close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ЙЎЛ-ЙЎРИҚ КЎРСАТИЛИШИ

Аллоҳ таоло Ўз Расулини “ҳаводан гапирмайди” деб гувоҳлик берди. Ўз фазлу марҳатмати ила Пайғамбар алайҳиссаломни ҳақ ва адолат йўлида барқарор қилди. Гоҳо афзал нарсанинг хилофини амалга оширганларида, у зот алайҳиссаломга енгил дакки ҳам берди. Бунинг ҳикмати шу эдики, Аллоҳ таоло бу билан Расулуллоҳ алайҳиссаломни башариятнинг энг афзали, шу билан бирга бошқаларга ўхшаган инсон эканликларини ва у ҳам йўл-йўриққа муҳтож эканликларини билдириш эди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ Сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг Сизга қилган фазлу марҳамати улуғ бўлди” (Нисо сураси, 113-оят).
Қуръони каримни тадаббур билан ўқир эканмиз, Аллоҳ таоло турли ҳолатларда Ўз пайғамбарига енгил ва ҳикматли усулда танбеҳ берганини кўрамиз. Жумладан, Абаса сурасида Парвардигори олам шундай дейди:
“(Пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди . (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз қаердан биласиз, эҳтимол у (ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар! Энди (ўз мол-мулки билан имондан) истиғно қилиб турган кимса бўлса, бас, Сиз ўшанга иқбол қилиб – юзланмоқдасиз! Ҳолбуки, у (ўзининг куфридан) покланмаслиги сабабли Сизга бирон зиён етмас! Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб келган зот бўлса, бас, Сиз ундан чалғиб – юз ўгириб олмоқдасиз! Йўқ, (Сиз асло бундай қилманг)! Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олади. (У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лавҳул Маҳфуздан кўчириб битилгандир)” (Абаса сураси, 1-16-оятлар).
Ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида Қурайш катталарини Исломга даъват қилаётганларида кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келиб:
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ Сизга ўтгатган нарсалардан менга ҳам таълим беринг! – деди. У Расулуллоҳ алайҳиссалом Қурайш зодагонларини Ислом чақириш билан машғул эканларини билмагани учун бу сўзини яна такрорлади. Абдуллоҳ қайта-қайта сўрайверганидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом муборак юзларини ундан бурдилар. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятларни нозил қилди ва бунинг учун Пайғамбарига танбеҳ берди. Шу воқеадан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни кўриб қолсалар, ҳурмат бажо келтириб: “Эй, менга Парвардигоримдан танбеҳ олиб берган зот, хуш келибсиз!” деб ридоларини унга тўшардилар .
Алусий бундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Умму Мактум Хадижа бинти Хувайлиднинг тоғасининг ўғлидир. Исми Амр ибн Қайс. Умму Мактум онасининг куняси, исми Отика бинти Абдуллоҳ Махзумиядир. Расулуллоҳ алайҳиссалом Ибн Умму Мактумни бир неча бор Мадинага ўринбосар этиб қолдирганлар. У аввалги муҳожирлардандир. Айтишларича, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонида Қодисияда Мадоин фатҳ қилинган кунда шаҳид бўлган ”.
“(Пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди”.
“Кўзи ожиз киши” деб Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қадри ерга урилаётгани йўқ. Балки унинг Расулуллоҳ алайҳиссалом суҳбатларини бўлганига қандай узр сабаб экани маълум қилинмоқда. Абдуллоҳ Ҳабибимиз алайҳиссалом Қурайш бошлиқларини Исломга даъват қилаётганларини кўрмаган.
Аллоҳ таоло бу ерда танбеҳни ҳикоя шаклида келтирмоқда (яъни, “Сиз юзингизни буриштирдингиз” эмас, балки “юзини буриштирди”, деб зикр қилинмоқда. – таржимон). Бу Аллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати, карами ва марҳамати сабабидандир.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз қаердан биласиз, эҳтимол у (ўз гуноҳларидан) покланар. Ёки панд-насиҳат олар-да, сўнг бу панд-насиҳат унга фойда берар!”
Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар билан суҳбатлашиб турган вақтида кўзи ожиз инсон келиб унга хитоб қилгани сабаб юзини буриштирди ва унга орқа ўгириб олди.
Эй муҳтарам Пайғамбар! Сиз юз ўгирган кўзи ожиз инсон ҳолини қаердан ҳам билардингиз! Балки у Сиздан ўрганган нарсалари сабаб покланар, оламлар Парвардигори Аллоҳга хушу билан ибодат қилар, Сиздан эшитган насиҳатлар унга манфаат келтирар!
“Энди (ўз мол-мулки билан имондан) истиғно қилиб турган кимса бўлса, бас, Сиз ўшанга иқбол қилиб – юзланмоқдасиз! Ҳолбуки, у (ўзининг куфридан) покланмаслиги сабабли Сизга бирон зиён етмас!”
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, имондан юз ўгирган ва Сизнинг гапингизга қулоқ солмайдиган кимсаларга эътибор бермоқдасиз. Ўша одам куфридан покланмай қолиб кетса, Сизга қандай зарари тегади? Бунда Сиз учун ҳеч қандай танглик йўқ. Сиз фақат етказувчисиз, огоҳлантирувчисиз, ҳисоб қилиш Бизнинг зиммамизда. Зотан, Сиз ўзингиз яхши кўрган кишиларни тўғри йўлга бошлай олмайсиз, балки Аллоҳ Ўзи хоҳлаган одамларни ҳидоят қилади.
“Энди (Аллоҳдан) қўрққан ҳолида олдингизга югуриб-елиб келган зот бўлса, бас, Сиз ундан чалғиб – юз ўгириб олмоқдасиз!”
Яъни, Аллоҳнинг азобидан қўрққан ва мукофотидан умид қилган, яхшилик, ҳидоят ва илм талабида ҳузурингизга шошиб келган инсонга эътибор бермаяпсиз! Анави кимсаларни имонга келиши учун ҳаракат қиляпсиз.
“Йўқ, (Сиз асло бундан қилманг!) Албатта (Қуръон оятлари) бир панд-насиҳатдир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Қурайш катталари мусулмон бўлишидан умид қилиб уларга юзланманг, яхшилик талабида олдингизга келган инсонга бепарво бўлманг, ундан юз ўгирманг! Зотан, Қуръони карим оятлари ҳар бир оқил инсон учун эслатма ва насиҳатдир.
“Бас, ким хоҳласа ундан панд-насиҳат олади”.
Ким бу эслатмадан ибрат олса, ўзига манфаат касб қилса, албатта ютуққа эришади. Ким бундан бошқасини хоҳласа, мағлуб бўлади, касодга учрайди.
Бу оятда мавъизадан, панд-ансиҳатни қулоғига илмай, беэътибор бўладиган кимсаларга таҳдид қилинмоқда. Шу билан бирга инсон ихтиёри ўзида экани, хоҳласа, эслатмалардан ибрат олиб, тўғри йўлда юриши мумкинлиги ҳам таъкидланмоқда.
“(У оятлар Аллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лавҳул Маҳфуздан кўчириб битилгандир)”.
Қуръони карим оятлари Аллоҳ таоло наздидаги улуғ саҳифалардадир. Бу саҳифаларнинг мартабаси улуғ ва ҳар қандай нопоклик тегишидан саломатдир. Қуръони карим оятлари Аллоҳ таолонинг амри билан У Зотга итоаткор ва ҳурматли фаришталар томонидан битилган.
Юқоридаги зикр қилинган оятларда жуда кўп ҳукмлар ва одоблар жамланган. Жумладан, Ислом шариатида инсонлар ўртасидаги афзаллик мезони имон ва тақво саналади. Кўзи ожиз бир инсон илм ва яхшилик талабида башарият Саййиди олдига келганида, унга эътиборсиз бўлингани учун Аллоҳ таоло Ўз Расулига танбеҳ берди.
Мана шу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга баъзида енгилроқ, баъзан эса қаттиқроқ дакки берилганини кўриш мумкин. Бу ҳам инсонлар ўртасидаги афзаллик тақво асосига қурилганини англатади. Аллоҳ таоло: “Албатта сизларнинг энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир”, деб марҳамат қилган.
Расулуллоҳ алайҳиссалом мана шу воқеадан кейин ўз ҳаётларини адолат мезони асосига қурдилар. У зотнинг Абдуллоҳ ибн Умму Мактумга кўрсатган ҳурматлари бунга мисол бўлади.
Бундан ташқари, камбағал ва мискинлигига қарамай, ҳақиқий мўмин инсонларга нисбатан мана шу муомалада бўлганлар ул муҳтарам зот. Расулуллоҳ тарафларидан ҳурмат кўрган жуда кўп одамларнинг на бир обрў-эътибори, на молу давлати ва на бола-чақаси бор эди. Мисол учун, Муъта ғазотида Зайд ибн Ҳорисани бутун бошли мусулмонлар қўшинига амир этиб тайинлаганлар. Ваҳоланки, ўша қўшин ичида катта саҳобалар бор эди.
Қолаверса, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга ҳам муносиб муомалада бўлганлар: “Салмон биздан – аҳли байтдандир”, деб айтганлар.
Аммор ибн Ёсир у зот ҳузурларига кириш учун рухсат сўраганида: “Унга изн беринглар! Хуш келибсиз, эй ўта покиза инсон!” деб марҳамат қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни ҳам ҳурматлаб, унга аҳли байтларидан бир инсон сифатида қараганлар.
Абу Бакр ва Салмон, Суҳайб ва Билол ўртасида Абу Суфён борасида гап ўтиб қолганида, Абу Бакрга қараб: “Эй Абу Бакр, балки сиз уларни ғазаблантиргандирсиз. Агар шундай қилган бўлсангиз, Парвардигорингизни ғазаблантирган бўласиз”, деганлар (Шу маънодаги ривоятни имом Муслим нақл қилган ).
Хулафои рошидинлар ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана шу суннатларини маҳкам ушлаб, фақирлар ҳурматини жойига қўйишган. Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Суфён, Суҳайл ибн Амрдан олдин Суҳайб ва Билолга кириш учун рухсат берган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Бакр ҳақида: “У бизнинг саййидимиз, (яъни, Билол ибн Абу Рабоҳни) озод қилган”, деб айтган.
Анфол сурасида ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга Бадр ғазотида тушган асирлар билан боғлиқ воқеа ҳақида танбеҳ берилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунларича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар,) сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир . Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга (товон) олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлар эди. Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир” (Анфол сураси, 67-69-оятлар).
Имом Муслим “Саҳиҳ”да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр куни мушрикларга қарадилар. Улар минг нафар эди. У зотнинг саҳобалари эса 319 нафар эди. Шунда у зот қиблага юзланиб, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Аллоҳ! Менга ваъда қилганингни амалга ошир!” деб Парвардигорига тазарру қила бошладилар. Ўша куни мусулмонлар мушриклардан етмиш нафарини ўлдириб, яна етмиш кишини асир олишди (Ибн Аббос шундай ривоят қилади). Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умарга: “Манави асирлар ҳақида нима дейсизлар?” деб мурожаат қилдилар. Абу Бакр: “Ё Расуллуллоҳ, улар амакиларингизнинг ўғиллари ва қариндошларингиздир. Менимча, улардан товон ундирганингиз маъқул. Улардан олинган товон пули кофирларга қарши бизга қувват бўлади. Шояд Аллоҳ уларни Исломга ҳидоят қилса!” деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй Ибн Хаттоб, сен нима дейсан?” деб унга юзландилар. У: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, мен Абу Бакрнинг фикрига қўшилмайман. Балки бизга имконият беришингизни ва уларнинг бўйниларига уришни таклиф қиламан. Токи қалбимизда мушрикларга нисбатан кўнгилчанлик йўқ экани маълум бўлсин! Зеро, булар куфр йўлбошчилари ва йирик намоёндаларидир”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меникини эмас, Абу Бакрнинг сўзини маъқулладилар.
Эртаси куни борсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр йиғлаб ўтиришган экан. Мен: “Эй Расулуллоҳ, нега йиғлаяпсизлар?”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Товон (пули) олган дўстларингиз йўлиқадиган азоб учун йиғлаяпман. Уларнинг азоби мана бу дарахтдан ҳам яқинроқ кўрсатилди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло “Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунларича, асир олиш жоиз эмас эди” оятини нозил қилди”.
“Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунларича, асир олиш жоиз эмас эди”.
Бу ердаги “пайғамбар”дан мурод, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Бу сўзнинг ноаниқ шаклда (“ал”сиз) келишига сабаб, у зотга лутф қилиш ва танбеҳни айнан у кишига йўналтирмаслик учундир.
Яъни, набийлардан биронтаси учун ўзи ва даъватига қаршилик қилган кимсаларни қаттиқ азобламагунча, куфрни хорлаш учун оғир жазога тортмагунича, асир олиш жоиз эмас эди.
“(Эй мўминлар,) сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди”.
“Дунё нарсалари”дан мурод, Бадр ғазотида тушган асирлардан ундирилган товон пули.
Яъни, эй мўминлар, сизлар асир тушган душманларингиздан ўткинчи дунё матоҳини ундиришни истаяпсиз. Бироқ Аллоҳ таоло сизлар учун охират савобини хоҳлайди. У Зот охират саодатига эриштирувчи амалларни қилишингиздан рози бўлади.
“Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир”.
Аллоҳ таоло Ўз ишига ғолиб ва ҳар бир ишини ҳикмат билан амалга оширувчи Зотдир.
Мана шу оятларда мўминлар душманларидан ўч олиш ўрнига товон пули ундирганлари учун қаттиқ танқид қилинмоқда. Чунки Бадр маъракаси имон ва ширк ўртасидаги ҳал қилувчи тўқнашув бўлган. Ўша вақтда мусулмонлар сони жуда оз, мушриклар эса кўпчиликни ташкил этарди. Агар ғолиб бўлган мусулмонлар мушрикларни муносиб жазолаганларида, бу иш ширк ва мушриклар шавкатини синдиришга туртки бўларди.
Бу оятда яна шу нарса таъкидланмоқдаки, мўмин бандалар наздида Аллоҳнинг сўзи дунёнинг ўткинчи молу давлатидан устун туради. Гарчи яқинлари бўлса ҳам, агар улар Аллоҳ ва Расулига қарши курашишса, мўминлар қалбида уларга нисбатан муҳаббат бўлмайди.
Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга раҳм қилгани баён этилади:
“Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга (товон) олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлар эди”.
Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган:
1. Бундан мурод, Аллоҳ таолонинг Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйган ҳукмидир.
2. Аллоҳ таоло ижтиҳодида хатога йўл қўйган бандани азобламайди.
3. Аллоҳ бандаларни бирон ишдан қайтармай туриб уларни ўша сабабидан азобламайди. Улар товон пули олишдан қайтарилмаган эдилар.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ораларида экан, Аллоҳ уларни зинҳор жазоламайди.
5. Аллоҳ Бадрда қатнашган мусулмонлардан биронтасини жазолаймайди.
Имом Розий бу қавлларни келтириб, мулоҳаза юритади ва оятдаги “ёзиб қўйилиш”дан мурод, Аллоҳ таоло азалда мана шу воқеа хусусида бандаларини авф қилиш ҳақидаги ҳукмидир, деган қавлни маъқуллаган. Зотан, Аллоҳ Ўзига раҳматни (яъни, бандаларига раҳм қилишни) ёзган. У Зотнинг раҳмати ғазабидан устундир.
Бироқ Ибн Жарир бу оят умумий хабар эканини айтиб, уни биргина маъно билан чеклаб қўйиш тўғри эмаслигини таъкидлаган .
Бизнингча, Ибн Жарирнинг фикри маъқулроқ. Чунки оятдаги “ёзиб қўйилиш”ни Аллоҳнинг илми, тақдири деб чеклаш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан биронта саҳиҳ ҳадис ривоят қилинмаган.
Ибн Исҳоқ ривоят қилади: “Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўйилмаганида эди”, ояти нозил бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар осмондан азоб тушганида, Саъд ибн Муоздан бўлак бирон киши соғ қолмасди. Чунки у: “Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари! Мушрикларни тирик қолдирмаслик лозим. Ахир биз жангда ғолиб бўлдик”, деган эди ”.
Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга шундай марҳамат қилган:
“Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”.
Яъни, сизлар асирлардан хун олганингиз билан боғлиқ воқеада йўл қўйган хатоларингизни кечирдим ва ўлжалардан фойдаланишга рухсат бердим. Энди тушган ўлжаларни бемалол еяверинглар, бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ва ҳар қандай ҳолатда Аллоҳдан қўрқинглар, У Зот сизларни кузатиб турганини ҳис қилиб яшанглар! Зеро, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, ҳақиқий тавба қилган бандаларини кечиради.
Тавба сурасида ҳам Аллоҳ таоло Ўз Расулига енгил танбеҳ берган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Аллоҳ Сизни авф қилди. (Лекин) нима учун то Сизга ростгўй кишилар аниқ бўлиб, ёлғончиларни ҳам аниқ билгунингизча, (сабр қилиб турмай, ёлғон қасамларига ишониб) уларга изн бердингиз?!” (Тавба сураси, 43-оят).
Маълум бўлишича, бу оят бир гуруҳ мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳоли маълум бўлмасидан олдин уларга ўзлари билан Табук ғазотига чиқмасликка рухсат бергандилар.
“Авф” сўзи гуноҳи эвазига жазолашни тарк этиш мазмунини ифодалайди. Шунингдек, афзал ишни қилмагани учун жазоламаслик ҳам “авф” дейилади. Оятда мана шу маъно ирода қилинган.
Яъни, эй Муҳаммад, Аллоҳ Сизни авф қилди, манави мунофиқларга Табук ғазотидан қолишга рухсат берганингиз учун кечирди. Улар Сизга ёлғон узрларини рўкач қилишганди. Аслида Сиз уларнинг ҳолати маълум бўлгунича изн бермасдан кутиб туришингиз лозим эди.
Аллоҳ таоло бу ерда танбеҳдан олдин авф қилганини зикр қилмоқда. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Парвардигорлари ҳузурида қандай улуғ мақомга эга эканларини кўрсатади.
Уламолар мана шу оят тафсирида бир қанча масалаларни зикр қилишган:
1. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи вақтларда ўз ижтиҳодларига кўра ҳукм чиқарганлар. “Ал-манор” китоби муаллифи бу масалада жуда кўп маълумот келтирган. Унда айтилишича, ваҳий тушмаган ҳолда пайғамбарлар алайҳимуссалом томонидан қилинган ижтиҳодларда хато бўлиши мумкин. Бунда у зотлар хатодан масъум эмаслар. Иттифоқ қилинган масъумлик шуки, пайғамбарлар Аллоҳ тарафидан келтирган нарсаларни етказишда хатодан масъумлар. Бирон пайғамбар Аллоҳ таоло тарафидан етказилган нарсада ёки унга амал қилишда хато қилиши мумкин эмас. Бу фикримизни Талҳанинг хурмо гулини чанглатиш ҳақидаги ривояти тасдиқлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар хурмо гулини чанглатаётганларини кўриб: “Менимча, бунинг фойдаси бўлмайди”, дедилар. Бас, улар бу нарса дин ишидан деб ўйлаб гулни чанглатишни тарк этишди. Натижада хурмо гуллари тушиб кетиб, ҳосил яхши бўлмайди. Бу воқеа у зотга хабар қилинганида, Пайғамбар алайҳиссалом: “Агар фойдаси бўлса, қилаверсинлар. Мен шундай деб ўйлагандим. Бунинг учун мени маъзур тутасизлар! Бироқ мен Аллоҳ тарафдан бирон нарса айтсам, уни (маҳкам) ушланглар. Зеро, мен Аллоҳ (шаъни)га ёлғон гапирмайман”, дедилар.
Усулул фиқҳ уламолари набийлар алайҳимуссалом ижтиҳодда хатога йўл қўйишлари мумкин эканини таъкидлашган. Лекин Аллоҳ уларга тўғри йўлни баён қилади .
2. Мусулмон банда бирон иш юзасидан ҳукм чиқаришга шошилмаслиги керак. Имом Фахриддин Розий: “Бу оят шошилмаслик лозимлиги, босиқлик, ишларнинг ташқи тарафига қараб ҳукм чиқармаслик вожиблигига далолат қилади. Бу нарса ҳар бир ҳақ эгасига муносиб муомала қилиш имконини беради”.
Юқорида келтирилганлар Расулуллоҳ алайҳиссалом башариятнинг энг афзал, энг шарафли ва энг ақлли вакили бўлишлари билан бирга Аллоҳ таолонинг иршоди ва таълимига муҳтож эканларини кўрсатади. У зотдан бошқалар эса бунга янада кўпроқ муҳтожлар. Аллоҳ таолодан ҳар биримизга тавфиқ беришини, ҳимоясига олишини сўраб дуо қиламиз!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase