close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Варшава жанги (1920)

Варшава жанги (1920) – 1919-1921 йиллар СССР-Польша ўртасидаги урушда асосий жанг бўлиб, унда Польша қизил армия юришини тўхтатиш ва урушнинг боришида туб бурилиш ясашга эриша олди. Варшава жангининг якуни Польшанинг мустақилликни сақлаб қолишига олиб келди ва Совет Россияси билан тинчлик шартномаси имзолашга имкон берди.

Киев операциясининг муваффақиятлари қизил армия қўмондонларига ташаббусни ўз қўлига олишга имкон берди. Операция давомида совет қўшинлари Польша фронтини ёриб ўтишга эриша олмади. Бироқ, бош қўмиондон Сергей Каменев Ғарбий фронтга янги ҳужумни тайёрлаб қўйганди.
«Ишчилар инқилоби жангчилари. Бор эътиборингизни ғарбга қаратинг. Ғарбда жаҳон инқилобининг тақдири ҳал бўлмоқда. Жаҳон инқилоби сари йўл оқ Польшанинг мурдаси устидан ўтади. Меҳнаткаш инсониятга бахтни қилич найзаларида элтамиз. Ғарбга! Ҳал қилувчи жангларга, оламшумул ғалабалар сари олға! Жанговар сафларга туринг! Ҳужум вақти келди. Вильно, Минск, Варшава томон – қадам бос!»
4 июль эрта тонгда Ғарбий фронт (польшалик 120 минг кишига қарши умумий ҳисобда 270 минг жангчи) ҳал қилувчи ҳужумга ўтди. Асосий зарба жуда катта куч тўпланган ўнг, шимолий қанотдан берилди, одамлар ва қуроллар бобида икки карра устунликка эришилди.
Операциянинг мазмуни поляк қўшинларини Гай Гайнинг кавалерия корпуси билан айланиб ўтиш ва полякларнинг Белорус фронтини Литва чегарасига, ундан эса – Полесье ботқоқларига сиқиб чиқаришдан иборат эди. Ушбу тактика кутилмаган натижаларга олиб келди. 5 июль куни 1-поляк армияси, ундан кейин эса 4-армия Лида томон, дастлаб эски немис окоплари (1916 йил рус ва немис қўшинлари бир-бирига қарши турган жойларга), июлнинг охирида эса – Буг томон тез чекинди. Қисқа вақт ичида Қизил Армия 600 км.дан ортиқ йўлни босиб ўтди. 10 июль куни поляклар Бобруйскни, 11 июлда эса – Минскни ташлаб чиқдилар. Қизил Армия ҳужумлар давомида Гродно ва Белостокни ҳам ишғол қилди. 14 июль куни Вильно олинди. 26 июлда Белосток яқинида Қизил Армия бевосита Польша ҳудудига қадам босди. Пилсудскийнинг буйруғига қарамай, 1 август куни Брест ҳеч қандай қаршиликларсиз русларга топширилди.
1920 йил 11 июлда лорд Керзон, Британия ташқи ишлар вазири, Совет Россияси ташқи ишлар халқ комиссари Георгий Чичеринга Польша-Россия сулҳ музокараларини бошлаш ҳамда поляклар ва поляк бўлмаган халқлар истиқомат қиладиган этнография чизиқ (Керзон чизиғи) бўйича, ҳозирги Польша билан Украина ва Белоруссия ўртасидаги чегаралардан фарқ қилмаган чизиқларда чегара ўрнатиш таклифи билдирилган нота юборди. Бироқ 16 июль куни РКП(б) МК пленуми Керзон таклифини рад этди. Пленум «Қизил марш»ни давом эттириш ва дастлаб Польшада, кейин эса – Германияда совет ҳукумати ўрнатиш ҳақида қарор қилди.
24 июлда Владислав Грабский ҳукумати истеъфо берди. Худди шу куни Юзеф Пилсудскийнинг фармони билан янги бош вазир - Винцента Витос ишга киришди. Бу вақтда Иккинчи Речь Посполитаянинг халқаро изоляцияси ҳам кучайди. Германия ва Чехословакия поляк товарлари ўтиши учун чегараларни ёпиб қўйди. Германия Совет Россияси ғолиб чиққан тақдирда Польшани янгидан бўлиб олишни умид қиларди. Чехословакия президенти Томаш Масарик эса, совет қўшинларининг Ғарбга қараб ҳаракатини давом эттиришидан қўрқиб, РСФСР билан жанжаллашмасликка қарор қилди. Буларнинг барчасга қўшимча равишда Англия ва Бельгия ҳам Польша билан савдони тақиқлади. Фақат яқиндагина, катта машаққатлар эвазига совет ҳукуматини ағдаришга эришилган Венгрия «жаҳон инқилоби»нинг Ғарб томон ҳаракатланиши қанчалик хавфли эканлигини тушунарди. У Польшага 30 минг кишидан иборат  кўнгиллилар кўринишида жиддий ҳарбий ёрдам таклиф қилди. Бироқ Масарикнинг чегараларни ёпиб қўйиши бу ёрдамни йўққа чиқарди. Совет қўшинлари қанчалик яқин келиши билан Варшавада хорижий дипломатлар шунчалик кам қоларди. Август ойига келиб, уларнинг сони бармоқ билан санарли эди. Улар орасида Папа нунцийи Акилле Ратти – бўлғуси папа Пий XI ҳам бор эди.
Шу аснода, Украинада Александр Егоров (Реввоенсовет аъзоси сифатида Сталин билан бирга) қўмондонлиги остида Жанубий-Ғарбий фронт ҳам ҳужумга ўтди. Фронтнинг бош мақсади 6-армиянинг учта пиёдалар дивизияси (11-, 12- ва 13-дивизия) ҳамда Михайло Омельянович-Павленко қўмондонлиги остидаги украин армияси ҳимоя қилаётган Львовни ишғол қилиш эди. Львов аҳолиси шаҳар мудофаасига тайёрланди. 9 июль куни ИДҚА 14-армияси Проскуровни (Хмельницкий), 12 июлда эса – штурм билан Каменец-Подольскни олди.
Шу орада, Ғарбий фронт ҳужумидан бир йил олдин Қизил Армиянинг бу урушда мағлуб бўлишини асослаб берган воқеа рўй берди. 1919 йилнинг августе-сентябрь ойларида поручик Ян Ковалевский раҳбарлиги остидаги Бош штаб разведка ва контрразведка Р-2 бўлими шифрловчилар бўлинмаси Қизил Армиянинг ҳам, Кўнгиллилар армиясининг ҳам шифрларини бузди. Пилсудскийнинг шахсий буйруғига асосан зудлик билан шифрловчилар бўлинмаси ташкил этилди ва унга поручик Ян Ковалевский бошлиқ этиб тайинланди. Шунингдек, радиосигналларни тутиб олиш учун бутун бошли радиостанциялар тармоғи яратилди. Ковалевский машҳур математиклар, Варшава ва Львов университетлари профессорлари Станислав Лесневский ва Стефан Мазуркевични, шунингдек, ёш аспирантлар гуруҳ билан бирга Вацлав Серпинскийни ишга жалб қилди. Оқлар ва қизилларнинг деярли барча шифрлари бузилди, бу эса Россия ҳудудида Петрограддан Сибиргача, Мурманскдан Қора денгизгача рўй бераётган воқеалар ҳақида аниқ тасаввур берди. 1920 йилнинг январида эса Ковалевский гуруҳи Германиянинг ҳарбий шифрларини ҳам бузди.
1919 йил августдан 1920 йилнинг охиригача поляк шифрловчилари бир неча мингта радиограмма (асосан, Қизил Армиядан) қабул қилди. Шифрловчи бўлим айниқса, 1920 йилнинг ёзида, ойига душманларнинг 500 тагача радиограммасини қабул қилганда ишга кўмилиб кетди. Масалан, август ойида поляклар Троцкий, Тухачевский, Якир ва Гай томонидан имзоланган 410 та радиохабар олган ва қайта шифрлаб очган. Ян Ковалевский гуруҳининг иш натижаларини муносиб баҳоламасликнинг иложи йўқ. Бу гуруҳнинг иш натижалари асосида Войска Польского қўмондонлиги Варшава жанги давомида тўғи стратегик қарорлар қабул қила олди.

Жангнинг бошланиши

Михаил Тухачевскийнинг режасига кўра (1931 йил ноябрь қўзғолони вактидаги каби) Вислани қуйи оқимида кечиб ўтиш ва Варшавага ғарбдан ҳужум қилиш кўзда тутилганди. 13 август куни (кўзда тутилгандан бир кун олдин) ИДҚА иккита ўқчи дивизияси (3-армия 21-дивизияси ва 16-аримия 27-дивизияси) Радзимин яқинида (Варшавадан 23 км) полковник Болеслав Язвинскийнинг 11-дивизиясини тор-мор келтириб, шаҳарни эгаллаб олдилар. Сўнгра дивизиялардан бири Прага томон, иккинчиси эса ўнгга – Непорент ва Яблонна томон йўл олди. Польша қуролли кучлари мудофаанинг иккинчи чизиғига ўтдилар.
Брест яқинида қизил армиячилар қўлига батафсил харита билан бирга Вепш яқинида қаршиҳужум ҳақида 8358/III-сонли буйруқ тушиб қолди. у кўнгиллилар полкининг ҳалок бўлган қўмондони майор Вацлав Дроёвскийнинг ёнидан топилганди. Бироқ совет қўмондонлиги топилган ҳужжатни Қизил Армиянинг Варшавага ҳужумини тўхтатиш учун ўйлаб топилган дезинформация деб ҳисоблади. Худди шу куни поляк радиоразведкаси 16-армия бўйича Варшавага 14 августда ҳужум уюштириш ҳақида буйруқни эгаллаб олди. Поляк қўшинлари қўмондонлиги бунга жиддий эътироб қаратди. Қизиллардан илгарилаб кетиш учун, Юзеф Халлернинг буйруғи билан Модлинни ҳимоя қилаётган Владислав Сикорскийнинг 5-армияси Вкра дарёси яқинидаги ҳудуддан Тухачевскийнинг чўзилиб кетган фронтига 3- ва 15-аримия тутаган жойда зарба берди ва уларнинг орасига бир неча километр масофага кириб борди. 15 августга ўтар кечаси иккита захира поляк дивизияси (генерал Люциан Желиговскийнинг 10-дивизияси ва генерал Ян Жондковскийнинг 1-Литва-Белорус дивизияси) Радзымин яқинида совет қўшиларига орқа томондан зарба берди. Тез орада шаҳар қўлга киритилди.

ИДҚА 4-армиясини нейтраллаш

Худди шу куни, 15- ва 4-армиялар кесишган нуқтада уюштирилган шиддатли ҳужум натижасида Сикорскийнинг 5-армияси 203-Калишский улан полки фронт орқасида узоқ масофада жойлашган Цеханувни ишғол қилди. Эрта тонгда ИДҚА 4-армияси қўмондони дала штаби катта офицерлари билан бирга шошилинч тартибда Цеханувдан Млавага кўчиб ўтди. Қолган штаб ходимлари ва юклар ортилган карвон чекиниш пайти армия радиостанциясини ёқиб юборди. Бунда Ғарбий фронт штаби ва армия қисмлари ўртасида алоқа узилиб, Тухачевскийнинг таъкидлашича, Варшава жанги тугагунга қадар тикланмади. Польша томонининг манбаларига кўра, айнан шу пайт 4-армия штабига Тухачевскийга генерал Сикорскийнинг 5-армиясига ҳужумни бошлаши ҳақида буйруқ келган.
Радиограмма тезда қайта шифрланганидан сўнг Ян Ковалевский бўлими передатчикни ушбу частотага созлади ва Варшава Цитаделидан библия матнларини тўхтовсиз узата бошлади. Натижада иккинчи радиостанция Минскдан биронта радиограмма қабул қила олмасди. Висла яқинида армиянинг асосий кучлардан узилиб қолганлиги, алоқа мукаммал эмаслиги ва йўқлиги, ўқ-дорилар камлиги, фронт оридаги қисмларнинг узоқлиги, қуршовда оғир жанглардан сўнг жангчиларнинг толиб қолганлиги амалда 4-армияни нейтраллаштирди ва якуний ҳисобда уни Шарқий Пруссияда қуролсизланишга мажбур қилди.

Поляк қўшинларининг қаршиҳужуми

16 август куни маршал Пилсудский режалаштириб қўйилган қарши ҳужумни амалга оширишни бошлади. Радиоразведка қўлга киритган Мозир гуруҳи заифлиги ҳақида ахборот ўз ролини ўйнади. Унга қарши икки баравардан ортиқ бўлиб чиққан (21 минг кишига қарши 47,5 минг жангчи) поляк қўшинлари (биринчи зарбдор гуруҳга Пилсудскийнинг ўзи қўмондонлик қилган) фронтни ёриб ўтди ва Николай Соллогубнинг 16-армияси жанубий қанотини маҳв этди, шундан кейин бутун Ғарбий фронтда инфратузилмани йўқ қилиш ва Варшава яқинида бўлган барча қўшинларни қуршаб олиш учун жиддий истиқбол кўзга ташланди. Эртаси куни Пилсудскийнинг режасига кўра Варшава-Брест шоссесида чиқиш режалаштирилди. Бир вақтнинг ўзида Влодавга 3-пиёдалар дивизияси кучлари билан, шунингдек, танклар қўллаб-қувватлаган ҳолда Минск-Мазовецкийга ҳужум уюштирилди.
Шу аснода Жанубий-Ғарбий фронт Львов остида жангларни давом эттирарди. Варшава йўналишининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олиб, 14 август куни бош қўмондон Каменев 12- ва 1-отлиқ армияни Ғарбий фронт таркибига уни жиддий кучайтириш учун киритишга буйруқ берди. Бироқ Сталиннинг босими остида Егоров буйруқни писанд қилмади. Львовнинг олиниши уларнинг келгуси ҳарбий ва сиёсий карьерасида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу кучларсиз (айниқса, отлиқ аримиясиз) шаҳарни босиб олишнинг умуман имкони йўқ эди. Сталин ва Егоровнинг қарорини Буденный ва Ворошилов ҳам фаол қўллаб-қувватлади. Бунинг устига, қўшин Львов учун тинка-мадорни қуритадиган ва муваффақият келтирмаган жангларда ҳориб-толган эди. Ниҳоят, Москванинг қаттиқ босими остида 20 август куни 1-отлиқ армия ҳарбий қисмларни шимол томон бошқатдан жойлаштиришга киришди. Ғарбий фронт жуда қаттиқ мағлубиятга учради ва уни ҳеч нарса қутқара олмасди.

 

Ғарбий фронт ҳалокати

«Қизил Армия аскари! Ёлғондакам тинчликка интилган ҳолда, поляк оқ гвардиячилари Висли дарёси оқими бўйлаб бизга зарба тайёрлаган. Полоцкдан Варшавагача қаҳрамонларча ҳаракат натижасида ҳолдан тойган Қизил Армия қисмлари душманнинг устунлик қиладиган кучлари босими остида чекинмоқда. Бутун дунё оқ гвардиячилари бизнинг вақтичанлик муваффақиятсизлигимизни байрам қилмоқда».
18 августга ўтар кечаси Тухачевский ҳужум ҳаракатларини тўхтатиш ва «душмандан узоқлашиш»га буйруқ беради. Қолаверса, бундай буйруққа эҳтиёж ҳам қолмаганди. Ғарбий фронт қўшинлари 17 августдаёқ чекинишни бошлаганди.
18 август куни Войско Польское барча мавуд кучлар билан ҳужумга ўтди ва бу оқимни тўхтатиш Ғарбий фронтнинг қўлидан келмасди. 19 август куни поляк қўшинлари Брестни, 23 августда эса – Белостокни ишғол қилди. 1920 йил 24 дан 26 августгача узлуксиз жангларда ҳолдан тойган 4-армия ўзининг тўрт дивизияси билан, шунингдек, Гайнинг 3-отлиқ корпуси ва 15-армия таркибидаги икки дивизия (жами 40 минг кишига яқин) Пруссия чегарасидан ўтди ва қуролсизлантирилди.

Сулҳ ҳақида музокаралар

Бу пайт Минскда Польша томонининг ташаббуси билан сулҳ ҳақида музокалар бўлиб ўтаётганди. Худди ўтган сафардаги каби, музокаралар яна Совет Россия раҳбарияти томонидан бузилди. Вазиятни ўнглаб олишдан умид қилган ҳолда советлар рози бўлинмаслиги олдиндан аниқ бўлган шартларда сулҳ таклиф қилди. Тўғри, улар «Керзон чизиғи» бўйлаб чегарага рози бўлди, лекин Польшада армия сонини 50 минг кишигача қисқартириш ва барча қуролларни Қизил Армияга топширишни талаб қилди. 23 август куни Польша музокараларни тўхтатиши ҳақида маълум қилди.
Ғарбий фронт мағлубияти жуда оғир бўлди. Аниқ йўқотишлар маълум эмас. Лекин ҳатто энг кичик баҳоларга кўра ҳам Варшава жанги давомида 25 минг қизил армиячи ҳалок бўлди, 60 минг киши полякларга асир тушди ва 45 минг киши немислар томонидан қуролсизлантирилди. Бир неча минг киши дом-дараксиз йўқолди. Одамлардан ташқари, фронт 231 та тўп, 1023 та пулемет, бир неча мингта от, 10 минг арава аскарий анжомлар, 200 та дала ошхонаси ва жуда кўп сонли автомобиллар (жумладан, зирҳланган машиналар) йўқотди.
Польша томонидан йўқотишлар ҳам катта бўлди – 4,5 минг киши ҳалок бўлди, 22 мин киши яраланди ва 10 минг киши дом-дараксиз йўқолди.
1921 йилнинг март ойида Ригада СССР ва Польша ўртасида сулҳ битими имзоланди.
«Висла узра мўъжиза» номи остида ҳам машҳур бўлган Варшава жанги британиялик тадқиқотчилар томонидан жаҳон тарихидаги 18 та энг кескин ўзгаришларга сабабчи бўлган жанглар қаторига киритилган.

Интернет маълумотлари асосида
Ян Чеславович Макаревич (Абу Муслим) тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase