У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ШАРИАТЛАРИНИНГ ОЧИҚ-ОЙДИНЛИГИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Аллоҳ таоло бандалари учун рози бўладиган Ислом дини ақидада, ибодатларда, муомалаларда, амр ва қайтариқларда очиқ-ойдинлиги билан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигори оламдан етказган барча нарсаларда – шариат ҳукмлари ва одоб-ахлоқ масалаларида равшанлик, аниқлик бор (Шариат кўрсатмаларида ноаниқ ва тушунарсиз жиҳатнинг ўзи йўқ. – таржимон).
Зеро, Ислом инсоннинг асл фитратига мос энг тўғри диндир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ўзингизни доимо тўғри бўлган Динда (яъни, Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақланг)! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмайди. Энг тўғри Дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмайдилар” (Рум сураси, 30-оят).
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, мана шу ҳақ динда собитқадам бўлинг! Унга бирон ботил нарса яқин келолмайди. Соғлом инсон табиати Ислом билан роҳатланади, қалби таскин топади. Зеро, бу Дин унга муносибдир. Инсон Ислом билан саодатга, хотиржамлик ва мазмунли ҳаётга эришади.
Ислом динида машаққат, қийинчилик, танглик, чигаллик, такаллуф ва сунъийлик, ҳукмларда бирон жумбоқлик, ечилмай қолган сирли тилсимлар йўқдир. Шариат аҳкомларининг барчаси кундай равшан, очиқ-ойдиндир.
Сўзимизни қуйидаги ояти карималар тасдиқлайди. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирманг – сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирамиз – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирманг, магар ҳақ билан (бўлса жоиз). Шояд ақл юритсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди. Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўллар билан яқинлашинг! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинг! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда, гарчи қардошингиз(га қарши) бўлса ҳам, адолат қилинг! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг! Шояд эслатма (насиҳат) оласизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шунга буюрди. Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни йўлидан узиб қўяди. Шояд тақво қилсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди” (Анъом сураси, 151-153-оятлар).
Ушбу оятларни мушоҳада қилар эканмиз, унда инсоннинг Парвардигори билан, оиласи ва жамият аъзолари билан қандай муносабатда бўлиши лозимлигини билиб оламиз. Шунингдек, бу ерда мол ва обрўни оёқ ости қилувчи жиноятлар йўли тўсилганини ҳам кўриб турибмиз. Бу кўрсатмаларга оғишмай амал қилсак, албатта бахту саодатга эришамиз, улуғ мукофотларга сазовор бўламиз.
Уламолар “(Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди” деган қавлидан келиб чиқиб, бу оятларни “Ўнта васият (буйруқ)” деб номлашган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Пайғамбарига ўзини араб қабилаларига таништиришни буюрганида, у зот Минога чиқдилар. Ўшанда мен ва Абу Бакр билан ёнларида эдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавм турадиган масканларга келиб, уларга салом бердилар. Улар саломга алик олишди. Қавм ичида Мафруқ ибн Амр, Ҳонеъ ибн Қабийса, Мусанно ибн Ҳориса ва Нўъмон ибн Шарик бор эди. Мафруқ ибн Амр қавмининг тили ўткир ва фасоҳат соҳиби эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: “Эй Қурайшлик биродар, нимага даъват қиляпсан?” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ экани ва мен Аллоҳнинг Пайғамбари эканимга гувоҳлик беришга, менга ёрдам беришга, Аллоҳ буюрган вазифани адо этишимда кўмаклашишга даъват қиламан. Зеро, Қурайш Аллоҳнинг амрига қарши чиқиб, Унинг Расулини ёлғончига чиқарди, ботилни ушлаб олиб ҳақдан юз ўгирди. Аллоҳ махлуқотларидан Беҳожат ва мақтовга энг муносиб Зотдир”, дедилар. Шунда Мафруқ у зотга: “Эй қурайшлик биродар, яна нимага даъват қиласан?” деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлса: “Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай...” деб бошланувчи оятни ўқидилар. Мафруқ: “Эй қурайшлик биродар, яна нимага даъват қиласан? Аллоҳга қасамки, бу ер аҳлининг сўзи эмас. Агар шундай бўлганида, биз буни билардик” деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ адолат ва эҳсонга амр қилади” оятини тиловат қилдилар. Мафруқ бўлса: “Аллоҳга қасамки, сен энг гўзал одобларга, чиройли амалларга даъват қилдинг. Сени ёлғончи қилган ва қарши чиққан кимсалар туҳмат қилишибди!” деди. Ҳонеъ ибн Қабийса: “Эй Муҳаммад, гапингни эшитдим, сўзингни маъқулладим. Айтган гапинг менга ёқди”, деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом улар имон келтирсалар, Форс ерлари ва Кисро ариқлари мусулмонларники бўлиши ҳақида уларга башорат бердилар. Нўъмон бўлса: “Ё Аллоҳ! Эй қурайшлик биродар, улар сеники бўладими?!” деб ажабланди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), ҳақиқатан, Биз Сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У Зотга даъват қилувчи қилиб ва (ҳақ йўлни кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборганмиз ” оятини тиловат қилдилар” (Байҳақий ривоят қилган).
Бу мазкур уч оят фазилати ҳақида нақл қилинган ривоятлардан биридир. Унга кўра, бу оятлар арабларга қаттиқ таъсир қилган. Келинг, энди бир бошидан ўша оятларнинг мазмуни билан танишиб чиқамиз.
Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай...”
Яъни, эй Муҳаммад, ўз ҳавойи нафсларига эргашиб ҳалол ё ҳаромни ўзларича белгилаб олган кимсаларга қарата:
– Олдимга келинглар, Парвардигорингиз сизларга нимани ҳаром қилганини тушунтириб бераман, Раббингиз сизларни нимага буюргани, нимадан қайтаргани ҳақидаги оятларни ўқиб бераман. Агар менга итоат этсангиз, саодатга эришасиз! – деб айтинг.
“Айтинг” дейиш билан, бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг эмас, балки Аллоҳнинг кўрсатмалари эканига алоҳида урғу берилмоқда. Расули акрам бу ерда етказувчилар, холос. Бандаларни бирон ишга буюриш ё қайтариш Аллоҳ тарафидан бўлади.
Ана энди, қуйида ўнта васиятни кўриб чиқамиз.
Биринчи васият: “У Зотга бирон нарсани шерик қилманг”.
Яъни, ибодатларда Аллоҳга бирон нарсани шерик қилманглар! Ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилинглар, итоат этинглар. Зеро, Аллоҳ барча нарсани яратувчи Яккаю Ягона Илоҳдир.
Аллоҳ таоло ўнта васиятни ширкдан қайтариш билан бошламоқда. Сабаби, ширк энг оғир гуноҳ, инсон фитратини бузувчи энг хавфли иллатдир. Ширк Аллоҳ тарафидан кечирилмайдиган жуда оғир жиноятдир. Ширкдан ўзга гуноҳлар кечирилиши мумкин. Аллоҳ таоло шундай деган: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечиради. Ким Аллоҳга (бирон кимса ёки нарсани) шерик қилса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо сураси, 48-оят).
Қуръони каримдаги юзлаб оятларда Аллоҳга имон келтиришга чақирилган, ширкдан қайтарилган ва Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилувчи ёрқин мисоллар ва кучли далиллар келтирилган.
Иккинчи васият: “Ота-онага яхшилик қилинг”.
Яъни, ота ва онага яхши муомалада бўлинг, уларга азият етказманг, дилларини оғритманг!
Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтирмаслик ва ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги буйруқни ёнма-ён зикр қилмоқда. Бошқа оятларда ҳам шу тартибда келтирилган. Яъни, “Аллоҳга ширк келтирманг, ота-онага яхишилик қилинг!” деган маънода оятлар бор. Бу нарса ота-онага яхши муомалада бўлиш нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло яратувчи ва неъматлар ато этувчи Зотдир. Унга шукр қилиш вожиб. Ота-она эса инсон дунёга келишига сабабчи зотлар. Уларга ҳам яхшилик қилиш, ҳурмат кўрсатиш вожибдир.
Учинчи васият: “Болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирманг – сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирамиз”.
Яъни, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб ёш болаларингизни ўлдирманг! Чунки сизларнинг ҳам, уларнинг ҳам ризқини етказиш Бизнинг зиммамизда. Барчангизни Биз ризқлантирамиз.
Ер юзида қимирлаган тирик жон борки, барчасига Аллоҳ ризқ беради.
Катталар яшашга қандай ҳақли бўлсалар, ёш болалар ҳам шундай ҳуқуққа эгалар. Уларнинг ҳақларини поймол қилиш аниқ зулмдир. Қашшоқлашиб қолишдан қўрқиб уларнинг ҳаётига қасд қилиш хиёнатдир. Ваҳоланки, сизларни ҳам, фарзандларингизни ҳам Аллоҳ ризқлантиради.
Қашшоқлик ёки уят сабабидан болаларни ўлдиришга рухсат бериладиган жамиятда ҳаёт пароканда бўлади. Ундаги одамлар фақат моддий манфаатни ўйлаб, худбинлик ва ўзини ўта яхши кўриш иллатидан қутулолмай юрадилар. Мана шундай номаъқул ишлар урчиган жамиятда яшайдиган одамлар шумланиш, руҳий безовталик, ёмон хаёллар ва тинчлик бермас ўйлар гирдобида қолиб кетади. Улар инсонларни Аллоҳ яратиб, ишларини тадбир қилиб туришини, ризқларини етказишини билишмайди ёки ишонишмайди. Шунинг учун келиши кутилаётган “муаммо”нинг олдини олиш мақсадида бегуноҳ жонларга жабр қилишади. Мана шу очиқ залолатдир.
(Бугун Ғарб давлатларида мана шу нарсани кўриш мумкин. Улар ўз роҳатлари ва фаровонликларини ўйлаб, кўп фарзанд кўрмаслик учун одам шаклига келган ҳомилани-да олдиришдан ҳайиқишмайди, ёки фарзанд кўришни умуман исташмайди. Оқибатда руҳий тушкунлик, қариганда хорликка мубтало бўлишади. – таржимон).
Шу маънода Исро сурасида ҳам қайтариқ келган. Аллоҳ таоло шундай деган: “Камбағалликдан қўрқиб фарзандларингизни ўлдирманг. Уларни ҳам, сизларни ҳам Биз ризқлантирамиз”.
Ушбу икки оят ташқи кўринишдан ўхшаш бўлса ҳам ҳар бири муайян ҳолатни муолажа қилади.
Аллоҳ таоло камбағал бўлиб қолиш хавфи бўлганида жондек азиз фарзандларни ўлдиришдан қайтармоқда. Ўша болаларни ҳам, уларнинг ота-оналарини ҳам Аллоҳ ризқлантиришимни айтмоқда. Оятнинг фасоҳатига диққат қилинг: болалар биринчи зикр қилинмоқда. Сабаби ота айнан ўша боласи таомга шерик бўлишидан қўрқиб уни ҳалок қилиши мумкин. Аллоҳ болаларни ризқлантиришини биринчи зикр қилмоқда. Мақсад ана шундай ёмон хаёлга борадиган кишиларга уларни Аллоҳ ризқлантиришини уқтиришдир. Болалар фақат оталарига қараб қолмаганлар. Уларга меҳрибон Зот бор, Раззоқ Аллоҳ бор.
Ҳайвонларга эътибор берсак, улар боласи учун борини бериб, унинг тинчлиги йўлида ҳатто жонини фидо қилишга ҳам тайёр туради. (Ақлли инсон ҳайвонлардан фарқли ўлароқ фарзандига меҳрибонроқ бўлиши, фақат бекаму кўст еб-ичириш эмас, балки уларни яхши тарбиялашга ҳам эътибор қаратиши лозим. – таржимон)
Тўртинчи васият: “Бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг”.
(Бузуқ иш араб тилида “фаҳш” дейилади) Сўз ё иш бўлсин, энг қабиҳ хатти-ҳаракатлар фаҳш, дейилади. Ўғрилик, зино, ғийбат, гап ташувчилик ва ёлғон гувоҳлик берувчи одам “фоҳиш”, яъни ўта қабиҳ жиноятларни содир этувчи кимсадир.
Оятнинг мазмуни қуйидагича: Мен сизларни хоҳ ошкора, хоҳ махфий бўлсин, энг қабиҳ жиноятлардан, ёмон сўз ва амаллардан қайтараман!
Энг ёмон жиноятлар олди олинадиган ва унга қарши кураш олиб бориладиган, яхши хислатлар ва гўзал одоблар қадрланадиган жамият покиза ва фазилатли жамиятдир.
Фазилат ҳам, қабиҳлик ҳам тенг бўлган жамиятда яхши амалларни қилиш ва ёмонликлардан тийилиши орасида унчалик фарқ кўзга ташланмайди. Бундай макон тез орада таназзулга юз тутади, бахтсизлик ва хорликка учрайди.
Бу ерда фаҳш ишларга яқинлашмасликнинг таъкидланиши, унинг яқинига ҳам келмаслик лозимлигига далолат қилади. Зеро, ким унинг атрофида айланса, жиноят кўчасига кириб қолиши мумкин. Қабиҳликка яқин келмасликка ундаш ислоҳ қилишнинг бир кўринишидир. Ваҳоланки, фаҳш ишлар яқинига ҳам келмаслик таъкидланаётган экан, ўша ишнинг ўзини амалга оширишдан бундан ҳам қаттиқроқ қайтарилади.
Бешинчи васият: “Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирманг, магар ҳақ билан (бўлса жоиз)”.
Яъни, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган, Ислом омонлик берган жонни ўлдирманг! Магар шариат рухсат берган ўринларда бўлса, жоиз.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва мен Аллоҳнинг Пайғамбари эканимга гувоҳлик берувчи мусулмон кишини қатл қилиш ҳалол эмас. Магар уч (тоифа): зино қилган оилали (эркак ё аёл), жонга жон (қасос олиш), динини тарк этган ва жамоатдан ажраган кимса (бундан мустасно)” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Ислом динида инсонга нисбатан Аллоҳ бино қилган иморат сифатида қаралади. Буни, рухсат этилган ўринларда ташқари, бирон киши бузишга ҳаққи йўқ. Шу сабаб, ҳар бир жон ҳимоялангани, бир инсонни ноҳақ ўлдирган кимса бутун инсониятнинг жонига қасд қилган билан баробар экани таъкидланади: “Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, (яъни, ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса,) демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят).
Шундан сўнг Аллоҳнинг қуйидаги қавли билан оят якунланади: “Шояд ақл юритсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”.
Яъни, сизлар ақлларингизни ишлатиб, қабиҳликка қўл уришдан сақланарсизлар, деб Аллоҳ улуғ насиҳатларни, ҳикматли топшириқларни зиммангизга юклади.
Олтинчи васият: “Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўллар билан яқинлашинг!”
Яъни, меҳрибон отасини йўқотган етим боланинг молига яқин кела кўрманг, унинг ҳақига тажовуз қилманг, мулкига кўз олайтирманг! Магар етимга ҳозир ҳам, келажакда ҳам манфаат етказадиган шаклда (масалан, уни тарбиялаш, ўқитиш, молини ҳимоя қилиш ва кўпайтириш мақсадида) бўлса, майли.
Демак, етимнинг молига фақат унга манфаатли бўлган йўллар билангина яқинлашилади. Унинг ҳақини поймол қилиш, етимнинг ҳақини ейиш, мутлақо жоиз эмас.
“То у вояга етгунча” бирикмаси, етим балоғатга етгунча молини сақланглар. Шундан кейин молини ўзига топширинглар, деган маънода тушунилади.
Еттинчи васият: “Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортинг!”
Яъни, агар одамларга бирон нарсани ўлчаб берсангиз, адолат қилинг, тарозидан уриб қолманг! Ўзингиз учун бирон нарса тортиб олганда ҳам тўғри ўлчанг, бировнинг ҳақидан ҳазар қилинг!
Бу оятда Аллоҳ таоло ўзаро муомала қилганда адолатни жорий қилиш, ҳақдор ўз ҳақини камайтирмасдан тўлиқ олиши, олиши керак бўлган миқдордан кўпайтириши ҳам жоиз эмаслигини баён қилмоқда.
Мана бу васиятга амал қилиш инсонлар ўртасида адолат ва тенглик ўрнатилишига сабаб бўлади. Ҳар бир жамият бу қоидага муҳтождир. Бир-бировини алдамайдиган, ўзгалар ҳақини емайдиган инсонлар яшайдиган жамият энг тинч ва хотиржам жамиятдир. Шунингдек, бирон нарса ўлчаб олаётганда, ўз ҳақидан ортиқча олишга уринмайдиган, сотувчи ҳақидан эҳтиёт бўладиган инсонлар яшайдиган жамият ҳам энг фаровон ва сокин жамият саналади.
“Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз”.
Аллоҳ бирон жонни тоқати етмайдиган ишга буюрмайди, унга машаққат туғдирмайди.
Бу жумланинг тарозини тўғри тортишдан кейин келиши, тижорий олди-бердида икки тараф тўлиқ адолат қилолмасликларини (граммигача, ёки миллиметригача тўғри тортиш имкони йўқлигини) кўрсатади. Зеро, ўзаро муомала вақтида кўз илғамас қисми у ёки бу тарафга ўтиб кетиши мумкин.
Саккизинчи васият: “Сўзлаганингизда, гарчи қардошингиз(га қарши) бўлса ҳам, адолат қилинг!”
Яъни, гарчи айтилаётган гап яқинларингиз учун зарар бўлса ҳам, ҳақ гапни айтинг, адолат тарафида туринг!
Адолат тўғри қарор чиқаришнинг асосидир.
Бу ўринда инсонларнинг адолат қилишга алоҳида буюрилишининг боиси, бу иш ҳаётда жуда кўп учрайди. Жумладан, гувоҳлик бериш ва ҳукм чиқаришда адолатли сўз айта олиш матлуб саналади.
“Гарчи қариндошингиз(га қарши) бўлса ҳам...” деб, инсонлар орасида кенг тарқалган бир иллат муолажа қилинмоқда. Кўп ҳолларда бирон қарор чиқаришда яқинларига, таниш-билишларига ён босиш ва гарчи ҳақ бўлсалар ҳам бегоналарга зулм қилиш кузатилади. Аллоҳ бундай номақбул ишдан бандаларини қайтармоқда.
Тўққизинчи васият: “Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг!”
Яъни, ибодатда ҳам, муомалада ҳам Аллоҳга берган аҳдингизга, У Зот буюрган нарсаларга вафо қилинг!
Вафодорлик шундай фазилатки, яхшилик ҳам, салоҳият ҳам айнан аҳдга вафо қилиш билан ҳосил бўлади. Одамларнинг ишлари вафодорлик асосига қурилса, жамиятда ривожланиш кузатилади.
“Шояд эслатма (насиҳат) оласизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шунга буюрди”.
Яъни, сизларга бу Китобда тиловат қилинган васиятлар унинг буйруқлари ва қайтариқларидир. Сизлар ибрат олсангиз, тўғри йўлга кириб, Парвардигорингиз кўрсатмаларига амал қилсангиз, деб Аллоҳ сизларга буларни баён қилди.
Ўнинчи васият: “Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни йўлидан узиб қўяди”.
Яъни, сизларга баён қилинган буйруқлар ва қайтариқлар Аллоҳнинг тўғри йўлидир. Унда бирон эгрилик йўқ. Шундай экан, сизлар ана ўша йўлдан юринг, Парвардигорингиз кўрсатмаларига риоя этинг! Ботил динларга, бидъат ва залолатга эргашманг. Акс ҳолда Аллоҳнинг тўғри йўлидан адашиб кетасиз. Аллоҳ сизлар учун Исломни дин қилиб танлади ва мусулмон бўлишингиздан рози бўлди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир тўғри чизиқ чиздиларда: “Мана шу Аллоҳнинг йўлидир”, дедилар. Кейин ўнг ва чап томонларига бир қанча чизиқларни чиздилар: “Мана бу (ботил) йўллардир. Бу йўлларнинг ҳар бири бошида шайтон туриб, ўша (йўлга) чақиради”, дедилар ва “Мана шу Менинг тўғрим йўлимдир” оятини қироат қилдилар” (Аҳмад ривоят қилган).
Аллоҳ таоло бу ерда тўғри йўлни бирликда, ботил йўлларни кўплик шаклида ифодаламоқда. Чунки ҳақ йўл битта. Ботил йўллар эса жуда кўп. Бунга нотўғри ақидалар, ботил динлар, бидъатлар, шубҳа-гумонлар, залолатга кетган фирқалар ва ҳоказолар киради.
Аллоҳ таоло оятни мана бу қавли билан якунлаган: “Шояд тақво қилсангиз, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”.
Яъни, шояд ҳақ динда бўлиб, нотўғри йўллардан сақлансангиз, деб Аллоҳ сизларни ботил эътиқодлардан ҳазир бўлишга буюрди.
Юқорида кўриб чиққанимиз ўнта васиятда, аввало, соғлом ақида – Аллоҳнинг ягоналиги барча нарсанинг асосини эканини билиб олдик. Қолаверса, бахтли оила ота-онага яхшилик қилиш ва фарзандларга ғамхўрлик қилишга асослангани, жамиятда хотиржамлик ва фаровонлик бўлиши учун қандай ишлар йўлга қўйилиши лозимлиги ҳақида ҳам маълумотга эга бўлдик. Мана шу васиятларнинг барчаси Аллоҳга тақво қилишга боғлиқ. Қалбда тақво бўлса, Аллоҳнинг амр ва қайтариқлари амалга оширилади.
Мана шу улуғ васиятларга амал қиладиган мусулмон қаерда? Агар улар Аллоҳнинг васиятларига, кўрсатмаларига амал қилолсалар, дунёда азизу мукаррам бўладилар, охиратда ҳам уларнинг ҳолига ҳавас қилинади. Қани, бу илоҳий кўрсатмаларга риоя этадиган кишилар борми?
Ё Парвардигор! Бизларни Ўзинг рози бўладиган йўлга бошла! Сен рози бўлмайдиган ишлардан узоқ қил бизларни!
Баъзи оқил кишилар Наҳл сурасидаги бир ояти каримага қулоқ тутиб, ундаги маънолари равшан ва ҳикматли кўрсатмалардан завқ олиб, беихтиёр: “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигори ҳузуридан олиб келган таълимот дин бўлмаган тақдирда ҳам, бу одамлар урфида чиройли нарса, деб қабул қилинарди”, дейишган.
Уларни мутассир қилган оятр эса ушбудир: “Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради. У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади” (Наҳл сураси, 90-оят).
Яъни, эй мусулмонлар, Парвардигорингиз Аллоҳ таоло сизларни доим сўзда ҳам, ишда ҳам адолатли ва инсофли бўлишга, ҳамиша ўзаро бағрикенг бўлиб, бир-бирингизни авф қилиш ва Аллоҳ кузатиб турганини ҳис қилиб яшашга буюради.
Шунингдек, Аллоҳ сизларни қариндош-уруғларингизга яхшилик қилиш, уларга имконингиз етганича кўмак беришга буюради. Мана шу фазилатлар орангизда ёйилса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтга эришасиз. Адолат ҳукм сурган жойда ҳар бир ҳақдор ўз ҳиссасини тўлиқ олади. Ўзаро яхшилик ва хайр-эҳсон тарқалган жамиятда инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Қариндошлар билан яхши муносабат ўрнатиш файз ва баракага, ҳамкорликнинг янада кучайишига туртки бўлади.
Аллоҳ таоло бандаларини энг гўзал фазилатларга ундагач, энди энг қабиҳ иллатлардан қайтаради:
“Ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради”.
Яъни, Аллоҳ таоло сизларни адолатли бўлиш ва бир-бирингизга яхшилик қилишга, қариндошларга гўзал муносабатда бўлишга буюрганидек, ҳар қандай ёмон ва қабиҳ ишлардан, тажовузкорликдан, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ташқарига чиқишдан қайтаради.
Мана шу разолат қайси жойда кенг тарқалса, ўша уммат таназзулга кетади, оқибати вой бўлади. Покиза инсон фитрати мазкур ёмонликларни қилиш у ёқда турсин, ҳатто яқинига ҳам боришдан ор қилади. Чунки бу иллатлар соғлом одам ақлига умуман ўрнашмайди, тўғри табиатли инсон боласи ундан ҳазар қилади.
Маълумки, соғлом инсон танасига бирон ёт нарса кирса, тананинг ўзи уни ташқарига чиқариб ташлайди. Худди шунга ўхшаб, соғлом қалб ва соғлом табиат соҳиби бўлган инсон мазкур разолатдан узоқ юради, агар нафсида улардан бирон нарсани сезса, зудлик билан бартараф этади.
Таъсирчан ва ҳикматли ояти карима мана бу қавл билан ниҳоясига етади: “У Зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади”.
Яъни, Аллоҳ таоло, шояд ўзингиз учун эслатма олсангиз, Парвардигорингиз таълим берган йўлдан юрсангиз, деб сизларни огоҳлантиради.
Ҳофиз Абу Яъло “Маърифатус саҳоба” китобида ривоят қилишича, Аксам ибн Сойфийга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарлари етиб борди. Шунда у Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига боришга ошиқди. Аммо қавми бунга кўнмади. Шунда Аксам:
– У ҳолда унинг ҳузурига кимдир бориб, даъват қилаётган таълимотининг ҳикмати сўраб келсин! – деди. Шунда икки киши ўрнидан туриб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига йўл олишди. Келиб:
– Биз Аксам ибн Сойфийнинг элчиларимиз. У сенинг кимлигинг ва нимага даъват қилаётганингни сўрамоқда, – дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳман. Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман, – деб жавоб қайтардилар. Кейин уларга: “Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошларга яхшилик қилишга буюради” оятини ўқиб бердилар. Улар:
– Бу гапни қайтаргин, – дейишди. Шунда у зот ҳалиги оятни такрорладилар ва у иккиси уни ёдлаб олишди. Аксам олдига бориб:
– У бизга насабини айтишдан (ёки улуғлашдан) бош тортди. Унинг насл-насабини бошқалардан сўраб, энг покиза наслдан эканини билдик. У бизга бир қанча сўзларни айтди, уни эшитдик, – дедилар.
Аксам улар келтирган сўзларга қулоқ тутгач:
– У сизларни гўзал хулқларга буюриб, энг ярамас одатлардан қайтарибди. Мана шу ишда бош бўлинглар, орқада қолманглар! Муҳаммад Парвардигори ҳузуридан олиб келган нарса дин бўлмаган тақдирда ҳам, бу одамлар урфида чиройли нарса, деб қабул қилинади, – деди .
Аъроф сурасидаги биргина оятда ҳам очиқ-ойдин кўрсатмалар келган, Аллоҳ таоло бандаларига рухсат берган покиза нарсалар ва ҳаром қилган нопокликлар баён этилган. Бу оятларни тафаккур билан тушуниб ўқиган ҳар бир инсон Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳдан етказган Ислом шариати соғлом ақлга жуда мос эканини, бу дин сабабидан қалблар қулфи очилиб, тўғри табиатга эга нафслар ундан ором олишига амин бўлади.
Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланинг (яъни, тоза либосда бўлинг) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар. Фақат исроф қилманглар. Зотан, (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).
Яъни, ҳар сафар намоз ўқиганингизда ёки тавоф қилганингизда авратингизни ёпиб турадиган энг чиройли либосларни кийинг!
Солиҳ салафлар ибодатда, Аллоҳ олдида турганларида энг чиройли ва покиза кийимларини кийишарди. Масалан, имом Ҳасан ибн Али намоз ўқишга турса, энг яхши либосини кийиб оларди. Ундан: “Эй, Расулуллоҳнинг набираси, чиройли кийимингизни нега кийяпсиз?” деб сўралса, у: “Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Мен фақат Парвардигорим учун чиройли бўламан. Чунки У Зот: “Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланинг” деган”, деб жавоб қайтарган экан .
Шундан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини исроф ва бахиллик қилмаган ҳолда неъматларидан баҳраманд бўлишга буюради:
“Ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар. Фақат исроф қилманглар. Зотан, (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди”.
Яъни, покиза егуликлардан истеъмол қилинг, ҳалол ичимликларни ичинг! Аммо зийнат бобида ҳам, таомланиш ва ичимлик ичишда ҳам исроф қила кўрманг. Чунки Аллоҳ исроф қиладиган кимсаларни ёмон кўради.
Ибн Касирга кўра, баъзи салафлар: “Аллоҳ оят ўртасида – “Еб-ичинг, фақат исроф қилманг” оятида тиббиётнинг ярмини жамлаган”, дейишган. Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Хоҳлаганингни е, истаганингни кий, лекин икки нарсадан: исроф ва мақтанчоқликдан сақлан ”.
Мана шу оятларда исроф ва ношукрлик қилмаган ҳолда Аллоҳ ҳалол қилган покиза нарсалардан баҳраманд бўлиш жоизлиги таъкидланмоқда. Сўнгра ўзларига қийин қилиб қўядиган, таркидунёчиликка муккадан кетадиган одамларга танбеҳ берилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқни ким ҳаром қилди?!” Айтинг: “Улар ҳаёти дунёда имон эгалари учун (бўлиб,) қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”. Биз биладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).
Яъни, эй Муҳаммад, покиза неъматларни истеъмол қилишдан ўзларини тийиб турган кимсаларга:
– Сизлар Аллоҳ ҳалол қилган баъзи нарсаларни ўзингиз учун ҳаром қилдингиз! Бу ҳукмни қаердан олдингиз?! – деб айтинг.
Бу савол улар қилаётган ишга раддия сифатида берилмоқда.
Шундан сўнг Аллоҳ Расулига мана бундай жавоб қилишни буюради:
“Улар ҳаёти дунёда имон эгалари учун (бўлиб,) қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”.
Яъни, эй Пайғамбар! Умматингизга:
– Бу зийнатлар ва покиза ризқлар мана шу ўткинчи дунёда мўминларга берилади. Бунда уларга мушриклар ҳам шерик бўлишади. Бироқ охиратдаги неъматлар фақат мўминларнинг ўзларига хос бўлади. Аллоҳдан ўзга нарсаларни Унга шерик қилган кимсалар охиратдаги насибадан маҳрум бўладилар, – деб айтинг.
“Биз биладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал қиламиз”.
Аллоҳ мана шу ҳукмни баён қилгани каби, биладиган инсонлар учун юксак одоб-ахлоқ ва ҳикматли кўрсатмалардан иборат бўлган бошқа аҳкомларни ҳам баён қилади.
Шундай кейин Аллоҳ таоло бандалари учун ҳаром қилинган баъзи ишларни баён этади:
“Айтинг: “Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос” (Аъроф сураси, 33-оят).
Яъни, эй Муҳаммад, Аллоҳ кенглик яратиб қўйганига қарамай ўзлари учун танглик-машаққат туғдириб олган кимсаларга:
– Аллоҳ Китобида ва Пайғамбарлари орқали ҳаром қилган нарса беш хилдир: хоҳ махфий, хоҳ ошкора бўлсин, энг қабиҳ сўзларни айтиш, гуноҳ ишларни қилиш, маъсиятга ботиш, одамларга зулм қилиш, уларни менсимаслик, ҳадидан ошиш, бирон ҳужжати бўлмаган ҳолда Аллоҳга шерик қилиш, шунингдек, ибодатлар, муомалалар ва ҳаром қилинган нарсалар бобида ҳужжат-далилсиз (илмсиз тарзда) бирон сўз айтишдан қайтарган, – деб айтинг.
Ушбу оятда мушриклар устидан истеҳзо қилинмоқда, қаттиқ танқид остига олинмоқда. Чунки улар Аллоҳга шерик қилаётган нарсалари ҳақида ҳеч қандай далиллари йўқ эди. Қилаётган ишлари ақлан ва нақлан ҳақиқатга тўғри келмасди.
“Ал-манор” муаллифи шундай деган: “Ким мана шу оятни яхшилаб тафаккур қилса, динда Аллоҳ ва Расули тарафидан баён қилинган очиқ-ойдин далили бўлмасдан туриб бандаларга бирон нарсани ҳаром қилмайди ёки вожиб этмайди. Балки ҳужжати бўлмай туриб: “Бу мандуб”, “Бу макруҳ”, дейишдан сақланади. Мана шу нарсани яхши тушуниб етмайдиган, фатво беришга журъат қиладиган ғофиллар қанча! ”
Юқорида келтирилган оятлар мисолида кўриш мумкинки, Расули акрам олиб келган Ислом шариати очиқ-ойдинлиги ва тушунарли экани билан ажралиб туради. Шариат ҳукмлари билан нафс хотиржам бўлади, соғлом ақл унга рағбат қилади, куфр, ҳасад ва жаҳолатдан холи қалб Аллоҳнинг кўрсатмалари билан таскин топади.
Шунингдек, Ислом шариати инсонлар манфаатини кўзлаши, бағрикенглиги, осонлиги, ҳикматли экани билан ҳам ажралиб туради. Шариатда ҳеч қандай машаққат йўқ. Аллоҳ биз мўмин бандаларидан қийинчиликларни кўтарган. У Зот шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара сураси, 185-оят).
Бошқа ўринда шундай дейилган: “Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).
Ҳа, булар Ислом шариатининг баъзи хусусиятлари, холос. Аллоҳ таоло ҳидоят йўлига бошлаган инсон доим Парвардигорини эслаб: “Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот – Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида, ҳаргиз йўл топа олмас эдик ”, деб шукр қилиши лозим.