳуга оиддир. Мушкул-ул Қуръон (Қуръони каримдаги қийин оятларни изоҳлаш ва бироз тушунарли ҳолга келтириш) мавзусини илк тилга олган ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудир. У зот Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламдан икки минг олти юз олтмишта ҳадис ривоят қилганлар. Бундан ташқари, фиқҳ илмининг тамал тошини қўйган олимлардандир. Асарларда қайд этилган фатволари фиқҳ илмига асос бўлди.
* * *
Маккадан чиққан бир қанча фиқиҳ олимлари Абдуллоҳ ибн Аббосга розияллоҳу анҳу воситасида камолга етишди. Шунинг учун ҳам Макка тафсир мактабининг асосчиси Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳисобланади. Тобеъинлардан Абу Солиҳ розияллоҳу анҳу:
– Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илм мажлиси билан бутун Қурайш аҳли фахрланса арзийди, – деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тафсир, ҳадис, фиқҳ, лисон, шеърият ва адабиёт илмида беназир эдилар.
Ўз замонасида Абдуллоҳ ибн Аббосга розияллоҳу анҳунинг донғи кўплаб мамлакатларга тарқалди. У зотдан илм ўрганган, ҳадис ривоят қилган кўплаб шогирдлар етишиб чиқди. Ўғиллари – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Али ибн Абдуллоҳ, жиянлари Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Маъбад, Абдуллоҳ ибн Умар, Шаъба ибн Ҳакам, Марвад ибн Маҳрама, Абу Туфайл, Саид ибн ал Мусаййаб кабилар шулар жумласидандир. Ўзлари эса Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васалламдан, Аббос розияллоҳу анҳудан, онаси Лубоба розияллоҳу анҳодан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Абдураҳмон ибн Авф, Муоз ибн Жабал, Абу Зар Ал-Ғифорий розияллоҳу анҳумлардан шахсан эшитган ҳадисларни ривоят қилганлар. Ривоятлари “Кутуби Ситта”дан ўрин олган.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган баъзи ҳадиси шарифлар:
Қуръони каримга ҳурматда бўлиш, уни “Бисмиллоҳ” деб бошлаш билан бўлади, чунки Қуръони каримнинг калити “Бисмиллоҳ”дир.
* * *
Аллоҳ таоло сизга берган чексиз неъматлари учун Уни севинг. Мени ҳам Аллоҳни севганингиз учун севинг.
* * *
Умматларимдан икки қатлам тўғри бўлса, бутун инсонлар тўғри бўлади. Агар улар бузилса, инсонлар ҳам бузилади. Бу икки қатлам: подшоҳлар ва олимлардир.
* * *
Қуръони каримни ўз манфаатига кўра тафсир қилган киши жаҳаннамдаги жойига ҳозирлик кўрсин.
* * *
Тавба ва истиғфорда бардавом бўлган кимсага Аллоҳ таоло ҳар қандай чорасизликда бир чора, ҳар қандай торликда бир кенглик беради ва кутмаган жойидан ризқлантиради.
* * *
Аччиқ асалнинг таъмини бузганидек, ёмон ахлоқ ҳам амални бузади.
* * *
Ғазабланган пайтинг сукут сақла.
* * *
Эшитганинг – кўрдинг дегани эмас.
* * *
Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил:
Кексаликдан олдин ёшликни, хасталикдан олдин соғлиқни, йўқсилликдан олдин бойликни, машғулликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин ҳаётни.
* * *
Бидъат соҳиби бидъат қилишдан воз кечмагунча, Аллоҳ унинг ибодатларини қабул қилмайди.
* * *
Инсон икки водий тўла олтини бўлса ҳам учинчисини истайди. Унинг кўзи фақатгина бир ҳовуч тупроққа тўяди. Аллоҳ тавба қилувчиларнинг тавбасини қабул қилади.
* * *
Ўликнинг мозордаги ҳоли денгизда чўкаётган одамнинг ёрдам сўраб ёлворишига ўхшайди. Чўкиш арафасидаги кимса қутқарувчи келишини кутгандек, маййит ҳам отасидан, онасидан, ака-укасидан ва дўстларидан дуо келишини кутади. Агар унга бир дуо келса, бутун дунё берилгандан кўпроқ севинади. Аллоҳ таоло яшаётган инсонларнинг дуолари туфайли ўликларга тоғларча раҳмат беради. Тирикларнинг ўликларга ҳадяси улар учун дуо ва истиғфордир.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу буюрдилар:
Қуръон ўқиган кимса хато қилса (талаффузда янглишса) ёки у ажнабий бўлса, фаришта ушбу қироатни аслидек ёзади.
* * *
Фарзандларингизнинг илк айтган гапи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлсин. Вафот этганларида ҳам “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни талқин этинг. Шундай қилсангиз, агар минг йил яшаса ҳам Аллоҳ унга бирор гуноҳ ёзмайди.
* * *
Ҳар қандай бинонинг асоси бордир. Исломнинг асоси эса гўзал хулқдир.
* * *
Кеча ва кундуз ҳар иккиси алоҳида бир карвондир. Охиратга етказиш воситаси сифатида уларга чиқинг. (Сизга берилган умрдан фойдаланинг) Тавбани кечиктиришдан қаттиқ сақланинг.
* * *
Яширин садақа Раҳмоннинг ғазабини сўндиради. Силаи раҳим умрни узайтиради. Яхшилик бевақт ўлимдан асрайди. “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тўқсон тўққиз балони даф этадики, буларнинг энг оддийси қайғу.
* * *
Инсоннинг бошқаларга сўзлаган гўзал сўзи ҳам садақадир. Кишининг биродарига қилган ёрдами ҳам садақадир. Чанқаганга сув бериш ҳам садақадир. Йўл юзидан одамларга халал берувчи бирор нарсани олиб ташлаш ҳам садақадир.
* * *
Гўзал ахлоқ хатоларни ювади, худди сув музни эритгани каби.
* * *
Мастлик барча иллатларга сабаб бўлади. У гуноҳи кабирадир.
* * *
Бир қулнинг танаси Аллоҳ қўрқувидан жунжикиб, баданидаги туклари найза ҳолига келса, у қулнинг қилган гуноҳлари қуриган дарахт барг тўккани каби тўкилиб кетади.
* * *
Сиз жаннат боғларига дуч келган пайтингиздан фойдаланиб қолинг. Дедиларки:
– ё Расулуллоҳ, жаннат боғлари нима?
У зоти шариф марҳамат қилдилар:
– Илм мажлисларидар.
* * *
Аллоҳ бир қулини севса, уни масжидга қойим қилади, севмаганини эса хаммомга хизматчи қилади.
* * *
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло закотни қолган молингизнинг хайри ва тозаланиши учун фарз қилди, меросни эса сиздан кейингилар учун.
* * *
Сенга шундан хабар берай: энг яхши хазина солиҳа аёлдир. Эри юзига боққан пайт қалби очилади, бирор юмуш буюрганда сўзсиз бажаради, сиртдан эрининг моли ва номусини муҳофаза этади.
* * *
Дуо раҳматнинг калитидир. Таҳорат намознинг калитидир. Намоз эса жаннатнинг калитидир.
* * *
Аллоҳ иймонни қаноат ва ҳаё ичида яратди. Куфрни эса хасислик ва амал ичида яратди.
* * *
Ўзи тўқ, қўшниси оч ухлаган кимса мўмин эмас.
* * *
Уламо билан ўтириш ибодатдир.
* * *
Бир кимса умматимга бирор суннат хабари, ёки бидъатдан асровчи йўлни кўрсатадиган бир ҳадис етказса, унинг мақоми жаннатдадир.
* * *
Бир кимса бошқасининг мактубини изнсиз ўқиса, гўё оташга кирган каби бўлади.
* * *
Ҳар ҳадисни ҳар кимсага айтаверманг, ақли оладиган одамга айтинг.
* * *
Ҳаттоки тоғлар бир-бирларига нисбатан ҳаддидан ошса ҳаддан ошгани жазосини олади.
Ичида ҳаром бўлганнинг, яъни ҳаром еганнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди.
* * *
Мен учун кечанинг оз вақтини илмга сарфлаш, бутун кеча ибодат қилишдан кўра хайрлироқ.
* * *
Инсонларни эзгуликка бошловчилар учун, денгиздаги балиқларгача бўлган ҳар нарса Аллоҳдан унга мағфират тилайди.
* * *
Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам бизга мисвок қўллаш хусусида шундай кўп марҳамат қилардиларки, бу борада бирон оят нозил бўлади, деб ўйлардик.
* * *
Бойга икром кўрсатиб, фақирга аксини қилган малъундир.
* * *
Қиёмат куни жаннатга илк чақирилувчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолога хамд айтувчилардир.
* * *
Эй осий! Қилган ишларингнинг дахшатли якуни сени кутяпти, бунинг учун ўзингга ишонма. Кулмоқдасан, бироқ бошингга нелар келишини англамаяпсан. Бу холинг гуноҳларнинг энг буюгидир. Қилган хатойинг туфайли омад қозониб севинаяпсан. Бу севинчинг қилган хатойингдан кўра буюкроқдир.
* * *
Сабр уч турли бўлади. Биринчиси фарзларни бажаришдаги қийинчиликларга сабр қилиш. Бунинг савоби уч юз даражадир. Иккинчиси ҳаромдан ва таъқиқланган нарсалардан ўзини тийишдаги сабр. Бунинг савоби олти юз даражадир. Учинчиси мусибат илк келган онда кўрсатилган сабр. Бунинг фазилати тўққиз юз даражадир.
* * *
Мужоҳид ибн Жобир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади:
– Кераксиз ва сенга фойдаси бўлмаган нарсалар ҳақида гапирма. Чунки бу бўлмағур иш, бундан зарар келмаслигига ҳам кафолат йўқ. Жойини топмагунингча керакли сўзни ҳам гапирма. Асли ери бошқа жойда фойда берадиган сўз ўзга ерда йўқолиб кетмасин.
* * *
Бузуқ ва аҳмоқ кимсалар билан баҳслашма! Чунки бузуқ кимса ёмон қилмиши билан қалбингга озор етказади, аҳмоқ эса тили билан азият етказади. Танишинг сен бўлмаган пайт бошқалар билан сени қандай хотирлашини истасанг, сен ҳам уни шундай хотирла. Сен афв этилишинг керак, деб билган масалангда уни ҳам афв эт. Яқининг сенга қандай муомалада бўлишини истасанг, сен ҳам унга шундай муомалада бўл!
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳулари бир дарсида шундай буюрдилар:
– “Бисмиллоҳ”ни айтган Аллоҳ таолони зикр этган бўлади. “Алҳамдулиллоҳ” деган Унга шукр қилган бўлади. “Аллоҳу акбар” деган Аллоҳ таолога таъзим қилган ва Уни буюк деб билган бўлади. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган Аллоҳ таолога тавҳид қилган бўлади. “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” деган Аллоҳ таолога ўзини таслим этган бўлади. Булар учун жаннатда юксак даража ва хазиналарга эга бўлади.
* * *
Бир кун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуларидан сўрашди:
– Беш вақт намознинг фарз қилиниши Қуръони каримнинг қайси оятида келтирилган?
Улар шундай жавоб бердилар:
– Рум сурасини ўқинглар, у оятларда Аллоҳ шундай амр қилади:
فَسُبْحَانَ اللَّهِ حِينَ تُمْسُونَ وَحِينَ تُصْبِحُونَ {17} وَلَهُ الْحَمْدُ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِوَعَشِيّاً وَحِينَ تُظْهِرُونَ {18}
“Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтингиз! Осмонлар ва Ердаги (айтилаётган барча) ҳамд Унга хосдир. Кечки пайтда ҳам, қуёш заволи пайтига киришингизда ҳам (Унга тасбеҳ айтингиз)” (Рум сураси 17–18).
* * *
Аввало, фарзларни бажар. Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, сўнг ундан ёрдам иста. Аллоҳ таоло бир қулининг тўғри ният ила савобга эришиш истагини кўрса, унинг истамаган нарсаларини ҳам ман қилиб қўяди. Аллоҳ таоло мўмин, фосиқ, гуноҳкор – барчасининг ризқини ҳалолдан тақдир этган. Ҳалол ризқ учун сабр қилса, Аллоҳ таоло шубҳасиз, уни юборади. Сабрсизлик қилиб ҳаромдан бирор нарса еса, ҳалол ризқини қисқартиради.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам менга шундай марҳамат қилдилар:
– Ўғлим, сенга фойдали ва Аллоҳ таолони рози қиладиган амални ўргатайми? Сен Аллоҳнинг ҳаққини қандай асрасанг, У ҳам сени шундай асрайди. Бахтли пайтингда Уни унутмасанг, оғир кунингда ёрдамга келади.
Бутун инсоният тўпланиб сенга бирор нарса бермоқчи бўлсалару, уни Аллоҳ тақдир қилмаган бўлса, ҳеч нарса қўлларидан келмайди. Бирор нарсани сенга ман қилсалару Аллоҳ уни сенга тақдир қилган бўлса, ҳеч ким моне бўла олмайди. Барча ҳайрли ишларни Аллоҳ учун қил. Нафсинг суймаган нарсаларга сабр қилишингда сен учун кўплаб хайр ва яхшиликлар бор. Аллоҳнинг ёрдами сабр билан бирга келади. Қайғудан сўнг қувонч келади.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Бир қанча саҳоба йўлда бир чодир қурдик. Бу ерда қабр борлигини билмаган эдик. Бирининг Мулк сурасини бошидан охиригача ўқиганини эшитдик. Мадинага келгач, воқеани Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалламга айтиб бердик. Улар шундай марҳамат қилдилар:
– Бу сура ўликни қабр азобидан қутқаради.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Аллоҳ барча амрлари учун бир чегара қўйган, бу чегарадан ошганларга эса тавба қилиш имконини беради. Тавба қилганларни кечиради. Ёлғиз зикр қилинг. Ҳеч қандай сабаб билан зикр тарк этилмайди. Чунки У
– Турганингизда, ўтирганингизда ва ётганингизда ҳам Мени зикр қилинг. Ҳар ерда ва ҳар қандай ҳолатда тилингиз ва қалбингиз ила зикр қилинг. Мени асло унутманг, – деб буюрган.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу коинотнинг яратилиши ҳақидаги дарсида шундай дедилар:
– Бизга Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Иблис Одам алайҳиссалом ер юзига туширилгач, Аллоҳ таолодан сўради:
– Қулларингни саодат йўлига бошлаш учун уларга бир қанча пайғамбар ва китоблар бердинг, уларни йўлдан оздириш учун менга нима берасан?”
– Сенинг китобинг нафсни йўлдан урувчи шеърлар ва мусиқалардир. Пайғамбарларинг коҳинлар, фолбинлар, сехргарлардир. Озуқанг ақлдан айирадиган, қалбни қорайтирадиган емаклар, “Бисмиллоҳ”сиз ейилган ва ичилган нарсалар ва сарҳуш қилувчи ичимликлардир. Насиҳатларинг ёлғон, уйинг маишатхоналар ва хаммомлар, тузоқларинг фохишалар, масжидларинг фисқу фужур мажлисларидир.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
– Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга буюрди:
– Эй Исо! Муҳаммадга иймон келтир. Сенинг умматларингдан Унинг замонигача яшайдиганлар учун амр эт! Муҳаммад алайҳиссалом бўлмасайди, Одамни яратмасдим. Муҳаммад алайҳиссалом бўлмасайди, жаннатни, жаханнамни яратмасдим. Аршни сув устида яратдим. Ҳаракатга келди. Унинг устига “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб ёзилгунга қадар турди.
* * *
Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи вассаллам Маккадалик пайтларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг онасига шундай марҳамат қилдилар:
– Сен бир ўғил кўрасан. Туғилиши биланоқ уни менга олиб кел.
Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи вассаллам чақалоқни олиб келишганида унинг қулоғига азон ва иқомат ўқидилар ва исмини Абдуллоҳ қўйдилар.
– Аллоҳим уни динда фақих қил ва Китобингни унга ўргат, – деб дуо қилдилар. Сўнгра чақалоқни онасига узатаркан шундай дедилар:
– Халифаларнинг отасини ол.
Буни эшитган Аббос ибн Абдумуталлиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг олдиларига келган эди, унга шундай дедилар:
– Ҳа шундай, бу бола ҳақиқатдан ҳам халифаларнинг отасидир, – дея Марҳамат қилдилар.
* * *
Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган пайтларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, таҳминан ўн уч-ўн тўрт ёшлик ўспирин эдилар. Асҳоби киром буюкларининг мажлисларида қатнашдилар. Умар розияллоҳу анҳу билан бўлган суҳбатлар ва илм мажлисларида доимий қатнашиш уларнинг Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васалламдан олган илми, файзи ва маърифатига қўшилиб яна-да гўзал тус олди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу тўрт халифа даврида ҳам фатволар бердилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай дейди:
– Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу умматнинг олимидир. Унга ақл заковат ва чуқур англаш қобилияти берилган. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам унинг динда фақиҳ бўлишини сўраб дуо қилардилар.
* * *
Шогирди Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейди:
– Абдуллоҳ ибн Аббоснинг илм мажлисидан кўра устун ва фойдали мажлис кўрмадим. Олимлар, солиҳлар, шоирлар унинг мажлисига доим келар ва ҳар бири илмга тўйиниб унинг ҳузуридан чиқар эди.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни шундай мадҳ этади:
– Суннатни ва Қуръони Каримдаги ояти карималар ҳукмларининг маъноларини энг чуқур ҳис этувчиларимиздандир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳулари ўз даврининг илму ирфон ва фазилат жиҳатдан энг илғорларидан эди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръони Карим билан боғлиқ илмини ўрганишни хоҳловчиларга ўргатар эдилар. Қуръони Карим оятларининг тўпланиши ва китоб ҳолига келишида у кишининг буюк хизматлари бор. Машҳур ҳокимлардан бири ҳаж мавсумида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг хутбасини тинглаган эди. Ўшанда Абдуллоҳ ибн Аббос Нур сурасининг тафсири хусусида маъруза қилди. Ҳоким маърузадан ҳайратланиб шундай деди:
– Бу тафсирнинг қадр-қиммати юксакдир. Агар мажусийлар, Римликлар буни эшитсалар эди, барчалари мусулмон бўларди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг замондошларидан бири шундай ҳикоя қилади:
– Мен у кишининг мажлисларига келган эдим. Келганлар ҳаром-ҳалол, ва фиқҳ мавзуларида турли саволлар берар эдилар. Уларни чиройли жавоблари билан мамнун ҳолда кузатдилар. Келганлар ташқари чиқдилар. Кейин буюрдилар:
– Фароиз, яъни, мерос масаласига доир саволи бўлганлар кирсин.
Улар ҳам кириб уйни тўлдирдилар ва жавобларини олиб чиқдилар. Улар чиққанларидан сўнг яна буюрдилар:
– Луғат илми ва адабиётга доир саволи бўлганлар кирсин.
Улар ҳам саволларига жавоб олиб чиқдилар. Шундай қилиб барчалари ўз саволларига жавоб олиб мамнун ҳолда тарқалдилар. Шундан сўнг ҳаётимда эшиги одамларга тўла бундай инсонни бошқа кўрмадим.
* * *
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳулари баланд бўйли, чиройли, оқ юзли, йирик танли бир зот эдилар. Кўп йиғлаганликлари сабаб ёноқларида кўзёшлар қолдирган из кўринарди. Умрининг охирги палласида кўзлари кўрмай қолди.