ФАРИШТАЛАРНИНГ ОДАМ (АЛАЙҲИССАЛОМ)ГА САЖДА ҚИЛИШИ ВА БУНДА ИБЛИСНИНГ ТУТГАН ЎРНИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Қуръони каримдаги кўпгина сураларда Аллоҳ таолонинг фаришталарни Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишга буюриши ва иблиснинг бу амрдан бош тортиши ҳақидаги оятлар такрорланиб келади. Масалан, Бақара, Аъроф, Ҳижр, Исро, Қаҳф, Тоҳа, Сод ва бошқа сураларда, жумладан, Бақара сурасида Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг дейишимиз билан улар сажда қилдилар, фақат иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди” (Бақара, 34).
“Сажда” луғатда “бўйин эгиш", "ўзини паст олиш”, шаръий истилоҳда эса “ибодат қилишни ният қилиб пешонани ерга қўйиш” маъноларини англатади.
Уламолар Аллоҳ таолонинг фаришталарга буюрган саждаси қандай бўлганлиги тўғрисида бир неча қавлларни келтириб ўтадилар, уларнинг кўпчилиги: “Ояти каримада кўзга тутилган сажда луғатдаги маънога мос келади”, деган фикрни билдирадилар.
Яъни, фаришталарнинг Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишларидан мурод, унинг фазлини иқрор этиш, унга таъзим билдириш ва ҳоказо. Бу саждадан мақсад, ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш эмас, чунки Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш ширк амалдир, фаришталар ширкдан йироқдирлар. Аллоҳнинг фаришталарни Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишга амр қилишидан яна бир мақсад, уларни синаш ва яхшидан ёмонни ажратиш эди. Бу нарсани Аллоҳнинг ҳикмати тақозо қилди. Буни ушбу оятда кўришимиз мумкин: “Улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб кофирлардан бўлди”.
Яъни, эй оқил инсон, ўзингга ваъз-насиҳат ва ибрат олиш учун Раббинг фаришталарга: “Одамга, унга таъзим ва икром келтириш учун сажда қилинг” деганини эсла. Барча фаришталар Аллоҳнинг амрига бўйсундилар, илло иблис такаббурлик ва ғурур билан бу амрдан бош тортди. Бунинг сабаби Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмаслик эди. Ва натижада осийлардан бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирилди.
Уламолар иблисни, фаришталардан бўлганми ёки йўқ, деган масалада икки хил фикрни билдиришади:
1. Биринчи тоифа уламолар иблис фаришталардан бири бўлган деб айтишган, чунки Аллоҳ таоло уни ҳам фаришталар билан бирга Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишга буюрди. Одатда, бирон нарса бир турга мансуб бўлмаса, унинг номи ёки исми алоҳида айтиб ўтилиши лозим.
2. Иккинчи тоифа уламолар эса, иблис фаришталардан эмас, деган фикрни билдиришган. Чунки Аллоҳ таоло айтади: “Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди” (Каҳф, 50).
Худди Одамнинг асли инс бўлгани каби иблиснинг ҳам асли жиндир. Шунингдек, у оловдан яратилган, фаришталар эса нурдан, иблиснинг зурриёти бор, фаришталарда эса йўқ. Бу ҳақида батафсил маълумот Каҳф сурасида келтирилади:
«Эсланг, (эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), фаришталарга: “Одамга сажда қилинг”, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар Мени қўйиб, уни ва зурриётини дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душманку! У золим кимсалар учун нақадар ёмон “ўринбосардир» (Каҳф, 50).
Ояти кариманинг маъноси: эй оқил инсон, Биз фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганимизни эсла. Уларнинг барчаси саждага эгилдилар, фақат иблис такаббурлик қилиб сажда қилмади, чунки у Аллоҳ таоло оловдан яратган жин тоифасидан эди, у Бизнинг итоатимиздан чиқди, шундай экан, у Менинг лаънатим ва ғазабимга муносибдир. Эй Одам болалари, ундан узоқлашинг, васвасасидан эҳтиёт бўлинг ҳамда у ва зурриётидан четроқ юринг, чунки улар сизга очиқ душмандир. Уларни ўзларига дўст қилиб олувчилар яхшини ёмонга алмаштирибдилар, улар Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқиб, иблис ва унинг зурриётига итоат этибдилар.
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, Одам болалари ҳамда иблис ва унинг зурриётлари ўртасидаги адоват-душманлик азал-азалдан давом этиб келмоқда.
Ушбу эслатмадан мурод, инсонни шайтон васвасасидан эҳтиёт бўлиб юришга чақириш ва унга қарши чиқишга руҳлантириш. «Аъроф» сурасида иблисни Одам (алайҳиссалом)га сажда қилишдан тўсган нарса баён қилинади:
«Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дедик, бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрган пайтимда сени сажда қилишдан нима тўсди?” “Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”, деди у. (Аллоҳ) деди: “У ҳолда ундан тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта, сен хор бўлгувчилардандирсан!” “Менга улар тириладиган кунгача муҳлат бер”, деди у. (Аллоҳ) деди: “Сен муҳлат берилганлардансан”. У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида тополмайсан”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ! Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз билан тўлдирурман» (Аъроф, 11–18).
Яъни, Биз оталарингиз Одамни бирон суратга эга бўлмаган ҳолида лойдан яратдик, сўнгра сурат бердик.
Ёки, Биз сизларни оталарингиз Одамнинг бели (сулб)да яратдик ва сизлардан Аллоҳ таолога ибодат қилишларингиз ва Унга бирон нарсани ширк келтирмаслигингиз тўғрисида мийсоқни олаётган пайтимизда сизларга сурат бердик.
«Сўнгра фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, дедик, бас, улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади».
Сўнгра Аллоҳ иблисни сажда қилишдан тўсган сабабларни баён қилади:
«(Аллоҳ) деди: “Мен сенга буюрганимда сени сажда қилишдан нима тўсди?»
Яъни, Аллоҳ таоло иблисга танбеҳ ва маломат маъносида: Мен сени фаришталар билан бирга сажда қилишга буюрган бўлсам-да, сени ундан нима тўсди ёки сени сажда қилмасликка нима ундади.
Сўнгра иблиснинг жавоби келтирилади: “Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг”.
Яъни, иблис тавба қилиб, ўз ишига афсусланиш ўрнига, Аллоҳ таолога маъсият қилишда давом этиб, ғурур ва манманлик билан: “Мен ундан яхшироқман, чунки мен оловдан яратилганман, у эса оддийгина лой унсуридан яратилган”, деди. Сўнгра Аллоҳ таоло деди: “У ҳолда ундан тушгин!”, яъни Менга, Менинг амримга исён қилганинг ва тоатимдан бўйин товлаганинг сабабли жаннатдан чиқ…
“Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас”, яъни жаннатда манманлик қилиш дуруст эмас, чунки у ер мутакаббирлар учун тайёрланмаган, Зеро, у Менинг тоатимга итоат этувчилар, камтарин зотларнинг маконидир.
“Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!”. Яъни эй иблис, жаннатдан чиқ, сен Аллоҳ ва Унинг суюкли бандалари наздида хор бўлгувчилардансан, бунга сабаб сенинг мутакаббирлигинг ва манманлигингдир.
Сўнг иблиснинг Аллоҳ таолодан нима талаб қилгани ва унга қандай жавоб қилингани баён этилади: У (иблис): “Менга улар тириладиган кунгача муҳлат бер”, деди.
Яъни, иблис айтди: “Эй Раббим, менинг ажалимни кечиктир, мени Одам ва унинг зурриёти қабрларидан тириладиган кун (Қиёмат куни)гача ўлдирмай тур”.
Иблис бу билан ўлимдан қутулишни ва Қиёматгача Одам болаларини йўлдан оздиришни хоҳлаган эди.
(Аллоҳ) айтди: “Сен муҳлат берилганлардансан”.
Яъни, Аллоҳ таоло иблисга маълум вақт (Қиёмат куни)гача унинг ажали кечиктирилганлигини айтмоқда.
Кейин, иблиснинг Одам ва унинг зурриётини йўлдан оздириб, макр-ҳийла ишлатишга ва уларга озор бериш учун ваъда берганлиги ҳикоя қилинади: У айтди: “Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман”.
Яъни, мени йўлдан оздирганинг ва Ўз раҳматингдан узоқлаштирганинг сабабли Одам ва унинг зурриётини ҳақ йўлда кузатиб тураман ва уларни ундан тўсаман. Уларни тўғри йўлдан адаштириш учун ҳар бир воситани ишга соламан.
“Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман)”, яъни, уларга душман ўз рақибига ҳужум қилиши мумкин бўлган тўрт томондан: олд, орқа, чап ва ўнг томондан яқинлашаман ва мен уларни Сенинг тўғри йўлингдан адаштирмай қўймайман.
Оқибатда “Уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида тополмайсан”. Яъни, уларнинг аксарият қисмини амрингга бўйсунмаган ва берган неъматларингга шукр қилмаган ҳолларида кўрасан.
(Аллоҳ) айтди: “Ундан жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ!”
Яъни, Аллоҳ таоло иблисга: “Жаннатдан маломат қилинган, таҳқирланган ва раҳматимдан қувилган ҳолингда чиқ”, деди.
“Қасамки, улардан кимда-ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз билан тўлдирурман”.
Яъни, Жаннатдан ҳайдалган ҳолингда чиқ, ва шуни билки, жин ва инс тоифасидаги кимки сенга эргашса, уларнинг ҳам сенинг ҳам борар жойинг жаҳаннам бўлади. У нақадар ёмон жой!
Ҳижр сурасида ушбу қиссани тўлдириб келувчи оятлар мавжуд. Унда иблис содиқ, ихлосли мўминларни тўғри йўлдан чалғита олмаслигини эътироф этган. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Раббингиз фаришталарга: “Мен (асли) қора балчиқдан (олиб), қуритилган лойдан инсон яратувчиман. Бас, уни тиклаб, ичига, Ўз (даргоҳимдаги) руҳимдан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!”, деди. Барча фаришталар унга сажда қилдилар. Фақат иблис сажда қилувчилар билан бўлишдан бош тортди. (Аллоҳ) деди: “Эй иблис, сенга не бўлдики сажда қилгувчилар билан бирга бўлмадинг?” (У) айтди: “Мен қора балчиқдан олиниб, (одам сурати берилгач), қуритилган лойдан Сен яратган башарга сажда қилувчи эмасман”. (Аллоҳ) деди: “Бас, ундан (жаннатдан) чиқ! Энди сен, қувилган малъунсан”», яъни, Менинг раҳматимдан узоқлаштирилгансан ва “То жазо кунигача сенга лаънат бўлур», яъни жазо ва ҳисоб куни бўлмиш Қиёматгача сенга лаънатим давомий бўлади.
Шунда иблис: “эй Раббим, менга улар тириладиган Кунгача муҳлат бер, менинг жонимни олмай тур”, деди. Аллоҳ: “Сенга муҳлат берилди”, деб айтди. Бунга “шукр” сифатида иблис шундай деди: Энди мени йўлдан оздирганинг сабаб, мен уларнинг барчасини йўлдан адаштираман, уларга ер юзида гуноҳ ва маъсиятларни зийнатлаб кўрсатаман, илло булар ичида содиқ, мухлис бандаларинггагина бас кела олмасман, чунки уларнинг имонлари, Сенга бўлган ишончлари кучли. Шунда Аллоҳ деди: “Менинг зиммамдаги тўғри йўл шудир”. Яъни, эй иблис, менинг мухлис бандаларимни йўлдан оздира олмаслигинг Менинг ҳикматим, адолатим ва раҳматимдир.
“Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқдир”. Яъни, Менинг ихлосли бандаларимни тўғри йўлда чалғитишга қудратинг етмайди.
“Илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)”. Яъни, лекин фақатгина адашиб, сенга эргашган одамлар орасидаги имони заиф бўлган кимсаларнигина тўғри йўлдан оздира олурсан.
“Уларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой жаҳаннамдир”. Яъни, иблис ва унга эргашган, тўғри йўлдан чалғиганларнинг борар жойи жаҳаннамдир. Юқорида келтирилган маълумотлар Ҳижр сурасининг 28-43-оятларида зикр қилиб ўтилган.
Исроъ сурасининг 61-65-оятларида ушбу қисса бошқа услубда ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
Эсланг, Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинг” дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис: “Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?”, деди.
Иблис ўз Холиқи бўлмиш Аллоҳ таолога такаббурлик ва манманлик билан бундай деди: “Мен оловдан яратилган бўлсам-да, лойдан яратилган шу Одамга сажда қиламанми? Ҳолбуки, мен ундан афзалман”.
Иблис ушбу ғурур ва исён билан чекланмади, ва Раббисига шундай хитоб қилди: “Менга хабар бергинки, мана шу кимсани мендан устун қилдингми? Қасамки, агар сен мени Қиёмат кунигача қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, магар озгиналаригина (ҳақ йўлда қолур)”. Яъни, иблис одобсизлик билан ўз Холиқига шундай деди: “Менга ушбу, лойдан яратилган инсон ҳақида хабар бер. Нима учун уни мендан афзал қилиб қўйдинг ва унга сажда қилишимни буюрдинг?..”
Қасам ичаманки, агар менинг ажалимни Қиёматгача кечиктирсанг, уларнинг озчилигидан бошқа ҳаммасини ҳалок қилурман. Одам зурриётининг барчасини ўз измимга бўйсундираман ва ўзимга муте қилиб оламан, фақат оз кишилар бундан мустаснодирлар.
Шунда Аллоҳ таоло айтди: “Бор, (сенга муҳлат бердим). Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!”
Яъни, Аллоҳ таоло таҳқирлаш маъносида иблисга шундай деди: “Бор, даргоҳимдан қувилган ва лаънатланган ҳолда чиқ, сенинг ажалинг Қиёмат кунигача кечиктирилди. Бас, улардан кимки сенга эргашса, ҳаммангизнинг жазоингиз жаҳаннам бўлади. Бу мукаммал жазо бўлиб, ундан бирон нарса ноқис қилинмас”. Сўнгра Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) бошқа йўл билан иблисга хитоб қилади: “Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устида отлиқ ва пиёда (лашкарларингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл, уларга (ёлғон) ваъдалар қил. Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур”.
Аллоҳ таолонинг ушбу амридан мурод иблисни қўрқитиш, уни ва васвасасини таҳқирлашдир.
Яъни, Аллоҳ таоло унга деди: “Бор, эй малъун, қувилган иблис қўлингдан келганича одам болаларини васваса қил, уларга ёлғон ваъдалар бер ва тинчсизлантир, макр-ҳийла билан ўзингга жалб эт, васвасанг билан уларни маъсият ишларга чорла, уларни тўғри йўлдан адаштириш учун барча макрларингни тўпла. Уларнинг мол-мулкларига шерик бўл, уни жамлашга ва ҳаром йўлга сарфлашга унда. Уларнинг бола-чақаларида ҳам шерик бўл, одобсиз фарзанд қилиб тарбиялашларига қизиқтир. Уларга ботил ва ёлғон ваъдалар бер”. Ва шайтон уларга алдовдан бошқа нарсани ваъда қилмайди.
Сўнгра Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани содиқ мўминларнинг қалбларига хотиржамлик солиш билан якунлайди. У айтади: “Менинг (имон-эътиқодли) бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли вакилдир”.
Яъни, сен Менинг содиқ ва ихлосли бандаларимни йўлдан оздиришга қодир эмассан. Раббингнинг Ўзи етарли вакилдир, улар Унга таваккул қиладилар, ўз ишларини топширадилар ва шайтоннинг макр-ҳийла ва фитна-васвасаларидан сақлашни сўрайдилар. Аллоҳ таоло энг яхши сақлагувчи ва ёрдам бергувчи Зотдир.
Сод сурасининг 71–83-оятларида ҳам ушбу қисса ўзига хос услубда ҳикоя қилинади, яъни бу оятларнинг сўнгида Аллоҳ таоло кескин тарзда шайтон ва унга эргашганларни жаҳаннамга киритишини таъкидлайди. Қисса ушбу оят билан бошланади:
«Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: “Албатта Мен лойдан бир одам яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, унга ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар!” Фаришталарнинг барчаси сажда қилдилар, магар иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди. (Шунда Аллоҳ) деди: “Эй иблис, Мен Ўз “қўллар”им билан яратган нарсага сажда қилишдан нима сени ман қилди? Кибру ҳаво қилдингми ёки сен юксак мартабали зотлардан эдингми?”»
Яъни, Аллоҳ таоло иблисга ҳақорат ва тергаш оҳангида Ўз “қўллар”им билан яратган ва қудратим билан унга сурат берган Одамга сажда қилишдан сени нима тўсди? Сени унга сажда қилишдан манманлигинг тўсдими ёки сен ноҳақ ўзини бошқалардан катта олгувчилардан бўлдингми?
Иблиснинг жавоби шундай бўлди: “Мен ундан яхшироқдирман, сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг”. Сўнгра Аллоҳ таоло унга шундай жавоб қилди: “Бас, ундан (жаннатдан) чиқ! Энди, сен шубҳасиз қувилган – малъунсан. Ва албатта, то жазо куни (Қиёмат)гача сенга Менинг лаънатим бўлур”.
Кейин иблис Аллоҳдан ўтиниб сўради: “Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган кунгача муҳлат бергин”.
Шунда Аллоҳ таоло шундай жавоб қилди: “Бас, сен маълум вақтда етиб келадиган кунгача муҳлат берилганлардансан”.
Иблис инсон ва унинг зурриётига ўз адоватини давом эттириб шундай деди: “Энди Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)”. Шу ерда иблисга Аллоҳ таолонинг энг одил иқоби – жазоси айтилади: “Ҳаққа (қасам), фақат ҳақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!”
Яъни, Ҳақ билан қасам ичиб айтаманки, Мен жаҳаннамни сен, сенинг жинсингдан бўлганлар ва сенга эргашганлар билан тўлдираман, чунки Менинг амримга бўйсунмай, Менга осий бўлганларнинг жазоси шу!