close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ЗАКАРИЁ ВА ЯҲЁ АЛАЙҲИМУССАЛОМ ҚИССАСИ

Закариё ва Яҳё алайҳисмусалом қиссаси Оли Имрон, Марям ва Анбиё сураларида келган. Закариё алайҳиссаломнинг исми Қуръони каримда етти марта, ўғли Яҳё алайҳиссаломники эса олти марта такрорланган.
Закариё алайҳиссалом Азан ибн Баркиёнинг ўғлидир. Унинг насл-насаби Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳимуссаломга бориб тақалади.
Закариё Исо ибн Марямга яқин бир даврда яшаган. Қуръони каримда айтилишича, Закариё Исо алайҳиссаломнинг онаси Марямнинг кафолатини олган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Бас, Парвардигори уни (яъни, Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-рўз кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям:) “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради”, деб жавоб қилди” (Оли Имрон сураси, 37-оят).
Ҳадиси шарифларда Закариё ва Яҳё алайҳимуссалом ҳақида қуйидагилар айтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Закариё алайҳиссалом дурадгор эди” (Муслим ривояти).
Закариё алайҳиссалом қўл меҳнати билан тирикчилик қиларди. Одамлардан бирор нарса таъма қилмасди. Ҳадисда айтилганидек, бирон киши ўз меҳнати билан топган таомидан яхшироқ таомни емайди.
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: “Бирон киши: “Мен Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломдан яхшироқман!” дейиши тўғри эмас, чунки у бирон марта ҳам гуноҳ қилиш ҳақида ўйламаган”.
Марям сурасининг илк оятларида Закариё алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ушбу қисса) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир. Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан сочим оқарди. Парвардигорим, Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя эт ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қил!” (Марям сураси, 2-6-оятлар).
Суранинг бошида Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбарига хитоб қилиб:
– Эй Муҳаммад, Сизга зикр қилинаётган қисса Закариё алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан кўрсатилган марҳаматлардан бирининг баёнидир, – деган.
“Эсланг, у Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб...”
Яъни, Закариё алайҳиссалом Биздан солиҳ зурриёт умидида махфий тарзда дуо-илтижо қилган вақтини эсланг.
Закариё алайҳиссалом дуони одамлардан яширинча қилганига сабаб, бу риёдан узоқ бўлиш учун яхши ва ихлосга яқиндир. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида махфий дуо қилишга амр қилган.
Кўринишидан, Закариё алайҳиссаломнинг бу дуоси Марям ҳузурида ризқу рўзни кўрганидан кейин қилинган. Мана бу оят шунга далолат қилади: “Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-рўз кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям): “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради”, деб жавоб қилди. Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб: “Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт – фарзанд ҳадя эт! Албатта Сен дуо-илтижоларни эшитувчисан”, деди” (Оли Имрон сураси, 37-38-оятлар).
Шундан кейин дуодан нима сўралгани айтилади:
“Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан сочим оқарди. Парвардигорим, Сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман”.
Яъни, ё Аллоҳ! Мен қариб заифлашиб қолдим. Сочимга оқ оралади. Анча кексайиб қолдим. Умрим давомида Сенга дуо қилишдан умид узган эмасман. Сенинг раҳматингдан, дуоларимни ижобат қилишингдан умидворман! Ё Аллоҳ, аввалда дуоларимни қабул қилганингдек, илтижоларимни ижобат эт!
“Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр (пайғамбар) бўладиган бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя эт ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қил!”
Бу ерда “қариндош-уруғлари”дан мурод Закариё алайҳиссаломнинг амакиваччаларидир. Айнан улар Закариё вафотидан кейин ишини давом эттиришлари кутилаётганди. Аммо Закариё уларга ишонмас, ахлоқлари ёмонлиги сабабли, ўзидан кейин ҳолат қандай бўлишидан хавотирда эди.
Яъни, Закариё қалбидаги ғам-ташвишларини Аллоҳга арз қилиб, шундай деди:
– Ё Раббим! Ортимда қоладиган яқин қариндошларим мендан кейин дин ишларини зое қилишларидан, унинг ҳақларини адо қилолмасликларидан қўрқаман. Хотиним эса бепушт. Бас, Ўз қудратинг-ла менга солиҳ фарзанд ато эт! У илм ва пайғамбарликда менга ва Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга гўзал сифатларда меросхўр бўлади. Парвардигоро, уни Ўз даргоҳингда рози бўлинадиган зотлардан қил!
Кўриниб турибдики, Закариё алайҳиссалом дунё истагида эмас, балки охират ғамида, дин ишларини давом эттириш ҳақида қайғуриб, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўрамоқда.
Қуръони каримнинг бошқа бир сурасида келтирилишича, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом хотинидан бепуштлик дардини кетказиб, уни туғишга яроқли аёллардан қилиб қўяди. Аллоҳ шундай деган: “Закариёнинг: “Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан (яъни, ҳамманинг ортидан қолувчисан)”, деб нидо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб (туғмайдиган кампирни бола кўришга қодир қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар” (Анбиё сураси, 89-90-оятлар).
Уламолар Яҳё алайҳиссалом отаси Закариёга илм, пайғамбарлик ва Аллоҳ йўлига даъват ишларида меросхўр бўлганини таъкидлашган.
Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом дуосини ижобат қилиб, унга “Яҳё” исмли ўғил башоратини бергани айтилади:
“(Аллоҳ айтди:) “Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берамизки, унинг исми “Яҳё” бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) номдош қилган эмасмиз”. (Закариё) деди: “Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, менда қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?!” (Аллоҳ) айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтадики, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку!”. “Парвардигорим, мен учун бирон белги-аломат қилсанг”, деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан”. Бас, (Закариё) меҳробдан – ибодатхонадан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч (Аллоҳга) тасбеҳ айтишни ишора қилди” (Марям сураси, 7-11-оятлар).
Аллоҳ таоло пайғамбари Закариё алайҳиссалом қалб тўридан отилиб чиққан дуосини қабул қилди ва унга ўғил фарзанд хушхабарини берди.
Бошқа оятда келишича, Закариё алайҳиссалом меҳробда намоз ўқиётганида фаришталар келиб, унга хушхабар беришган: “Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида фаришталар унга нидо қилдилар: “(Эй Закариё,) Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган (ўз қавмига) хожа бўладиган, (ўзини шаҳватлардан) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган “Яҳё” исмли фарзанд хушхабарини беради” (Оли Имрон сураси, 39-оят).
“Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берамизки, унинг исми “Яҳё” бўлиб, Биз илгари унга бирон (кимсани) номдош қилган эмасмиз”.
Яҳё алайҳиссаломдан олдин бирон киши бундай чиройли исм билан чақирилмаган эди. Инсоният тарихида илк бор Яҳё ибн Закариёга шу ном қўйилган.
(Закариё) деди: “Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, менда қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?!”
Қалбга сурур бағишловчи бу хушхабарни эшитган Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога шундай хитоб қилди:
– Ё Раббим! Хотиним туғмас кампир бўлса, менинг ҳам ёшим ўтиб қолган. Қандай қилиб фарзандли бўламиз?!
“Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳар нарсага қодирлигини била туриб нега бундай савол бермоқда?” деб сўраладиган бўлса, жавобимиз шу: Закариё буни ажабланиш маъносида айтмоқда. У киши қариган вақтида фарзанд хушхабаридан севинганидан шундай деган.
Нима бўлганда ҳам, Закариё алайҳиссалом Аллоҳнинг қудратига аниқ ишонган. Фақат ёши ўтиб қолгани ва аёлининг бепуштлигидан, фарзандли бўлиши ҳақидаги башоратни ҳайрат билан қабул қилган.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом саволига қуйидагича жавоб берди:
“Шундай. Парвардигоринг айтадики, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку!”
Яъни, аёлинг туғмас, ўзинг қариб қолган бўлсанг ҳам Менинг иродам тақозо қилган ишнинг бўлишига ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди. Мен ҳар нарсага қодирман. Туғмас аёлдан фарзанд дунёга келтириш Бизга жуда осондир. Сени ҳам йўқдан бор қилган Мен эдим. Бас, сенга фарзанд беришга қодирман!
Бу ерда мантиқий далил келтирилиб, Аллоҳ қудрати чексиз эканига далолат қилинмоқда. Шу йўл билан Закариё алайҳиссалом кўнгли хотиржам қилиняпти.
Шунда Закариё алайҳиссалом Парвардигоридан қуйидаги нарсани сўради:
–  Парвардигорим, мен учун бирон белги-аломат қилсанг.
Яъни, эй Раббим, менга башорат амалга ошишига далолат қилувчи бир аломатни кўрсат. Токи қалбим сурурга тўлсин, кўнглим хотиржам бўлсин. Хотиним бу болага ҳомиладор бўладиган вақтни билиб, Сенга кўпроқ шукр қилай, Сени тинимсиз зикр қилай.
(Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан”.
Аллоҳ таоло Закариёга жавобан:
– Фарзанд берилиши аломати шуки, сен уч кеча-ю уч кундуз одамларга гапира олмайсан. Ваҳоланки, сенда соқовлик иллати бўлмайди. Фақат Бизнинг амримиз билан одатдан ташқари ҳолда маълум муддатга гапиришдан ожиз қоласан.
“Бас, (Закариё) меҳробдан – ибодатхонадан ўз қавмининг олдига чиқиб, уларга эртаю кеч (Аллоҳга) тасбеҳ айтишни ишора қилди”.
Бу ерда “меҳроб” деганда намоз ўқийдаган жой назарда тутилмоқда. Уларнинг масжидлари меҳроб дейилган. Сабаби, меҳробда шайтонлар билан жанг (ҳарб) қилинади.
Закариё алайҳиссалом намоз ўқиган жойидан чиқиб, одамларга:
– Туну кун Аллоҳга тасбеҳ айтинглар! – маъносида ишора қилди ёки ёзиб берди.
Марям сурасининг давомида Яҳё алайҳиссалом ҳақида ва унга берилган баъзи фазилатлар хусусида сўз боради. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Биз унга:) “Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин”, (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик. Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди. У ота-онасига итоали – меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлади” (Марям сураси, 12-15-оятлар).
Яҳё туғилиб, вояга етгач, Аллоҳ таоло унга ваҳий қилиб:
– Эй Яҳё, Тавротни маҳкам ушла! Унинг маъноларини тўғри тушун, ҳукмларига амал қил, одоблари билан зийнатлан! – деди.
Аллоҳ таоло Яҳёга болалигидаёқ Тавротни тушуниш ва унга амал қилиш салоҳиятини ато қилди.
Айтилишича, ўшанда Яҳё алайҳиссалом ўн етти ёшда бўлган.
Ривоят қилинишича, болалар Яҳё ибн Закариёга: “Юр, бирга ўйнаймиз”, дейишганида, Яҳё: “Биз ўйнаш учун яратилмаганмиз”, деб жавоб берган .
“Яна (унга) Ўз даргоҳимиздан меҳр ва (гуноҳлардан) поклик (ато этдик). У тақволи бўлди”.
Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга шафқат, меҳр-мурувват, муҳаббат неъматини берганди. У инсонларга ғамхўр, яхшилик қилувчи эди. Яҳёнинг қалби покиза, Аллоҳ қайтарган ишларга хоҳиши йўқ, фитрати ўта пок инсон эди. Яҳё Аллоҳ амр қилган ва қайтарган ҳар бир ишда У Зотга итоат этувчи тақволи зотлардан бўлган.
“У ота-онасига итоали – меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди”.
Яҳё алайҳиссалом ота-онасига меҳрибон, уларга яхшилик қилувчи эди. У зинҳор мутакаббир, мақтанчоқ ва бебош бўлмаган.
Улуғ пайғамбар шаънига мақтовлар айтилганидан кейин унинг оқибати чиройли бўлиши хабар берилади:
“Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлади”.
Яъни, Яҳё алайҳиссаломга туғилган кунида, бу ўткинчи дунёни тарк этганида ва охиратда Аллоҳ тарафидан омонлик ва салом бўлади.
Бу уч вақтнинг зикр қилинишига сабаб, инсон мана шу уч даврда парваришга (яъни, кўмакка) муҳтож бўлади. Шу маънода Суфён ибн Уяйна шундай деганлар: “Киши уч хил ҳолатда жуда муҳтож бўлади:
1. Туғилган кунида. У аввал онаси қорнида эди, энди бўлса, у ерга тушди.
2. Вафот этган кунда. У аввал кўрмаган одамларни кўради.
3. Қиёмат кунида. У ўзини улкан маҳшаргоҳда кўради”.
Оли Имрон сурасида Закариё ва Яҳё алайҳимуссалом ҳақида баъзи маълумотлар келтирилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: “Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт – фарзанд ҳадя эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни Эшитувчисан”. Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: “(Эй Закариё,) Аллоҳ сенга Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлайдиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини беради”. “Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?!” деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: “Шундай, Аллоҳ истаган ишни қилади”. “Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги – аломат қилсанг”, деди у. (Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У Зотга тасбеҳ айт!” (Оли Имрон сураси, 38-41-оятлар).
Закариё алайҳиссалом Марям билан учрашган покиза маконда ундаги фазилатлар ва ажойиб нарсаларни кўриб, Закариёнинг оталик меҳри жўшиб кетди. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса-да, қўлини самога кўтариб, солиҳ фарзанд сўраб Аллоҳга дуо-илтижо қилди.
Закариёнинг таъсирчан дуоси Қуръони каримда мана бундай келтирилган:
“Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт – фарзанд ҳадя эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни Эшитувчисан”.
Яъни, Парвардигоро! Сен мени яратгансан, барча нарсага қодирсан. Менга кўзимни қувонтирадиган, ортимда қолиб ўрнимни эгаллайдиган солиҳ фарзанд бер! Ё Аллоҳ, дуойимни эшитувчисан, Ўзингга дуо қилувчиларга ижобат этувчисан. Ўз фазлинг билан дуойимни қабул эт, Парвардигорим!
Шундай қилиб Закариё алайҳиссалом Аллоҳдан умид қилиб, дунё ва охиратда яхшилик келтирувчи солиҳ фарзанд сўради.
Имом Қуртубийга кўра, ушбу оят фарзанд сўрашга далолат қилади. Бу пайғамбарлар ва сиддиқлар суннатидир. Кўп ҳадисларда инсонга дунёда ва охиратда манфаат келтирувчи фарзанд сўрашга даъват қилинган. Ҳадиси шарифларнинг бирида айтилишича, банда вафот этганида амали тўхтайди. Лекин уч тарафдан савоб келиб туради. Ана ўшалардан бири ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд экани айтилган .
Закариё алайҳиссалом хушу билан қилган дуоси натижаси қандай бўлди? Суранинг давомида шу ҳақида баён қилинган:
“Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: “(Эй Закариё,) Аллоҳ сенга Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлайдиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини беради”.
Закариё меҳробда Парвардигорига муножот қилаётганди. Шу пайт фаришталар келиб, Аллоҳ унга “Яҳё” исмли ўғил фарзанд бериши ҳақидаги хушхабарни етказди.
Оятнинг арабий матнига эътибор берсак, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом дуосини жуда қисқа фурсатда ижобат қилгани маълум бўлади .
Бир гуруҳ муфассирларга кўра, Закариё алайҳиссаломга башорат берган фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. Лекин бошқалар оятнинг зоҳирий маъносидан келиб чиқиб, Закариё ва хотинига бир гуруҳ фаришталар томонидан хушхабар етказилганини таъкидлашган.
Оятда Яҳё алайҳиссалом сифати қуйидагича келтирилган:
“Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлайдиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган...”
Аллоҳнинг Сўзини тасдиқлаш Яҳё алайҳиссаломнинг биринчи сифатидир. Уламолар буни тушунтиришда икки хил фикрдалар:
1. Жумҳур уламоларга кўра, оятдаги “Аллоҳнинг Сўзи”дан мурод, Исо алайҳиссаломдир. Чунки Исо Аллоҳнинг Сўзи деб сифатланган. Закариё Исони тасдиқлаган ва у Аллоҳнинг пайғамбари эканига имон келтирган.
2. Бошқа уламоларга кўра, оятдаги “Аллоҳнинг Сўзи”дан мурод, У Зотнинг Китобидир.
Бизнингча, биринчи қавл тўғри бўлса керак. Сабаби, Қуръони каримнинг бир қанча жойида Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг сўзи деб васф қилинган. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй аҳли китоб, (Исони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошманг! Аллоҳ шаънига фақат ҳақ сўзни айтинг! Албатта Масиҳ Исо ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг томонидан бир руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтиринг!” (Нисо сураси, 171-оят).
Яҳё алайҳиссаломнинг иккинчи сифати қавмига хожа бўлишидир. Бундан мурод, унинг шараф, тақво ва иффатни сақлашда бошқалардан устунлиги. Яҳё нафсига ҳоким бўлиш билан шундай мақомга эришган.
Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломнинг учинчи сифати шаҳватлардан ўзини сақловчи эканидир. Яъни, Яҳё алайҳиссалом уйланишга қодир бўла туриб аёллардан узоқ юргани, иффатини сақлагани айтилган.
Қози Иёзга кўра, бу Яҳё алайҳиссаломнинг гуноҳлардан масъум эканини, биронта ҳам гуноҳ иш қилмаганини билдиради.
Уламолар Яҳё алайҳиссалом уйланишга қодир бўлгани, унда ҳеч қандай айб-нуқсон бўлмаганини таъкидлашган. Ёдингизда бўлса, Закариё алайҳиссалом Аллоҳдан солиҳ зурриёт, ишларини давом эттирувчи ўғил сўраган эди. Бу Закариё алайҳиссалом ҳақида айтилган ҳар қандай нолойиқ гапларни аритади ва унинг соғлом ва шаҳватлардан ўзини тийиб юрганини исботлайди.
Яҳё алайҳиссаломнинг тўртинчи сифати солиҳлардан бўлган пайғамбарлигидир.
Закариё алайҳиссаломга келажакда солиҳ пайғамбарлардан бўладиган бир ўғил башорати берилди. Мана шу сифат энг улуғидир. Сабаби, пайғамбарлик мартабасига биронта фазилат тенг келолмайди.
Фаришталар Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд башоратини етказганларида, пайғамбар шундай деди:
– Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?!
Яъни, эй Парвардигорим, мен қариб заифлашиб қолган бўлсам, устига-устак хотиним туғмас бўлса, қандай қилиб фарзандли бўламан?! – деди.
Закариё алайҳиссалом буни инкор қилиш маъносида айтмаган. Балки башоратдан таажжубга тушган. Пайғамбарлар Аллоҳнинг қудратига зинҳор шубҳа қилишмаган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Закариёга Яҳё ҳақида башорат берилганида унинг ёши бир юз йигирмага етганди. Хотини эса ўшанда тўқсон саккиз ёшда бўлган ”.
Аллоҳ тарафидан Закариё қалбига хотиржамлик соладиган жавоб қилинди:
“Шундай, Аллоҳ истаган ишни қилади”.
Яъни, Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади. Хоҳласа, ёши ўтиб, фарзанд кўришдан умидини узганларга фарзанд беради. Зеро, Аллоҳ сабабларни яратади. Борлиқда бирон нарса Аллоҳни ожиз қолдиролмайди. У Зот ҳар нарсага қодирдир. Одамлар орасида одат бўлган нарсаларни ўзгартириш Аллоҳ учун қийин эмас.
Шунда Закариё алайҳиссалом башорат юзага чиқишига далолат қилувчи бирон белги кўрсатишни сўради:
“Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги – аломат қилсанг”.
Яъни, Закариё Парвардигорига муножат қилиб:
– Раббим! Сендан хотиним ҳомиладор бўлганига далолат қилувчи бирон аломат кўрсатишингни сўрайман. Мақсадим менга берадиганинг улуғ неъматнинг шукрини адо этиш ва ҳақларини тўлиқ бажариш, – деди.
Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом сўровига жавобан шундай марҳамат қилди:
“Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У Зотга тасбеҳ айт!”
Яъни, эй Закариё, сенга аломат шуки, тилингда бирон камчилик бўлмаган ҳолда уч кун одамларга гапира олмайсан. Уларга имо-ишора билан фикрингни тушунтирасан. Эй Закариё, одамларга гапиришдан ожиз бўлганингда, сенга берилган ҳисобсиз неъматларга шукр сифатида Аллоҳга туну кун тасбеҳ айт!
Закариё алайҳиссаломга буюрилган мана шу иш ҳар бир оқил банда учун ҳам хосдир. У туну кун Аллоҳ таолони зикр қилиши, тасбеҳлар айтиши, тил шукрини адо этиши керак. Зеро, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором олади, диллар таскин топади. Парвардигорини эслаган одам хотиржам бўлади. Зикруллоҳ гуноҳ ва нуқсонларга каффорат бўлади.
Ривоят қилинишича, Закариё алайҳиссалом уч кун одамларга гапира олмаган. Унинг тили фақат Аллоҳни зикр қилиш, Унга тасбеҳ айтиш билан машғул бўлган.
“Ал-кашшоф”да келтирилишича, Закариё алайҳиссалом тили уч кун гапиришдан ман қилинишига сабаб, Закариё шукр қилиш учун Аллоҳдан аломат сўраганида, Аллоҳ унинг тилини фақат шукр билан ҳаракатланадиган қилиб қўйган .
Юқоридаги оятларда Закариё алайҳиссалом ҳаётининг бир қисми ҳақидаги қисса келтирилди. Бу қисса ибрат ва насиҳатларга тўла. Уни ўқиб, мушоҳада қилган банда ўзи учун кўп манфаатлар олади.
Анбиё сурасида Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога қилган дуою илтижоси келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Закариёнинг: “Парвардигорим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма. Ўзинг ворисларнинг яхшироғисан”, деб нидо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб қўйдик. Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар” (Анбиё сураси, 89-90-оятлар).
Яъни, эй банда, Закариё алайҳиссалом Парвардигорига нидо қилиб:
– Раббим! Мени зурриётсиз қолдирма! Сен энг яхши боқий қолувчисан, – деб дуо-илтижо қилган вақтини эсла!
Закариё алайҳиссаломнинг хулуси ният ва сидқидилдан самога кўтарилган қўли бўш қайтмади. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилди:
“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда унинг учун жуфтини ўнглаб қўйдик”.
Яъни, Биз Закариёнинг дуосини ижобат қилдик ва фазлу марҳаматимиз билан унга ўғли Яҳё алайҳиссаломни ато этдик. Закариёнинг аёли туғмас эди. Биз уни фарзанд кўришга лаёқатли қилиб қўйдик. Бу уларга кўрсатган марҳаматимиздир.
“Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга умид ва қўрқув билан дуо-илтижо қилардилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар”.
Бу ерда нима сабабдан марҳамат кўрсатилгани келтирилмоқда.
Яъни, Биз аввалги пайғамбарларга, жумладан, Закариё ва Яҳё алайҳимуссаломга турфа неъматларни бердик. Чунки улар Бизни рози қиладиган яхшиликларга шошилар, Биз буюрган ишларни қилишга жидду жаҳд қилишарди. Улар Бизга қалбдан дуо-илтижо қилишар, раҳматимиздан умид қилиб, азобимиздан қўрққан ҳолда Бизга юкинишарди. Улар ўзларини хокисор тутишарди. Зинҳор кибру ҳаво қилишмас эди.
Ўтмишда ўтган пайғамбарлар саналган мана шу сифатлар сабабидан Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишди.
Қуйида Закариё ва Яҳё алайҳимуссалом қиссасидан олинадиган ибратли жиҳатларни қисқача баён қиламиз:
1. Ақлли кишилар Парвардигор азза ва жаллага дуо қилиб, рушду ҳидоятли, Аллоҳга ихлос билан ибодат қиладиган солиҳ фарзанд сўрайдилар.
Закариё алайҳиссалом Аллоҳга холис дуо қилиб, илм, фазилат ва пайғамбарликда ортидан ўринбосар бўлувчи солиҳ фарзанд ато этишини сўради. Сабаби, қариндошлари орасида ҳақдан тойилишни кўрган, улар Аллоҳ фарз қилган амалларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётгандилар.
Эслатиб ўтиш лозимки, Закариё алайҳиссалом ўз нафси учун, мақтаниш, одамлар орасида ғурурланиш учун сўрамади фарзандни. Балки Аллоҳ дини йўлида хизмат қилиши, мақталган одоб-ахлоқни ҳимоя қилиб, одамлар орасини ислоҳ қилиш учун фарзанд талабида бўлди.
2. Аллоҳ таоло ҳар бир ишга қодирдир. Банда бўлиши мумкин эмас, деб ўйлаган ишларни-да қилишга қодирдир Аллоҳ. Мисол учун, Закариё алайҳиссалом ёши бир жойга бориб қолган, заифлашган, устига-устак хотини ҳам туғмас кампир ҳолида Аллоҳ уларга Яҳё алайҳиссаломни берди. Бу башоратдан ҳайратга тушган пайғамбарга Аллоҳ Закариёни ҳам йўқдан бор қилгани, У Зот истаган ишини қила олишини билдирди.
3. Покиза қалбдан чиққан дуонинг ижобатидан умид қилинади. Буни Закариё алайҳиссалом мисолида кўриш мумкин. У зот тазарру билан қўлини кўкка кўтариб, Аллоҳ таоло раҳматидан умид қилган ҳолда Парвардигорига илтижо этди. Натижада, Аллоҳ пайғамбари дуосини ижобатсиз қолдирмади, уни ноумид қилмади. Ҳа, Закариё алайҳиссалом ва ундан аввалги пайғамбарлар яхши амалларга шошилар, Парвардигорига умид ва қўрқув билан дуо қилардилар. Улар ибодатда хушу қилар эдилар, зинҳор кибрланмасдилар. Аллоҳ берган неъматлар шукрини адо қилишарди. Шу сабабли, Аллоҳ уларни ҳисобсиз неъматлар билан сийлаган.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase