close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муборак хирқа

  • Чоршанба, Окт 10 2018
  • Муаллиф  Абдуллоҳ ТОШҚИН

Маълумки, Сарвари Олам (алайҳиссалом) умрларининг охирида ҳазрати Умар ва ҳазрати Алига (розийаллоҳу анҳум) муборак хирқаларини Увайс Қаранийга (раҳматуллоҳи алайҳи) элтиб беришни васият қилганлар. Омонатни қабул қилиб олган Увайс Қараний умрининг охиригача муборак хирқани асраб-авайлаб сақлайдилар. У кишининг вафотидан сўнг хирқа Маккаи мукаррамадаги Ҳиро ғорига қўйилади.

Кейинроқ Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) муборак вужудларини қучган, муаттар бўйларини ўзига сингдирган шариф хирқани Шайх Дўст Муҳаммад Бағдодга олиб кетади. Соҳибқирон Амир Темур даврида муборак хирқа Ислом динимизнинг қуввати дея шарафланган Бухоро шаҳрига келтирилади. Бу воқеа Бухоро шаҳрининг шавкатига шавкат қўшиб, ҳақиқий мусулмон зиёратгоҳларидан бирига айланишига сабаб бўлди. Амир Темур бобомиз бошқараётган мамлакат қудрати ортиб, обрўйи янада юксалди.
Кўплаб зафарларга, хоссатан, исломий имон-эътиқоднинг мустаҳкамланишига сабаб бўлган муборак хирқа салкам бир аср Бухорои шарифда сақланди.
Ҳижрий 1181-1182 йилда Афғонистон ҳукмдори Аҳмад шоҳ Дуроний Туркистоннинг Жайҳун ортидаги музофотларини забт этиш учун 60 мингдан зиёд қўшин тўплаб, вазир Шоҳ Валихон бошчилигида Амударёнинг шимолига юборади. Ўша даврда бу ўлкалар аҳолисини асосан ҳазарлар ташкил этар эди.
Афғонистон қўшини олдин Балх ва Бадахшонни забт этишга азм қилади. Бундан хабар топган Бухоро амири Шоҳ Муродбек Балх ва Бадахшон аҳолисига ёрдам қўлини чўзиб, йигирма мингга яқин қўшинни чегара яқинидаги Қарши шаҳрига жўнатади.
Шу вақтда Аҳмад шоҳ Дуроний чопар юбориб, ё Афғонистон ҳудудини Амударёгача кенгайтириш ёки муборак хирқани Афғонистонга бериш шартини қўяди. Шу икки шартнинг бирига рози бўлинмаса, Бухорога юриш бошланиши муқаррар эди.
Бухоро амири мусулмонлар орасида низо ва урушларнинг олдини олиш мақсадида, уларнинг тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшашларини ҳисобга олиб, шартни қабул қилади. Яъни, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) муборак хирқаларини афғон биродарига тақдим этишга қарор қилади. Душман бўлиб келган қўшин муборак хирқа шарофати билан дўст-биродарга айланди. Улар назр-ниёзлар билан Бухорои шарифга кириб, табаррук хирқани зиёрат қилишади. Сўнг уни олиб, Қандаҳор йўлига чиқишади.
Хирқа ортидан (баъзи манбаларда 420 нафар, баъзиларида ундан ҳам кўп) олиму уламо, мавлавийлар, эшону домлалар карвонга эргашадилар. Карвон Балх ва Бадахшондан ўтиб, Кобулнинг Алиобод даҳасига қўнади. Муборак хирқа катта қора тош устида бир ҳафта туради. Шу вақт мобайнида бутун шаҳар аҳолиси хирқани зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлади. Шундан сўнг карвон яна Қандаҳор сари йўл олади.
Бу баракотли хирқа ҳозир Туркиянинг Истанбул шаҳрида Тўпқопи музейида сақланаётган хирқа деб тахмин қилинади.

Абдуллоҳ ТОШҚИН
тайёрлади.

Ушбу маълумот Афғонистонда дарий тилида чоп этилган "Лашкарко-шихои Аҳмадшоҳ Дуроний" китобининг 60—61-саҳифаларида келтирилган.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase