ЗУЛҚАРНАЙН ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Зулқарнайн – Аллоҳ таоло тарафидан кенг мулк ва куч-қувват ато этилган, неъматларга шукр қилган ва ер юзини ислоҳ қилиш йўлида жидду жаҳд қилган инсондир. У ҳақдаги қисса Каҳф сурасида келган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қиламан”. Ҳақиқатан, Биз унга (Зулқарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик. Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: “Эй Зулқарнайн, сен ё азобга дучор қиласан ёки уларга яхши муомалада бўласан”, дедик. У айтди: “Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблайди. Энди имон келтириб, яхши амал қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлади. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз”. Сўнгра у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун чиқишига етиб боргач, (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақлайдиган) бирон парда қилмаган эдик. Худди илгаригидек бўлди. Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз – (уни) иҳота қилиб олгандирмиз. Сўнгра у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир харажат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб берасанми?” дедилар. (Зулқарнайн) айтди: “Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. Менга темир парчаларини келтиринглар! (Темир парчалари) иккала тоғ билан биробар бўлгач, “Дам уринглар!” деди. Бас, қачонки, у ўт қилгач, деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуяман. Энди улар (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешик ўтишга ҳам қодир эмаслар. Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”, деди у” (Каҳф сураси, 83-98-оятлар).
Биқоий айтади: “Мусонинг Хизр билан қилган сафари илм талабида бўлганди. Зулқарнайннинг сафари эса Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилиш учун бўлди. Илм жидду жаҳднинг асоси бўлганидан, (Каҳф сурасида) аввал Мусо ва Хизр қиссаси, кейин Зурқарнайн қиссаси келтирилган ”.
Зулқарнайн ҳақида сўровчилар Қурайш кофирларидир. Асҳобул каҳф қиссасида зикр қилинганидек, яҳудийлар қурайш вакилларига: “Муҳаммаддан уч нарса ҳақида: аввалда ўтган йигитлар, машриқ ва мағрибни айланиб чиққан киши ва руҳ ҳақида сўранглар”, дейишган.
Муфассирлар Зулқарнайн ҳақида жуда кўп қавлларни келтиришган. Улар ичида ҳақиқатга энг яқини Алусий айтган гаплар бўлса ажаб эмас: “Абу Райҳон Беруний “Ўтмиш қавмлардан қолган осори атиқалар” номли китобида зикр қилишича, Зулқарнайн – бу, Абу Курайб Ҳимярийдир. У Яман подшоҳларидан бўлган. Яман ҳукмдорлари “Зу” лақаби билан чақирилган. Масалан, Зунаввос, Зуязин ва ҳоказо ”.
Қатъий айтиш мумкинки, Зулқарнайн Арастунинг шогирди Александр Македонский эмас. Чунки Александр бутларга сиғинувчи бўлган. Зулқарнайн эса Аллоҳга имон келтирган, қайта тирилиш ва ҳисоб қилишга ишонган мўмин бандалардан эди.
Рожиҳ қарашга кўра, Зулқарнайн пайғамбар эмас, солиҳ банда бўлган.
Баъзилар Зулқарнайн Мусо алайҳиссаломдан кейин яшаган, дейишади. Бироқ бундан бошқача маълумотлар ҳам бор.
Маълумки, Қуръони карим қиссаларни келтиришда қайси замон ёки маконда бўлганига эмас, асосий ибратли ва насиҳатли жиҳатларига эътиборни қаратади.
Фотиҳ ҳукмдорнинг “Зулқарнайн” деб аталишига сабаб, унинг машриқ ва мағрибни фатҳ қилганидир.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Энди мен сизларга у ҳақидаги хабарни тиловат қиламан”.
Яъни, эй Муҳаммад, қавмингиз Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Уларга жавобан:
– Мен сизларга унинг хабарини етказаман. Аллоҳ менга буни ваҳий орқали билдиради, – деб айтинг.
Шундан кейин Зулқарнайнга берилган неъматлар санаб ўтилади:
“Ҳақиқатан, Биз унга (Зулқарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва барча нарсасига йўл-имконият ато этдик”.
Яъни, Биз Зулқарнайнга хоҳлаган ишини амалга ошира олиши учун кучли салтанат ато этдик. Яна мақсадига эришсин деб, истаган нарсаини бердик.
Аллоҳ таоло Зулқарнайнга қандай неъматлар бергани ҳақида саҳиҳ ҳадис айтилмаган. Шунинг учун биз Аллоҳ Зулқарнайнга мулкини мустаҳкамлаши учун кўп неъматлар ато этганига имон келтирамиз. Баъзи муфассирлар келтирган заиф қавлларга эътибор бермаймиз.
“Бас, у (аввал ғарбга қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди”.
Зулқарнайн салтанатини мустаҳкамлаш истагида қуёш ботадиган томонга йўл олди. У мағриб тарафдаги обод ерларнинг сўнгги чегарасига етиб боргач, қуёш гўё бир булоққа ботиб кетаётганини кўрди. Аслида эса бундай эмасди. Одатда, инсон билан қуёш уфқи орасида сув бўлса, қуёш худди сувдан чиқиб, сувга ботаётгандек туюлади. Шунингдек, теп-текис жойда инсон қуёшни ердан чиқиб, ерга ботаётганини кўради.
Оятнинг зоҳирига кўра, бу қавм Аллоҳни танмасди. Зулқарнайн уларни Аллоҳга ибодат қилишга чақирди. Улар ичида кимлардир имон келтирди, кимлардир кофир бўлди. Аллоҳ Зулқарнайнга ихтиёр берди:
Биз: “Эй Зулқарнайн, сен ё азобга дучор қиласан ёки уларга яхши муомалада бўласан”, дедик.
Аллоҳ таоло илҳом қилиш ёки фаришта орқали:
– Эй Зулқарнайн, бу кофир ва фосиқ қавмни қатл қилиш ё бошқа йўллар билан азоблайсан ёки уларга гўзал суратда муносабатда бўласан, – деди.
Мана бу жавоб Зулқарнайннинг фикри соғломлигидан дарак беради:
“Золим бўлган кимсани, албатта азоблаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У Зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблайди. Энди имон келтириб, яхши амал қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат – жаннат мукофот бўлади. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрамиз”.
Зулқарнайн қавм иши борасида Аллоҳ берган ихтиёрга жавобан:
– Ё Раббим! Улардан ким куфрда, фосиқлик ва исёнда оёқ тираб туриб олса, ўша кимсани биз дунёда турли йўллар билан азоблаймиз. Кейин у Парвардигорига қайтарилади ва У Зот охиратда жаҳаннамнинг қаттиқ азоби билан жазо беради. Бироқ ким имон келтириб, солиҳ амалларни қилса, унга икки дунёда чиройли оқибат, ажр-мукофот ва жаннат бўлади. Биз имон келтирган ва солиҳ амалларни бажарган инсонларга енгиллик қиламиз, уларни зинҳор машаққатга қўймаймиз.
“Сўнгра у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақлайдиган) бирон парда қилмаган эдик”.
Зулқарнайн қуёш ботиш тарафда мақсад қилган ишларини амалга оширгач, энди машриққа – кун чиқиш томонга йўл олди. У машриқ томондаги обод ерларнинг сўнгги чегарасига етиб боргач, қуёш бир қавм устидан чиқиб келаётганини кўрди. Уларни қуёшдан тўсиб турувчи либос ҳам, иморат ҳам йўқ эди. Бу қавм ер остида ва ғорларда яшарди.
“Худди илгаригидек бўлди”.
Аллоҳ Зулқарнайнга худди шундай амр қилди. У Зот Зулқарнайнга жуда кўп имкониятлар ато қилган эди. Унинг мулки машриқ ва мағрибгача етиб борганди.
“Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз – (уни) иҳота қилиб олгандирмиз”.
Аллоҳ Зулқарнайн ишини тўлиқ қамраб олганди. Аллоҳдан бирон нарса махфий бўлиб қолмайди. Аллоҳ Зулқарнайннинг қанча қўшини борлиги, куч-қуввати ва аслаҳаларини, подшоҳлиги ва салтанати билан боғлиқ барча нарсаларни мукаммал билади.
“Сўнгра у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди”.
Зулқарнайн мағриб ва машриқдан кейин улар ўртасидаги учинчи йўлга отланди. У икки тоғ орасига етиб келганида, у ерда тилини тушуниб бўлмайдиган бир қавмни учратди. Тилининг нотанишлиги, ақллари калталиги сабабли, уларнинг гапни тушуна олмасди.
Айтилишича, бу икки тоғ – Арманистон ва Озарбайжон тарафдаги икки тоғдир. Бу ҳақда бошқа қавллар ҳам бор.
Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, Яъжуж ва Маъжуж (номли қавмлар) ер юзида бузғунчилик қилувчилардир”, дедилар.
Яъжуж ва Маъжуж насаби ҳақида ихтилоф қилинган. Айтилишича, улар Нуҳнинг ўғли Ёфас наслидандир. Турклар ҳам улардан саналади. Яна бошқалар, Яъжуж турклардан, Маъжуж дайламдандир, дейишган.
Яъни, бир гапни англаб ололмайдиган бу қавм Зулқарнайнда куч-қувват ва салоҳиятни кўргач:
– Эй Зулқарнайн! Яъжуж ва Маъжуж қабиласи ер юзида фисқу фасод, босқинчилик, товламачиликдан иборат турли ёмон ишларни қиладилар, – дейишди.
“Саҳиҳайн”да Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизарган ҳолда уйқудан уйғондилар ва: “Лаа илааҳа иллаллоҳ! Яқинлашган ёмонлик сабаб арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжуж деворидан мана шунчаси очилди”, деб қўлларини ҳалқа қилдилар. Мен: “Ичимизда солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалок қилинамизми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Ҳа, агар нопокликлар кўпайиб кетса”, дедилар”.
“Бизлар сенга бир харажат – тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон қуриб берасанми?” дедилар.
Икки тоғ ортида яшовчи қавм Зулқарнайнга ишонганларидан унга бир манфаатли ишни таклиф қилишди. Уларнинг саволидан, қавм ўз ишларини Зулқарнайнга топширишга рози эканликлари маълум бўлади.
Яъни, эй Зулқарнайн, сенга жуда катта миқдорда бойлик берсак, бизларни Яъжуж ва Маъжужнинг хуружидан сақлайдиган мустаҳкам бир тўсиқ қуриб бера оласанми?!
Зулқарнайн уларнинг таклифига қуйидагича жавоб қайтарди:
– Парвардигорим менга ато этган (салтанат сизлар берадиган мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай”.
Яъни, Зулқарнайн бир гапни тушунмайдиган қавмнинг таклифига жавобан:
– Аллоҳ таоло менга берган кенг ризқ, бойлик ва куч-қувват сизлар бермоқчи бўлган ҳақдан кўра яхшироқдир! Бойлигингиз ўзингизга буюрсин! Унинг ўрнига мен тарафда туриб девор қуришда ёрдам беринглар. Шунда мен сизлар билан Яъжуж ва Маъжуж ўртасига мустаҳкам девор тиклайман, – деди.
“Менга темир парчаларини келтиринглар! (Темир парчалари) иккала тоғ билан биробар бўлгач, “Дам уринглар!” деди.
Яъни, менга катта-катта темир парчаларини олиб келинглар, – деди Зулқарнайн.
Бас, улар Зулқарнайн талаб қилган нарсани олиб келишди. Темир парчаларини иккала тоғ билан баробар бўлгач:
– Икки тоғ орасидаги темир парчалари устига олов пурканглар! – деб айтди.
Бас, қачонки, у ўт қилгач, деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуяман”.
Темир парчалари қип-қизил олов каби бўлганида, Зулқарнайн:
– Менга эритилган мис олиб келинг! – деди.
Зулқарнайн аввалига темир парчалари олиб келишни буюрди. Қавм талабни бажо келтиришгач, устма-уст қилиб икки тоғ орасини темир парчалари билан тўлдирди. Тоғ бўйи баробарида темир бўлакларини тиклагач, “Олов ёқинглар, босқонлар билан пуфланглар!” деди. Улар Зулқарнайн айтганини қилишди. Тоғ орасига тиклаб қўйилган темир оловдек қизил тус олганида: “Менга эритилган мис олиб келинглар. Бу темирни янада мустаҳкам қиламан”, деди Зулқарнайн.
Зулқарнайн тоғ ортида яшовчи қавм таклифини лаббай, деб қабул қилди ва уларнинг талабини бажо келтирди: Яъжуж ва Маъжуж хуружидан сақлайдиган бир салобатли девор қад қўтарди.
Қуръони карим хабар беришича, бу бақувват тўсиқни ошиб ўтишга Яъжуж ва Маъжуж қабиласи қодир бўлмайди:
Энди улар (тўсиқ) устига чиқишга ҳам қодир эмаслар, уни тешик ўтишга ҳам қодир эмаслар”.
Яъжуж ва Маъжуж энди тоғ устига чиқишга имкон топа олмайдилар, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар.
Зулқарнайн бундай улкан ишни бажариб, ўзини катта олгани йўқ. Балки Парвардигорига шукр қилиб, Унинг қудрати олдида ожиз экани эътироф этди:
“Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”.
Яъни, икки тоғ орасига бино қилинган девор Парвардигорим Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. У Зотнинг раҳмати ҳамма нарсадан кенгдир.
Дунё охирлаганда ёки Яъжуж ва Маъжуж чиқиш вақти келганида, бу девор теп-текис қилиб қўйилади. Аллоҳ таоло бандаларига савоб ва жазо бериш ҳақидаги ваъдаси ҳақдир, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
(Имонида содиқ, Парвардигорига хокисор ва шукрли бандалар шундай бўлади. Улар инсонлар нигоҳида қанча катта ишларни бажармасинлар, ўзларини кичик олиб, қилган ишлари Аллоҳ таолонинг марҳамати, фазлу карами сабабидан бўлганини эътироф этадилар ва бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар айтадилар. – таржимон).
Зулқарнай қиссасидан қуйидаги манфаатлар олинади:
1. Ер юзидаги имкониятни Аллоҳ хоҳлаган бандасига беради. Бу Аллоҳ тарафидан улуғ неъматдир.
2. Ҳақни юзага чиқариш, ботилни даф қилиш учун ер юзи бўйлаб саёҳат қилиш содиқ мўминлар сифатларидандир.
3. Адолатли раҳбар золимларни зулмдан қайтаради, адолатли кишиларга яхшилик қилади.
4. Мурувватли инсонлар қўлидан келганича муҳтожларга ёрдам беради, зулм кўраётганлардан жабр-истибдодни қайтаришга ҳаракат қилади.
5. Муҳтож инсонга яхшилик қилганда бунинг савобини Аллоҳдан умид қилиш ва муҳтожларни тоқатидан ортиқ нарсага ундамаслик фазл эгаларига хос хислатдир.
6. Содиқ мўминлар ҳар бир яхшиликни Аллоҳга нисбат берадилар ва У Зотга шукр қиладилар. Аллоҳ уларга фазлини зиёда қилгани сари улар ҳам Парвардигорларига ҳамду сано айтиб ва шукр қилишни кўпайтириб борадилар. Зулқарнайн қиссаси қуйидаги жумла билан тамомлангани қандай гўзал: “Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим ваъда қилган вақт келганида, ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўяди. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир”.