close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ҲАҚИДА БАШОРАТ БЕРИЛИШИ

Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида аввалги самовий китобларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликлари ҳақида башорат берилгани айтилган. Жумладан, Аъроф сурасида шундай дейилади:
“Улар шундай кишиларки, уммий (саводсиз) Пайғамбарга – номини Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топадиган – элчимизга эргашадилар. У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилади, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устиларидаги кишанларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган Нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топувчилардир” (Аъроф сураси, 157-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай улуғ сифатлар билан васф қилмоқда. Бу оят ақлли ва инсофли ҳар бир инсонни у зотга имон келтириш ва итоат этишга ундайди.
Биринчи сифати: у зотнинг барча инсониятга пайғамбар, башорат берувчи ва огоҳлантирувчи эканларидир.
Иккинчи сифати: Аллоҳ таоло у зотга қиёмат кунига қадар боқий қолувчи энг мукаммал ва ҳамма соҳани қамраб олувчи шариатни бергани.
Учинчи сифати: у зотнинг уммий эканликлари. Ҳақиқатан, Пайғамбар алайҳиссалом ўқиш ва ёзишни билмаганлар. Бир устоз олдида ўтириб илм олган эмаслар. Балки Аллоҳ таоло у зотга Жаброил алайҳиссалом воситасида Қуръони каримни нозил қилди, Ўз даргоҳидан улуғ ва баракали илм берди. Пайғамбар алайҳиссалом ана ўша илм билан ўзларига нозил қилинган Қуръони карим ҳукмларини баён қилиб бердилар. Бу борада у зот барча файласуф, қонун чиқарувчи, тарихчи, табиий илмлар соҳибларини ортда қолдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг санаб ўтилган илмлардан бехабар эканликлари у зот келтирган таълимот Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий қилинганини исботлайди.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан Сизга Руҳни – Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни – Қуръонни ва на имонни (яъни, унинг ҳақиқатини) билувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиламиз. Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) тўғри йўлга етаклайсиз” (Шўро сураси, 52-оят).
Яна бошқа ўринда шундай дейилган: “Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилувчи бўлган эмасдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмассиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар, албатта шубҳага тушган бўлар эдилар” (Анкабут сураси, 48-оят).
Тўртинчи сифати: “Номини Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топадиган...”
Аҳли китоблар мана бу уммий Пайғамбарнинг исми ва сифатини ҳузуридаги Таврот ва Инжилда ёзилганини кўрадилар. Бу эса уларни имонга чорловчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқлашга ундовчи энг катта далилдир.
Аҳли китоблардан баъзилари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келишларини башорат қиларди. Бу ҳақдаги маълумотларни китобларидан ўқирдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни элчи қилиб юборганида қалблари ҳақни қабул қилган, Парвардигоридан қўрқиб, нафсларини тергаган зотлар Саййидимизга имон келтиришди. Бироқ кибр ва ҳасад ўтида ёнганлар у зотга берилган неъматларни кўра олмай, китобларида Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида келган маълумотларни ўчириб ташладилар. Уни нотўғри тушунтирдилар ва бу ҳақиқатни оммадан беркитиб келдилар.
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатларини беркитишга қанча уринмасинлар, ё уни нотўғри таъвил қилишмасин, Аллоҳ таоло Ўз нурини мукаммал қилишни хоҳлади. Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Набий алайҳиссалом ҳақидаги башоратлар, у зотнинг сифатлари қолди. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари ҳам очиқ-ойдин келтирилган.
Уламолар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари аввалги самовий китобларда келгани ҳақида қуйидагиларни айтишган. Жумладан, Мовардий “Аъломун нубувва” китобида шундай деганлар: “Аввал ўтган пайғамбарлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлиши ҳақида башорат беришган. Бу уларнинг умматларига қарши ҳужжатдир, бошқалар олдида у зотнинг ростгўй эканликларини тасдиқлайди. Пайғамбарлар ичида кимдир у зотнинг исмларини аниқ айтиб кетган, кимдир сифатларини айтган. Яна кимдир у зотни қавмларига нисбат берган. Яна кимлардир юртларига нисбат берган. Аллоҳ таоло бу сифатларнинг барчасини амалга оширди ”.
“Мунятул азкиё фий қисосил анбиё” китобидан шундай дейилган: “Аввалги пайғамбарлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида башорат бериб, унинг пайғамбарлиги рост эканига гувоҳлик беришган, уларнинг васфи ҳар қандай шубҳаларни бартараф этадилар. Улар у зотнинг исми, юрти ва сифатларини зикр қилишган. Шунга қарамай Аҳли китоблар у зотнинг исмларини охирги нусхаларидан ўчириб ташлашди. Лекин бу уриниш наф бергани йўқ. Пайғамбаримизнинг сифатлари самовий китобларда қолганига ҳар бир миллатдан бўлган тарихчилар иттифоқ қилишган. Лекин узоқ бўлмаган даврлардан бошлаб улар бу сифатларни ўзгартиришни бошладилар. Мақсад Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ростгўйликларини тасдиқламасликдир. Охирги нусхаларга эътибор берилса, бир-биридан фарқли эканини кўрамиз. Аммо бу нарса уларга фойда бермади”.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Тавротда келган сифатлари ҳақида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Мен Тавротда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлар ҳақида – Муҳаммад Расулуллоҳ Менинг бандам ва Расулимдир. Мен уни мутаваккил деб номладим. У қўпол эмас, қўрс ҳам эмас, бозорларда бақириб-чақириб юрмайди, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайди. Балки авф қилади, кечиради. Эгри йўлдаги миллатлар “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб тўғри йўлга кирмагунларича унинг жонини қабз қилмайман – дейилганини ўқиганман” (Бухорий ривоят қилган).
Юқорида келтириган оятдаги бешинчи сифат: “У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради”.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг Таврот ва Инжилда ёзилган сифатларидан яна бири, у зотнинг  яхши ишларга – Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарлари ва охират кунига имон келтиришга, гўзал хулқ соҳиби бўлишга, ҳаниф шариатда мақталган барча эзгу амалларга чақиришлари, ёмон ишлардан – куфр, маъсият ва ахлоқсизликдан қайтаришларидир.
Шундан кейин олтинчи сифати зикр қилинган: “Пок нарсаларни улар учун ҳалол қилади, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”.
Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом зулм ва фосиқликлари сабабли Аллоҳ уларга жазо сифатида ҳаром қилган ҳайвон ёғлари ва шу каби нарсаларни ҳалол қиладилар. Шунингдек, аҳли китоблар Аллоҳнинг изнисиз ўзларига ҳаром қилиб олган туя гўшти ва сутларини ҳам ҳалол қиладилар. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қон, ўлимтик гўшти, тўнғиз каби нопок нарсаларни, зино, одамлар молини ноҳақ йўл билан ейиш каби ишларни ҳаром қиладилар. Мана шуларда инсоният учун саодат ва муваффақият бордир.
Еттинчи сифати: “Ҳамда улардан юкларини ва устиларидаги кишанларини олиб ташлайди”.
“Юкларини ва устиларидаги кишанларини олиш” деганда аввалги шариатларда мавжуд бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиришдир. Жумладан, аввалги қавмларда тавба қилиш учун ўзини ўлдириш шарт қилинган. (Бизнинг шариатда эса қатъий азму қарор билан гуноҳни тарк этиш, бошқа такрорламаслик шарти ила тавба қабул қилинади. – таржимон).
Яъни, уммий Пайғамбарнинг яна бир сифати, зулм қилганлари сабаб Аллоҳ томонидан юкланган оғир вазифаларни уларнинг гарданидан олиб, енгиллик ҳамда башорат беришдир. Пайғамбар алайҳиссалом насиҳатларидан бирида: “Башорат беринглар, бездириб қўйманглар! Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар!” деганлар.
Аллома Ибн Касир шундай деган: “Бизлардан аввалги қавмлар шариатида танглик бор эди. Аллоҳ таоло бу уммат ишларини енгил қилди, уларга осонлик жорий этди. Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар гапирмаса ёки амалга оширмаса, Аллоҳ таоло умматнинг хаёлига келган нарсаларни кечириб юборади”, деганлар. Бошқа ҳадисда: “Умматимдан хато қилиш, унутиш ва мажбурликдан (қилинган ишлар) кўтарилгандир (яъни, кечирилгандир)”, дейилган. Шу сабаб, Аллоҳ таоло бу умматни: “Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганлар бўйинларига қўйган экингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни авф эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!” дейишга йўллаган. “Саҳиҳу муслим”да айтилишича, Аллоҳ таоло мана шу дуолардан кейин “Мана шундай қилдим, мана шундай қилдим”, деган ”.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатларини баён қилинганидан кейин Аллоҳ таоло Пайғамбарини тасдиқлайдиган зотлар ҳолатини баён қилади:
“Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган Нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топувчилардир”.
Мана шу уммий Пайғамбарга имон келтирган, унга душманлик қилганларга муносиб қаршилик кўрсатган, у зотни улуғлаган, ҳурмат қилган, турли воситалар ила кўмак берган инсонлар, Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилган Қуръонга эргашган зотлар Аллоҳнинг раҳматига эришадилар, У Зотнинг розилигини қўлга киритадилар.
Саф сурасидаги оятда таъкидланишича, Исо ибн Марям алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам исмларини айтиб, қавмига башорат берган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Бас, қачонки (Исо) уларга аниқ-равшан ҳужжат-далил келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳр”, дедилар” (Саф сураси, 6-оят).
Мана шу оятда Исо алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида хушбахабр бергани қуёш зиёси янглиғ очиқ баён қилинмоқда.
Бақара сурасидаги бир оятда зикр қилинишича, аҳли китоб ичидан баъзилар ўзларидан бир Пайғамбар чиқишини айтиб мақтанар, ўзларига хилоф бўлганларга таҳдид қилиб, ўша Пайғамбарга имон келтиришларини, оқибатда улар устидан зафар қучишларини айтишарди. Келинг, ўша оятларга қулоқ тутайлик:
“Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқловчи Китоб келганида – ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар – бас, уларга ўзлари билган нарса келганида, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай!” (Бақара сураси, 89-оят).
Осим ибн Амр ибн Қатодадан ривоят қилинишича, қавмидан бўлган бир неча кишилар шундай дейишган: “Бизни Исломга даъват қилган нарса қуйидагилардир: биз аввалда мушрик эдик. Бир қанча яҳудий кишилардан бир пайғамбарнинг келишини эшитардик. Улар аҳли китоб эдилар. Улар бизлардан кўра илмлироқ эдилар. Ўртамизда ёмонлик (уруш-жанжал, ихтилоф) ҳеч тўхтамасди. Агар уларга ёқмайдиган ишларни қилсак: “Пайғамбар келиши вақти яқинлашди. Биз унга эргашиб, сизларни худди Од ва Ирам каби қатл қиламиз”, дейишарди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборганида, у зот бизни Исломга даъват қилдилар. Биз ижобат этдик. Яҳудийлар бизга таҳдид қилаётган зот ўша киши эканликларини билдик ва улардан олдин отни қамчиладик. Ҳа, биз у зотга имон келтирдик, улар эса кофир бўлишди. Ана ўша яҳудийлар ҳақида Аллоҳ таолонинг “қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан бир китоб келганида...” ояти нозил бўлди ”.
Оятда келган “Китоб”дан мурод, Қуръони каримдир. Китобнинг Аллоҳ таоло тарафидан эканининг баён қилиниши уни қабул қилиш лозимлигини кўрсатади. Зеро, Қуръон Ҳикматли ва ҳар нарсадан Хабардор Зотнинг Каломидир. Яҳудийларда Таврот китоби бор эди. Қуръон Тавротни тасдиқлайди, ундаги дин асосларига мувофиқ келади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб юборилишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам бир хилдир.
Қуръон яҳудийлар китобини тасдиқлаши уларнинг маломатга лойиқ иш қилганларини кўрсатади. Зеро, яҳудийлар Тавротга қарши бўлган китобни эмас, балки уни тасдиқлайдиган Китобни инкор этишди.
“Ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар...”
Пайғамбар алайҳиссалом келишларидан олдин яҳудийлар ва уларга душман бўлганлар ўртасида бирон келишмовчилик чиқса, Расули акрамни ўртага қўйиб, у зот билан ғалаба қозонишларини таъкидлардилар: “Парвардигор! Биз Тавротда сифатини биладиган Пайғамбар билан бизларга нусрат бер!” деб илтижо қилишарди.
У зот келганларида ҳолат қандай бўлгани қуйида айтилади:
“Бас, уларга ўзлари билган нарса келганида, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай!”
Яҳудийлар душманларига таҳдид қиладиган зот келганларида, ҳаммадан биринчи бўлиб тасдиқлаш ўрнига у зотни инкор этишди.
Яҳудийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатларини жуда яхши билишарди. Тавротда келган эди у зотнинг исм ва сифатлари. Шунинг учун уларга имон келтириш, у зотни тасдиқлаш ва итоат этиш вожиб эди. Бироқ, қалбидаги ҳасадлари сабабли, келиши ваъда қилинган Пайғамбар ўзларидан эмас, балки араблардан чиққанини кўра олмай, қалблари ҳасадга тўлди. Мана шу ҳасад олови уларни маърифатдан, ҳақни тан олишдан тўсди. Молу давлат ва раҳбарликка ўчликлари уларни ҳақни қабул қилишдан ман этди.
Яҳудийларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу уларни инкор этишдан қайтариб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваъда қилинган пайғамбар эканликларини, у зотга итоат этиш кераклигини бот-бот таъкидлади. Бироқ улар ҳақиқатни кўрмадилар, эшитмадилар, нуқсонга йўл қўйдилар. Шунинг учун, Аллоҳ таоло уларни лаънатлади, раҳматидан узоқлаштирди.
“Кофирларга лаънат бўлгай!” дейилиши, улар айнан куфр сабабидан лаънатга мубтало бўлганларини кўрсатади.
Юқорида келтирилганлардан маълум бўладики, Аллоҳ таоло пайғамбарларига нозил қилган аввалги китобларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида башоратлар келган. Бани Исроил қавмидан чиққан сўнгги пайғамбар Исо ибн Марям алайҳиссалом бу башоратни очиқ-ойдин таъкидлаб ўтган.
Ўша вақтдаги инсониятнинг ҳолати Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишларини, нур бўлиб дунёга келишларини, одамларни зулматдан нур сари олиб чиқишларини тақозо этарди. Ўша даврда (яъни, жоҳилият замонида) бутун олам фитна-фасодга тўлиб-тошганди. Форслар ва румликлар ўртасида уруш-жанжаллар бўлар, эътиқодлар энг тубан ҳолатга келиб қолганди. Одамлар ақидасига шубҳа-гумон ва ўзгартиришлар аралашиб кетганди. Ахлоқ-одоб масаласида шаҳват, ҳойи-ҳавас, ҳасад, адоват, зулм ва исён биринчи ўринда турарди.
Арабистон ярим ороли аҳолиси, жумладан, Макка аҳли бошқалардан кўра яхшироқ ҳолатда эмасдилар. Арзимас сабаблар билан қабилалар ўртасида уруш очилиб, беҳуда қонлар тўкиларди. Улар ўзларига фойда ҳам, зарар ҳам етказолмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинишарди. Улар бу ишларига: “Бу илоҳларимиз Аллоҳ олдида бизларни шафоат қилади”, “Биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрганмиз. Бас, уларнинг ортидан эргашамиз”, деб сабаб келтиришарди. Шундай бўлса-да, биров улардан “Сизларни ким яратган?” деб сўраса, “Албатта Аллоҳ яратган!” деб жавоб қайтаришарди.
Улар шаҳватларга бутунлай ботиб кетган, руҳий тарафдан ҳоллари танг эди. Урф-одатлари тагидан чириганди. Жоҳилият даври одамлари наслу насаблари билан мақтанар, бироқ эзгу хусусиятлар, одоб-ахлоқ масаласига парво ҳам қилишмасди. Уларнинг ҳукмлари адолатдан холи, йўллари эгри эди. Фақат жуда оз одамлар, жумладан, Зайд ибн Амр ибн Нуфайл, Қайс ибн Соида, Варақа ибн Навфал кабилар мушрикларнинг ширкидан ва уларнинг манфур ишларидан безор бўлиб, ўзларини покдомон сақлашган.
Бутун олам мана шундай зулмат остида қолганида нур бўлиб, ҳидоятга бошловчи бўлиб, бутун оламларга раҳмат ўлароқ севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase