РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ЗАВЖАЛАРИ МЎМИНЛАРНИНГ ОНАЛАРИДИР
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ – ҳақлироқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридир...” (Аҳзоб сураси, 6-оят).
Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқдир. Агар у зот мўминларни бир ишга буюрсалар, нафслари унинг зиддига буюриб турса ҳам нафсига ҳай бериб Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларига амал қилиш вожиб бўлади. Чунки у зот мўминларни фақат яхшиликка ва фойдали ишларга чақирадилар. Нафс эса залолатга бошлаши мумкин.
Саҳиҳ ҳадисда: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, мен сиз учун ўзингиз, молингиз, фарзандларингиз ва барча одамлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча (ҳақиқий) мўмин бўлолмайсизлар”, дейилган.
“Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир...”
Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари мўминлар учун эҳтиром қилиш, улуғлаш, икром кўрсатиш ва уйланишнинг жоиз эмаслигида худди туққан оналари мақомидадир. Бироқ бундан бошқа шаръий ҳукмларда: уларга хитоб қилиш ва мерос олишда худди бегона аёллар кабидирлар.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмас. Чунки бу Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир” (Аҳзоб сураси, 53-оят).
У зот алайҳиссаломнинг энг афзал завжалари, саййида Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодир. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга йигирма беш ёшларида уйланганлар. Ўшанда Хадижа онамиз қирқ ёшда бўлганлар.
Ҳабибимиз Хадижа онамиз билан тахминан йигирма беш йил умргузаронлик қилдилар. Хадижа онамиз ҳаётлик чоғида бошқасига уйланмадилар. Хадижа онамиз кучли имони, вафодорлиги, Аллоҳ ва Расулини рози қиладиган ишларга ташналиги сабабли, Расулуллоҳ алайҳиссаломга ниҳоятда севимли бўлдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом Хадижа онамиздан олти нафар фарзанд кўрдилар: Қосим, Тоййиб, Руқайя, Умму Кулсум, Зайнаб ва Фотима. Фотимадан бўлак барча фарзандлари Пайғамбар алайҳиссаломдан олдин вафот этишган. Фотима розияллоҳу анҳо эса у зотдан бир неча ой ўтиб оламни тарк этганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа розияллоҳу анҳодан кейин уйланган аёллардан фақатгина Мориядан Иброҳим исмли фарзанд кўрдилар. Аммо у ҳам Ҳабибимиз тириклик вақтларида вафот этди.
Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо пайғамбарликнинг ўнинчи йилида, олтмиш беш ёшида вафот этган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қаттиқ қайғуга ботганлар. Ўша йилни “Маҳзунлик йили” деб номланган.
Хадижа бинти Хувайлид вафотидан кейин Савда бинти Замъага уйландилар. Ўшанда у аёлнинг ёши олтмиш бешда эди. Савда эри Сакрон ибн Амр билан мусулмон бўлган, мушриклар тазйиқи кучайганидан кейин иккови Ҳабашистонга ҳижрат қилишганди. Маккага қайтиб келишгач, эри вафот этган. Савда бинти Замъанинг оиласи ҳали ҳам мушрик эдилар. Савда улар олдига қайтиб борса, динидан чиқаришидан қўрқди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳимояларига олиш учун унга уйланганлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида, саксондан ўтиб вафот этган. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!
Шундан кейин ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммул мўминин Оиша бинти Абу Бакр Сиддиққа уйландилар.
Бу никоҳ Оишанинг отаси Абу Бакрга икром ва шараф юзасидан бўлганди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларининг биринчи йилида Оиша онамиз билан яшай бошладилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ алайҳиссалом аёллари ичида ёши энг кичиги, имони кучли, зеҳнли, фаҳм-фаросатли ва Расулуллоҳни рози қиладиган ишларга ҳарислиги сабабли мўминлар оналари орасида энг севимлиси эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо ҳижрий 58 йилда, дин йўлидаги хизматларини мукаммал адо қилиб оламни тарк этганлар.
Рожиҳ (тўғри) қавлга кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳижрий учинчи йилда Ҳафса бинти Умар ибн Хаттобга уйланганлар. Никоҳдан кўзланган сабаб, ўзлари ва оталари Форуқ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, унга ҳурмат кўрсатиш, Хунайс ибн Ҳузофа вафотидан кейин Ҳафсани ўз ҳимояларига олиш эди.
Ҳафса розияллоҳу анҳо зукко ва хотираси кучли аёллардан эди. У Шифо бинти Абдуллоҳдан ёзишни ўрганган. Ҳафса доим рўза тутувчи, қоим бўлувчи муслималардан эди. Ҳижрий 45 йилда вафот этган.
Ҳижрий учинчи йилда Пайғамбар алайҳиссалом Зайнаб онамизга уйландилар. Эри Убайда ибн Ҳорис Бадр ғазотида шаҳид бўлганидан кейин Зайнаб бинти Хузайма тул қолгандилар. Бу никоҳдан кўзланган мақсад, Зайнаб онамизни ҳимояси остига олиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларидан бир неча ой ўтиб, Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо вафот этган. У зот сахийлиги сабаб “Уммул масокин” (мискинлар онаси) деб чақириларди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий 4 йилда Умму Салама розияллоҳу анҳога уйландилар. Умму Салама, Ҳинд бинти Абу Умайядир. Эри Абу Салама – Абдуллоҳ ибн Абдулъасад Уҳуд ғазотида жароҳатланиб, кейинчалик вафот этган эди.
Умму Салама ва эри Исломнинг аввалида имон келтирган зотлардан эди. Умму Салама аввалги эридан тўрт фарзанд кўрган, унинг ўлимидан қаттиқ ғамга ботган. Бу онамиз эридан ажралганида ёши ўттизда эди. Шундан кейин турмушга чиқишни рад этдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалари ва ўзини ҳимояларига олмоқчи эканларини билгач, у зот билан бир ёстиққа бош қўйишга рози бўлдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳижрий 59 йилда, саксон ёшдан ошганида вафот этган. Аллоҳ таоло ул зотдан рози бўлсин!
Ҳижрий 5 йилда Бани Мусталиқ ғазотидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога уйландилар. Унинг отаси Бани Мусталиқ қабиласи бошлиғи эди. Жувайрия онамиз Бани Мусталиқ ғазотда асир тушган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, ўзи ва қавмининг ҳолидан у зотга шикоят қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳолига ачиниб, Исломни таклиф қилганлар. Жувария онамиз бу таклифни қабул қилган. Пайғамбар алайҳиссалом Бани Мусталиқ ғазотидан сўнг Мадинага қайтганларида уни никоҳларига олганлар.
Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жувайрияга уйланганларини билиб, унинг қавмидан бўлган асирларни озод қилишди. Жувайриянинг отаси ва биродарлари мусулмон бўлишди. Бу никоҳ Жувайриянинг ўзига ҳам, қавмига ҳам хайрли ва баракали бўлди. Шу сабаб, Оиша розияллоҳу анҳо: “Қавмига Жувайриячалик барака келтирган аёл йўқдир. Унинг сабабидан қавмининг юзлаб оилалари озод этилди”, деганлар.
Жувайрия бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ҳижрий 56 йилди вафот этган. У зот кўп рўза тутувчи ва ибодатда қоим бўлувчи эдилар. Аллоҳ таоло Жувайрия онамиздан рози бўлсин!
Ҳижрий 7 санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабиба – Рамла бинти Абу Суфёнга уйландилар. Рамла эри Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан Исломга аввал кирганлардан ва Ҳабашистонга ҳижрат қилганлардан эди. Эри ўша ерда Ислом динидан чиқиб, насронийликка ўтиб кетган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топиб, саҳобаларидан бирини Ҳабашистонга – Рамлага совчи қилиб юборганлар. Мақсад: бегона юртда паришон бўлиб қолган Рамлани ҳимоясига олиш эди. Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан унга маҳр бериб, Мадинаи мунавварага юборганлар.
Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг синглисига кўрсатган иззат-икромидан хабар топиб, ниҳоятда хурсанд бўлган эди.
Бу никоҳ билан ул зот алайҳиссалом Қурайш бошлиғининг қизини фитнадан сақлаб қолдилар. Ҳабашистондек ўлкада ғариб бўлиб, тахминан ўн беш йил тоқат билан яшагани сабабли, Рамлага муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатдилар. Рамла розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиққанидан кейин тахминан уч йилни нубувват хонадонида ўтказди. У ҳижрий 44 йилда вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!
Ҳижрий 7 йилда, Хайбар ғазотидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом исломни қабул қилгач София бинти Ҳуяй ибн Ахтобга уйландилар. Бу никоҳ Софияга меҳрибонлик ва ҳурмат кўрсатиш учун бўлди. София розияллоҳу анҳо онамиз ҳижрий 52 йилда вафот этганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан тахминан икки йил олдин Маймуна бинти Ҳорис Ҳилолияга уйландилар. Расулуллоҳнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб у зот ва араб қабилалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун бу никоҳ ташаббуси билан чиққан эди. Аббос розияллоҳу анҳу Маймунага ўз молидан 400 дирҳам маҳр бергандилар .
Маймуна розияллоҳу анҳо ҳижрий 51 йилда вафот этган.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ичида Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо ҳам бор. Бу зот ҳақида кейинроқ тўхталишимиз боиси шуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳшга уйланиш сабаблари ҳақида кенгроқ маълумот беришни хоҳлаган эдик.
Зайнаб бинти Жаҳш онасининг исми Умайма бинти Абдулмутталибдир. Демак, Зайнаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари қизи бўлади. Унга Расулуллоҳдан олдин Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу уйланган эди.
Зайд Хадижа розияллоҳу анҳо қўл остидаги қул эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломга турмушга чиққанидан кейин Хадижа онамиз Зайдни у зотга ҳадя қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайдни озод қилиб, уни ўзларига ўғил қилиб олганлар. Шу сабаб “Зайд ибн Муҳаммад” ҳам дейиларди.
Одамлар анча муддатгача уни “Зайд ибн Муҳаммад” деб чақириб юришди. Мана бу оят нозил қилиниши билан бу одатга барҳам берилди: “Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар – атанглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у ҳолда уларни биродарим Фалончи ёки дўстим Фалончи, деб атанглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар)” (Аҳзоб сураси, 6-оят).
Шундан кейин одамлар Зайдни ўзининг ҳақиқий отаси ном билан – Зайд ибн Ҳориса, деб чақирадиган бўлишди. Лекин улар одатларига кўра, киши тутинган ўғлининг хотинига уйланиши мумкин эмас, деб ҳисоблашарди. Аллоҳ таоло бу одатни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавллари ва амаллари билан бекор қилишни хоҳлади.
Саййида Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Зайд ибн Ҳорисага турмушга чиқиши ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Менга Қурайш қабиласидан бир қанча одамлар совчи қўйди. Шунда синглим Ҳамнани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига маслаҳат сўраш учун юбордим. У зот синглимга: “У Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини биладиган кишига қандай қилиб тенг бўла оларди?” дедилар. Синглим: “У ким, эй Расулуллоҳ?” деб сўрабди. У зот: “Зайд ибн Ҳориса”, дебдилар. Шунда Ҳамнанинг қаттиқ жаҳли чиқиб: “Эй Расулуллоҳ, аммангизнинг қизини озод қилган қулингизга турмушга берасизми?!” дебди. Бас, Ҳамна келиб буни менга хабар қилди ва аввалгидан ҳам қаттиқроқ ғазабланди. Мен у айтган гапдан ҳам оғирроқ гап айтдим. Шунда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишни ихтиёр қилишлари жоиз эмас. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан адашибди ” оятини нозил қилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб: “Мен энди Аллоҳга ва Расулига итоат этаман. Сиз нимага буюрсангиз, шуни қиламан. Мени Зайдга турмушга беринг”, дедим. (Тўйдан сўнг) мен Зайдга тазйиқ ўтказардим. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга устимдан шикоят қилди. У зот мени койидилар. Кейин қайтиб бориб, уни тилим билан жазоладим. Кейин Зайд Расулуллоҳ алайҳиссаломга яна шикоят қилди. Шунда у зот Зайдга: “Хотинингни ўз ҳузурингда ушла! Аллоҳга тақво қил!” дедилар. Зайд: “Эй Расулуллоҳ, мен уни талоқ қиламан”, деди ва мени талоқ қилди”.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб бинти Жаҳшни никоҳларига олдилар. Бу билан одамлар орасида илдиз отиб кетган одатга барҳам беришни ирода қилдилар.
Расулуллоҳнинг Зайнаб бинти Жаҳшга уйланишлари ҳақида мана бу оят нозил бўлган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд ибн Ҳорисага:) “Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин, Аллоҳдан қўрққин”, деб Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақлироқ бўлгани ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди. Аллоҳ Пайғамбарига фарз қилган нарсада унга бирон танглик бўлмайди. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли – қонунидир. Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди. Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонини (бандаларга) етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилувчидир. (Эй мўминлар,) Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган Зотдир” (Аҳзоб сураси, 37-40-оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишлари ва бу билан жоҳилият даврида араблар орасида кенг тарқалган бир одат бекор бўлгани баён этилмоқда.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд ибн Ҳорисага:) “Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин, Аллоҳдан қўрққин”, деб Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз...”
Яъни, эй Муҳаммад, Аллоҳ уни имон неъмати билан сийлаган ва Сиз ҳам озод қилиш, яхши тарбия бериш ва иззат-икром ила марҳамат кўрсатган Зайд ибн Ҳорисага:
– Хотининг Зайнаб бинти Жаҳшни ўзингда ушлаб қол, уни талоқ қилма! У ҳақида Аллоҳдан тақво қил. Ундан ўтган ишларга сабр қил! – деб айтганингизни эсланг!
Зайд ибн Ҳориса Зайнаб бинти Жаҳшнинг мағрурлиги, насл-насаби билан фахрланиши ва унга қўпол муомала қилишидан Расулуллоҳ алайҳиссаломга шикоят қилиб:
– Ё Расулуллоҳ! Мен уни талоқ қилмоқчиман! – деган эди.
“Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз...”
Яъни, Аллоҳ ошкор қилган нарсани Сиз қалбингизда сақлаган эдингиз. Бу, Зайд Зайнабни талоқ қилиши ва Аллоҳ азза ва жалланинг амри билан унга уйланишингиз эди .
Баъзи уламоларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичларида яширган нарса: Зайднинг Зайнабдан ўзига ёқмайдиган гапларни эшитиши ва у билан бирга яшашга тоқат қилолмаслиги сабаб, уни талоқ қилишга қатъий қарор қилишидир.
Аллоҳнинг ошкор қилиши эса, Зайднинг Зайнаб билан муносабатини одамлар билиши, Зайнабнинг унга қўпол муомала қилиши ва насаби билан фахрланишидан хабар топишларидир.
“Ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақлироқ бўлгани ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз”.
Яъни, Сиз Зайдга шундай дедингиз ва Аллоҳ ошкор қилган нарсани ичингизда махфий тутдингиз. Зайд ва Зайнаб билан боғлиқ ишни одамларга ошкор бўлишидан қўрқдингиз. Ваҳоланки, Аллоҳ барчадан кўра қўрқишга ҳақлироқ, муносиброқ Зотдир!
Мана бу жумлада Аллоҳ Ўзининг Пайғамбари алайҳиссаломга енгил танбеҳ бермоқда ва муаммони осон ва тўғри ҳал қилиш учун у зотни энг афзал йўлга бошламоқда.
Шундан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Зайнабга уйланишларидан кўзланган ҳикмат баён этилади:
“Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач, уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди”.
Бу ердаги “ҳожат”дан мурод нима?” дейилса, айтамизки, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ўз ҳожатини адо қилиб бўлганди. Зайдда унга нисбатан рағбат қолмаган, балки ундан ажрашни хоҳлаб турганди.
Оятнинг мазмуни бундай: Зайд Зайнабдан ҳожатини раво қилгач, уни талоқ қилди. Зайнабнинг иддаси чиққанидан кейин Биз уни Сизга никоҳладик. Мақсад, мўминлар асраб олган болалари хотинларини талоқ қилишгач, идда тугаганидан кейин уларга уйланишда танглик йўқ эканини билдиришдир. Бу борада Расулуллоҳ алайҳиссаломда гўзал намуна бордир. Аллоҳ хоҳлаган ишнинг бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Ибн Касир бу оят тафсирида бундай дейди: “Зайд Зайнабни талоқ қилгач, Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Зайнабга никоҳлади. Бу никоҳни Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширди. Яъни, Расулига Зайнаб олдига валийсиз, маҳрсиз, ақдсиз ва инсонлардан бўлган гувоҳларсиз киришни ваҳий қилди.
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Зайнаб бинти Жаҳш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига мақтаниб: “Сизларни ўз оила аъзоларингиз никоҳлаган. Мени эса, Аллоҳ етти осмонлар устидан никоҳлаган”, деб айтарди ”.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланишларидан кўзланган ҳикматни баён қилгач, Зайнаб ҳақида зеҳнларга келган баъзи нарсаларни аритиш учун шундай дейилган:
“Аллоҳ Пайғамбарига фарз қилган нарсада унга бирон танглик бўлмайди”.
Аллоҳ таоло асраб олинган ўғил – Зайд ибн Ҳориса Зайнабни талоқ қилганидан кейин уни никоҳига олишни Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳалол қилганидан кейин у зотга ҳеч қандай танглик ва маломат бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг Ўзи шунга буюрди, буни тақдир қилди.
“(Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли – қонунидир. Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди”.
Бу ерда Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга фарз қилган нарсанинг сиҳҳати (тўғрилиги, аниқлиги) яна бир бор таъкидланмоқда. Аллоҳ хоҳлаган иш аниқ амалга ошади. Бунга тўсиқ бўладиган нарса йўқ.
Шундан кейин ҳеч бир ҳадиксиз Аллоҳнинг фармонларини бажарадиган зотлар ҳақига мақтов айтилади:
“Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонини (бандаларга) етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилувчидир”.
Аллоҳнинг амрини етказадиган, фақат Аллоҳдан қўрқадиган, қилаётган иши ва айтаётган гапида фақат Яратгандан қўрқадиган зотлар... Аллоҳ бандалари қалбидаги ниятларини, аъзолари билан нима иш қилаётганларини, тиллари қандай сўзларни айтаётганини билувчи ва уни ҳисобга олиб қўювчи Зотдир.
“(Эй мўминлар,) Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир”.
Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичингизда биронтангизнинг ҳақиқий отаси эмас. Хусусан, Зайд ибн Ҳориса у зотнинг ўғли эмас. Зайд талоқ қилган Зайнабга Муҳаммад алайҳиссаломнинг уйланишида ҳеч қандай танглик йўқ. Муҳаммад энг сўнгги Пайғамбардир. Ундан кейин то қиёмат ҳеч қандай набий келмагай.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен (ўзимдан олдин ўтган) пайғамбарлардан олти (жиҳат) билан афзал қилиндим: менга жавоме ул калим берилди, қўрқув билан нусрат ато этилди, мен учун ўлжалар ҳалол қилинди, ер (юзи) мен учун покловчи ва намоз ўқийдиган жой қилинди, мен барча халойиққа (пайғамбар этиб) юборилдим ва мен билан пайғамбарлар (силсиласи) тугатилди”.
Ибн Касир ҳазратлари ушбу ҳадисни келтиргач, шундай дейди: “Бу бобда ҳадислар жуда кўп. Аллоҳ таоло бандаларига Муҳаммад алайҳиссаломни юбориб марҳамат кўрсатди. Пайғамбаримиз билан барча набийлар силсиласини ниҳоялаш ила у зот мартабаларини юқори кўтарди, у зот билан ҳаниф динни комил қилди. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Расули мутавотир суннатда хабар қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳеч қандай пайғамбар бўлмайди. Одамлар яхши билиб олсинлар, бундан кейин кимда-ким пайғамбарлик мақомини даъво қиладиган бўлса, гарчи ғайриоддий нарсаларни кўрсата ҳам, фирибгарлик қилса ҳам, сеҳрнинг турфа хилларини намойиш қилса ҳам, ана ўша кимса каззоб, туҳматчи, дажжол, адашган ва адаштирувчидир ”.
“Аллоҳ барча нарсани билувчи бўлган Зотдир”.
Аллоҳ азза ва жалла махлуқотлари ҳолидан мутлоқ хабардордир. У зот Ўзи яратган нарсаларга нима фойдали эканини билади. Шу сабаб сизларга керакли бўлган ҳукмларни жорий қилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўнгги пайғамбар қилган. Бас, сизлар бунга шукр қилиб, Аллоҳга итоат этинглар. Шунда Аллоҳ Ўз фазлу карамини янада зиёда қилади.
Юқорида келтирилган маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мўминлар оналарига уйланишлари ўткинчи ҳузур ва лаззатланиш учун бўлмаган, балки бу ришталардан улуғ мақсадлар кўзланган эди.
Қуръони каримда мўминлар оналарига гоҳида тарғиб ва тарҳиб қилинган, гоҳида башорат берилган ёки огоҳлантирилган, баъзи ҳолларда керакли кўрсатмалар берилган. Жумладан, Аҳзоб сурасида Аллоҳ таоло шундай деган:
“Эй Пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: “Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажрашайлик). Агар сизлар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улуғ мукофот – жаннатни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар).
Мана шу икки оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ алайҳиссалом аёлларига у зот билан бирга қаноат қилиб яшашлари ёки у зотдан айрилиб, дунё зийнатларидан истаганларича баҳраманд бўлишлари мумкин эканини маълум қилмоқда.
Имом Қуртубий шундай деган: “Уламоларимиз айтишларича, бу оят Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказишдан қайтариш ҳақидаги оятга боғлангандир. Завжалари ичидан баъзилар у зотга азият беришган. Айтишларича, улар дунё матоҳларидан бирон нарса ёки нафақани кўпайтиришни сўрашган.
Бухорий ва Муслим Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшиклари олдида одамлар тўпланиб турарди. Лекин улардан биронтасига кириш учун рухсат берилмаганди. Шунда Абу Бакр келиб, у зотнинг ҳузурларига кириш учун рухсат сўради. Бас, Абу Бакрга изн берилиб ичкарига кирди. Кейин Умар келиб изн сўради. Унга ҳам изн берилди. Кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари у зот атрофларида тўпланиб туришган экан. Шунда Умар:
– Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кулдирадиган бир нарса айтаман, – дедилар, – эй Расулуллоҳ! Бинти Хорижа (Умарнинг хотини) мендан нафақа сўраётганини кўрганингизда эди...
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар.
– Кўриб турганингдек, улар (аёлларим) атрофимда (туриб) мендан ҳам нафақа сўрашмоқда, – дедилар.
Шунда Абу Бакр қизи Оишанинг, Умар бўлса, қизи Ҳафсанинг адабини бериш учун ўрнидан турди. Икккови ҳам:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда йўқ нарсани сўраяпсизларми?! – дейишди.
Улар:
– Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳда йўқ нарсани зинҳор у зотдан сўрамаймиз! – деб айтишди.
Кейин мана шу икки оят нозил бўлди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом аввал Оиша розияллоҳу анҳога юзландилар:
– Эй Оиша! Сенга бир ишни таклиф қилмоқчиман. Оталаринг билан маслаҳатлашмагунимча мени шоширмаслигингни хоҳлайман, – дедилар. Шунда Оиша:
– У нима экан, ё Расулуллоҳ? – деб сўради. У зот мана шу икки оятни ўқидилар.
Оиша бўлса:
– Эй Расулуллоҳ, сиз ҳақингизда отам билан маслаҳатлашаманми?! Йўқ, мен Аллоҳ, Расули ва охират диёрини ихтиёр этаман! – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қолган аёллари ҳам Оиша айтган гапни айтишди .
Ибн Касир шу маънодаги бир қанча ҳадисларни келтиргач: “Ўша вақтда Расулуллоҳ алайҳиссалом қўл остиларида тўққиз нафар аёл бор эди. Уларнинг беш нафари Қурайшдан эди: Оиша, Ҳафса, Умму Ҳабиба, Савда ва Умму Салама. Қолган тўрт нафари бошқа қабилалардан эди: София бинти Ҳуяй Назрия, Маймуна бинти Ҳорис Ҳилолия, Зайнаб бинти Жаҳш Асадия ва Жувайрия бинти Ҳорис Мусталиқия (Аллоҳ улардан рози бўлсин)”, деган.
“Эй Пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: “Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажрашайлик)”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, ҳимоянгиздаги аёлларга:
– Агар мендаги кифоя қилувчи энг зарурий нарсалардан ташқари дунё ҳаётида фаровонликни истасангиз, еб-ичиш ва кийинишда бемалоллик ва зеб-зийнатларни хоҳласангиз, мен билан яшашга тоқат қилолмасангиз, мени тарк этишингиз мумкин. Сизларни рози қиладиган мутъа беришга, сизларга зарар ва зулм етказмасдан талоқ қилишга тайёрман, ҳақингиздан кўпроқ бераман, – деб айтинг.
“Агар сизлар Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улуғ мукофот – жаннатни тайёрлаб қўйгандир”.
Яъни, агар сизлар дунё ҳаётини эмас, балки Аллоҳнинг савоби, Расули алайҳиссалом билан қолишни хоҳласангиз, охират диёрини дунёнинг ўткинчи зийнатларидан афзал билсангиз, у ҳолда билингларки, ичингиздаги яхшилик қилувчиларнинг имони ва эҳсони сабаб, уларга миқдорини фақат Аллоҳ биладиган тарзда жуда кўп ажр-мукофотлар беради.
Мана шу билан Аллоҳ таоло Расули орқали мўминлар оналарини саодат йўлига бошламоқда, уларнинг ихтиёрлари ўзларида эканини маълум қилмоқда ва керакли кўрсатмалар бермоқда.
Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминлар оналарига хитоб қилиб, мақталган фазилатга эга бўлиш ва ёмон ишлардан четланишга буюради. Чунки улар бошқа муслима аёлларга ўрнакдирлар. Қолаверса, улар яшаб турган хонадонда Расулуллоҳ алайҳиссаломга ваҳий нозил қилинади. Парвардигори олам шундай дейди:
“Эй, Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинади. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир. (Эй, Пайғамбар аёллари,) сизлардан ким Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам икки ҳисса қилиб берамиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз. Эй, Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмассизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмайди). Бас, агар тақводор бўлсангиз (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида касаллик бўлган кимса тамаъ қилиб қолади. Яхши – тўғри сўзни сўзланг! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар. (Бирон ҳожат учун чиққанингизда эса) илгари динсизлик (даври)даги каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) беринглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар алайҳиссалом) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос. Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматдан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр қилинглар! Албатта Аллоҳ Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир” (Аҳзоб сураси, 30-34-оятлар).
Мана бу оятларда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига панд-насиҳат қилмоқда ва уларга одоб бермоқда.
“Эй, Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинади”.
Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари! Орангизда кимда-ким очиқ маъсиятга қўл урса, Аллоҳ унга икки ҳисса азоб беради. Чунки мартабаси баланд одамнинг гуноҳи учун қаттиқроқ жазо белгиланади.
Ривоят қилинишича, бир киши Зайнулъобидин ибн Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳуга:
– Сизлар аҳли байтсизлар, гуноҳларингиз кечириб юборилган, – деди.
Бу гапдан Зайнулъобидиннинг жаҳли чиқди.
– Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига жорий қилган нарса бизга ҳам жорий бўлиши муносиброқдир. Бас, бизлардан гуноҳ қилганларга икки баробар азоб бўлади. Яхшилик қилганларга эса икки ҳисса кўп савоб берилади, – дедилар.
Шундан кейин мўминлар оналарининг юқори мақомлари уларнинг азобга гирифтор бўлишларига парда бўлолмаслиги баён этилади:
“Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир”.
Яъни, улар гуноҳ қилган тақдирда икки ҳисса азоб бериш Аллоҳ учун қийин эмас. У Зот барча нарсага қодир.
“(Эй, Пайғамбар аёллари,) сизлардан ким Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам икки ҳисса қилиб берамиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз”.
Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Сизлардан ким Аллоҳга хушу билан ибодат қилса, Унга тўлиқ бўйсунса, Расулини рози қиладиган амалларга ҳарис бўлса, солиҳ амаллар қилса, Аллоҳ фазлу карами ила уларга икки баробар кўп ажр-мукофот беради. Бундан ташқари, миқдорини фақат Аллоҳ биладиган тарзда улуғ ризқ ато этади.
“Эй, Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмассизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмайди)”.
Яъни, Аллоҳ сизларга шундай улуғ мақом ва юксак мартабалар берди. Уни сизлардан бошқаларга бермаган. Сизлар бошқа аёлларга ўрнаксизлар. Агар тақво қилсангиз, Аллоҳ таоло қайтарган ишлардан сақлансангиз, мана шу даражага эришасиз.
Бу ерда мўминлар оналари тақво эвазига шундай буюк даражаларга эришишларига урғу берилмоқда.
Шундан кейин қалбида нифоқ ва бузуқлик бўлган кимсалар билан суҳбатлашиш борасида кўрсатма берилган:
“(Парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида касаллик бўлган кимса тамаъ қилиб қолади”.
Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Бегона эркаклар шаҳватини қўзғайдиган тарзда майин овозда гапирманг. Қалбида касаллик бўлган кимса сизлар билан бу оҳангда гаплашса, бузуқлик ниятида бўлади. Ўз эридан бошқа бегона эркакларга бу тахлит гапиришдан сақланиш муслима аёлга хос хислатдир.
Ҳар бир замон ва макондаги муслима аёллар учун ибрат бўлсин деб Аллоҳ таоло мўминлар оналарини ноҳмарам кишиларга майин овозда мурожаат қилишдан қайтармоқда.
“Яхши – тўғри сўзни сўзланг!”
Яъни, қалбида шаҳвати бор кимса сизлар ҳақингизда ёмон хаёлга борадиган ҳар қандай гапни гапирманг.
“Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар”.
Яъни, эй, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Сизлар уйларингизни лозим тутинг! Фақат шаръий зарурат билангина ташқарига чиқинг!
Бу хитоб нафақат мўминлар оналарига, балки бошқа муслима аёлларга ҳам тегишлидир.
Бу ерда умуман уйдан чиқмаслик эмас, балки муслима аёлнинг асосий вақти ўз хонадонида ўтиши кераклиги, фақат энг муҳим ишлар учун ташқарига чиқиши жоизлиги айтилмоқда. Фақат шарти шуки, аёл ташқарига чиқса, авратини тўлиқ ёпган бўлиши керак. Шу сабаб, Аллоҳ таоло юқоридаги буйруқдан кейин: “(Бирон ҳожат учун чиққанингизда эса) илгари динсизлик (даври)даги каби ясан-тусан қилманглар!” – демоқда.
Яъни, эй, Пайғамбарнинг аёллари! Сизлар уйларингизни лозим тутинг! Фақа шаръий зарурат ила кўчага чиқинг! Агар чиқсангиз, одми ва авратингизни ёпиб турадиган либосларни кийинг. Сизлардан биронтаси Аллоҳ беркитишни буюрган аъзосини очиб юрмасин. Жоҳилият давридаги аёлларга ўхшаб қолманг! У даврдаги аёллар эркаклар шаҳватини қўзғаб, уларнинг нигоҳини ўзларига қаратишарди.
“Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) беринглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этинглар!”
Яъни, намозни вақтида хушу ва хузу билан рисоладагидек адо этинг, Аллоҳ фарз қилган закотни ҳақдор одамларга беринг! Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ ва Расулига итоат этинг!
Аллоҳ таоло бу икки ибодатни хослашига сабаб, намоз ва закот бадан ва мол билан қилинадиган ибодатларнинг асосидир.
“(Эй Пайғамбар алайҳиссалом) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос”.
Яъни, Аллоҳ зиммангизга мана шу амр ва қайтариқларни юклаш билан сизларни гуноҳ ва нуқсонлардан поклашни, барча нолойиқ нарсалардан тўлиқ тозалашни истайди.
“Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматдан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр қилинглар! Албатта Аллоҳ Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир”.
Яъни, уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг мўъжизали оятларини ва Расулининг ҳикматли ҳадисларини зикр қилинглар. У сизлар учун дунё ва охират ишларини тўғрилайдиган шариатни нозил қилди. Аллоҳ қилаётган ҳамма ишингиздан хабардордир.
Аллоҳ таоло мўминлар оналарининг уйларини Қуръон ва ҳадислар тушиши учун бир макон қилди. Шундай экан, улар бошқалардан кўра кўпроқ эслаб, солиҳ амалларга рағбат қилишлари лозим.
Биз бу китобимизда башарият отаси – Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган пайғамбарларнинг ибратга тўла ҳаёти билан танишиб чиқдик. Ҳар бир қисса сўнггида улардан келиб чиқадиган ибратларни ҳам зикр қилдик. Сиз мароқ билан ўқиган қиссаларда ақл эгалари учун намуна бордир. Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари нақадар ҳақ: “Ҳақиқатан, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тақсдиқловчи, (унга) имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).
Сўзимиз охирида оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду сано айтамиз, Саййидимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига кўпдан-кўп салавот ва саломлар йўллаймиз!