ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ БОШҚА НАБИЙЛАРДАН АФЗАЛЛИКЛАРИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ тарафидан берилган гўзал хислатлар, мақталган фазилатлар, улуғ даражалар Қуръони каримнинг бир қанча оятларида баён қилинган. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилган:
“Биз ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг орасида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди. Исо ибн Марямга ҳужжат бердик ва уни Руҳул қудс (Жаброил) билан қувватлантирдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ўзларига очиқ ҳужжат келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам, кофирлар ҳам бор. Агар Аллоҳ хоҳлаганида уришмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади” (Бақара сураси, 253-оят).
Аллоҳ таоло тарафидан одамларни ҳидоят қилиш учун юборилган пайғамбарлар мартаба ва фазилатда бир-биридан афзал қилинганлар.
Қуйида улар қайси жиҳатга кўра афзал эканлари айтилади:
“Уларнинг орасида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор”.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Ўзи билан бевосита гаплашиш ила афзал қилди. Бу ҳақида бошқа оятларда маълум қилинган.
“Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди”.
Айрим пайғамбарлар юксак мартаба ва улуғ мақом бобида ўзга набийларда афзал қилинган. Масалан, Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни ўзига дўст тутган, Идрис алайҳиссаломни олий мақомга кўтарган, Довуд алайҳиссаломга ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоҳлик неъматини ато этган.
Муҳаққиқ уламолар ва муфассирлар “ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди” оятида Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутилганларини таъкидлашган. Зеро, у зот жуда улуғ мақом, юксак мартаба, қиёматгача боқий қоладиган мўъжиза ва барча рисолатларни амалдан қолдирувчи рисолат соҳибидирлар.
“Исо ибн Марямга ҳужжат бердик ва уни Руҳул қудс билан қувватлантирдик”.
“Руҳул қудс” Жаброил алайҳиссаломдир. “Руҳ” хос фаришта, “қудс” эса “поклик” мазмунини ифодалайди. Бу сўз маънавий поклик, холислик маъносидадир.
Яъни, Биз Исо ибн Марямга аниқ-равшан ҳужжат-далилларни бердик: у Бизнинг изнимиз билан пес ва соқовларни даволар, ўликларни тирилтирар ва одамлар тановул қилаётган ҳамда уйларида сақлаб қўйган нарсалари ҳақида хабар берарди. Бундан ташқари, Биз Исони Жаброил алайҳиссалом билан қувватлантирдик. Чунки у жуда зиддиятли даврда яшаган, унинг душманлари Исога қаттиқ адоват қилишган. Шундай бўлса-да, улар Исога азият етказолмадилар. Балки Биз пайғамбаримизни ҳимоямизга олдик.
Имом Қуртубий шундай деганлар: “Бу оятдан анбиёлар орасида бир-биридан афзаллик борлиги маълум бўлади. Баъзи ҳадисларда: “Мени Мусодан афзал билманглар!”, “Набийлар орасини ажратманглар!”, яъни, “фалончи фалончидан яхшироқ”, деманглар, дейилган. Хўп, у ҳолда ояти карима ва ҳадислар орасини қандай жамлаш мумкин?
Жавоб шуки, ҳадисда айтилганлар Расулуллоҳга пайғамбарлар бир-биридан афзал экани ваҳий қилинишидан, у зот Одам боласининг энг афзали эканини билишларидан олдин бўлган. Мазкур оят нозил бўлиб, пайғамбарларни бир-биридан афзал билмаслик лозимлиги насх (бекор) қилинди. Ёки ҳадис камтарлик маъносида айтилган. Ё бўлмаса, одамлар пайғамбарлар хусусида талашиб-тортишиб, охири хусуматга сабаб бўлишидан қайтариш учун шундай қилинган. Бу нарса ўз-ўзидан бир пайғамбар шаънига нолойиқ гаплар айтилишига, уларга ҳурматсизлик қилинишига олиб боради. Бу бобда энг яхши гап шуки, пайғамбарлар нубувват жиҳатидан бир-биридан афзал эмас. Балки ҳолатлари, кароматлари, мўъжизалари жиҳатидан афзал бўлишлари мумкин. Мана шу тарафдан олсак, бу ҳақида айтилган ҳадислар ва мазкур ояти карима бир-бирига мос келади”.
“Агар Аллоҳ хоҳлаганида у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ўзларига очиқ ҳужжат келганидан кейин уришмаган бўлардилар”.
Агар Аллоҳ истаганида, аввалда ўтган ҳар бир пайғамбардан кейин келган ва уларнинг мўъжизаларини кўрган одамлар бир-бирлари билан уришмаган бўларди. Бироқ У Зот буни хоҳламади. Сабаби, Аллоҳ одамларни турфа хил қилиб яратган. Ҳақиқатни қабул қилишда улар турлича йўл тутадилар. Шунинг учун ўз-ўзидан ораларида ихтилоф келиб чиқади. Қалби очиқ бўлганлар пайғамбарлар келтирган нарсаларни тасдиқлаб, мўмин бўлади. Ҳидоятдан залолатни афзал билган кимсалар куфр йўлини танлайдилар.
“Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам, кофирлар ҳам бор”.
Бу ерда ихтилоф чиқариш, фитна оловини ёқишдан қайтарилмоқда. Чунки орада ихтилоф чиқса, тарафкашлик ва низо кучайиб, бир-бирини ўлдиришгача етиб бориши мумкин.
Шунингдек, бу оятда Аллоҳ одамлар орасидаги ихтилофга барҳам беришга қодир эканига ҳам ишора қилинмоқда.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло оятни қуйидаги сўзи билан тамомлайди:
“Агар Аллоҳ хоҳлаганида уришмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишини қилади”.
Аллоҳ бирон сабабга кўра улар ўртасида уруш бўлишини истамаганида, албатта шундай бўларди. Аммо У Зот ҳикмати тақозо этган ҳар қандай ишни қилишга Қодирдир. У Ўзи истаган ишни қилади. Аллоҳ ўта Улуғ Зотдир. Ҳар бир нарса Аллоҳ наздида ўлчовлидир.
Бу ояти каримада пайғамбарлар фазилат бобида бир-бирларидан афзал эканларини баён қилиб, ҳар бир замон ва маконда ихтилоф чиқариш, низолашишдан қайтармоқда. Зеро, бу ёмон оқибатларга, кўнгилсиз натижаларга сабаб бўлади.
Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фазилатлари ҳақида бир қанча ҳадислар айтилган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен ва мендан аввалги ўтган пайғамбарлар худди бир бинони яхшилаб чиройли қилиб қурган кишига ўхшайди. (Ўша бинонинг) бурчагида бир ғишт ўрни қолдирилган. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қоладилар ва: “Мана шу ғишт ҳам қўйилса эди!” дейишади. Ана ўша ғишт менман. Мен пайғамбарлар(нинг) сўнгги вакилиман” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Муслим “Саҳиҳ”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: “Мен қиёмат куни Одам боласининг Саййидиман. Энг биринчи қабри очиладиган (яъни, қайта тириладиган) менман. Мен илк бор шафоат қилувчи ва шафоати қабул қилинувчиман”.
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Мен қиёмат куни Одам боласининг Саййидиман. Фахр эмас-ку, ҳамд байроғи қўлимда бўлади. Одамдан тортиб барча пайғамбарлар менинг байроғим остида бўлади. Агар қиёмат куни бўлса, мен набийлар имоми бўлади”, дейилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Фахр эмас-ку, мен Парвардигорим учун Одам боласининг энг ҳурматлисиман”, дейилган. Яна бир ҳадисда: “Фахр эмас-ку, мен аввалгилар ва охиргиларнинг энг мукаррамиман”, деб айтилган.
Бу Пайғамбар алайҳиссалом фазилатлари ҳақида айтилган баъзи ҳадислар. Ким кўпроқ маълумот олмоқчи бўлса, сийрат китобларига мурожаат қилсин.