close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу

Милодий олти юз ўн учинчи йил Мадинада туғилиб, милодий етти юз тўққизинчи йили Басрада вафот этган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг насаблари қуйидагича:
Анас ибн Молик ибн Надр ибн Бамдом ибн Зайд ибн Харом ибн Жундуб ибн Амир ибн Ганим ибн Адий ибн Нажжор, Абу Ҳамзат-ул Ансон ал-Ҳазражийдир. Оналари эса Умму Сулайм Саҳла бинти Милҳам ибн Холид ибн Зайд ибн Харом ибн Жундубдир. Оналари ансорийлардан бўлиб, айрим манбаларда исмлари Ромила, Майса, Малика деб ҳам қайд этилган.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо мусулмон бўлгач, эри уларни Исломдан қайтариш учун кўп азоб ва азиятлар етказади. Бироқ унинг қаршиликлари ҳеч бир натижа бермайди. Шундан сўнг у Умму Сулаймдан ажрашиб, Шомга кетади ва у ерда яшаб, кўп ўтмай вафот этади.
Эрининг ўлимидан сўнг Умму Сулаймга Абу Талҳа розияллоҳу анҳу совчи жўнатади. У пайтларда Абу Талҳа ҳамон иймон келтирмагандилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳу унга турмушга чиқиши учун Исломни қабул қилиб, иймон келтиришини шарт қилиб қўядилар.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу шартни қабул қилади ва иймон келтириб мусулмон бўладилар. Шундан сўнг Умму Сулайм билан турмуш қуришади.

* * *
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага ҳижрат қилганларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўн ёшлардаги бир бола эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Мадинага ҳижрат қилишлари асносида мадиналик мусулмонлардаги ҳаяжон ҳақида Анас розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар: “Мадинанинг болалари “Муҳаммад келди, Муҳаммад келди”, деганча югурар эдилар. Мен ҳам уларга қўшилиб югуриб, ҳайқира бошладим. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга Абу Бакр келдилар. Биз уларга ҳайрат билан қараб турардик. Шу пайт  бир киши келиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг келганларини одамларга хабар қилинг”, деди. Биз болалар яна ортимизга – шаҳарга югурдик, бориб мусулмонларга хабар бердик. Ансорийлардан беш юзга яқин киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кутиб олиш учун чиқишди. Одамлар:
– Марҳамат қилинглар, бу ер сизлар учун хавфсиз, сизнинг итоатингиздамиз, – дер эдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан Абу Бакр уларни кутиб олган мезбонлар билан бирга шаҳар ичига кирдилар. Ўша пайтда шаҳарнинг бутун халқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни кутиб олиш мақсадида, уйларидан, дўконларидан ташқарига чиқишганди. Аёллар эса уйларининг томига чиқиб, Пайғамбар алайҳиссалломнинг келишларини томоша қилардилар. Бу икки меҳмоннинг қай бири Расулуллоҳ эканини атрофидагилардан сўрардилар. Мен ҳаётим бўйи ўша кунга ўхшаш бирор кун кўрмадим”.

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Мадинага келганларидан сўнг, барча ансорийлар у зотга хизмат қилишни хоҳлар, бу борада бир-бирлари билан баҳслашардилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оиласи эса жуда ночор эди. Уларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга хизмат юзасидан бирор яхшилик қилишга қурби етмасди. Шунинг учун Умму Сулайм ўғлини чақириб қўлидан тутганча, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хузурларига чиқдилар:
– Ё Расулуллоҳ! Мен фақир бир аёлман, Сизга ёрдам қиладиган ҳеч вақоим йўқ. Бу менинг ўғлим! Сизга хизмат қилиши учун бераман, уни қабул қилинг! – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам чин қалбдан қилинган самимий таклифни рад этмай, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни ёнларига олдилар. Шундан кейин ҳар доим уни ёнларида олиб юрдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хизматларига кирганларидан сўнг, у зотнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглаб, ҳар бир амрларига сўзсиз итоат қилдилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан ораларида сир бўлиб қолиши керак бўлган ишларни қаттиқ муҳофаза қилар, ҳатто оналарига ҳам айтмас эдилар.
Бу ҳақда унинг ўзларидан ривоят қилинган бир ҳадисда шундай дейдилар:
– Болалар билан ўйнаётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам келиб қолдилар. Бизга салом бердилар-да, сўнг менинг қўлимдан тутиб, бир ишга юбордилар. Ўзлари эса бир девор остида ўтириб, менинг қайтишимни кутдилар. Мен у зотнинг амрларини бажариш учун кетдим ва бажариб ортга қайтдим. Сўнг натижани ўзларига билдирдим. Уйимга қайтганимда онам Умму Сулайм нима учун кеч қолганимни сўради. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам мени бир иш учун юборганларини айтдим.
Волидам:
– Қандай иш? – деб сўраган эди, мен:
– Бу сир, – дедим. Онам менинг бу ҳаракатимдан суюниб:
– Ўғлим, Расулуллоҳнинг сирларини қаттиқ муҳофаза қил, – дедилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга бомдод намозини ўқигач, у зотдан рўзага ният қилган қилмаганликлари ҳақида сўрардилар. Агар ният қилган бўлсалар ифторлик ҳозирлаб қўярдилар.

* * *
Ҳайбар ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан бирга кетар эканлар, тиззалари бир-бирларига тегиб турарди.
Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга қанчалик яқин бўлса, оилалари ҳам шу қадар яқин эди. Онаси Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Ҳайбардан сўнг Сафия розияллоҳу анҳо онамиз билан турмуш қурган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ниқоҳ маросимларида уларга ёрдам қилганлар.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Зайнаб розияллоҳу анҳо онамиз билан турмуш қурганларида ҳам Умму Сулайм розияллоҳу анҳо уларга таом пишириб, хизматида бўлганлар. Анас розияллоҳу анҳу эса таклиф қилинган меҳмонларни чақириш вазифасини олганлар.
 
* * *
Анас ибн Молик Бадр ғазотида ўн икки ёш бўлишига қарамай, жанг майдонига бориб, жангчиларга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга хизмат қилганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан Бадр жангида қатнашган ёки қатнашмаганини сўраганларга шундай жавоб берган эдилар:
– Бадр жангидан ким қолиб кетибдики, мен қолиб кетсам!

* * *
Уҳуд ва Хандақ ғазотларида ҳам Анас розияллоҳу анҳо яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан бирга эдилар. Ҳудайбия сулҳи пайтида ўспирин йигитча бўлиб қолгандилар. Умрат-ул Қазода эса Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга ҳамроҳлик қилиб, Маккага бордилар.
Кейинчалик Ҳайбар ғазоти ва Макка фатҳида ҳам қатнашдилар. Ҳунайн ғазотида ҳам мусулмонлар билан бирга бўлдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ёнларида Тоиф муҳорабасига бордилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу видо ҳажида ҳам иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафот этганларида Мадинада эдилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида Баҳрайн атрофидаги қабилалардан закот тўпловчиларга бош этиб тайинландилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотлари пайтида улар Баҳрайнда эдилар, сўнг Мадинага қайтдилар.
Умар розияллоҳу анҳу уларнинг жанг майдонларида қатнашишини таъқиқлаб, маслаҳатчилар кенгаши вакили қилиб қўйдилар.

* * *
Умар розияллоҳу анҳу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ақл заковати ва чуқур фикрлашларини доимо эътироф этардилар. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Мадинада қолган Анас розияллоҳу анҳу вақтларининг кўп қисмини фиқҳ масалаларини ўрганишга бағишладилар. Буни умрларининг сўнггига қадар давом эттирдилар. Шу орада Басрага кўчиб бориб, ўша ерга жойлашдилар ва мусулмонларга фиқҳни ўргатишда давом этдилар.

* * *
Эрон ҳудудида бўлган жангларда қатнашдилар. Тустар шаҳрининг олинишида иштирок этган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу олинган ўлжаларни Мадинага келтирилишига бошчилик қилдилар. Яна Басрага қайтганларида Умар розияллоҳу анҳунинг шаҳид этилгани тўғрисида хабар келди.
Анас ибн Молик Усмон розияллоҳу анҳу даврларида ҳам Басрада қолиб фиқҳий масалаларни ўргатишда давом этдилар. Усмон розияллоҳу анҳу даврларида вужудга келган фитналарга аралашмаслик учун имкони борича ҳаракат қилдилар.
Халифа ҳаётининг Мадинада фитначилар томонидан таҳдид остида қолганини эшитишлари билан ёнига Умрон ибн Ҳусайнни олиб бошқа саҳобалар каби уларнинг ёнига йўл олдилар.
Йўлга чиққанининг эртаси куни Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид этилгани тўғрисида хабар келди. Шундан сўнг халифалик мақоми Алига ўтди. Фитнанинг ўчоғларидан бири Басра шаҳри эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Басрада истиқомат қилишларига қарамай, фитнаю фасодларга умуман аралашмадилар.

* * *
Уммавийлар даврига келиб саҳобалар сони сезиларли даражада камайди. Қолганларининг эса инсонлар ўртасида қиймати кундан-кунга ортиб, уларни узоқ-узоқлардан излаб келиб, суҳбатини олиб кетувчилар сони кўпайган эди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам саҳобалар орасида узоқ умр кўриб, кўп ҳаёт кечирганлардан бири эдилар. Шунинг учун ҳар доим халқнинг эътиборига ва илтифотига сазовор бўлганлар. Ҳижратдан сўнг саксон йил ҳаёт кечирган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу энди кексайган эдилар.
Хулофоти Рашидун (тўрт халифа) даврини кўриб, Уммавийларнинг ҳам кўпгина ҳукмдорлари даврида яшадилар. Басра шаҳрида уларнинг хасталанганини эшитган халқ, зиёрат учун узоқ-яқиндан келишди. Улар Анас розияллоҳу анҳуни бир он ҳам ёлғиз қолдирмадилар.
Васиятига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам муборак сочларининг толаси уларнинг қабрига қўйилди, кафанлаш ишлари ва жанозаси васиятларига кўра ўтказилди.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу гўзал хулқли саҳоба бўлиб, нозик, латиф ва юмшоқ феълли инсон эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга бўлган муҳаббатларини ҳар доим, ҳар жойда очиқ айтардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга хизмат қилган онлар уларнинг хаётидаги энг бахтли ва завқли лаҳзалар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг хизматини тақдирлар, фурсат бўлиши билан хайр ила ёдга олар ва уларнинг ҳаққига дуолар қилардилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дарс бериш пайтлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни буюк бир соғинч ила ёдга олар ва у зоти шарифнинг суннатларини тилга олар экан, ўй-хаёлларга чўмар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳу ҳар бир ҳаракатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига мувофиқ тарзда бажарар, у зотнинг бутун ҳолат ва ҳаракатларини ўзларига раҳбар қилгандилар. Шунинг учун ҳам қайси саҳобадан намоз ҳақида сўралса, Анас ибн Моликни ўрнак қилиб келтирардилар.

* * *
Анас розияллоҳу анҳунинг яна ўзига хос одатларидан бири хақсеварлиги эди. Халққа зулм қилаётган амирларга унинг қилмиши нотўғрилигини айтишдан тортинмасдилар. Уларнинг танқидини эшитган амирлар хафа қилмаслик ва сўзини икки қилмаслик мақсадида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг сўзларини ёш болалардек жим ўтириб эшитардилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийлар орасида фарзандлари энг кўп бўлган саҳоба эдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг бир дуолари ижобати эди. Анас розияллоҳу анҳунинг онаси Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳузурларига олиб келиб, дуо қилишларини сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларни шундай дуо қилгандилар:  
– Эй Роббим! Унинг молини, фарзандини кўпайтир ва уни жаннатга кирит!
Дуо ижобат бўлиб, Анас розияллоҳу анҳунинг ҳам давлати, ҳам фарзандлари кўп бўлди. Унинг фарзандлари орасидан Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Зайд, Яҳё, Холид, Мусо, Наср, Абу Бакр, Умар, Ало, Барро, Рамо, Умайма ва Умму Ҳарамларни санаб ўтишимиз мумкин. Фарзандларининг барчаси машҳур кишилар бўлишган.

* * *
Анаснинг кўриниши хушбичим, ёқимли бўлиб, вақти-вақти билан соқолларини бўяб турардилар. Содда ва оддий ҳаёт кечирдилар, фақирларга ёрдам берар, шогирдаларига эҳсонлар улашардилар.
Жуда кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, улар орасида кўплаб машҳур тобеинлар бор. Ҳасан Басрий, Сулаймон Тамрий, Қатода, Муҳаммад ибн Ширин Ал-Ансорий, Саид ибн Жубайр шулар жумласидандир.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган бўлиб, қуйида баъзиларини келтириб ўтамиз:
Золимга ёрдам, уни зулмдан қайтаришдир.

* * *
Бир куни масжиди шарифга чўлдан бир одам келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам намоз ўқимоқчи бўлиб тургандилар. Келган одам савол берди:
– Ё Расулуллоҳ! Қиёмат қачон бўлади?
Пайғамбаримиз намоз ўқишни бошладилар. Намозни тамомлаб, салом берганларидан сўнг:
– Қиёматни сўраган одам қани? – деб жамоага юзландилар.
Ҳалиги одам жавоб берди:
– Бу ердаман, ё Расулуллоҳ!
– Қиёмат учун нима ҳозирладинг? – деб сўраган эдилар, савол берган одам уялиб ерга қараганча жавоб берди:
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Афсуслар бўлсинки, қиёмат учун ҳеч қандай ҳозирлигим йўқ. На ошиқча рўза тутолдим, на намоз ўқий олдим. Фақатгина Аллоҳ ва Расулини жуда севаман.
    Унинг жавобини тинглаган суюкли Пайғамбаримиз шундай марҳамат қилдилар: 
– Инсон қиёматда севганлари билан бирга бўлади.
Буни эшитган мусулмонлар шу қадар суюндиларки, улар ҳеч қайси муждадан бу қадар севинмаган эдилар.

* * *
Эй инсонлар, тақвоингизда мустаҳкам туринглар, шайтон сизларни алдаб қўймасин.

* * *
Ораларингиздан бири бирор фалокатга учраса, ўлимни сўрамасин. Ўлимдан бошқа имкони қолмаганлар эса: “Эй Роббим! Ҳаёт мен учун хайрли бўлган муддатгача мени яшат, хайрли бўлмаган муддатда руҳимни ол”, десин.
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга тўққиз йил хизмат қилдим.  Уларнинг бир марта бўлса ҳам “Шу ишни бекор қилибсан”, деганларини ёхуд бирор ишим учун мени айблаганларини кўрмадим.   

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Анас розияллоҳу анҳуга ёш бола эмас, катта одамлардек муносабатда бўлар эдилар. Уларга бирор марта ҳам қовоқ осмаганлар, бирор марта ҳам қаттиқ гапирмаганлар. Улар доим бирга таҳорат олар, намоз ўқир, рўза тутар эдилар.

* * *
Бир куни тонгда Абу Бакр ва Аббос розияллоҳу анҳумолар бирга юриб кетаётган эдилар. Бир ерда одамлар тўпланиб ўтирганини кўрдилар. Улар мадиналик мусулмонлар эди. Ҳаммалари ғам қайғу чекиб йиғлашарди. Кўнгли нозик, ҳассос ва юмшоқ феълли Абу Бакр розияллоҳу анҳу улардан сўрадилар:
– Эй биродарлар, сизлар нима сабабдан йиғлаяпсизлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳолатларини ўйлаб йиғлаяпмиз.
Ҳақиқатан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам анчадан бери ҳасталаниб қолган эдилар. Бундан ҳабар топган мадиналиклар тўп-тўп бўлиб хасратлашар ва йиғлашар эдилар.
Юраги севги ва айрилиқ қайғусига чўмган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам йиғладилар. Бироздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг муборак уйларига бордилар. Кўрган ва эшитганларини ҳурмат ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга билдирдилар.
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам оғир хасталикларига қарамай масжидга бордилар. Уларни кўрган саҳобаларнинг барчаси масжидга югуришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам эгниларида узун ҳирқа, бошларида бош кийим бор эди. Гўзал бир ҳутба қилдилар.
Аввал Аллоҳга ҳамд ва шукрона келтирдилар. Сўнг оғир нафас билан ва бироз тин олдилар ва марҳамат қилдилар:  
– Эй муҳожирлар! Сизларга ансорийларни яъни мадиналик мусулмонларни васият қиламан. Бошқа инсонлар ортмоқда, ансорийлар эса камаймоқда. Улар ўз зарарларига бўлса ҳам сизнинг олдингиздаги бурчларини керагича адо этдилар. Энди сизлар ҳам уларни қўлланг. Истамасдан сизларга бирор зарар етказсалар, у қусурларидан воз кечиб юборинг.
Бу суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг охирги хутбалари бўлди. Шундан сўнг қайтиб минбарга чиқмадилар. Дунёдаги ҳаётларини ва Пайғамбарлик вазифаларини шараф ила адоғига етказдилар.

* * *
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай дедилар:
– Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг Мадинага келган кунларини ҳам, вафот  этган кунларини ҳам кўрдим. Мусулмонлар биринчиси қадар қувончли, иккинчиси қадар қайғули кунни кўрмадилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase