ИБЛИСНИНГ ОДАМ (АЛАЙҲИССАЛОМ)НИ ИҒВО ҚИЛИШИ ҲАҚИДА
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва унинг жуфтига жаннатни маскан тутишни амр қилди, ва у ердаги барча мевалардан ейишга рухсат берди, илло биргина дарахтни уларга ман қилди. Лекин шайтон уларни ўз васвасаси билан алдаб, ўша ман қилинган дарахт мевасини ейишга ундади. Улар ундан едилар ва бу нарса уларнинг жаннатдан чиқарилишларига сабаб бўлди.
Бу ҳақда Бақара сурасида бундай дейилади:
Ва, айтдик: “Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинглар. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангларки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар”.
Яъни, Биз фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганимиздан сўнг уларнинг барчаси амримизга бўйсундилар, илло иблисдан ташқари, сўнгра Биз Одамга ҳурмат-эҳтиром билан: “Эй Одам, сиз ўз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг”, дедик.
Жумҳур уламоларнинг фикрича, бу ердаги жаннатдан мурод “Дорус-савоб” (“Мукофотлар диёри”)дир, уни Аллоҳ таоло Қиёмат кунида мўминлар киришлари учун тайёрлаб қўйган. Бошқа бир уламолар у ердаги жаннатдан мурод, ердан баланд жойдаги боғ-роғлар бўлиб, Аллоҳ уни Одам ва унинг жуфти учун яратган, деб айтадилар.
Аллоҳ таолонинг “Ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинглар” деган сўзи унинг фазлу карамидан бир нишонадир. Сўнгра Аллоҳ уларни муайян бир дарахтни ейишдан қайтарганлигини баён қилади: “Фақатгина мана бу дарахтга яқинлашманглар, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласизлар”.
Яъни, сизлар жаннатдаги мевалардан хоҳлаганча енглар, лекин мана бу Биз сизларга чеклаган дарахтдан эҳтиёт бўлинглар. Агар Бизнинг амримизга хилоф иш қилиб ундан есанглар, ўз нафсига зулм қилувчи бандалардан бўлиб қоласизлар. Муфассирлар ушбу ейишдан ман қилинган дархтнинг исми ва нави тўғрисида бир неча фикрларни айтиб ўтганлар. Айтиладики: у анжир эди ёки узум. Лекин Қуръони каримда унинг қайси дарахт эканлиги зикр қилинмаган.
Имом ибн Жарир ушбу маъно ҳақида жуда яхши фикрлардан бирини айтиб ўтган: “Бу борада энг яхши йўл: Аллоҳ таоло Одам ва унинг жуфтини жаннат дарахтларидан бирини ейишни ман қилган, дейишдир, чунки у қайси дарахт эканлиги тўғрисида бизда бирон аниқ илм йўқдир. У Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда ҳам зикр қилинмаган. Айтиладики, у буғдой эди, у узум эди… Бу шундай илмки, уни билгувчи бирон манфаат кўрмайди, уни билмай қолган одамга эса ҳеч қандай зарар бўлмайди” .
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одамнинг хато қилганини баён қилади:
“Бас, уларни шайтон йўлдан оздирди”.
Яъни, шайтон уларни адаштирди, улар ҳам унинг васвасасига қулоқ осдилар ва Раббиларининг амрини унутдилар, натижада Аллоҳ уларни мева ва турли нозу неъматларга тўла бўлган жаннатдан чиқарди. Сўнгра Аллоҳ таоло уларга қарата бундай деди: “Бир-бирларингизга душман бўлиб, (ерга) тушингиз! Маълум вақтгача сизлар учун ерда барқарорлик ва (ундан) фойдаланиш бордир”. Бу хитоб Одам, Ҳавво ва иблисга қаратилган эди.
Яъни, Биз Одам, Ҳавво ва иблисга: “Бир-бирларингизга ғазаб, нафрат қилган ҳолингизда ерга тушинг, сизлар учун у ерда манзил, жой ва қароргоҳ бор ҳамда сизларга ўлим келгунча у ердан фойдаланинглар”.
Сўнгра Одам Раббисидан афв ва мағфират сўрашга шошилди.
“Одам ўз Парвардигоридан бир неча сўзларни қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон Зотдир”.
Энг ишончли қавлларга кўра ушбу калималарни Аллоҳ таоло Аъроф сурасида зикр қилиб ўтгандир. Яъни,
Ўқилиши: Роббана золамна анфусана ва иллам тағфир лана ва тарҳамна ланакунанна минал-хосирийн.
Таржимаси: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга зулм қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб колурмиз” (Аъроф, 23).
Яъни, Одам Раббисидан бир неча ҳикматли калималарни ўрганиб, ундан тавбасини қабул қилишини сўради. Аллоҳ уни қабул қилди. Зеро, У бандаларига раҳмати кенг бўлган ва тавба қилгувчиларнинг тавбаларини кўплаб қабул қилувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)нинг тавбасини қабул қилгач, У Ҳавво ва иблисни ерга тушишга амр қилади:
“У жойдан ҳаммангиз тушингиз”, дедик. “Бас сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганда, кимлар Менинг ҳидоятимга эргашса, ана ўшаларга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар”.
Яъни, Жаннатдан барчангиз тушинглар. Сизларга Мен тарафимдан пайғамбарларим орқали Ҳақ ва тўғри йўлга бошловчи бир ҳидоят келади. Бас, кимки пайғамбарларим Менинг ҳузуримдан олиб келган нарсага эргашса, унга бирон мусибат етмас, унга келажак (охират)да бирон қўрқинч ҳам бўлмас ва у ўтган ишларига ҳам хафа бўлмайди.
Худди шунга ўхшаш оят, яъни Одамнинг жаннатни маскан тутиши, шайтон иғвоси ва шу билан боғлиқ воқеалар Аъроф сурасида ҳам келтириб ўтилган:
“Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз. Сўнг шайтон уларга ўзларидан ҳам беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди”.
Яъни, иблис Одам ва унинг жуфти Ҳаввога васваса қилди. Васваса инсонни яхшиликдан ёмонлик томон олиб борувчи бир шайтоний овоздир. Шайтон ушбу васвасани бекилиб турган авратларидаги нарсани очиб юбориш учун амалга оширди. Иблис ушбу ёмон васваса билан чекланмай, балки уларга шундай деди: “Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки абадий яшаб қолмасликларингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди”.
Яъни, иблис ёлғон ва алдов билан айтдики: Раббингиз сизларни бу дарахтни ейишдан фақатгина фаришта бўлиб қолмаслигингиз ёки жаннатда абадий яшаб зинҳор ўлмаслигингизни хоҳламагани учунгина қайтарди.
Шайтон бу билан чекланмади, унга қўшимча қилиб, Ва уларга: “Албатта мен сизларга холисларданман”, деб қасам ичди.
Яъни иблис: “Қасам ичаманки, мен фақат сизларнинг манфаатингизни кўзловчи холис насиҳатгўйларданман”, деди.
“Бас, (шайтон) алдов билан уларни тушириб қўйди”.
Яъни, шайтон уларни тоатдан маъсият рутбасига туширди. Ноҳақ қасам ичиб, уларни ғурурга солди.
Сўнгра ушбу алдовнинг ёмон оқибати айтиб ўтилади:
“Ўша дарахтдан тотиб кўришган эди, авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар”.
Яъни, улар ман қилинган дарахт мевасини еб кўришганда устиларидаги либослари тушиб кетиб, таналари кўриниб қолди, авратлари очилиб кетди ва ўз авратларини тўсиш учун жаннат япроқларидан олдилар. Шунда уларга Аллоҳ таоло шундай нидо қилди:
“Мен сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!”
Яъни, Аллоҳ таоло уларга танбеҳ оҳангида: “Мен сизларни бу дарахт мевасини ейишдан ман қилмаганмидим? Лекин сизлар бунга қулоқ осмадинглар, Раббингизнинг амрини унутдинглар. Шундан сўнг Одам ва Ҳавво Аллоҳдан мағфират сўрай бошладилар: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга зулм қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз”.
Аллоҳ таоло уларга жавоб тариқасида шундай деди:
“Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушингиз! Энди сизлар учун маълум бир вақтгача ерда қарор топиб ўрнашиш ва фойдаланиш бор. Сизлар унда яшайсизлар ва унда ўлурсизлар ва ундан чиқарилурсизлар”.
Яъни, сизлар жаннатдан ерга тушинглар. Эй Одам, сенинг зурриётинг ва иблис ҳамда унинг зурриёти ўртасидаги адоват Қиёматгача давом этади. Сизлар учун ерда қароргоҳ ва ҳаётдан фойдаланиш бор. Сизлар унда яшайсизлар, унда вафот этасизлар ва Охират куни ҳисоб-китоб қилиниб жазо ёки мукофот олиш учун ундан чиқариласизлар.
Тоҳа сурасида ҳам ушбу қисса ўта ҳикматли суратда ҳикоя қилинади:
Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга буюрган эдик, у унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик. Эсланг, Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар, фақат иблис бош тортди. Бас, Биз айтдик: “Эй Одам, албатта бу сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин. Шубҳасиз, сен у жойда оч-яланғоч қолмайсан. Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан”. Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди. Бас, улар едилару, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. Сўнгра Парвардигори уни Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди. (Аллоҳ) айтди: “Ундан ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан тўғри йўл келганида ким Менинг тўғри йўлимга эргашса, у йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”.
Энди буларни оятма-оят кўриб чиқамиз.
“Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга буюрган эдик, у унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик”.
Яъни, Биз сенга, эй Муҳаммад, ушбу қиссани хабар қилишимиздан олдин, Одамни муайян дарахт мевасини ейишдан ман қилган эдик, у Биздан олган аҳдини унутди. Биз уни буюрган ва қайтарган нарсаларимизда собитқадам бўлганини кўрмадик.
Сўнгра Аллоҳ таоло инсонни унутишга, унинг саботини заифлашишига сабаб бўлган нарсани баён қилади:
Бас, Биз айтдик: “Эй Одам, албатта, бу сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин”.
Яъни, иблис ҳасад қилгани боис сизларга душман бўлди. Унга эргашишдан эҳтиёт бўлинглар, акс ҳолда жаннатдан чиқарилиб, бахтсизлардан бўлиб қоласизлар, сизларни ғам-ташвиш чулғаб олади.
Келаси оятда Аллоҳ жаннатдаги неъматарни санаб ўтади:
“Шубҳасиз, сен у жойда оч-яланғоч қолмайсан. Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан”.
Яъни, эй Одам, сенга жаннатда истаган нарсанг муҳайёдир, у ерда сенинг қорнинг очмас, кийимсиз яланғоч ҳам қолмайсан, иссиқда ҳам қийналмайсан ва қуёш иссиғида озор ҳам чекмайсан.
Сўнгра Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)га ушбу неъматларни эслатиб ўтса-да, у Раббисининг амрини унутгани ва шайтон ундан ғолиб келгани айтиб ўтилади:
Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди.
Яъни, эй Одам, деди шайтон алдов ва фитна йўли билан, мен сенга бир дарахтни кўрсатайми, агар ундан есанг мангу яшайсан, сенга ҳеч қачон ўлим етмайди ва битмас-туганмас бойлик соҳиби бўласан.
Одам шайтоннинг васвасаси ва алдови гирдобига тушиб, ўзи ва жуфти ўша ман қилинган дарахтдан еб кўрдилар. Лекин шу онда “Уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди”.
Яъни, Одам ўша дарахтдан узоқлашмай, Раббисининг амрига хилоф иш қилди, У тўғри йўлдан адашди, чунки у Аллоҳга эмас, ўз душмани бўлмиш шайтонга итоат этган эди. Сўнгра Аллоҳ таоло фазлу карамини баён қилади:
“Сўнгра Парвардигори уни Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва Тўғри йўлга ҳидоят қилди”.
Яъни, Одам ман қилинган дарахтдан егач, у ва жуфти қилган ишларига пушаймон бўлдилар, шу сабабли Аллоҳ уни ўзига танлаб олиб, тавбасини қабул қилди ва собитқадамлик йўлига ҳидоят қилди (йўллади).
Шундан кейин Аллоҳ таоло бу қиссани ушбу оятлар билан якунлайди:
(Аллоҳ) айтди: “Ундан ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан келганида ким Менинг тўғри йўлимга эргашса, у йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”.
Яъни, барчангиз жам бўлиб жаннатдан ерга тушинглар. Ўрталарингизда низо, адоват, дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиш бўлганлиги учун сизлар бир-бирингизга душмансизлар. Кимки Мендан пайғамбарларим орқали ҳидоят келганда, уларга имон келтириб, уларнинг йўлига эргашса, дунёда ҳам, Охиратда ҳам тўғри йўлдан адашмайди ва бахтсизлардан ҳам бўлмайди.
Одам (алайҳиссалом) қиссасидан олинадиган баъзи ибратлар ва фойдалар:
Одам (алайҳиссалом) қиссаси нафсларни залолатдан уйғотувчи, қалбларни яхшиликка бошловчи кўплаб ҳикматли панд-насиҳат ва ибратларни ўзида мужассам этган, у ақлларни тадаббур, тафаккур қилишга ундайди. Ушбу қиссадан олинадиган энг муҳим фойда ва ибратлар қуйидагилардир:
1. Инсонни турли хил моддалар унсуридан яратилиши Аллоҳ таоло қудратининг мукаммаллиги, махлуқотларини яратишининг гўзаллиги ва ҳикматининг юксаклигига далилдир. Ва У бошқа бир хусусият билан инсонни мукаррам қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфлаганимдан сўнг, …» (Сод, 72).
Инсонга хос қилинган бу хусусият ҳаётдаги бошқа тирик мавжудотлардан уни бутунлай ажратиб туради.
Шунингдек, ушбу қиссадан жинлар инсондан аввал яратилганини билиб олишимиз мумкин. Бунга далил сифатида қуйидаги оятни келтириб ўтамиз, «Маълумки, Биз инсонни қора ботқоқдан (олиб одам сурати берилгач), қуритилган лойдан яратганмиз. Жинни эса (Одамдан) илгари оловдан яратган эдик» (Ҳижр, 26–27).
2. Аллоҳ таолонинг иродаси Одам (алайҳиссалом)нинг ер юзига халифа бўлишини тақозо қилди ва уни фаришталарга хабар қилди, бу, албатта, маслаҳат маъносида эмас эди, У Аллоҳ қилаётган ишидан сўралмайди, балки ушбу оят орқали ўз бандаларини бирон ишни амалга оширмасдан олдин оқил кишиларнинг маслаҳатларини олишга чақиради.
Аллоҳ таоло ўз суюкли ҳабиби Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳам саҳобалар билан кенгашиб иш қилишга буюради.
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ишларингизда уларга маслаҳат солинг» (Оли Имрон, 159). Шунингдек, Аллоҳ таоло ўз бандалари орасидаги яхши кишиларни бир-бирлари билан кенгашишлари ва ўзаро насиҳат қилиш хусусияти билан васф қилади:
«Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир» (Шўро, 38).
3. Бирор ишни қилгувчи кишидан ўша ишнинг сабаби ёки нима ҳикмат билан бу ишни қилаётганини сўрашнинг яхши эканлиги. Бунга далил сифатида Аллоҳ таоло ер юзида халифа қилмоқчи эканлигини фаришталарга хабар берганида улар бу ишнинг ҳикматини, сабабини билиш учун шундай дедилар:
«У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номинг мудом) пок тутамиз» (Бақара, 30).
Аллоҳ таоло уларнинг ажабланишларини кетказиш мақсадида бундай деди: «Мен сизлар билмаган нарсани биламан».
Аллоҳ ушбу ҳикматли қисса орқали раҳбар ўз қўл остидагиларга яхши муносабатда бўлиши, улар билан баҳс-тортишувларни тарк этиш ва бирон нарсанинг сабаби ёки ҳикматини мулойимлик ва сабр билан ифодалаш ёки тушунтириш каби хислатларни таълим бермоқда.
4. Тўғри йўлда юришнинг асосида илм ётиши ва илмнинг ибодатдан устун эканлиги. Чунки Аллоҳ таоло ўз даргоҳида ҳурматли бўлган, бирон амрига хилоф иш қилмайдиган муқарраб фаришталарни Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишга буюрди. Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)га илм бериб, уни шу мартабага кўтарди. У фаришталарга Ўз илмидан бу даражада бермаган эди. Шу билан манфаатли илм энг катта фазилатлардан эканлиги собит бўлди. Илм ўз соҳибини юксак мартабаларга олиб чиқади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўпгина оятларида илм ва уламоларни мақтаб, зикр қилган.
Аллоҳ ўз ваҳдониятига гувоҳлик беришда уламоларни фаришталар билан тенглаштиради:
«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон, 18).
Ҳақ таоло олимларни Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган даражага кўтариб қўйди:
«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала, 11).
Бошқа бир оятда уламолар билан бошқалар тенг бўлмасликлари таъкидлаб ўтилади:
«Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурму?!» (Зумар, 9).
Яна бошқа бир оятда Аллоҳдан қўрқиш фақатгина аҳли илм, аҳли маърифатларга хослиги айтиб ўтилган:
«Аллоҳдан бандалари орасидаги олимларигина қўрқур. Албатта, Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир» (Фотир, 28).
«Тоҳа» сурасида эса Аллоҳ таоло Ўз Набиййи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни манфаатли илмни кўпайтиришини сўрашга амр қилади:
«Ҳақ подшоҳ – Аллоҳ юксакдир. (Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга (Қуръон) ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошилманг ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин» (Тоҳа, 114).
5. Агар ақл нафсга тобе бўлса, у очиқ-ойдин ҳужжат-далилларни кўра олмай қолади, яхшиликка унамайди ва ёмонликдан қайтмайди. Иблис ўз Раббисининг амрига хилоф иш тутди, у буни Одам (алайҳиссалом)га бўлган нафрати, яширин ҳасади кучли бўлгани учун шундай қилди ва фаришталар билан бирга сажда қилгувчилардан бўлмади. Қуръон бизга келаси оятда шайтоннинг Одам (алайҳиссалом)дан яхшироқ эканлигини даъво қилганлигини ҳикоя қилади:
«У (иблис) айтди: «Мен ундан яхшироқдирман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг» (Сод, 76).
Баъзи ҳолларда шайтонни сажда қилишдан унинг такаббурлиги ва ғурури ман қилганлиги айтиб ўтилади: «У (иблис) айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан (бўлиб одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилгувчи эмасман» (Ҳижр, 33).
Яна бошқа оятда такаббурлик билан: «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?», деди.
Иблис Аллоҳга осий бўлиш билан кифояланмади, балки мақтанчоқлик ва ғурур билан ўзини Одам (алайҳиссалом)дан афзал эканлигини таъкидлади ва шу сабабли Аллоҳ таолонинг лаънатига ва даргоҳидан қувилиб, раҳматидан узоқлашишга мустаҳиқ бўлди.
6. Иблис ва зурриёти билан Одам ва унинг зурриёти ўртасидаги адоват қадимий бўлиб, бу Қиёмат кунигача давом этиши.
Ушбу маънони Қуръони каримнинг кўпгина оятларида иблиснинг ўзи таъкидлаб ўтади:
– У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида улар (Одам болалари) ни кутиб ўтирарман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайман» (Аъроф, 16 – 17).
– «Парвардигор, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта, мен уларга ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Ҳижр, 39–40).
– «Менга хабар бергинки, мана шу кимсани мендан устун қилдингми? Қасамки, агар сен мени Қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен уларнинг зурриётини қириб юборурман (яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлда буриб юборурман), магар озгиналаригина (Ҳақ йўлда қолурлар)» (Исро, 62).
– «Энди сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (Ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Сод, 8–83).
Юқорида келтириб ўтилган оятларда иблис Одам ва унинг зурриётларига ўз адоватини очиқ-ойдин эълон қилмоқда ва уларни, баъзи покиза ва ихлосли бандалардан ташқари, залолат йўлига киргизиб, бахтсизлардан қилиш учун ва бу йўлни зинҳор тарк этмаслигини қасам ичиб таъкидламоқда (Бу ҳар биримизга катта ибрат бўлиши лозим, шайтон бизга ўз душманлигини эълон қилган экан, биз ҳам унга душман бўлайлик, унинг ҳар хил васваса, иғволарига учиб унга дўст ёки малай бўлиб қолмайлик. Зеро, ўзини душман қўлига топширган инсоннинг соғ-омон қолиши мумкин эмас. – Тарж.). Аллоҳ таоло кўпгина ўринлари Одам (алайҳиссалом) ва унинг зурриётини иблисга эргашишдан, унинг васвасасига қулоқ осишдан қайтариб, бунинг ёмон оқибатларидан огоҳлантириб ўтади:
– «Эй Одам болалари, шайтон оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни, уятли аҳволга солиб қўйиш) учун уларнинг либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларнинг ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар. Албатта, Биз шайтонни имонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз» (Аъроф, 27).
– «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз, у, ўз ҳизбини (яъни, ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир, 6).
7. Аллоҳ таоло ўзининг кўплаб неъматлари билан сийлаб қўйган инсон Унга давомий тарзда шукр қилиб туриши, Унинг амрига хилоф бўлган амалларни қилишдан сақланмоғи лозим, чунки бу кўпгина ҳолларда ана ўша неъматларнинг завол топишига олиб келади.
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)га жаннатни маскан қилиб берди ва у ердаги барча неъматлардан фойдаланиб, тановул қилишга рухсат берди, илло уни бир муайян дарахтни ейишдан ман қилди. Лекин Одам Раббисининг амрини унутиб шайтон васвасасига ва алдовига ишонди ҳамда ейишдан қайтарилган дарахтдан тотиб кўрди. Натижада Аллоҳ уларни жаннатдан чиқарди. Қуйидаги оятда шу ҳақида ҳикоя қилинади:
«Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: Тушингиз (жаннатдан ерга! Сизлар инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) ерда маскан тутиб яшайсиз».
Шунингдек, Аллоҳ таолога тоатда бардавом ва собитқадам туриш неъматларни давомий бўлиши гаровидир. Агар Аллоҳга тоат унутилса, унга гуноҳ-маъсият қилиниб, амрларни бажарилмаса, бу неъматни завол топишига олиб келади. Шеърда айтиладики,
Агар сен неъмат узра бўлсанг, уни сақлай бил,
Зеро, гуноҳлар неъматни завол топтиргусидир.
Уни Аллоҳга шукр қилиш билан сақлагин доим,
Акс ҳолда, Аллоҳ жазоси тез бўлган Зотдир.
8. Кучли имон соҳиби шайтоннинг макридан устун келади, Аллоҳ улардан рози ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўладиган Раҳмоннинг бандаларини иблис йўлдан уролмайди, ҳатто ўз таъсирини ҳам ўтказа олмайди. Иблиснинг ўзи буни эътироф этган ва бу ҳақида кўпгина ояти карималарда айтилган:
«(Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта, мен улар (Одам болалари)га ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (Ҳақ йўлдан озмай қолурлар). (Аллоҳ) деди: Менинг зиммамдаги тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган-адашган кимсаларнигина (бу тўғри йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр, 39–42).
Аллоҳ таоло айтади:
«Менинг (имон-эътиқодли) бандаларим устида эса сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли вакил-сақловчидир» (Исро, 65).
9. Одам (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло ейишдан ман қилган дарахтдан ўзини тийишда хатоликка йўл қўйди, лекин бу хато атайлаб ёки қасддан эмас, балки заифлик ва унутиш сабабли содир бўлди. Аллоҳ таоло бунга қуйидаги ояти каримасида ишора қилиб ўтади: «Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга (жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслик ҳақида) буюрган эдик ва у (буйруқни) унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамлик кўрмадик» (Тоҳа, 115).
Ўша пайтда Одам (алайҳиссалом)га ўз Холиқининг амрларига бўйсуниб, қайтарган нарсаларидан узоқлашиш вожиб бўлган эди, Зеро, тақводор ва Аллоҳнинг суюкли бандалари ўзларини ушбу ҳолатда тутадилар ва нафсларини ўз ихтиёрига ташлаб қўймайдилар.
10. Шунингдек, ушбу қиссадан оладиган энг катта ибратимиздан бири шуки, Аллоҳ таоло раҳматининг бандалари учун очиқлиги, фазлининг улуғлиги, карамининг кенглиги ва тавба қилувчиларнинг тавбаларини қабул қилишини англаб етишдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра Парвардигори уни ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди» (Тоҳа, 122).
Яъни, Одам ва унинг жуфти ман қилинган дарахт мевасидан ейишгач, улар қилган ишларига пушаймон бўлдилар, шу сабабли Аллоҳ уларни танлаб олиб, тавбаларини қабул қилди ва собитқадамлик йўлига ҳидоят қилди. Улар ўз хатоларини тан олдилар ва шундай дедилар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга зулм қилдик. Агар ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз» (Аъроф, 23).
Ушбу сидқидилдан қилинган пушаймон сабабли Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига дохил қилди, уларни Ўз фазлу карамини намоён этиб мағфират этди.
Юқорида айтиб ўтилганлар Қуръони каримда ҳикоя қилинган Одам (алайҳиссалом) қиссаси ва ундан олинадиган ибрат, эслатма ва фойдалар эди. Улар ҳар бир ақл ва салим (тоза) қалб эгасига кўпгина манфаатлар келтириши аниқ.
Тавфиқ ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидандир.