close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ДОВУД ВА СУЛАЙМОН АЛАЙҲИМУССАЛОМ ҚИССАСИ

Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом қиссаси Қуръони каримнинг турли сураларида, жумладан, Анбиё, Намл, Сабаъ, Сод сураларида келган.
Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом икки ҳурматли пайғамбар, икки улуғ подшоҳ бўлишган. Аллоҳ таоло иккисига пайғамбарлик ва подшоҳлик неъматини берган.
Довуд алайҳиссалом насаби Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга тақалади. Довуд Исо алайҳиссалом туғилишидан тахминан 1000 йилча олдин Фаластин диёрида таваллуд топган. У зот алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони каримнинг турли сураларда 10 марта такрорланган. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилади:
“Қачонки Жолут ва унинг лашкарлари кўринганида, айтдилар: “Парвардигоро, устимиздан сабру тоқат ёғдиргин, қадамларимизни собит қил ва Ўзинг бизни бу кофир қавм устига ғолиб қил!” Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар. Ва (Толутнинг аскарларидан бўлган) Довуд Жолутни ўлдирди. Ва Аллоҳ унга (Довудга) подшоҳлик, пайғамбарлик ато қилади ва Ўзи хоҳлаган нарсаларидан таълим берди. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам Соҳибидир” (Бақара сураси, 250-251-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биродарлари Довуд алайҳиссалом ҳаққига жуда кўп мақтов айтганлар. Жумладан, “Саҳиҳу муслим”да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло учун энг севимли рўза Довуднинг рўзасидир. У бир кун рўза тутар, бир кун оғзи очиқ бўларди. Аллоҳ учун энг афзал (тунги) намоз Довуднинг намозидир. У ярим тунгача ухлаб, туннинг учдан бирида қоим бўлар, туннинг олтидан бирида ухлар эди”, деганлар.
Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом исми Қуръонда 17 марта такрорланган. Жумладан, Бақара сурасининг 102-оятида шундай дейилган: “Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашдилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар”.
Яъни, Бани Исроил қавмидан залолатга кетган кофир кимсалар Сулаймон алайҳиссалом подшоҳлигига қарши тўқиб чиқарган уйдирмаларга эргашдилар. Уларга кўра, Сулаймон подшоҳлиги сеҳр асосига қурилган экан. Ҳақиқат шуки, Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ азза ва жаллага ихлос билан ибодат қилган зотлардан эди. Лекин шайтонлар кофир бўлдилар. Улар бузғунчилик ва адаштириш учун сеҳрни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатдилар.
Набавий ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биродарлари Сулаймон алайҳиссаломни мақтаганлар. “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот шундай деганлар: “Жинлардан бўлган ифрит бугун эрта тонгда намозни бузиш учун менга дуч келди. Аллоҳ менга унинг устидан (ғолиб келишимга) имкон берди. Мен тонг отганида сизлар кўришингиз учун уни масжид устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи эдим. Лекин биродарим Сулаймоннинг: “Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина ҳадя этувчисан”, деган гапини эслаб, бундай қилмадим”.
Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом даврида Бани Исроил тинчлик-хотиржамликда ва фаровонликда умргузаронлик қилишди. Тарихда энг тинч ҳаётлари айнан ўша даврларга тўғри келади.
Анбиё сурасида бу икки буюк пайғамбар ҳақида шундай дейилган:
“Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг!) Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳукм – пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз. Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилувчимисиз? Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб,) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга эсадиган (қилиб қўйдик). Биз барча нарсани Билувчимиз. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни қўриқлаб турувчи бўлдик” (Анбиё сураси, 78-83-оятлар).
Муфассирлар бу оятлар тафсирида турли ривоятларни келтирадилар. Қисқача қилиб айтганда, икки киши Довуд алайҳиссалом олдига келишди. Уларнинг бири экинзор эгаси, бошқаси эса қўйларнинг соҳиби эди. Экинзори бор одам Довуд алайҳиссаломга қараб:
– Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Манави одамнинг қўйлари экинзоримни пайҳон қилди, ундан ҳеч вақо қолмади! – деди.
Шунда Довуд алайҳиссалом зарарни қоплаш учун экинзор эгаси қўйларни олиши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди.
Улар Довуд алайҳиссалом ҳузуридан чиқиб кетаётганларида йўлда Сулаймон алайҳиссаломга дуч келишди ва отаси қандай ҳукм чиқарганини хабар беришди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом отаси ҳузурига кириб:
– Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Бу ҳукм сиз чиқарган ҳукм эмас!
– Қандай қилиб?
– Қўйларни экинзор эгасига фойдаланиши учун беринг, экинзорни эса қўйлар эгасига топширинг. Токи у экинзорни аввалги ҳолига қайтарсин. Кейин иккиси бир-бирининг мулкларини қайтаради: экинзор эгаси ерини олади, қўйлар соҳиби эса қўйларини қайтариб олади, – деди Сулаймон алайҳиссалом.
– Ҳукм сен чиқарганинг каби бўлади, эй Сулаймон! – деди Довуд алайҳиссалом .
Юқорида келтирилган оят маъноси қуйидагича: “Эй, карим сифатли Пайғамбар! Сиз Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом қўйлар пайҳон қилган экинзор хусусида ҳукм қилган вақтларини эсланг!
Имом Қуртубий айтади: “Оятда уларнинг ҳукм қилишгани бирга зикр қилинаётган бўлса-да, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом алоҳида-алоҳида ҳолда ҳукм чиқаришган. Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан тушунувчироқ эди ”.
“Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик”.
Яъни, Довуд ва Сулаймон ҳукм чиқараётган нарсаларига гувоҳ эдик, ҳозир эдик. У иккиси айтган бирон нарса Биздан узоқ бўлмаган.
“Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик”.
Яъни, Биз икки киши мурожаат қилган муаммони ҳал қилишда Сулаймонга муносиб ҳукм чиқаришни тушунтирдик.
Уламоларнинг айтишларича, Довуд алайҳиссалом фақат экинзор эгасига эваз қайтариш билан ҳукм чиқарди. Бу ҳам адолатли ҳукм. Бироқ Сулаймон алайҳиссалом чиқарган ҳукм адолат билан бирга обод қилиш, бузилганнинг ўрнини тўлдиришни ҳам ўзида жамлаган эди. Бу ҳукмни Аллоҳ таоло унга илҳом қилди. Буни У зот Ўзи хоҳлаган бандасига беради.
“Биз ҳар иккисига ҳукм – пайғамбарлик ва илм ато этдик”.
Бу ерда Аллоҳ таоло тарафидан Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга мақтов айтилмоқда. Бундан мақсад, Довуд алайҳиссалом ҳукмида тўғри йўл тутмади, деб ўйлаган баъзи кишилардан ёмон гумонларни аритишдир.
Яъни, Биз Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга Ўз ҳузуримиздан нубувват, сўз ва амалда тўғри иш қилишлик, динда фақиҳлик ва ишларни тўғри англаб етиш салоҳиятини бердик.
“Экинзор ва қўй эгаси борасида Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом чиқарган ҳукм ваҳий орқали бўлганми ёки уларнинг ижтиҳодига асосан чиқарилганми?” деган масалада баъзи муфассирлар жуда кўп қавлларни келтиришган. Айрим муфассирлар рожиҳ (тўғрироқ) санаган қавлга кўра, ўша ҳукм иккисининг ижтиҳоди билан бўлган. Бир гуруҳ уламолар: “Довуд ва Сулаймоннинг экинзор масаласида чиқарган ҳукмлари ваҳий орқали бўлган, фақат Сулаймон алайҳиссаломга ваҳий қилинган нарса Довуд алайҳиссаломга ваҳий қилинган ҳукмни насх қилган (яъни, амалдан қолдирган)”, дейишган.
Оят маъносига кўра, уларнинг ҳукми ваҳий билан эмас, ижтиҳод билан бўлган. Бунда Сулаймон тўғри йўл тутган. Ижтиҳод қилгани ва масалани тўғри ечиб бергани учун Аллоҳ уни мақтаган. Довуд алайҳиссалом ҳукм қилишда ижтиҳод қилгани учун мақталган. Унга маломат ҳам, мазаммат ҳам қилинмаган. Аллоҳ таоло “Биз уни Сулаймонга англатдик”, деб Сулаймон алайҳиссалом масалани тўғри ҳал қилгани учун унга мақтов айтмоқда. Кейин “Биз ҳар иккисига ҳукм ва илм ато этдик”, деб ота-бола пайғамбарлар – Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломларни мақтамоқда.
Икки пайғамбарнинг икки хил ҳукм чиқаргани ҳам бу ижтиҳод орқали қилинганини тасдиқлайди.
Экинзор ва қўй эгаси хусусидаги ҳукм зикр қилинганидан кейин, Аллоҳ таоло Ўз фазлу карами ила Довуд алайҳиссаломга ато этган неъматлар эслатилади:
“Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз”.
Яъни, Биз тоғлар ва қушларни Довуд алайҳиссалом билан бирга тасбеҳ айтишлари учун бўйсундирдик.
Ибн Касир айтади: “Бу Довуд алайҳиссаломнинг овози чиройли ва Забурни хуш овозда ўқигани сабабидандир. Довуд Забурни тиловат қилса, осмонда учиб кетаётган қушлар жойида тўхтаб қолиб, унга ижобат қилар, тоғлар ҳам Довуд алайҳиссаломга ижобат қиларди. Шу сабабли ҳам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу кечаси Қуръон ўқигаётганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтганларида, жойларида бироз тўхтаб туриб, қироатга қулоқ тутар ва: “Бу кишига Довуд оиласининг найларидан (яъни, чиройли овозидан) берилган экан!” деб айтардилар ”.
“Кашшоф” муаллифи Маҳмуд Замахшарий айтади: “Нима сабабдан оятда аввал тоғлар, кейин қушлар зикр қилинган?” дейилса, мен айтаманки, тоғларнинг бўйсундирилиши ва тасбеҳ айтиши ажиброқдир, Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчироқ ва мўъжиза бўлишига яқинроқдир. Тоғлар жонсиз нарса. Қушлар эса жонзотдир. Фақат уларда тил-забон йўқ. Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссалом тасбеҳ айтиб тоғлар олдидан ўтса, улар Довудга жавоб қайтаришар экан. Довуд қаерга борса, улар ҳам бирга юришар экан ”.
Тоғлар ва қушларнинг Довуд алайҳиссаломга қўшилиб тасбеҳ айтишлари ҳақиқий тасбеҳдир. Лекин бунинг қандай эканини фақат Аллоҳ билади. У Зот шундай деган: “Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзотлар (Аллоҳга) тасбеҳ айтади. Мавжуд бўлган барча нарса (Аллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни тасбеҳ айтади. Лекин сизлар (эй инсонлар,) уларнинг тасбеҳларини тушунмайсизлар” (Исроъ сураси, 44-оят).
Юқоридаги оят маъносига мувофиқ келадиган бошқа оятлар ҳам бор:
“Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғамбарлик) ато этдик ва дедик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!” Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик” (Сабаъ сураси, 10-оят).
“(Эй Муҳаммад,) Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз – (тоат-ибодатда ва сабр-қаноатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир. Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик” (Сод сураси, 17-19-оятлар).
Довуд алайҳиссалом билан бирга тоғлар ва қушлар тасбеҳ айтиши зикр қилинганидан кейин инсониятга берилган бошқа неъмат эслатилади.
“Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилувчимисиз?”
Яъни, Биз Довудга берган неъматларимиздан бири шуки, унга ўз даргоҳимиздан моҳирлик билан совут ясашни ўргатдик. Бу либослар сизларни жанг майдонида омон сақлайди, қилич зарбидан соҳиби саломат қолишига, камон ўқларидан омон чиқишига сабаб бўлади. Бас, шундай экан, сизлар бунинг учун Аллоҳга шукр қилинглар ва ўша неъматларни Унинг розилиги йўлида ишлатинглар!
Қуртубий ёзади: “Бу оятда саноат (касб-ҳунар) ва сабабларни қўллаш учун асос бор. Бу ақл-идрок эгаларининг гапидир. “Бу заифлар учун жорий қилинган”, деб айтадиган жоҳиллар гапи эмас. Сабабларни юзага келтиришни Аллоҳ махлуқотларига тақдир қилган. Ким бунга қарши чиқса, Китоб ва суннатга қарши чиққан бўлади. Аллоҳ таоло хабар беришича, Довуд алайҳиссалом совут ясар, ўз меҳнати орқасидан тирикчилик қиларди. Шунингдек, Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Луқмон тикувчи, Толут тери ошловчи эди. Касб-ҳунар сабабидан инсон ўзини одамлардан беҳожат қилади, ўзидан зарар ва шикастларни узоқ қилади. Ҳадисда айтилаганидек, Аллоҳ иффатини сақлайдиган меҳнаткаш мўмин бандани яхши кўради. Хиралик билан одамларни нарса сўрайдиган кимсани хушламайди ”.
Шундай сўнг Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган неъматлар зикр қилинади:
“Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб,) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга эсадиган (қилиб қўйдик)”.
Яъни, Сулаймон учун шамолни қаттиқ эсадиган қилиб қўйдик. Биз тоғлар ва қушлар унинг отаси билан тасбеҳ айтадиган қилиб қўйгандик.
Ўта кучли шамолни Сулаймоннинг амри билан Биз тарафдан муборак қилиб қўйилган Шом диёрига эсадиган қилиб қўйдик.
Бу оятда Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган шамол қаттиқ эсиши айтилмоқда. Сод сурасининг 36-оятида унинг майин эсиши айтилган. Балки Сулаймонга бўйсундирилган шамол Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан баъзида қаттиқ, баъзида майин эсган бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
“Биз барча нарсани Билувчимиз”.
Яъни, Биз борлиқда бўлаётган ҳар бир нарсани билиб турамиз. Бизнинг илмимиз махлуқотларимизникига ўхшамайди. Аллоҳнинг илми мутлоқдир. Махлуқотлар билган нарса чегараланган.
Ушбу жумлада Аллоҳ таоло Ўз илми билан ҳамма нарсани қамраб олгани айтилмоқда ва Сулаймон алайҳиссаломга берилган неъматлар ҳам Аллоҳнинг иродаси ва илми билан бўлгани таъкидланмоқда.
“Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни қўриқлаб турувчи бўлдик”.
Яъни, Биз Сулаймонга сув остига тушиб, ундаги гавҳар, маржон ва дурларни олиб чиқадиган жинларни яратдик. Улар бу ишни ўзларининг манфаатлари учун қилмасдилар. Балки фақат Сулаймон алайҳиссалом фойдасига хизмат қилардилар.
“Ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик)”.
Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган жинларнинг вазифаси фақат сув остига шунғиб, қимматбаҳо тошларни олиб чиқиб бериш эмас эди. Улар Сулаймон амри билан бундан бошқа жуда кўп ишларни, жумладан, шаҳар ва қасрлар қуриш, ҳайкаллар ва меҳроблар ясаш билан ҳам машғул эдилар. Бу ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйганмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўямиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берадилар. (Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир” (Сабаъ сураси, 12-13-оятлар).
Аллоҳ таоло ояти каримани қуйидаги қавли билан тамомлайди:
“Ва Биз уларни қўриқлаб турувчи бўлдик”.
Яъни, Биз бу жинларни Сулаймон амридан чиқиб кетмасликлари, ўзларига буюрилган ишдан бош тортмасликлари учун кузатиб-қўриқлаб турувчи бўлдик.
Сабаъ сурасида Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга берган бошқа неъматлари ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик ва дедик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!” Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик:) “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин!” (Эй Довуд хонадони,) яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчиман”. Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйганмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўямиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берадилар. (Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган ер жонивори (қурти) далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлардилар” (Сабаъ сураси, 10-14-оятлар).
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга жуда кўп улуғ неъматларни: фазл, барака ва буюк салтанатни ато қилган эди.
Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик ва дедик: “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!”
Яъни, Биз Довудга улуғ марҳамат кўрсатдик ва:
– Эй тоғлар, Довуд билан бирга Бизга тасбеҳ айтинглар, Бизни пок деб ёд этинглар, Бизга мақтовлар айтинглар, – дедик.
Ибн Касирга кўра, Довуд алайҳиссалом тасбеҳ айтганида у билан бирга пурвиқор тоғлар, самода учиб юрган қушлар, турфа тилларда тасбеҳ айтарди .
Маҳмуд Замахшарийга кўра, бу оятда тоғлар худди ақл соҳиблари сингари ўзларига амр қилинган буйруққа бўйсунувчи, эшитган нарсасига итоат этувчи ва ижобат қилувчи сифатида васф қилинмоқда. Бу шунга далолат қиладики, ҳайвонми, тоғу тошларми, гапирадими ёки йўқ, барчаси Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниши, Унинг иродасига қарши бора олмаслигига ишорадир .
“Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик”.
Яъни, Биз Довуд учун қаттиқ темирни хамирдек юмшоқ қилиб қўйдик. У темирни оловда қиздирмай туриб, болға билан урмасдан ҳам истаган шаклига кирита оларди.
(Ва унга дедик:) “Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин!”
Яъни, Биз Довуд учун темирни юмшоқ қилиб бердик ва унга:
– Эй Довуд, мустаҳкам ва пишиқ совутлар ясагин, уларга яхшилаб ишлов бер, кўриниши мукаммал бўлсин! – дедик.
Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссаломгача бўлган даврда ясалган совутлар инсон танасини сиқиб қўяр, натижада жанг майдонида кўзланган мақсадга эришиб бўлмасди. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга танани сиқиб қўймайдиган, ўқ ва қилич тешиб ўтолмайдиган мустаҳкам совут ясашни илҳом қилди.
Шундай кейин Довуд алайҳиссалом ва оиласи солиҳ амаллар қилишга буюрилади:
(Эй Довуд хонадони,) яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчиман”.
Яъни, сизлар Мени рози қиладиган солиҳ амалларни қилинглар. Зеро, Мен қилаётган ҳар бир амалингизни кўриб-билиб тураман. Қиёмат куни сизларни ҳисоб қиламан.
Қуртубий ёзади: “Ушбу оятда фазл аҳлининг касб-ҳунар ўрганиши яхши экани, бирон ҳунар билан шуғулланиш уларнинг шарафларини тушириб қўймаслигига далолат қилинган. Балки бу нарса уларнинг фазлларига фазл қўшади. Фазл аҳлининг қўл меҳнати билан шуғулланиши уларнинг камтарин  ва одамлардан беҳожат бўлишларини таъминлайди. Ҳалол касб орқали топилган даромад миннатдан холидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинишича, кишининг ўз қўл меҳнати билан топганидан ейиши энг яхшисидир Албатта Аллоҳнинг пайғамбари Довуд қўл меҳнати орқасидан кун кўрар эди ”.
Аллоҳ Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссаломга бошқа неъматларни ато қилган эди. Бу ҳақида шундай дейилган:
“Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик)”.
Яъни, Биз Сулаймон алайҳиссаломга шамолни бўйсундириб қўйдик. Ўша шамол Сулаймон амри билан эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик йўлни босиб ўтарди. Бу шамол шундай тез эсардики, одамлар бир ойда босиб ўтадиган йўлни бир зумда босиб ўтарди.
“Ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик”.
Яъни, Довудга темирни юмшоқ қилганимиз каби, Сулаймонга мисни эритиб бердик. У ўша мис булоғини ўз ҳожатларига ишлатарди. Бу Бизнинг фазлу марҳаматимиз ва қудратимиз нишонасидир.
“Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйганмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўямиз”.
Яъни, Биз Сулаймонга жинларга бўйсундириб қўйдик. Улар Сулаймон хизматида эдилар. Агар улардан биронтаси Сулаймонга итоат этишдан бўйин товласа, Биз унинг бошига аламли азобни ёғдирамиз. Натижада у дунё ва охиратда хор бўлади.
Шундай сўнг жинлар Сулаймон алайҳиссалом учун қандай ишларни бажаришлари келтирилади:
“Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берадилар”.
Қуртубийга кўра, ҳайкаллар ҳайвон ёки бошқа шаклларда ясалган. Улар ойна, мис ва мармардан бўлган. Зикр қилинишича, ўша пайғамбарлар ва уламолар ҳайкали бўлган. Одамлар кўриб, ибодат ва ихлослари зиёда бўлиши учун ҳайкаллар ясалиб масжидларга қўйилган. Бу шунга далолат қиладики, бу иш Сулаймон алайҳиссалом замонида мубоҳ (мумкин) бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари билан насх қилинган .
Юқорида келтирилган оят маъноси қуйидагича: жинлар Сулаймон алайҳиссалом хоҳишига кўра, масжидлар ва қасрлар, турли сурат ва ҳайкаллар, жуда катта ҳажмли лаганлар, оғирлигидан жойида мустаҳкам турувчи катта-катта қозонлар ясашарди.
“(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир”.
Яъни, Биз Сулаймон алайҳиссаломга мана шу неъматларни ато этдик. Кейин унга ва оиласига:
– Эй Довуд оиласи, сизларга қилинган яхшиликлар эвазига солиҳ амаллар қилинглар, Менга шукр қилинглар! – дедик.
Шукрнинг моҳияти бирон неъматни Аллоҳ берганини тан олиб, У Зотга ҳамду санолар айтиш ва Аллоҳ берган ўша неъматларни фақат Ўзи рози бўладиган жойларга ишлатишдир.
Шукрли банда Парвардигори неъматларини эътироф этиб, Холиқига туну кун мақтовлар айтади, қалби, тили ва тана аъзолари билан Аллоҳга шукр қилади.
Шундан кейин Сулаймон алайҳиссаломнинг вафоти билан боғлиқ бир воқеа ҳақида сўз юритилади:
“Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган ер жонивори (қурти) далолат қилди”.
Сулаймон алайҳиссалом хизматини бажариб турган жинлар унинг вафот этганини билишмади. Шу сабаб, машаққатли ишларида давом этишди. Қачонки ёғочларни кемирувчи қурт Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони еб битирганидан сўнг улуғ пайғамбар ерга қулаб тушди. Унинг ўлимига фақат ёғоч ейдиган қурт далолат қилди. Унгача жинлар Сулаймон фоний дунёни тарк этганини билишмаганди.
“Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлардилар”.
Агар баъзи жинлар даъво қилганидек, улар ғайбдан воқиф бўлганларида, Сулаймон алайҳиссалом олдинроқ вафот этганини билар, у буюрган машаққатли хизматлардан озод этилган бўлишарди.
Ибн Касир айтади: “Аллоҳ таоло ушбу оятда Сулаймон алайҳиссаломнинг вафоти ва жинлар бундай бехабар қолиб, анча вақтгача оғир меҳнатда қийналишганини хабар қилмоқда. Сулаймон вафотидан кейин тахминан бир йилгача ҳассасига суяниб турган. Ёғоч қурти унинг ҳассасини еб битиргач, Сулаймон ерга қулаб тушган. Жинлар шундагина Сулаймон анча олдин вафот этганини билиб қолишган. Шундай кейин маълум бўлдики, жинлар ва инсонлар ўйлаганидек, жинлар ғайбни билишмас экан ”.
Сод сурасида Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом ҳақида турфа хил маълумотлар келган. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад,) Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Бизнинг бандамиз – қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир. Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Ва тўпланувчи бўлган қушларни ҳам (тасбеҳ айтадиган қилиб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари қайтувчидир. Яна Биз унинг мулку давлатини кучли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб ато этдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга жанжаллашувчи – даъволашувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, (Довуд) улардан қўрқиб кетди. Улар дедилар: “Қўрқмагин. (Бизлар) бир-биримизга зулм қилган икки даъволашувчимиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ – адолат билан ҳукм қилгин ва жабр қилмагин ҳамда бизларни текис – тўғри йўлга бошлагин”. (Даъвогарлардан бири деди:) “Дарвоқеъ, мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: “Ўшани менга топширгин”, деди ва мени бу сўзда – жанжалда енгиб қўйди. (Довуд) деди: “Дарҳақиқат, у сенинг совлиғингни сўраб ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди. Дарвоқеъ, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қиладилар. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздир”. Довуд Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират қилишни сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди. Бас, Биз уни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибати бордир. Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен одамлар орасида ҳақ билан ҳукм қилгин ва хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздиради. Албатта Аллоҳнинг йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир” (Сод сураси, 18-26-оятлар).
“Сиз улар айтаётган сўзларга сабр қилинг...” деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинмоқда.
Яъни, эй карим сифатли Пайғамбар, сиз душманларингиз томонидан ўзингиз ва динингиз ҳақида айтилаётган турли гапларга сабрли бўлинг. Сизни “сеҳргар”, “мажнун”, “коҳин”, “шоир”, дедилар. Қуръони каримни “аввалгилардан қолган асотирлар”, дедилар. Сиз буларнинг барига сабрли бўлинг! Зеро, сабр ютуқ калитидир. Жоҳил қавмнинг қилиқларига сабр қилиш сиздан аввал ўтган пайғамбарлар шиори эди.
“Ва Бизнинг бандамиз – қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Аллоҳ ўрталарингизда ҳукм қилгунича қавмингиздан етган озорларга сабр қилинг ва собитқадам бўлишингиз учун бандамиз Довуд алайҳиссалом ҳолини эсланг. У Бизга ибодат қилишда, итоат этишда, Аллоҳнинг душманларидан ғолиб келишда қувватли эди. Довуд Бизни рози қиладиган амалларга қайтувчи эди.
“Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик”.
Яъни, Биз қудратимиз билан тоғларни Довудга бўйсундириб қўйдик. Улар кечки пайт ва эрталаб Довуд билан бирга тасбеҳ айтишар эди.
Оятда “у билан бирга” дейилишидан, тоғлар тасбеҳ айтишда Довуд алайҳиссаломга иқтидо қилишгани маълум бўлади. Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога тасбеҳ айтганида тоғлар ҳам унинг ортидан тасбеҳни такрорлашган.
Тоғларнинг қандай тасбеҳ айтишини фақат Аллоҳ билади. Бандалар буни тасдиқлайдилар, холос. Бошқа бир оятда келтирилишича, етти осмон, ер ва улардаги нарсалар Аллоҳга эртаю кеч тасбеҳ айтиб туради. Аммо инсонлар уларнинг тасбеҳини тушунмайди .
Аллоҳ таоло тасбеҳ айтиш вақтини кечки пайт ва эрталаб билан хослашидан, бу вақтларда зикр қилиш фазилатли экани маълум бўлади.
“Ва тўпланувчи бўлган қушларни ҳам (тасбеҳ айтадиган қилиб қўйдик. Тоғлар ва қушларнинг) барчалари қайтувчидир”.
Яъни, Биз тоғларни Довуд алайҳиссалом билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундирдик. Қушлар ҳам у билан қўшилиб тасбеҳ айтарди.
Оятда “тўпланувчи бўлган қушлар” дейилишидан маълум бўлмоқдаки, айрим турдаги қушлар Довуд алайҳиссалом билан тасбеҳ айтиш учун бир ерга тўпланганлар эканлар.
“Барчалари қайтувчилар” жумласи икки хил изоҳланган:
1. Тоғлар ҳам, қушлар ҳам Довуднинг тасбеҳи учун қайтувчи эдилар.
2. Довуд алайҳиссалом, тоғлар ва қушлар – барчалари кўп тасбеҳ айтиш билан Аллоҳга қайтувчилар.
“Яна Биз унинг мулку давлатини кучли қилдик ва унга ҳикмат ҳамда аниқ-равшан хитоб ато этдик”.
Яъни, Биз Довудга пайғамбарлик, кенг илм, солиҳ амал ва чиройли мантиқ, ҳақ билан ботил орасини ажратувчи балоғатли нутқ ато этдик.
“(Эй Муҳаммад,) Сизга жанжаллашувчи – даъволашувчи (икки жамоат) хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, (Довуд) улардан қўрқиб кетди”.
Бу ердаги савол таажжубланиш ва нафсни ўзидан кейинги нарсани билишга қизиқтириш учундир.
“Меҳроб” Довуд алайҳиссалом Аллоҳга ибодат қилиш ва зикр тасбеҳ айтиш учун ўтирадиган жойдир.
Яъни, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Сизга бир-бири билан даъволашувчи икки кишининг хабари келдими? Улар Довуд алайҳиссалом ибодат қилаётганида хонасига рухсатсиз киришдилар. Довуднинг улар келишидан хабари йўқ эди.
Эй Муҳаммад, агар сизга мазкур хабар келмаган бўлса, у ҳолда Биз уни Сизга баён қиламиз.
“Ўшанда улар меҳробга чиқишиб, Довуднинг олдига киришган эди, (Довуд) улардан қўрқиб кетди”.
Яъни, ўша икки киши меҳробдан ошиб ўтиб, Довуд алайҳиссалом олдига киришгач, Довуд бундан қўрқиб кетди. Чунки улар эшикдан келмагандилар. Устига-устак одамлар билан учрашиш ва ҳукм қилиш учун белгиланган вақтда эмас, айнан ибодат соатларида келишганди.
Бундан ғайриоддий нарсани кўрган ҳар қандай одам қўрқиб кетиши табиий.
Шундай сўнг Довуд алайҳиссаломдаги қўрқув аломатини кўрган икки даъвогар унга айтган сўзлари келтирилади:
“Қўрқмагин. (Бизлар) бир-биримизга зулм қилган икки даъволашувчимиз. Бас, сен бизларнинг ўртамизда ҳақ – адолат билан ҳукм қилгин ва жабр қилмагин ҳамда бизларни текис – тўғри йўлга бошлагин”.
Яъни, Довуд алайҳиссалом олдига бевақт келган икки киши улуғ пайғамбарга юзланиб:
– Биздан қўрқма! Биз бир-бирига зулм қилган икки даъволашувчи кишимиз. Ўртамизда адолат билан ҳукм қил, биронтамизга ён босма. Бизни ҳақиқат ва адолат йўлига бошла! – деб илтимос қилдилар.
Шундан сўнг ўз муаммоларини айта кетдилар:
“(Даъвогарлардан бири деди:) “Дарвоқеъ, мана бу менинг биродарим бўлиб, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: “Ўшани менга топширгин”, деди ва мени бу сўзда – жанжалда енгиб қўйди”.
Бундаги “биродарлик”дан мурод диндаги ёки насабдаги биродарликдир.
Яъни, олдимда ўтирган манави менинг биродарим бўлади. Унинг тўқсон тўққизта қўйи бор. Менинг бир донагина қўйим бор. У менинг мана шу бир дона қўйимга ҳам таъма қилиб, “Уни менга топшир, менга мулк бўлсин”, деди ва баҳсда мендан ғолиб келди. Сабаби, у кучлироқ ва тили бурродир.
Довуд алайҳиссалом бунга жавобан шундай деди:
“Дарҳақиқат, у сенинг совлиғингни сўраб ўз совлиқларига (қўшиб олиш) билан сенга зулм қилибди”.
Яъни, Довуд алайҳиссалом даъвогарнинг сўзларини эшитгач ва гапи тўғрилигини тасдиқлангач:
– Аллоҳга қасамки, агар сен даъво қилаётган нарса ҳақ бўлса, у ҳолда биродаринг биргина қўйингни ўзининг қўйларига қўшиб олишни сўраш билан сенга зулм қилибди! – деди.
Биз айтамизки, Довуд алайҳиссалом икки тарафнинг сўзини эшитиб, даъвогарнинг гапи тўғрилиги ҳақида ҳукм чиқарди. Маълумки, қози баҳслашаётган томонлар гапини эшитганидан кейингина адолатли ҳукм чиқариши мумкин. Фақат бир тарафнинг даъвоси билан ҳукм қилиб бўлмаслиги маълум ва машҳурдир.
Қуръони каримда Довуд алайҳиссалом иккинчи тараф сўзини эшитгани айтилмаган. Сабаби, бу ҳамма шариатларда маълум бўлган нарса.
Шундан сўнг Довуд алайҳиссалом гапини давом эттириб деди:
– Дарвоқеъ, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қиладилар. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина (зулм қилмаслар. Аммо) улар жуда оздир.
Яъни, Довуд алайҳиссалом шикоят қилувчига тасалли бериш учун:
– Кўп шериклар бир-бирига зулм қиладилар, бир-бирининг молига кўз тикадилар. Фақат Аллоҳга имон келтирганлар бундай қилмайдилар. Чунки уларнинг имонлари бақувват. Улар Аллоҳ рози бўлмайдиган ҳар қандай ишдан узоқ юрадилар. Бироқ шерикчиликда ва ҳукм қилишда адолат билан иш олиб борувчи мухлис мўмин бандалар сони жуда камдир.
Шу билан Довуд алайҳиссалом икки басҳлашувчи ўртасида адолат билан ҳукм қилди, ҳақни юзага чиқарди, ботилни инкор қилди.
Шундан кейин икки киши орасида ҳукм қилган Довуд алайҳиссалом хаёлига келган нарса ҳақида хабар берилади:
“Довуд Биз уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират қилишни сўради ва (саждага) эгилган ҳолида йиқилиб, тавба-тазарруъ қилди”.
Яъни, Довуд алайҳиссалом олдига кирган икки кишининг мақсади тажовуз қилиш деб ўйлади ва Аллоҳ уни имтиҳон қилаётганини билди. Кейин бу гумони тўғри эмаслигини билиб, Аллоҳга сажда қилган ҳолида йиқилди ва хушу билан Аллоҳга тавба-тазарру қилди.
“Бас, Биз уни мағфират қилдик. Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибати бордир”.
Абу Довуд алайҳиссалом ҳузурига келган икки кишини тажовуз қилиш ниятида келишган бўлса керак, деб ўйлади. Улар Довуд алайҳиссалом ўрталарида адолатли ҳукм чиқариши учун келганларини билганидан кейин Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилди ва Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, Довуд алайҳиссалом учун Аллоҳ даргоҳида улуғ мақом ва чиройли оқибат, жаннат бордир.
Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги хитоби билан якунланади:
“Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик”.
Яъни, Бизни сени Ўз фазлимиз билан одамларни ҳақ йўлга бошлашинг ва улар ўртасида адолат ўрнатишинг учун сени ер юзида ўринбосар қилдик.
“Бас, сен одамлар орасида ҳақ билан ҳукм қилгин ва хоҳишига эргашиб кетмагин!”
Яъни, шундай экан, одамлар ўртасида Аллоҳ сенга амр қилганидек ҳақ ила ҳукм қил. Ҳар қандай ҳолатда шундай йўл тут. Нафс шаҳватларига итоат этма. Зеро, нафс фақат ёмонликка буюради.
“Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздиради. Албатта Аллоҳнинг йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир”.
Ҳавойи нафсларига эргашиб одамларни ҳақ йўлдан адаштирадиган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Унинг миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Одамларни йўлдан оздирадиганлар ҳисоб кунини унутган ва ўша куни Аллоҳ бандаларига муносиб тарзда мукофот ё жазо беришини инкор қилувчи кишилардир.
Уламолар юқоридаги оятлардан кўплаб ҳукмлар ва хулосаларни чиқаришган. Жумладан:
1. Довуд алайҳиссаломнинг Аллоҳ даргоҳида улуғ мартаба соҳиби экани. Ушбу қисса аввалида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродарлари Довуд алайҳиссалом қиссасини зикр қилишни амр қилган. Бундан мақсад, Муҳаммад алайҳиссаломни Қурайш қавмидан етган азиятларга сабр қилишга ундаш ва у зотга тасалли беришдир.
Кейин Довуд алайҳиссалом динда қувватли экани, Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилишда ғайратли бўлгани айтилиб, унга берилган неъматлар санаб ўтилади.
Қисса сўнггида Довуд алайҳиссаломга мақтов айтилиб, у ер юзида ўринбосар экани, Аллоҳ даргоҳида мақоми баландлиги айтилади.
Бухорий “Тарих”да нақл қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Довуд алайҳиссаломни эслаган вақтларида: “У инсониятнинг энг обиди эди”, деб айтганлар.
2. Довуд алайҳиссалом олдига девор ошиб тушган икки даъвогар қиссаси ҳақиқийдир. Улар қўйлар борасида келишолмай қолишганди. Улар Довуд алайҳиссалом олдига эшикдан эмас, балки девор ошиб тушишди ва Довуд алайҳиссаломнинг улардан ҳадиксирашига сабаб бўлишди. Бу ҳолни кўрган Довуд улардан ёмон гумон қилди, тажовузкор одамлар деб ўйлади. Иккиси Довуддан ўрталарида адолатли ҳукм қилишини сўраб келишганини билгач, Довуд алайҳиссалом Аллоҳга истиғфор айтди ва Парвардигор уни мағфират қилди.
Баъзи муфассирлар Довуд алайҳиссалом меҳробига девор ошиб тушган икки киши ҳақидаги қиссада соғлом ақл қабул қилмайдиган мункар ривоятларни келтиришган. Жумладан, Табарий ва бошқалар нақл қилишича, Довуд алайҳиссалом меҳробда намоз ўқиётганида, деразадан ташқарига қараб, бир гўзал аёлни кўриб қолади. Ўша аёл олдига одам юбориб, уни ҳузурига келтиришади. Довуд ундан турмушга чиқишни сўрайди. Бироқ аёл унинг “Уриё” исмли эри борлиги, ҳозир душман билан жанг қилаётганини айтади. Довуд алайҳиссалом қўшин бошлиғига Уриё ғанимга нишон бўлиши учун уни олдинги қаторга ўтказишни буюради. У жангда ҳалок бўлганидан кейин Довуд ўша аёлга уйланади .
“Ал-кашшоф” муаллифига кўра, Довуд алайҳиссалом Уриёни жангда олдинги қаторда ўтказиш билан қатл қилишни буюрмаган. Балки ундан аёлидан воз кечишни сўраган. Бас, унинг аёли Уриёдан кўра Довудни афзал билган ...
Кўриниб турибдики, бу гапларнинг барчаси ҳақиқатдан йироқдир. Уни нақл ҳам, ақл ҳам қабул қилмайди. Мўмин банда бундай хабарларни тасдиқлаши тўғри эмас.
Бу каби хабарларнинг биронтаси саҳиҳ йўл билан нақл қилинмаган. Балки ёлғон хабар экани собит бўлган.
Ибн Касир айтишича, бундай хабарларнинг кўпи исроилиётлардир ва барчасининг санади заиф .
Суютий айтади: “Довуд алайҳиссаломга ёқиб қолгани айтилаётган аёл ҳақидаги қиссани Ибн Абу Ҳотим Анасдан марфуъ тарзда ривоят қилган. Унинг санадида Ибн Лаҳийъа бор. Унинг ҳоли маълум. Ибн Лаҳийъа буни Ибн Сахордан, у Зайд Риқошийдан ривоят қилган. Зайд заиф ровийдир.
Биқоъий шундай деган: “Бу ва шунга ўхшаш қиссалар яҳудийларнинг ёлғон хабарларидир. Улардан мусулмон бўлганлари менга хабар қилдики, яҳудийлар Довуд алайҳиссалом шаънига атайлаб бўҳтон тўқийдилар. Сабаби, Исо алайҳиссалом унинг зурриётидир. Агар улар Довуд шаънини булғасалар, Исо алайҳиссаломга таъна қилишга йўл очилади ”.
Демак, бундай қисса ва қавллар нақл жиҳатидан саҳиҳ эмас. Чунки уларниг ровийлари заиф ва исроилиётлардан нақл қилинган.
Ривоят қилинишича, Али ибн Абу Толиб шундай деган: “Ким Довуд ҳақида қиссачилар айтаётган гапларни айтса, унга 160 дарра урдираман. Бу пайғамбарларга туҳмат қилишнинг жазосидир ”.
Довуд ҳақида келтирилган қисса ақл жиҳатидан ҳам тўғри эмас. Ахир Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломни Қуръонда мақтаган. У зотга бўҳтон қиладиганлар гапига қараганда, Довуд бир аёлга ошиқ бўлиб, ҳийла йўли билан эрини ўлдириб юборган экан. Кейин уни ўз никоҳига олган эмиш!
Бундай ишдан пайғамбар бўлмаган оддий одамларнинг ҳам кўпи сақланадилар. Пайғамбардек шарафли зот бундай номаъқул ишни қилиши мумкинми?
3. Баъзи муфассирлар зикр қилишича, Довуд алайҳиссаломнинг истиғфорига икки хусуматчидан бириниг гапини эшитиб ҳукм чиқаргани сабабдир. Бизнингча, бу гап ҳақиқатдан йироқ. Чунки бу Довуд алайҳиссалом мартабасига тўғри келмайди. Аллоҳ таоло унга ҳикмат ва балоғатли нутқ ато қилганди. Ҳукм қилиш бобида шу нарса маълум ва машҳурки, қози икки тарафнинг даъво ва шикоятларини эшитганидан кейингина ҳукм чиқаради. Довуд алайҳиссалом борасида бундай фикрларни айтиш тўғри эмас.
Бизнингча, девор ошиб тушган икки кишини тунаш ниятида деб ўйлаши Довуд алайҳиссаломнинг истиғфорига сабаб бўлган. Довуд алайҳиссалом улар адолатли ҳукм талабида келганларини билгач, Аллоҳга истиғфор айтган.

* * *

Сод сурасида Сулаймон алайҳиссаломга берилган неъматлар, унинг Аллоҳга илтижо қилиши, Парвардигоридан мағфират сўраши ҳақида баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
“Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир. Эсланг, унга кечки пайт гижинглаб тутувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. Бас, у деди: “Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто парда ортига беркинибди. У (от)ларни менга қайтаринглар-чи!” Бас, у оёқ ва бўйинларини силашга киришди. Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир (жонсиз) жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб деди: “Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қил ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя эт. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина ҳадя этувчисан”. Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйсундирдик. Яна барча бино қилувчи ва ғаввос шайтонларни (унга бўйсундирдик). Бошқаларни эса кишанлар билан боғланган ҳолга солдик (ва Сулаймонга дедик:) “Мана бу Бизнинг ато этган нарсаларимиз. Бас, сен бергин ёки бермагин, ҳисоб-китоб қилинмас”. Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир” (Сод сураси, 30-40-оятлар).
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Сулаймон алайҳиссаломни ато қилди. Сулаймон алайҳиссалом динида, хулқу одобида ва Аллоҳга шукр қилишда ўрнакдир. У қандай ҳам яхши банда?! Сулаймон Аллоҳни рози қилувчи амалларга қайтувчидир.
“Эсланг, унга кечки пайт гижинглаб тутувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди”.
Яъни, эй оқил банда, Сулаймон алайҳиссаломга кечки пайт жуда чиройли ва учқур отлар кўрсатилганини эсла!
Бас, у: “Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто парда ортига беркинибди”, деди.
Яъни, Сулаймон алайҳиссалом отларни кўздан кечирар экан:
– Мен Аллоҳга итоат этиб, динига нусрат бериш учун шу учқур отларни кўздан кечириб, уларни Аллоҳ йўлида жангга тайёрлашни хуш кўрибман. Ҳатто кеч кириб, қуёш ботибди, деди.
“У (от)ларни менга қайтаринглар-чи!”, деди. Бас, у оёқ ва бўйинларини силашга киришди.
Яъни, Сулаймон аскарларига:
– Учқур отларни менга қайтаринглар! Уларни яна бир кўздан кечирай! – деди.
Сулаймон амри бажо келтирилгач, отларнинг оёқлари ва бўйинларини силай бошлади. Сулаймон Аллоҳ йўлида жанг қилишга шу отлар ёрдам бергани учун уларни яхши кўрди.
Мана шу, қалб таскин топадиган тафсирдир. Чунки бунда пайғамбарлар алайҳисмуссалом шаънига нолойиқ гаплар йўқ.
Аммо баъзи муфассирлар қуйидаги ривоятга суяниб, бошқача йўл тутишган. Айтишларича, Сулаймон алайҳиссалом отларини кўздан кечириб, қуёш ботганини билмай қолган ва аср намозини ўқиёлмаган. Бундан қаттиқ қайғурган Сулаймон ўзини Аллоҳнинг зикридан чалғитган отларнинг оёқлари ва бўйинларига қилич уриб, шу йўл билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилган.
Ибн Аббос ва аксар муфассирларга кўра, Сулаймон алайҳиссалом отларнинг оёқлари ва бўйинларига қилич урган .
Имом Фахриддин Розий оятни бундай тафсир қилишга рози бўлмаган. Унга кўра, “парда ортига беркинибди”, деган жумла “отлар”га тегишли. Сулаймон алайҳиссалом отларга қилич урмаган, балки уларни яхши кўриб, оёқлари ва бўйинларидан силаган.
Имом Розий шундай дейди: “Қўшинни жангга ҳозирлаш Сулаймон алайҳиссалом динида мандуб бўлган. Шунингдек, Исломда ҳам бу иш жорий қилинган. Сулаймон отларни жангга ҳозирлаган ва учқур отларни дунё учун эмас, фақат Аллоҳ амрини бажариш, динини қувватлаш учун учун яхши кўришини билдирган. Кейин отларни ҳозирлаш ва жиҳозлашга амр қилганида, отлар кўздан ғойиб бўлган. Сулаймон отларнинг мураббийларига уларни ўз ҳузурига олиб келишни амр қилган. Амри бажо келтирилгач, Сулаймон уларнинг оёғи ва бўйнидан силаган. Бундан мақсад душманни даф қилишда мана шу отлар асосий ёрдамчи эканини билдириш ва уларни эъзозлашдир. Бундан яна бир мақсад шуки, Сулаймон отлар ва уларнинг касалликларидан хабардор бўлган. У оёқлари ва бўйинларини силаб, ҳайвонларнинг қайси бирида касаллик борлигини аниқлаган ”.
Баъзи уламолар Ибн Ҳазмдан нақл қилиб шундай дейишган: “Сулаймон алайҳиссалом уни намоздан чалғитгани учун отларни ўлдиргани тўқиб чиқарилган хурофотдир. Бу қавлда отларни сабабсиз ўлдириш, манфаат олинадиган молни бирон сабабсиз зое қилиш, пайғамбардек улуғ зотга намозни тарк қилиш айбини тақаш, ўз хатоси деб айбсиз отларни жазолаш камчилиги бор ...”
Хулоса шуки, жумҳур муфассирлар айтганидек, Сулаймон алайҳиссалом отларни деб аср намозидан чалғимаган, уларнинг оёқлари ва бўйинларига қилич урмаган. Бунинг бирон саҳиҳ далили ҳам йўқ, соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.
Имом Фахриддин Розий ва Ибн Ҳазм томонидан қилинган тафсир, бизнинг наздимизда, мақбулдир.
Шундан сўнг Сулаймон алайҳиссаломнинг имтиҳон қилиниши ҳақида сўз юритилади:
“Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир (жонсиз) жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарруъ қилиб...”
Алусий айтишича, Сулаймон алайҳиссалом: “Мен бир кечада хотинларимдан етмиш нафари билан яқинлик қиламан. Улардан ҳар бири Аллоҳ йўлида ҳаракат қиладиган бир жангчини дунёга келтиради”, деб аҳд қилди, бироқ: “Иншааллоҳ”, демади. Бас, Сулаймон алайҳиссалом аёллари билан яқинлик қилди. Аммо бор-йўғи биргина аёли ундан ҳомиладор бўлди. Унинг ҳам боласи чала туғилди.
Буни икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилишган.
Оятда келтирилган “жасад”дан мурод, Сулаймон алайҳиссалом хотини туққан чала боладир. Доя хотин уни олиб келиб, Сулаймон кўриши учун яримта болани унинг курсисига ташлайди .
Зикр қилинишича, Сулаймон алайҳиссалом яхшилик умидида: “Хотинларимдан ҳар бири Аллоҳ йўлида ҳаракат қиладиган бир отлиқ аскарга ҳомиладор бўлади”, деб айтган ва солиҳ зурриёт илинжида ҳаракат қилган.
Бироқ Сулаймон алайҳиссалом тили билан “Иншааллоҳ”, яъни, “Агар Аллоҳ хоҳласа, шундай бўлади”, демади. Бу гапни унутди. Шу сабаб, Сулаймон алайҳиссалом унутишни истиғфор айтишга лойиқ деб билиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўради.
Уламолар айтишича, Сулаймоннинг имтиҳон қилиниши ўзи истаган ишни Аллоҳнинг иродасига боғлашни тарк қилганидир. Бунинг “жазо”си ўлароқ, у ниятига ета олмади (яъни, етмиш нафар хотиндан Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи фарзанд кўра олмади).
Фикримизча, оятни мана шундай тафсир қилиш тўғрироқдир. Чунки бу тафсир “Саҳиҳайн”да келган ҳадисга асосланган. Қолаверса, бу тафсир Сулаймон алайҳиссаломнинг унутиш ва хато қилиш камчилигидан холи эканига мувофиқдир. Аллоҳ пайғамбарлар зиммасига юклаган ишларни тарк қилишдан бошқа ўринларда у зотларнинг “унутиши” жоиздир.
Сулаймон алайҳиссаломнинг Аллоҳ тарафидан имтиҳон қилиниши ҳақида бошқа қавлларда ҳам айтилган. Аммо ҳақиқатдан йироқ, соғлом ақлга тўғри келмагани учун уларни зикр қилишдан тийилдик.
“Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қил ва менга ўзимдан кейин биронтаси учун муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя эт. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина ҳадя этувчисан”, деди.
Яъни, Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ тарафидан имтиҳон қилингач:
– Ё Парвардигор, менинг хатоларим ва гуноҳларимни кечир! Ва менга бошқаларга насиб қилмайдиган улуғ мулк бер. Зеро, Сенинг караминг кенг! Хоҳлаганингга ҳисобсиз неъматлар берасан! – дея илтижо қилди.
Сулаймон алайҳиссалом бу ерда аввал мағфиратни, кейин дунёга тегишли неъматни сўрамоқда. Бу, Сулаймон наздида Аллоҳниг мағфирати мулку давлатдан муҳимроқ бўлганига далолат қилади.
Имом Розий айтади: “Бу оят далолатига кўра, динга оид муҳим ишларни дунё ишларидан олдин қўйиш керак. Сабаби, Сулаймон биринчи Аллоҳдан мағфират, кейин подшоҳликни сўради. Бу ерда Аллоҳдан мағфират сўраш дунёдаги неъматлар сари йўл очишига далолат қилинган. Чунки Сулаймон алайҳиссалом аввал Аллоҳ кечиришини сўраб, кейин бу мағфиратни мулку давлат талабида васила қилган”.
Дунёдаги барча нарса охират олдида ҳеч нарса бўлмаса-да, Сулаймон алайҳиссалом дунёдаги доимий неъматларни сўраб, Аллоҳга илтижо қилди. Сулаймон алайҳиссаломнинг мақсади Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, ер юзида Аллоҳнинг амри устун бўлишини таъминлаш, одамлар ҳақ-ҳуқуқларини адо қилиш, улар орасида адолат ўрнатиш, мазлумга инсоф қилиш, муҳтожларга кўмак бериш, бир сўз билан айтганда, ер юзида Аллоҳнинг шариатини жорий қилиш бўлган.
Сулаймон алайҳиссалом ҳукмронликни жабру зулм ё зўравонлик қилиши учун эмас, балки ер юзини обод қилиш учун сўраган.
Имом Қуртубийга кўра, Сулаймон алайҳиссалом дунёнинг ўзини сўрамаган. Чунки пайғамбарлар дунё неъматларидан энг кўп зуҳд қилувчи зотлардир. Аввалда Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ учун ер юзидаги бор нарсалар ҳалок қилинишини сўраганидек, Сулаймон Аллоҳ учун, ер юзини обод қилиш мақсадида мулку давлат сўраган. Икки ҳолатда Нуҳ ва Сулаймон алайҳиссалом дуоси мақтовга сазовор ва мустажоб дуолардандир .
“Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйсундирдик”.
Сулаймон алайҳиссалом ўзидан кейин бирон кишига насиб етмайдиган мулк беришини Аллоҳдан сўраганди. Аллоҳ унинг дуосини қабул этиб, унга амри билан истаган томонига майин эсадиган шамолни бўйсундирди.
“Яна барча бино қилувчи ва ғаввос шайтонларни (унга бўйсундирдик)”.
Яъни, Сулаймонга шайтонларни бўйсундирдик. Улар ичидан баъзилари Сулаймон амри билан улкан бинолар қуришар, баъзилар сув остига шўнғиб, Сулаймон учун қимматбаҳо тошлар, маржон, дуру марваридларни олиб чиқишарди.
“Бошқаларни эса кишанлар билан боғланган ҳолга солдик”.
Баъзи шайтонлар Сулаймон алайҳиссалом амри билан бинолар қуриб, сувдан қимматбаҳо тошларни олиб чиқарди. Аммо шундай шайтонлар ҳам бор эдики, уларнинг ёмонлиги ва итоатсизлиги сабаб уларга кишан солинганди.
Шундан кейин Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ўз мулкида истаганича тасарруф қилиш имконини бергани айтилади:
“Мана бу Бизнинг ато этган нарсаларимиз. Бас, сен бергин ёки бермагин, ҳисоб-китоб қилинмас”. Шак-шубҳасиз, (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир”.
Яъни, эй Сулаймон, мана шулар Биз сенга ато қилган неъматлардир. Ундан ўзинг истаганини одамга бер, истаганингни улардан маҳрум қил. Сен берганинг ё ман қилганинг учун ҳисоб қилинмайсан. Албатта Сулаймон учур охиратда бизга яқинлик ва чиройли оқибат бордир.
Намл сурасидаги узун қиссада Сулаймон алайҳиссалом ҳаётига оид бошқа жиҳатлар ҳақида маълумот берилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Дарҳақиқат, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: “Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган Зот – Аллоҳга ҳамду сано айтамиз”, дедилар. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг тили билдирилди ҳамда барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир. Сулаймоннинг (амри билан) унинг жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар”, деган эди, (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: “Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматларингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ эт ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига кирит!” (Намл сураси, 15-19-оятлар).
Аллоҳ таоло Довуд ва унинг ўғли Сулаймон алайҳимуссаломга Ўз даргоҳидан жуда кенг илм берганди. Улар Аллоҳнинг фазли ила дин ва дунё илмларини билишарди.
Довуд алайҳиссаломга Забур илми берилганди. У зот Забурни чиройли овозда ўқирди. Шунингдек, Довудга совут ясаш ўргатилганди.
Сулаймон алайҳиссаломга эса ўзидан кейин бирон кишига насиб етмайдиган мулку давлат, подшоҳлик берилган. Шунингдек, унга жинлар ва шамол бўйсундириб қўйилган.
Довуд ва Сулаймон алайҳиссалом бу неъматларни эътироф этиб, Аллоҳ таолога мақтовлар айтишди:
“Бизларни кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган Зот – Аллоҳга ҳамду сано айтамиз”, дедилар.
Яъни, Ўз фазлидан бизларни жуда кўп мўмин бандалардан афзал қилиб қўйган Аллоҳ мақтовга энг муносиб Зотдир. Унга ҳамду санолар айтамиз, дедилар.
“Ал-кашшоф” муаллифига кўра, бу оятда илмнинг шарафлилиги, аҳли илмлар бошқалардан кўра афзароқ эканига далолат қилинмоқда. Кимга илм берилган бўлса, у Аллоҳнинг бошқа бандаларидан кўра кўпроқ фазилатга лойиқ кўрилгандир.
Икки улуғ пайғамбарнинг “кўп мўмин бандалардан” дейишлари уларнинг одоблари ва камтарликларига ишора қилади. Зеро, улар “Аллоҳ бизни барча одамлардан афзал қилиб қўйган”, дейишмаяпти. Балки кўп мўминлар орасида афзал қилганини айтиб, Аллоҳга мақтов айтишмоқда.
“Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди”.
Сулаймон алайҳиссалом илмда, пайғамбарлик ва подшоҳликда отаси Довуд алайҳиссаломга ворис бўлди.
Ибн Касир айтишича, Сулаймон отасига подшоҳлик ва пайғамбарликда ворис бўлган. Бу ерда мол-дунёга меросхўр бўлиш назарда тутилмаган. Агар шундай бўлганида, Сулаймоннинг ёлғиз ўзи Довуд фарзандлари ичидан хосланмаган бўларди. Балки бундан мурод, подшоҳлик ва нубувватдаги меросхўрликдир. Зеро, пайғамбарлар мол-дунёни мерос қолдиришмайди. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз пайғамбарлар жамоаси мерос қолдирмаймиз. Қолдирган нарсамиз садақадир”, деганлар ”.
Кейин Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг неъматларини зикр қилиб шундай дегани келтирилади:
“Эй одамлар, бизга қушларнинг тили билдирилди ҳамда барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир”.
Яъни, эй одамлар, Аллоҳ таоло бизга фазлу марҳамати билан ҳар бир қушнинг тилини билдирди. У Зот бизларга дунё ва охиратда бизлар учун манфаатли, бизга керакли ҳар бир нарсани ато этди! – деди.
Бу ерда қушлар тилининг ўргатилгани аввал зикр қилиняпти. Бу ишда Сулаймон алайҳиссаломга бирон киши шерик бўлолмайди. Қушлар ва бошқа жонзотлар тилини билиш Сулаймон алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан биридир.
Сулаймон алайҳиссалом бу сўзларни зинҳор мақтаниш ё кибрланиш учун айтаётгани йўқ. Пайғамбарлар бундай иллатлардан покдирлар. Балки Сулаймон бу билан Аллоҳ уларга берган неъматларини зикр қилмоқда ва тил ила неъматлар шукрини адо этмоқда.
“Сулаймоннинг (амри билан) унинг жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар”.
Сулаймон алайҳиссаломнинг жинлар, инсонлар ва қушлардан иборат қўшини унинг ҳузурида тўпланди. Улардан биронтаси ўз ўрнини тарк қилиши, вазифасига масъулиятсиз қараши мумкин эмас. Барчаси кучли тартиб-интизомга риоя этишади. Демак, Сулаймон алайҳиссаломнинг аскарлари қанчалик кўп бўлмасин, улар орасида тартибсизлик, бошбошдоқлик бўлмаган.
Баъзи муфассирлар Сулаймон алайҳиссалом қўшини сони қанча бўлгани ҳақида турли маълумотларни келтиришган. Бироқ бу далиллар кучсиз бўлгани боис, эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топмадик. Аслида эса бу қўшиннинг аниқ сонини фақат Аллоҳ билади, дейиш тўғри бўлади. Қуръони каримда келтирилган юқоридаги оятга кўра, Сулаймон алайҳиссалом қўшини жуда кўп ва ўта тартибли бўлган. Шуниси маълум.
Қисса давомида интизомли улкан қўшинни кўрган чумоли ўз шерикларини огоҳлантиргани айтилади:
“То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар”, деган эди”.
Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига қўшини жамланди ва барчалари йўлга тушишди. Улар Сулаймон алайҳиссалом салтанатидаги чумолилар яшайдиган водийга етиб келишганида, бир чумоли уларни кўриб, қолган чумолиларни огоҳлантириш учун:
– Эй чумолилар, уйларингизга киринглар! Йўлдан қочинглар! Сулаймон алайҳиссалом ва унниг улкан қўшини билмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар! – деди.
“(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди ва деди: “Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматларингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ эт ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига кирит!”
Яъни, Сулаймон алайҳиссалом ўша чумолининг гапини эшитиб, шерикларини огоҳлантиргани учун ёки ўзи ва қўшини ҳақида гапиргани сабаб табассум қилди ва:
– Раббим, мени Ўзингга шукр қилишга илҳомлантир, менга ва ота-онамга берга неъматларингга ношукрлик қилишдан сақла! Мени Ўзинг рози бўладиган солиҳ амаллар қилишга йўлла. Мени солиҳ бандаларинг қаторида қил! – деди.
Шундан сўнг Сулаймон алайҳиссалом ва ҳудҳуд ўртасида бўлган воқеа ҳақида сўз юритилади. Аллоҳ таоло айтади:
“У қушларни кўздан кечириб (улар орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач:) “Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у ғоиб бўлувчилардандир. Албатта мен уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки у менга (узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтиради”, деди. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга (Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим. Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У (Сабаъ шаҳри аҳолисининг) маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, унинг катта тахти ҳам бордир. Мен у ва қавми Аллоҳни қўйиб қуёшга сиғинаётганларини кўрдим”. Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас, улар Аллоҳга сажда қилмагунларича ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Зотдир. Аллоҳ – ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. (У Зот) улуғ Арш Эгасидир” (Намл сураси, 20-26-оятлар).
Сулаймон алайҳиссалом мамлакати аҳолиси ҳолидан хабар олиб, уларни кўздан кечирди. Қушларни бир-бир текширганидан кейин:
– Нега ҳудҳуд кўринмайди? У қаерга ғоиб бўлди? – деди.
Сулаймон алайҳиссалом шундан сўнг рухсатсиз кетиб қолгани учун ҳудҳуд устидан қуйидагича ҳукм чиқарди:
–  Албатта мен уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки у менга (узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтиради.
Яъни, мен ҳудҳудни қаттиқ азоблайман ёки сўйиб юбораман. Ё менга кетиб қолиши сабабини изоҳлайдиган қониқарли бир ҳужжат-далил келтиради. Шунда мен уни азобламаслигим ё сўйиб юбормаслигим мумкин, – деди.
Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга (Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим”.
Сулаймон таҳдидидан ҳеч қанча вақт ўтмасидан ҳудҳуд келди ва Сулаймонга:
– Мен сен билмаган нарсаларни билдим, – деди.
Ҳудҳуд сўзни бу тариқа бошлашига сабаб, Сулаймон алайҳиссалом диққатини тортиш ва ўзининг узрини қабул қилишга мойиллик туғдириш эди.
“(Яман мамлакатидаги) Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим”.
“Сабаъ” шаҳар номи бўлиб, аслида Сабаъ ибн Яшжаб ибн Яъраб ибн Қаҳтоннинг исмидир. Сабаъ ўтганидан кейин унинг исми авлодлари яшайдиган қабилага ёки Ямандаги “Маъраб” шаҳрига ном бўлиб қолган. Сабаъ ва Санъо орасида 3 мил масофа бор.
Яъни, ҳудҳуд Сулаймон алайҳиссаломга хитобан:
– Мен сен билмаган нарсалардан воқиф бўлдим ва Сабаъ қабиласидан улуғ бир хабар келтирдим, – деди.
Ҳудҳуд шундай кейин кўрган-кечирганларини ҳикоя қилишга ўтди:
“Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У (Сабаъ шаҳри аҳолисининг) маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, унинг катта тахти ҳам бордир”.
Оятда зикр қилинаётган аёл Билқис бинти Шароҳил ибн Молик ибн Райёндир. Подшоҳлик унга отасидан мерос қолганди.
Яъни, мен Сабаъ қабиласини бир аёл бошқараётганини кўрдим. Ўша аёл мамлакатни шундай идора қилар эдики, унинг ҳукмига бирон киши эътироз билдириб, қарорини муҳокама қилолмасди. Унинг тасарруфида мамлакатни бошқаришда керак бўладиган барча нарса бор экан. Бундан ташқари, ўша маликанинг жуда катта тахти бор экан. Бу ўша аёлнинг жуда бадавлат, мамлакати касб-ҳунарда илғор эканига далолат қилади.
“Мен у ва қавми Аллоҳни қўйиб қуёшга сиғинаётганларини кўрдим”.
Яъни, кўрган нарсаларим ичида энг ажабланарлиси, ўша аёл ва қавми Аллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига У Зот яратган нарсалардан бири – қуёшга сиғинишар экан.
“Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир”.
Шайтон уларга Аллоҳга осий бўлиб, У Зотга куфр келтириш, фисқу фужур ишларни зийнатлаб кўрсатган экан. Иблис уларни ҳақ йўлдан тўсиб қўйган экан.
“Бас, улар Аллоҳга сажда қилмагунларича ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни биладиган Зотдир”.
Яъни, улар осмонлар ва ердаги барча нарсадан хабардор Зот – Аллоҳга сажда қилишни тарк этганлари сабаб шайтон уларга қуёшга сиғинишга чиройли қилиб кўрсатган эди.
“Аллоҳ – ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. (У Зот) улуғ Арш Эгасидир”.
Яъни, сизлар Ёлғиз Аллоҳга сажда қилинглар, Ундан ўзгасига қуллик қилманглар! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳдан ўзгаси ибодат қилишга муносиб эмас.
Воқеалар ривожи Намл сурасида қуйидагича баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
“(Сулаймон) деди: “Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрамиз. Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташла, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар”. (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқиснинг олдига ташлагач,) у деди: “Эй одамлар, ҳақиқатан, менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир:) “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар менга кибру ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган ҳолингизда келинг!” (Малика) айтди: “Эй одамлар, менга бу ишда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилувчи эмасман”. Улар дедилар: “Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларимиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар сенга итоат этамиз)”. У айтди: “Аниқки, подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этадилар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини хор-зор қиладилар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир. Мен уларга бир ҳадя юбориб кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар” (Намл сураси, 27-35-оятлар).
Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуд келтирган хабарга нисбатан муносабат билдирар экан шундай деди:
– Эй ҳудҳуд, гапингни текшириб кўрамиз. Сен рост гапирдингми ё алдадингми, билиб оламиз!
Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуд келтирган хабарни тасдиқлаш ё ёлғонга чиқаришга шошилмади. Балки аввал уни текшириб кўришни лозим топди. Аллоҳ таоло пайғамбарлик, подшоҳлик ва ҳикмат ато этган Сулаймон алайҳиссаломга лойиқ иш эди бу.
Айтган гапини текшириб кўришни билдирган Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳудга шундай деди:
“Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташла, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар”.
Яъни, мен манави мактубимни Сабаъ аҳлига олиб бор, улар олдига ташла ва яқинроқдан кузатиб тур. Улар бир-бирларига нима жавоб қилишларига эътибор бер. Нима дейишганини келиб менга хабар қиласан, деди.
(Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб малика Билқиснинг олдига ташлагач,) у деди: “Эй одамлар, ҳақиқатан, менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир:) “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар менга кибру ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган ҳолингизда келинг!”
Сабаъ маликаси Билқис Сулаймон алайҳиссалом мактубини ўқиб, унда нима ёзилганини тушунгач, атрофидаги аъёнларига қараб:
– Эй, қавмнинг ашрофлари! Менга ҳикматли, ажойиб услубди битилган бир мактуб келди. У Сулаймондандир. Унда “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Такбаббурлик қилмасдан ҳақ динга киринглар. Менинг олдимга Аллоҳнинг ҳукмига бўйсунган ҳолда келинглар”, деб ёзилгандир, – деди.
Малика ашрофларини Сулаймон ёзган мактуб мазмуни билан таништиргач, уларга хитобан шундай деди:
– Эй одамлар, менга бу ишда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилувчи эмасман”.
Яъни, эй, қавмнинг ашфролари! Сулаймон ёзган бу хатга қандай жавоб қайтарай, менга маслаҳат беринг! Унинг талабига нима деб жавоб қайтарамиз? Биласизларки, мен мамлакат ҳаёти билан боғлиқ ишларни фақат сизлар билан маслаҳатлашган ҳолда бажараман. Фикрингизни олмай туриб бирон қарорга келмайман.
Бу ҳолат Сабаъ маликасининг гўзал тадбири, ўткир фаҳму фаросатига далолат қилади. У бирон иш қилишдан олдин мамлакатнинг кўзга кўринган одамлари билан маслаҳлашиб, кейин бир қарорга келарди. Маликанинг бу одати одамларнинг унга бўлган ишончини орттирар, мамлакат аҳолиси малика чиқарган ҳукмлардан рози бўлишарди.
Улар дедилар: “Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларимиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар сенга итоат этамиз)”.
Малика Билқис аъёнлари аскарлари бақувват ва кучли қўшинга эга эканларини айтиб, ҳар бир ишда унинг амрига итоат этишларини билдиришди.
Шунда малика теран фикр ва ақл-заковат билан шундай деди:
– Аниқки, подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этадилар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини хор-зор қиладилар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир”.
Яъни, агар подшоҳлар бирон юртни куч билан босиб олсалар, уни вайронага айлантирадилар, бошқаларга ибрат бўлиши учун юртнинг обрўли кишиларини хорлайдилар. Уларнинг қиладиган иши шу.
Малика бу билан қавмини урушишдан кўра тинчлик яхши эканига ишонтириб, Сулаймон алайҳиссалом билан яхшиликча муомалада бўлиш унга қарши чиқишдан афзалроқ эканини маълум қилмоқчи эди.
“Мен уларга бир ҳадя юбориб кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар”.
Яъни, мен ўйлаб кўриб, Сулаймонга шоҳона бир туҳфа жўнатишга қарор қилдим. Кўрамиз, Сулаймон юборган ҳадямни кўриб элчиларимга қандай жавоб қайтарар экан!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, малика қавмига: “Агар у ҳадяни қабул қилса, бас, у подшоҳлардан бўлади, у билан урушаверасизлар. Агар юборган ҳадямни қабул қилмаса, бас, у пайғамбардир, унга итоат этасизлар”, деган.
Шундан сўнг Билқис томонидан юборилган ҳадяга Сулаймон алайҳиссалом қандай муносабат билдиргани айтилади:
“Бас, қачон (Билқиснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач, у деди: “Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингки,) Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку давлат) У Зот сизларга берган (мол-дунё)дан яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқ). Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгин, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар,) албатта биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга асло бас келолмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб қувиб чиқарамиз” (Намл сураси, 36-37-оятлар).
Билқиснинг қимматбаҳо ҳадялари Сулаймон алайҳиссаломга кўрсатилгач, пайғамбар бунга шундай муносабат билдирди:
– Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингки,) Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку давлат) У Зот сизларга берган (мол-дунё)дан яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқ).
Яъни, мен сизларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, ширк амаллардан қайтаришни бас қилишим учун мана шу арзимас совғаларни менга келтирдингизми! Йўқ! Мен бу ҳадяларингизга эътибор бермайман. Аллоҳ менга ато этган пайғамбарлик ва улуғ подшоҳлик сизлардаги бор молу давлатдан яхшироқдир!
Сулаймон алайҳиссалом шу зайл уларнинг ҳадяларини инкор қилиб, ўз вазифасини адо қилишини билдирди.
“Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқ)”.
Сабаъ юрти вакиллари олиб келган совғалари Сулаймон алайҳиссаломга маъқул келиб, уларни тинч қўйиши ҳақида ўйлаётгандилар. Бироқ Сулаймон алайҳиссалом келтирган туҳфаларига парво ҳам қилмади.
– Эй элчилар! Сизларни ҳузуримга юборган одамга: “Аллоҳ Сулаймонга берган неъматлари сизлар берган нарсалардан яхшироқ экан. Туҳфаларингиз ўзингизга буюрсин. Ундан ўзингиз фойдаланаверинглар ва бундан хурсанд бўлинглар. Зеро, сизлар фақат ўткинчи дунё матоҳлари учун севинасизлар. Мен бундай нарсаларга эҳтиёжим йўқ. Сизлардан талабим Ёлғиз Аллоҳга имон келтиришингиздир”, деб айтинглар! – дея хитоб қилди.
“Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгин, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар,) албатта биз уларга шундай қўшин билан борамизки, улар унга асло бас келолмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида хор қилиб қувиб чиқарамиз”.
Сулаймон алайҳиссалом Билқис юборган элчилардан бирига:
– Ҳадянгни олиб, ортингга қайтиб бор, уларни огоҳлантир! Агар сизлар бўйсунмасангиз, биз шундай бир қудратли қўшинни юборамизки, унга қарши туришга тоқатингиз етмайди. Кейин сизларни Сабаъ юртидан хору зор қилиб ҳайдаб чиқарамиз. Аввал иззат-ҳурматга лойиқ кўрилган бўлсангиз, энди обрў-эътиборингиздан маҳрум бўласизлар!
Билқис элчилари умидлари сўниб ортларига қайтиб кетишди.
Шундан кейин Сулаймон алайҳиссалом қўшинларидан талаб қилган нарса ҳақида зикр қилинади:
“Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга унинг (яъни, Билқиснинг) тахтини келтира олади”, деди. (Шунда) жинлардан бир паҳлавони айтди: “Мен уни ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтираман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлиман”. Китобдан огоҳлиги бор бўлган зот эса: “Мен уни кўз очиб юмгунингча сенга келтираман”, деди. (Сулаймон тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: “Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қилманми, имтиҳон этиш учун берган фазлу марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилади. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим беҳожат ва фазлу карам Эгасидир” (Намл сураси, 38-40-оятлар).
Билқиснинг элчилари унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб, Сулаймон алайҳиссаломнинг жавобини етказгач, у: “Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим”, деди ва Сулаймон пайғамбарга: “Мен сенинг қиличингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман”, деган хабар билан чопар юборди ва кетидан ўн икки минг одам билан йўлга тушди. Улар Сулаймон алайҳиссалом қароргоҳига етиб келишларига бир фарсах қолганида, у зот бундан хабар топиб, уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатиш ва малика Билқиснинг фаҳму фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб:
–  Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирингиз менга унинг (Билқиснинг) тахтини келтира олади”, деди.
Яъни, сизлардан биронтангиз Сабаъ маликаси ўз қўшини билан ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишидан олдин унинг юртида қолган тахтини олиб кела оласизми? – деди.
Сулаймон алайҳиссалом Ямандан Байтул Мақдисга маликанинг тахтини келтиришни сўрашига сабаб, у Аллоҳ таоло берган улуғ пайғамбарлик ва мулку давлатни кўрсатиш, ўзидаги одатдан ташқари имкониятларни билдириш бўлган бўлса, ажаб эмас.
Сулаймоннинг талабига биринчи бўлиб жинлардан бўлган Ифрит жавоб берди:
(Шунда) жинлардан бир паҳлавони айтди: “Мен уни ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтираман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлиман”, деди.
Ифрит жинларнинг куч-қувватлиси бўлиб, Аллоҳ таоло уни Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирган эди. Ана ўша паҳлавон жин Сулаймон алайҳиссалом даъватига ижобат қилиб:
– Сен қавминг билан қурган масжилисинг тугагунича ўша маликанинг тахтини ҳузурингга олиб келаман. Шунча узоқ масофадаги оғир тахтни келтиришга қодирман. Мен ваъдамнинг устидан албатта чиқаман, деди.
Китобдан огоҳлиги бор бўлган зот эса: “Мен уни кўз очиб юмгунингча сенга келтираман”, деди.
Оятдаги “Китобдан огоҳлиги бор зот” Осиф ибн Бархиё эди. У Бани Исроил қавми ичидаги солиҳ кишилардан бўлган. Аллоҳ таоло унга Ўз ҳузуридан илм ато этганди. Осиф Сулаймон алайҳиссалом вазири бўлган.
Айтилишича, у Аллоҳнинг исми аъзамини биларди. Агар у билан дуо қилса, Аллоҳ дуосини ижобат этарди .
Яъни, Аллоҳ тарафидан илм берилган бир киши ўрнидан туриб:
– Эй Сулаймон, сен кўз очиб юмгунингча Билқиснинг улкан тахтини ҳузурингга келтираман, – деди.
Бу ўша ишнинг жуда тез суръатда бажарилишидан киноядир.
Шу зайл Билқиснинг Ямандаги тахти ақлбовар қилмас тезликда Байтул Мақдисга олиб келинди.
 (Сулаймон тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, деди: “Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қилманми, имтиҳон этиш учун берган фазлу марҳаматидандир”.
Сулаймон Билқиснинг тахтини ўз ҳузурида кўриб, кибрга кетмади, ғурурланмади, балки:
– Тахтнинг бундай тез фурсатда олиб келиниши Парвардигорим менга берган фазли ва неъматидир. У зот бунга шукр қиламанми ё куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон қилади, – деди.
“Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилади. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим беҳожат ва фазлу карам Эгасидир”.
Яъни, ким Аллоҳ берган неъматларга шукр қилса, Аллоҳ уларни янада кўпайтиради. Агар кимда-ким Парвардигори ато этган неъматларни инкор қилса, Аллоҳ махлуқотларидан беҳожат ва фазлу марҳамат соҳибидир.
Намл сурасида келган ушбу қизиқарли қисса қуйидаги воқеалар тафсилоти билан якунланади. Аллоҳ таоло айтади:
“(Маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон унинг фаҳм-фаросатини синаш учун) деди: “Унинг тахтини танимайдиган қилиб – ўзгартириб қўйинглар! У (ўз тахтини танишга) йўл топадими ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўладими, кўрамиз”. Қачон у келгач: “Сенинг тахтинг шундаймиди?” дейилди. У (ҳайратга тушиб:) “Худди ўшанинг ўзи-ку”, деди. (Шунда Сулаймон алайҳиссалом айтди:) “Бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга имон келтириб мусулмон бўлишдан) тўсган. Чунки у кофир қавмдан эди”. (Маликага:) “Саройга кир”, дейилди. Энди қачон (саройни) кўргач, уни сув (тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон:) “Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир”, деди. (Шунда малика) айтди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга зулм қилибман. (Энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар Парвардигори – Аллоҳга бўйсундим” (Намл сураси, 41-44-оятлар).
Билқис тахти Сулаймон ҳузурига келтирилгач, хизматкорларига:
– Маликанинг тахтини танимайдиган қилиб ўзгартиринглар. Кўрамиз, у ўз тахтини танирмикан ё беписандлик билан қарармикан! – деди.
Бундан мақсад малика Билқис ақлу заковатини синаш эди.
Қачон у келгач: “Сенинг тахтинг шундаймиди?” дейилди. У (ҳайратга тушиб:) “Худди ўшанинг ўзи-ку”, деди.
Билқис Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига етиб келгач, унга баъзи белгилари ўзгартирилган тахтини кўрсатди.
– Юртингда қолдириб келган тахтинг шундаймиди? – деди.
Фатонатли малика Сулаймон алайҳиссалом саволига шундай жавоб қилди:
– Бу худди менинг тахтимга ўхшар экан!
Билқис бунда тахтни ўзиники ё бошқа тахт эканини аниқ айтмади. Балки ўзининг тахтига ўхшашига шаъма қилди. Бу саволга муносиб жавоб эди.
(Шунда Сулаймон алайҳиссалом айтди:) “Бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз”.
Баъзи муфассирларга кўра, бу Билқис сўзининг охиридир. Шунда унинг маъноси қуйидагича бўлади: “Биз кўриб турган бу ҳолатдан олдин бизга Сулаймоннинг пайғамбарлиги ҳақида илм берилганди ва унинг амрига бўйсуниб мусулмон бўлган эдик”.
Баъзи муфассирлар фикрича, бу Сулаймон алайҳиссалом сўзидир. У ҳолда оятнинг маъноси шундай бўлади: “Билқис тўғри жавоб қилди. Ҳақни билди. Лекин Билқис Сабаъдан келишидан олдин бизга илм берилган эди ва биз Аллоҳга бўйсунган эдик”.
Бизнингча, бу Билқиснинг сўзидир. Сабаби, оятнинг сиёқидан малика айтган жумлага ўхшамоқда.
“Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга имон келтириб мусулмон бўлишдан) тўсган. Чунки у кофир қавмдан эди”.
Бу ерда Билқисни Исломга киришдан тўсган нарса зикр қилинмоқда.
Яъни, маликани Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдан қуёшга сиғиниши тўсиб турган эди. Бу аёл Аллоҳга куфр келтирувчи, Унинг неъматларига ношукрлик қилувчи қавмдан эди.
(Маликага:) “Саройга кир”, дейилди. Энди қачон (саройни) кўргач, уни сув (тўлқин) деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон:) “Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир”, деди.
Сулаймон алайҳиссалом биллурга ўхшаш соф ойнадан улкан сарой қурдирган бўлиб, тагидан оқиб ўтаётган сув шундоқ кўриниб турарди.
Сулаймон Сабаъ маликаси Билқисга:
– Манави қасрга кир! – деди.
Малика саройнинг нақадар гўзаллиги ва улуғлигини кўриб, уни оқаётган дарё деб ўйлади ва этагим ҳўл бўлмасин, деб либосини кўтарди.
Сулаймон ундаги ҳайратни бироз босиш учун:
– Сен дарё деб ўйлаган нарса ойнадан барпо қилинган қасрдир. Бу остидаги сувни ўтказмайди.
(Шунда малика) айтди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга зулм қилибман. (Энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар Парвардигори – Аллоҳга бўйсундим”.
Малика Билқис Аллоҳ таолонинг қудратига лол қолиб, шундай деди:
– Парвардигоро, мен шу вақтга қадар Сендан ўзгага ибодат қилиб нафсимга зулм қилдим. Энди Сулаймон билан оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога бўйсундим!
Бу қисса ўзида жуда кўп ҳикмат ва ибратларни жамлаган. Қуйида уларнинг айримларини кўриб чиқамиз.
1. Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимуссаломга пайғамбарлик, подшоҳлик ва кенг илм неъматларини ато этган. Улар бу неъматларга шукр қилиб, уларни яхшилик йўлида тасарруф қилишган.
2. Сулаймон алайҳиссалом давлати Аллоҳ таолога бўлган имон, илм ва кучли адолат асосига қурилган эди.
3. Сулаймон алайҳиссалом ер юзида Аллоҳга ибодат қилишни таъминлаш ва ширкдан поклаш учун юборилганди.
Ҳудҳуд унга қуёшга сиғинувчи қавм ҳақида хабар келтирганида, Сулаймон тезда уларга мактуб жўнатиб, Аллоҳгагина имон келтиришга, махлуқотларга сиғинишдан воз кечишга чақирди.
4. Сулаймон алайҳиссалом қўл остидаги раиятини қаттиқ назорат қилиб турган, уларнинг ҳолидан хабардор бўлган, каттаю кичик ишларни бошқариб турган. Ҳатто минглаб қўшини орасидаги бир кичик қушнинг кўринмай қолганига эътибор қаратган.
5. Малика Билқис Сулаймон алайҳиссалом мактубини олганидан сўнг қавмининг ашрофларини бир жойга йиғиб, уларга маслаҳат солди. Улар малика Билқисга ишонишлари, бу борада ўзи билган ишни қилаверишни таъкидлашди.
6. Агар бир киши ҳадя берганда унинг мақсади ҳақни поймол қилиш ва ботилни юзага чиқариш бўлса, ундан ҳадяси қабул қилинмайди. Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг қимматбаҳо туҳфасини ўзига қайтариб юборгани бунга мисолдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase