close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

УЛКАН СЕЛ ҲАҚИДАГИ ҚИССА

Аллоҳ таоло Сабаъ қабиласига жуда кўп улуғ неъматларни ато этганди. Аммо улар ношукрлик қилиб, ўзларига юқори баҳо бердилар. Натижада, Аллоҳ улардан бу неъматларни олиб қўйди. Шу маънодаги қисса Сабаъ сурасида келтирилган. Қуръони карим оятларига қулоқ тутайлик:
“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга:) “Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик). Бас, улар юз ўгиришгач, Биз устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га алмаштириб қўйдик. Кофир бўлганлари сабаб уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина жазо берамиз. Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга:) “Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик). Улар эса (бу неъматларга ношукрлик қилиб:) “Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин”, дейишиб, ўзларига зулм қилдилар. Бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тарқатиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноат қилувчи, шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир. Ҳақиқатан, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга эргашмадилар). (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги – фақат Биз охиратга имон келтирадиган кишиларни, ундан шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. Парвардигорингиз барча нарсани кузатиб турувчидир” (Сабаъ сураси, 15-22-оятлар).
Сабаъ аслида одамнинг исмидир. Яъни, унинг насаби: Сабаъ ибн Яшжаб ибн Яъраб ибн Қаҳтон ибн Ҳуд. Сабаъ Яман подшоҳларининг аввалгисидир.
Бу ерда Сабаъдан мурод, унинг исми билан номланган тураржой ёки қабила. Улар Ямандаги Маърабда истиқомат қилишарди. Уларнинг ери жуда унумдор, боғу роғлари бор, турли хил мевали дарахтларга бой эди. Тўғон қурганларидан кейин фаровонликлари янада зиёда бўлди. Улар ёмғир сувларини тўплаб, ҳожати тушганида ундан фойдаланишарди. Бу тўғон “Маъраб тўғони” номи билан машҳур бўлган. Бироқ Сабаъ қабиласи Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмади. Оқибатда, қўлларидаги улуғ неъматлардан айрилдилар.
Ибн Касир шундай деган: “Сабаъ Яман подшоҳлари ва аҳли эди. Табобиалар (яъни, Яман ҳукмдорлари) улардан эди. Билқис ҳам улардан эди. Улар жуда фаровон ҳаёт кечирардилар. Аллоҳ таоло уларни Ўзи берган ризқларидан истеъмол қилиб, шукр қилиш, Ёлғиз Ўзига ибодат қилишга чақириш учун пайғамбарларни юборган эди. Бироқ улар пайғамбарлар гапига қулоқ солмадилар. Шунда сел юборилиши билан жазоландилар.
Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Сабаъ ҳақида “Ким у? Эркакми, аёлми ёки жой номими?” деб сўради. Шунда у зот: “У эркак кишидир. Унинг ўн нафар ўғли бор эди. Улардан олти нафари: Мазҳиж, Кинда, Азд, Ашъарий, Анмор, Ҳимяр Яманда яшаган. Қолган тўрт нафари: Лахм, Жузом, Омила ва Ғассон эса Шомда яшаган”, дедилар ”.
“Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди”.
Яъни, Аллоҳга қасамки, Сабаъ қабиласи учун ўзлари яшаб турган масканларида Аллоҳнинг қудратига, У Зотнинг бандаларига меҳрибонлиги ва Унга шукр қилиш вожиблигига, ношукр кимсалар бошига балолар тушишига далолат қилувчи белги-аломатлар бор эди.
“Ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб...”
Сабаъ аҳли учун ўнг томонда ҳам, чап томонда ҳам боғу роғлар бор эди. Бу боғлар тотли мевалар билан тўлиб тошганди.
Хабарларда келишича, гар бир аёл бошига сават қўйиб ўша боғлардан ўтса, дарахтлардан тўкилган мевалар саватини тўлдириб қўяр экан.
(Биз уларга:) “Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик).
Яъни, Биз уларга пайғамбарларимиз ва солиҳ бандаларимиз тилидан:
– Парвардигорингиз сизларга ато этган мана шу ризқ-рўзлардан енглар, мазали мевалардан баҳраманд бўлинглар! У Зотга шукр қилинглар! Агар шукр қилсангиз, Аллоҳ сизларга янада зиёда қилади. Бу неъматларни берган Парвардигорингиз Аллоҳ мағфирати ва раҳмати кенг бўлган Зотдир, – дедик.
Шундан сўнг уларнинг ношукрликлари сабаб бошларига ёғилган мусибат ҳақида хабар қилинади:
“Бас, улар юз ўгиришгач, Биз устларига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га алмаштириб қўйдик”.
Улар сувни тўсиш учун улкан бир тўғон барпо қилгандилар. Аллоҳга итоат этмаганликлари, неъматларга ношукрлик қилганларидан, қолаверса, тўғон ишига бепарво қараб, уни вақтида ислоҳ қилишни тарк этганликларидан сўнг тўғон бузилиб, катта миқдордаги сув ҳосилдор ерларини вайрон этиб, экинзору боғларини пайҳон қилди. Уларнинг уй-жойлари вайронага айланди. Ўзлари эса турли юртларга тарқалиб кетдилар. Уларнинг бу забун ҳоли ҳатто зарбулмасал бўлиб кетди. Яъни, хотиржамликни йўқотган, беҳаловат одамларга нисбатан “Сабаъ қабиласи каби тарқалиб кетди” ибораси ишлатилади.
Нонкўрликлари учун ширин мевалари еб бўлмас, аччиқ ва тахир меваларга айланиб қолди.
Бу улкан мусибатдан кейин Сабаъ қабиласининг баъзи уруғлари, жумладан, Авс ва Хазраж Мадинаи мунавварага, Азд қабиласи Уммонга, Ғассон қабиласи эса Шомга кўчиб ўтди.
Мана шу оятда неъматларни қадрига етмаслик, уни Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарфламаслик, ўша неъматнинг завол топишига, унинг ўрнига азоб-уқубат келишига ишора қилади. Шу сабаб қисса давомида:
“Кофир бўлганлари сабаб уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина жазо берамиз”, дейилган.
Яъни, Аллоҳ Сабаъ қабиласини неъматларга ношукрлик қилгани учун жазолади. Бу адолатли жазо эди. Аллоҳ оятларини инкор қилган, неъматларига нонкўрлик қилган, ҳидоятдан залолатни, тоатдан исённи афзал билган кимсаларни мана шундай жазолайди.
Шундан кейин уларнинг жоҳилликлари ва аҳмоқликлари сабабли йўлиққан бошқа бир мусибат зикр қилинади:
“Биз улар билан ўзимиз баракотли қилган қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга:) “Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик).
Яъни, Аллоҳ таоло қудрати ва раҳмати билан Сабаъ аҳли орасида бир-бирига яқин қишлоқларни барпо қилган эди. Бир қишлоқдан иккинчисига бориш вақти ҳам белгилаб қўйилганди. Бунинг учун ярим кун ёки ундан камроқ вақт кетарди.
Айтилишича, мусофир бир қишлоқдан йўлга чиқса, қош қорайгунича нариги қишлоққа етиб оларди.
“Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар”, (деган эдик).
Яъни, Биз уларга:
– Яхшиликлар билан тўла мана шу қишлоқлар орасида кундузи ҳам, кечаси ҳам тинч-хотиржам юраверинглар. Сизлар учун ҳар қандай ҳолатда ҳам тинчлик таъминлангандир, – дедик.
Мана шу оятларда Аллоҳнинг Сабаъ аҳлига берган улуғ неъматларидан бири зикр қилинмоқда. Улар учун муборак қишлоқлар орасида сафар қилиш жуда осон қилиниб, сафар давомида тинчлик ва омонлик таъминланганди. Бунинг улуғлигини фақат сафар қилган, йўл машаққатларини бошидан ўтказган одамгина билади.
Лекин Сабаъ қабиласидагилар бу неъмат қадрига етмадилар. Балки жоҳиллик қилиб, Аллоҳ таолога қуйидагича дуо қилдилар:
– Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин.
Аллоҳ уларга фазлу марҳаматидан улуғ неъматларни берганди. Бироқ фикри тор, ақли калта, сўқир кимсалар бунинг қадрига етмасдан:
– Ё Парвардигор! Бу қишлоқлар ўртасида саҳроларни пайдо қил! Масофани узоқлаштир! – деб Аллоҳга ёлвордилар.
“Ал-кашшоф” муаллифи айтганидек, улар фаровонлик ва хотиржамлик қадрини билмадилар, фаровонликдан зерикдилар, офиятни хушламадилар. Ўзлари учун бахтсизлик ва машаққатни сотиб олдилар. Бани Исроил ширинлик ва бедана ўрнига пиёз билан саримсоқ сўраганидек улар ҳам ўзлари учун шуни афзал билишди”.
“Ўзларига зулм қилдилар”.
Улар мана шу ёмон сўзни айтиб ўзларига жабр қилдилар. Уларнинг дуолари қабул қилинди. Натижада, осонгина сафар қилиш имконидан маҳрум бўлиб, машаққат ва қийинчиликка дучор бўлдилар.
“Бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тарқатиб юбордик)”.
Яъни, уларнинг талабларини бажо келтирдик. Одамлар гапириб юрадиган, зарбулмасал қиладиган, ҳикоялар қилиб қўйдик ва турли юртларга тарқатиб юбордик. Улардан баъзилари Шомга, бошқалари эса Ироққа кўчиб ўтишди. Улар аввалда якдил бир уммат эдилар. Юртлари фаровон, хотиржам ва баракали диёр эди. Молу давлатлари, обрў-эътиборлари ҳам бор эди. Лекин берилган имкониятни қўлдан чиқардилар.
“Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноат қилувчи, шукр қилувчи учун оят-ибратлар бордир”.
Аллоҳ томонидан берилган неъматларнинг қадрига етмагани учун уларнинг бошига шундай кўргиликлар солинди. Бунда Аллоҳнинг тоатига сабр қилувчи, У Зотнинг неъматларига шукр қилувчи оқил бандалар учун очиқ-равшан аломатлар бордир.
Шундан кейин Сабаъ қабиласининг куфри ва ношукрлиги сабаби баён қилинади:
“Ҳақиқатан, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга эргашмадилар)”.
Шайтон уларни тўғри йўлдан оздирди, Аллоҳга итоат этишдан қайтарди. Улар Парвардигорларига шукр қилмадилар, шайтон макрига алдандилар. Фақат бир гуруҳ мўминлар Аллоҳга ихлос билан ибодат қилганликлари учун иблис уларни йўлдан уролмади. Улар мустаҳкам арқонни ушлаб, ҳидоят йўлида бардавом бўлдилар.
Сабаъ қабиласи мажбурлаб йўлдан оздирилмади, балки улар ўз ихтиёрлари билан исёнга қўл урдилар. Нопок нарсани покизадан ажратиш учун шундай қилинганди:
“(Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги – фақат Биз охиратга имон келтирадиган кишиларни, ундан шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир”.
Улар шайтонга мажбуран эргашганлари йўқ. Иблис васвасасини қайтариш имкони бор эди. Агар Аллоҳга мустаҳкам боғланганларида унинг васвасасидан сақланардилар. Аллоҳ қайси банда охиратга имон келтирувчи ва қайси бири охиратдан шубҳада эканини ажратиб олиш учун шайтонга одам боласини васваса қилиш имконини берган.
“Парвардигорингиз барча нарсани кузатиб турувчидир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Парвардигорингиз ҳар нарсани кузатиб, кўриб турувчидир. Бирон нарса У Зотнинг ҳифзи ҳимояси, кузатиши, илми ва қудратидан четга чиқолмайди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase