close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тарихда яшаб ўтган энг нуфузли 100 киши

Тарихда яшаб ўтган энг нуфузли 100 кишининг энг афзали сифатида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлашим баъзиларни ҳайратга солиши, бошқаларда эса турли саволлар уйғотиши мумкин. Аммо у Зот тарихда ҳам дин, ҳам дунё ишларида ниҳоятда муваффақиятли фаолият кўрсатган ягона кишидирлар. Худо Исломни ғариб ҳолатдан у Зот орқали юксалтирди ва у зот ниҳоятда буюк сиёсий етакчи бўлдилар.

Ушбу китобда қайд этилган кўпчилик инсонлар ўз даврининг ривожланган, юқори даражада маданийлашган ва ўз даврининг сиёсий марказлари бўлган ҳудудларда дунёга келганлар. Аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 570 йили Арабистоннинг Макка шаҳрида, ўша даврнинг ривожланмаган, санъат, маданият ва илмдан узоқ бўлган ҳудудида дунёга келдилар. Туғилмасларидан отадан, олти ёшларида онадан етим бўлиб қолдилар ва ҳашаматдан йироқ ҳолларида тарбияландилар. Ислом манбалари бизга у Зотнинг таълим кўрмаганликларини айтади. У Зотнинг молиявий жиҳатлари Хадижа розияллоҳу анҳога уйланганларида яхшиланди. Қачон қирқ ёшга етганларида пайғамбар бўлганлари ҳақида илоҳий хабар берилди. Бу даврда кўпчилик араблар сохта «худо»ларга сиғинувчи бутпараст эдилар. Шунингдек, ўша даврда Макка шаҳрида кам сонли яҳудий ҳамда насронийлар ҳам яшар эди. Қирқ ёшга етганларида ягона Аллоҳ у Зотга ваҳий юбораётгани ва Ҳақ Динни ёйиш учун танлангани инсонларга маълум бўла бошлади.
Уч йил давомида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ динга фақат яқин қариндошлари ва дўстларини даъват қилдилар, кейинчалик, аниқроғи, 613 йил даъватни ошкора қила бошладилар. Макка улуғлари у Зотнинг жонларига хавф сола бошлагач, 622 йили Маккадан 260 мил (480 км) шимолда жойлашган Мадина шаҳрига сафар қилдилар. Бу сафар «Ҳижрат» деб аталди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётида катта аҳамият касб этди. Макка шаҳрида у Зотга иймон келтирганлар озчиликни ташкил қилар, Мадина шаҳрида эса иймон келтирганлар сони кўп эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга бошчилик қила бошладилар. Келгуси бир неча йил ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганлар сафи кескин ортиши билан бир қаторда Макка ва Мадина аҳли орасида жанглар ҳам бўлиб турди. Бу жанглар 630 йилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳрига фотиҳ сифатида киришлари билан бутунлай барҳам топди.
Умрларининг охирида араб қабилаларининг гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломни қабул қилаётганларига гувоҳ бўлдилар. 632 йили Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида бутун Арабистон ярим оролининг ғарбий қисми у Зотга бўйсунган эди.
Араблар моҳир жангчилар сифатида ном қозонган эдилар, аммо улар ўзаро ички урушлардан азият чекишар эди. Ушбу ҳолларида қишлоқ хўжалиги анчайин ривожланган шимолдаги давлатларнинг йирик қўшинларига бас келолмас эдилар. Аммо тарихда биринчи марта Аллоҳга бўлган иймонлари туфайли бирлашган бу кичик араб (мусулмон) қўшинлари инсоният тарихида ҳали мисли кўрилмаган фатҳларни амалга оширдилар. Ўша даврда Арабистоннинг шимоли-шарқида форсларнинг Сосонийлар империяси, шимоли-ғарбида эса маркази Константинопол бўлган Византия (шарқий Рум империяси) жойлашган бўлиб, сон жиҳатидан олганда араб (мусулмон)ларнинг бу давлатларга бас келиши мантиққа ҳам тўғри келмас эди. Аммо Аллоҳга бўлган иймонлари туфайли руҳланган араб (мусулмон)лар жуда тез фурсатда Месопотамия, Сурия ва Фаластинни фатҳ этдилар. Форс қўшинлари 637 йилда Қодисия ва 642 йилда Неҳавандда жанглар билан машғул бўлган вақтда 642 йилгача Миср Византия империясидан тортиб олинди.
Бу буюк фатҳлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб бошчиликларида амалга оширилган бўлса-да, бу ҳали араб (мусулмон)лар ривожининг интиҳоси эмас эди. 711 йилгача араб (мусулмон) қўшинлари шимолий Африкадан Атлантика океанигача бўлган деярли барча ерларни фатҳ этдилар, бу ерда улар шимолга бурилиб, Гибралтар бўғозини босиб ўтдилар ва Испаниядаги Вестготлар қироллигини мағлуб этдилар.
Қанчадир муддат мусулмонлар бутун христиан ғарбини босиб оладигандек туюлди. Аммо 732 йилда Франция марказигача кириб борган мусулмонлар машҳур Тур жангида франклар томонидан тўхтатиб қолинди. Шундай бўлса-да, унча узоқ давом этмаган фатҳлар асрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзидан руҳланган мусулмонлар Ҳиндистондан Атлантика океанигача бўлган ҳали бутун дунё гувоҳ бўлмаган улкан империяга асос солдилар. Шу билан бирга, улар қаерни фатҳ этган бўлсалар, уларнинг юришлари кўплаб инсонларнинг Ислом динини қабул қилишлари билан ниҳояланди.
Ҳозирги кунда бу фатҳларнинг ҳаммаси ҳам ўз кучида қолмаган. Форслар гарчи араблардан ўз мустақилликларини қўлга киритган бўлсалар-да, Ислом динига содиқ қолдилар. Испанияда 7 асрдан узоқ давом этган курашлар христианларнинг бутун яриморолни қайта эгаллашлари билан тугади. Бироқ қадимги цивилизациянинг икки бешиги бўлган, Африка шимолий қирғоғини тамомила эгаллаган Месопотамия ва Миср миллатлари мусулмонлигича қолди. Албатта, Ислом динининг тарқалиши тўхтаб қолмади, келгуси асрлар давомида у янги-янги ерларга етиб борди. Ҳозирги кунда Африка ва Марказий Осиёда ўн миллионлаб мусулмонлар бор, Покистон ва Ҳиндистоннинг шимолида ҳамда Индонезияда эса уларнинг сони бундан-да кўпроқ. Индонезияда иймон бирдамликнинг асосий омилидир. Аммо Ҳиндистонда мусулмонлар ва бутпарастлар орасида давом этаётган кураш бирлашишга асосий тўсиқдир.
Шундай экан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсоният тарихига таъсирини қандай баҳолаш мумкин? Бошқа динлар каби Ислом ҳам унга эътиқод қилувчилар ҳаётига катта таъсир кўрсатади.
Шунинг учун ушбу китобда дунёнинг барча йирик динлари асосчилари алоҳида қайд этилган. Дунёда насронийлар сони мусулмонлардан тахминан икки баробар кўп экан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ийсо алайҳиссаломдан олдин қўйилиши ғалати туюлиши мумкин. Аммо бу хулосанинг икки асосий сабаби бор: биринчидан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динининг ривожи учун Ийсо алайҳиссалом насронийликнинг ривожланиши учун қилган ишлардан кўра кўпроқ ишларни амалга оширганлар. Ийсо алайҳиссалом насронийликнинг асосий маънавий ва ахлоқий жиҳатларини белгилаб берганлар. Ҳаворий Павел насронийлик назариясининг асосий ривожлантирувчиси ва асосчиси бўлиб, шунингдек, Янги Аҳднинг ҳам каттагина қисмига муаллифлик қилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Ислом ақидаси, унинг маънавий, ахлоқий жиҳатлари, исломий аҳкомлари ва амалларини белгилаб берган ягона шахсдирлар. Ундан ташқари, Исломнинг асосий манбаси ва Пайғамбарга ваҳийлар йиғиндиси бўлган Қуръони карим ҳам у Зот орқали етиб келган. Ваҳийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ёзиб қўйилган бўлиб, у Зот вафотларига ҳали кўп вақт бўлмасдан ишонарли ҳолда жамлангандир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари билан Қуръони карим бир-бирига зид эмас. Аммо Ийсо алайҳиссалом таълимотлари бундай ҳолда бизгача етиб келмаган. Ийсо алайҳиссалом ва ҳаворий Павелнинг насронийлик учун қилган ишларини жамласак ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом йўлида қилган ишларига тенглаша олмайди. Диний жиҳатдан назар солсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ийсо алайҳиссалом каби инсоният тарихида муҳим из қолдирган шахс эканликларини кўришимиз мумкин. Аммо у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийсо алайҳиссаломдан фарқли равишда ҳам дин, ҳам дунё ишларида ўз асҳобларига бошлиқ эдилар. Мусулмонларни бу қадар фатҳларга руҳлантирган нарса ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин эди.
Кўплаб тарихий воқеаларга назар соладиган бўлсак, уларнинг одамларни олға бошлайдиган бошлиқларсиз ҳам содир бўлиши мумкин эканини кўрамиз. Мисол учун Симон Боливор у ерда яшамаган тақдирда ҳам, эҳтимол, жанубий Америка Испаниядан ўз мустақиллигини тортиб олар эди. Аммо биз араблар ҳақида бундай деёлмаймиз. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳеч қачон бундай воқеа содир бўлмаган эди, шунингдек, ушбу фатҳларнинг у Зотсиз содир бўлишига ишониш жуда қийин. Инсоният тарихидаги бу фатҳлар билан қайсидир маънода тенглаша оладиган юришлар 13 асрда, асосан, Чингизхон таъсири билан рўй берган мўғуллар истилосидир. Бу истилолар мусулмонларникига қараганда кўпроқ ҳудудни қамраб олган бўлса-да, ҳозирги кунда Мўғилистон чегаралари Чингизхондан аввалги давр чегараларига қайтиб борган. Бу мусулмонларнинг фатҳларидан бутунлай фарқ қилади. Ироқдан Марокашгача бўлган масофада фақат эътиқодлари билангина эмас, балки бир хил маданияти, тили ва тарихи билан боғланган бутун бир мусулмон давлатлари занжири ястаниб ётибди. Мусулмон давлатлари орасида турли фарқлар ҳам бор, албатта, ва улар бизни бирдамликнинг асосий жиҳатларини кўришдан тўсиб қўймаслиги керак. Масалан, Индонезия ҳам, Ироқ ҳам нефть ишлаб чиқарувчи давлатлардир, уларнинг ҳар иккиси ҳам Ислом динида ва улар 1973 – 1974 йилларнинг нефть қазиб олишни чеклаш лойиҳасига аъзодир.
Биз кўриб турибмиз: 7 асрда содир бўлган мусулмон фатҳлари узоқ ўтмишдан то бугунги кунимизгача муҳим аҳамият касб этмоқда. Ва мен ўйлайманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам дин, ҳам дунё ишларидаги мувафаққиятли фаолиятлари у Зотга ҳақли равишда инсоният тарихидаги энг мукаммал инсон мақомини беради.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase