"Германияда бу суд биносида судсиз жазолашнинг биринчи ҳолати эди. У мутлақо ҳайратланарли ҳол бўлди, буни ҳеч ким кутмаган эди ", - деб эслайди прокурор Клаус-Дитер Шульц. Ҳозир у Любек прокуратурасида матбуот билан алоқалар бўйича матбуот котиби лавозимида ишлайди ва ўша йилларда у масъул референт эди. Айнан Марианна Бахмайер иши Германия судларида жиддий хавфсизлик чоралари кўрилишига олиб келди ва ҳозиргача қатъий амал қилмоқда, дейди у.
Ўлдирилган одам - қассобхона ишчиси Клауч Грабовски - инсон сифатида кам одам унга раҳм қилиши мумкин эди. У Марианнанинг етти ёшли қизини ўлдиришда айбланган. У фош бўлишдан қўрқиб, Аннани бўғиб ўлдирган, деб шубҳаланган: ахир у полиция ҳисоботи тили билан айтганда, "унга қарши қилинган беҳаё ҳаракатлар" ҳақида айтиб қўйиши мумкин эди.
Бу аблаҳ бошиданоқ қотилликни тан олди - ҳа, у бўйнига чулки ташлади ва ... - лекин у қолган ҳамма нарсани қўлидан келганича рад этди. У камерадошлари бундай модда остида ўтирган одам билан қандай учрашишини билган деб тахмин қилиш осон. Бундан ташқари, у аллақачон болаларга нисбатан жинсий жиноятларда айбланганди. Ва ҳатто ихтиёрий равишда кастрация қилинган. Гарчи кейинчалик суд рухсати билан у гормон терапиясидан ўтди. У Аннани таҳқирлаганми? Марианна Бахмайер отган ўқлар одил судни ҳақиқатнинг тубига етиш имкониятидан маҳрум қилди... Гарчи иш устида ўн ой ишлаган тергов жиноятнинг жинсий мотиви исботланганига ишонишга мойил бўлган бўлсада.
Адолат нуқтаи-назаридан, шуни айтиш керакки, ташқи белгиларга кўра, Марианна ҳаётининг бошида унчалик яхши хулқли эмасди, у ўзининг чуқур диний, авторитар, ҳатто пуритан оила муҳитидан кескин ажралиб турарди.
16 ёшида у биринчи қизини, 18 ёшида эса иккинчи қизини туғди. Иккаласини ҳам асраб олиш учун бериб юборган. Ҳа, баъзи маълумотларга кўра, Анна учун масъулиятни ҳам дастлаб бошқа одамларнинг зиммаисга ўтказишга қарши бўлмаган: у пивохона хўжайини касбини оналик бурчи билан бирлаштира олмасди. Аммо ўз наслига бепарво муносабатда бўлишдан тортиб, қотилликгача, кўряпсизми, масофа жуда катта.
Охир оқибат, 30 ёшли аёлни қўлига қурол олиб, қизининг қотили шафқатсиз тарзда судсиз жазолашга нима мажбур қилди? Криминологларнинг фикрига кўра, унинг ҳаракатлари аёллар учун хос эмасди.
Аммо буларнинг барчаси назария. Агар сиз Марианна Бахмайернинг ҳаёт йўлини бироз батафсилроқ ўргансангиз, у нима учун бу умидсиз қадамни қўйишга қарор қилгани аниқ бўлади.
Унинг ота-онаси Шарқий Пруссиядан келган муҳожирлар бўлиб, улар "битидан бошқа нарсаси йўқ" вазиятда ҳаётни нолдан бошлашлари керак эди. Ота қаттиққўл, сентименталликдан узоқ, бутун урушни бошидан кечирган, унча-мунча жойда эмас, балки СС қўшинларида. Тинчлик даврида у печка ишлаб чиқарадиган компанияда ишчининг унчалик романтик бўлмаган вазифаларини бажариш орқали тирикчилик қилди.
Марианна 9 ёшлигида қўшниси томонидан зўрланган. Унинг ота-онаси "шармандаликни яшириш" ва унинг сукунатини турли совғалар ва конфетлар билан «сотиб олиш»дан кўра ақллироқ йўл тополмади. Шу билан бирга, гўзал қизининг фотомодель ёки манекенчи бўлишини орзу қилган ота, бу орзуларнинг барбод бўлгани учун аламини бу "манжалақи"дан оларди. Она Марианнани ҳақорат ва хўрликдан ҳимоя қилиш учун ҳатто қайғурмаган ҳам.
Иккинчи фарзанди туғилишдан бироз олдин Марианна иккинчи марта зўрланган. Ўшанда иш судга оширилган, аммо «қозилар» ўзига хос қарор қабул қилди: жиноятчи шартли ҳукм билан қутулиб қолди, чунки «аёлнинг ўзи ножўя ҳаракатга сабабчи» бўлган.
Нима бўлганда ҳам, бундай ҳаётий тажриба Бахмайер хонимда одил суднинг тантана қозонишига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ва қатъий қонунга бўйсунишни ривожлантиришга муваффақ бўлиши амримаҳол эди. Мана энди, унинг фикрича, одил суд асоссиз равишда юмшоқлик кўрсатган Аннанинг қотили жиноий ўтмиши ҳақида хабар топганида, унинг ҳис-туйғуларини тасаввур қилинг.
Аммо Марианнанинг сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи ролини қотил - ўзи ёки адвокат ёрдамида танлаган ҳимоя чизиғи ўйнади. У яна айбнинг бир қисмини ўзи бўғиб ўлдирган етти ёшли боланинг зиммасига юкламоқчи бўлди. Унинг мушуги билан ўйнаш учун келган қўшни қизга ...
Кейинчалик Марианна ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ Грабовскини "қизи ҳақида ёмон сўзларни айтишига йўл қўймаслик учун" нима қилиб бўлса ҳам овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқчи бўлганлигини тан олди. Ва у ҳатто қасддан одам ўлдиришдан ҳам тўхтамади. Буни ҳеч бўлмаганда ўз пивохонасининг ертўласида қонли қасос олишдан бироз олдин тўппончадан ўқ отиб машқ қилгани ҳам исботлайди. Тўғри, бу ҳақида унинг дугонаси анча кейинроқ айтди, суд мажлисида эса ҳимоячи содир бўлган нарсаларни ўз-ўзидан, режасиз ҳаракатлар сифатида тақдим этишга муваффақ бўлди.
«Бахмайер иши» немис жамоатчилик фикрини қарама-қарши икки томонга ажратиб қўйди. Баъзилар учун у фарзандини йўқотганига чидай олмаган ва ҳеч бўлмаганда унинг хотирасини ҳимоя қилишни хоҳлаган меҳрибон онага айланди. Бошқалар учун ниҳоят, барчанинг диққат марказида бўлиш орзусини амалга оширган совуққон ва эҳтиёткор қотилдир. Мамлакатнинг турли бурчакларидан унга гўёки қонунчиликнинг номукаммалликларини жасорат билан қоплайдиган сал кам афсонавий қасоскор деб ҳисоблаган одамлар томонидан ҳамдардлик хатлари юборилди. Шунингдек, бутун Германия бўйлаб унг пул йиғишди. Айтганча, 100 минг маркадан ортиқ пул тўплади!
Суд унга энг кам - олти йил муддат берди. Марианна уч йилдан кейин қамоқдан чиқди...
У умрининг сўнгги йилларини Италияда, хосписда ишлаб ўтказди. Немис тилида унинг касби Sterbebegleiterin деб аталади. Сўзма-сўз таржима қилганда - ўлим кузатувчиси. Аммо Палермода беморлар Марианнани Джойя, яъни қувонч деб чақиришарди. Айтишларича, у кўплаб одамларнинг сўнгги кунлари ва соатлари ёрқинроқ ўтишига муваффақ бўлган.
Любекга Марианна умидсиз касал бўлиб қайтди – саратонга учради. Бу аёлнинг ўзига хос феъл-атвори шунда ҳам намоён бўлдики, у ўзи ҳақида фильм суратга олган режиссёр билан унинг сўниб бориши ва ўлимини плёнкага ёзиб олиши ҳақида келишиб олган. Бу келишув бажарилди. Унинг сўнгги истагидан фарқли ўлароқ: у Палермода дафн этилишни хоҳлаганди. Аммо у сўнгги манзилни Любекда, қизининг ёнида топди.
Бу аёл ҳеч қачон қилмишидан тавба қилмаган.
Абу Муслим таржимаси