close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Варфоломей кечаси

Варфоломей кечаси деб Францияда 1572 йил 24 август нишонланадиган авлиё Варфоломей куни аърафасида гугенотларнинг католиклар томонидан оммавий қирғин қилинган тунга айтилади. Турли маълумотларга кўра, ўша кечада Парижнинг ўзида 2000, бутун Франция бўйича эса 30 мингга яқин гугенотлар ўлдирилган.

Варфоломей туни қирғини Франция қиролининг (Карл IX) онаси Екатериной Медичининг талаби ҳамда италиялик маслаҳатчилар Альбер де Гонди ва Лодовико Гонзагалар тазйиғи остида уюштирилгани айтилади. Қирғин қирол қизи Маргаританинг протестант шаҳзода Генрих Наваррский билан тўйидан олти кун ўтиб амалга оширилган. Ўшанда ушбу тўй муносабати билан кўплаб давлатманд ва нуфузли гугенотлар аҳолиси асосан католиклардан иборат Парижда тўпланган эдилар. Хунрезлик 1572 йил 23 август куни, авлиё Варфоломей куни арафасида, гугенотларнинг ҳарбий ва сиёсий етакчиси адмирал Гаспар Колинига суиқасд уюштирилганидан икки кун ўтиб бошланди.

Номатлуб иттифоқ ва номаъқул никоҳ

Авлиё Варфоломей куни бўлиб ўтган қирғини: Франциядаги учинчи диний урушга чек қўйган  1570 йил 8 август кунги Сен-Жермен тинчлик сулҳи, гугенот шаҳзода Генрих Наваррскийнинг Маргарита Валуа билан 1572 йил 18 август куни бўлиб ўтган тўйи ҳамда 1572 йил 22 август куни адмирал Колинига қарши муваффақиятсизлика учраган суиқасдларнинг кульминациясига айланди.
Сен-Жермен тинчлик сулҳи католиклар ва протестантлар ўртасидаги уч йил давом этган урушга чек қўйди, бироқ энг радикал кайфиятдаги католиклар битимни тан олишни истамаганлари хавотир уйғотиб келарди. Католикларнинг энг радикал фракциясини бошқариб келган герцог де-Гиз оиласи гугенотлар лидери адмирал Гаспар Колинини қирол саройидан бадарға этилишини қатъий туриб талаб қиларди. Бироқ Екатерина Медичи ўғли Карл IX билан қўлидан келганча диндошларининг жанггарилик ҳовурини совутишга уринарди.  Боз устига, уларни оғир аҳволга солиб қўйган молиявий қийинчиликлар тинчликни авайлаб сақлашга ҳамда Колини билан яхши муносабатларда қолишга мажбур қиларди. Армияси яхшигина қуролланган, зодагонлари эса пул маблағлари жиҳатидан ёрдамини аямаган гугенотлар Ла-Рошел, Коняк ва Монтобан шаҳарларини назорат қилишарди. Ўзининг ғаразли манфаатларини кўзлаган Испания (Бургундия, Прованс вилоятларини бериш) ва Англия (Кале ва Гиенини қайтариш)  икки партияни эвазига иккала партияни қўллаб келарди.
Рақиблар ўртасидаги тинчлик сулҳини мустаҳкамлаш учун Екатерина Медичи 1572 йил 18 август куни қизи Маргарита Валуа билан бўлғуси қирол, протестант шаҳзода Генрих Наваррскийнинг тўйини ўтказишни режалаштирганди. Бироқ на Рим Папаси ва на Испания қироли Филипп II ва на Франциянинг энг ашаддий католиклари Екатерина сиёсатини қўллар эди.

Воқелар қандай кечгани ҳақида

Бўлғуси тўй таниқли протестантларнинг Парижда тўпланишига баҳона бўлди, улар пойтахтга ўз шаҳзодалари Генрихни никоҳ маросимига кузатиб келгандилар. Бироқ Парижда аксилгугенот кайфияти ҳукмрон бўлиб, аксарияти католиклардан иборат парижликлар гугенот лидерларининг шаҳарда бўлишини номақбул ҳолат дея қабул қилдилар.

Париж парламенти тўй маросимини менсимасликка қарор қилди. Деҳқончиликдан кутилган ҳосил йиғиштирилмагани, солиқлар кўтарилгани,   озиқ-овқат ва биринчи зарурий буюмларга нархларининг ошгани оддий католикларнинг нафратини кучайтириб юборганди. Шаҳарликлар қирол хонадонидаги тўйнинг намойишкорона ҳашамати ва зеб-зийнаитлари боис ғазабнок эдилар.
Қироллик саройининг ўзи ҳам фавқулодда тарзда бўлинган эди. Екатерина Медичи мазкур никоҳга Рим Папасининг рухсати олмаган, шунинг учун фаранг прелатлари (прелат - католик ва англикан черковларида: юқори мансабга эга бўлган руҳоний.- тарж.) иккиланиб қолгандилар. Қиролича кардинал Шарл де Бурбонни (Бурбонлар оиласидаги ягона католик) келин-куёвга никоҳ ўқишга зўрға кўндирди. Католикларнинг орасида зиддият етила бошлади, бироқ Гизлар рақиблари Монморанси хонадони билан яккама-якка курашга тайёр эмасди. Париж губернатори Франсуа де Мономоранси шаҳардаги тартибни таъминлашга кўзи етмаслигини ҳамда вазиятнинг ўта хавфли тус олаётганини сезиб, тўйдан бир неча кун олдин шаҳарни тарк этди.
Франция қироли Карл IXнинг онаси Екатерина Медичи гугенотлар етакчиси Гаспар Колиньига суиқасд муваффақиятсизликка учраганидан сўнг гугенотларни қиличдан ўтказишни бошлашга буюрди. Де Колинининг қирол Карлга таъсири борган сари кучайиб бораётган, адмирал уни протестантларнинг Испания қироли Филипп Иккинчига қарши қўзғолонини қўллашга ва бунинг учун католиклар ва гугенотларнинг бирлашган армиясини юборишга кўндираётганди. У Франциядаги фуқаролик урушини тўхтатиб қолиш учун ягона чора шу деб ҳисобларди, бироқ бу билан у Екатерина Медичининг Испания билан тинчлик ўрнатиш бўйича режаларига халақит берарди. Шу билан бирга, Екатерина Медичи тутган йўлнинг асосли эканини қайд этиш жоиз, негаки ўнлаб йиллар давом этаётган фуқаролик урушидан чарчаган Франция умумий душман олдида бирлашиш ҳамда ўша пайтда қудрат чўққисига чиққан Испанияни мағлубиятга учратишдан ожиз эди. 
Тарихчилар ва беллетристларга кўра,  она қиролича гугенотларни оммавий равишда қиришни режалаштирмаган. Аввали бошида Колини ҳамда гугенотларнинг ўндан зиёд етакчиларини йўқ қилиш ҳамда гугенотлар партиясининг номинал лидерлари – Бурбонлар хонадони шаҳзодаларини – Генрих Наваррский ва унинг бўласи шаҳзода Кондени қўлга олиш режалаштирилганди. Париж аҳолисининг гугенотларга нисбатан нафрати ҳамда Колиньи ва Гизлар оилалари ўртасидаги қўҳна адоват режалаштирилган акцияни оммавий қирғинга айлантириб юборди. Қора либослари боис омма орасида ажралиб, танилиши осон бўлган гугенотлар қутурган қотиллар учун осон ўлжага айланиб қолдилар, бу қирғинда ҳеч кимга, у қария, ёш бола ёки аёл бўладими, шавқат қилинмади.  Бунақанги тўс-тўполонда бемалол қўшнини тўнаш, қарз берган кредиторни асфаласофинга жўнатиш ва ҳатто жонга теккан хотинини даф қилиш осон эди. Ҳеч ким қиличлардан ким ҳалок бўлаётганини – у гугенотми ёки католикми, назорат қилмай қўйганди. Охир-оқибат қирол зудлик билан Париж кўчаларида тартиб ўрнатишни амр этди.
Қирғиннинг бошланишига Сен-Жермен-л'Оксеруа черковидаги қўнғироқлар ишора қилган деб айтилади. Бироқ Агриппа д’Обинье қироллик ибодатхонасидаги қўнғироқ ҳақида ёзади: “...саройдаги катта қўнғироқнинг товушидан экзекуция бошланишини билишлари учун...”, “у (қиролича) Сен-Жермен-Оксерруа  қўнғироғидан бир ярим соат олдин саройда бонг уришга буюриб, жазо бошланишини тезлаштирмоқда”.

Хунрезлик тўлқини аввал Париж ва ундан кейинроқ бошқа шаҳарлар ва қишлоқларидан ўтиб, бутун мамлакат миқёсидаги қонли қирғинга айланди ва бир неча ҳафта давом этди. Тарихчилар шу кунгача Варфоломей тунининг қурбонлари сони бўйича аниқ бир тўхтамга келганлари йўқ, бироқ кўпчилик 5000 дан 30000 гача одам ўлдирилган деб ҳисоблайди.
Қирғин Франциядаги Диний урушлар тарихида бурилиш ясади. Гугенотларга қақшатқич зарба берилди ва натижада улар кўплаб кўзга кўринган раҳбарларидан айрилдилар. Қирғин “асрнинг энг даҳшатли диний қирғини бўлиб қолди”,  бутун Европа бўйлаб “протестантларнинг онгида ўчмас из ва католицизм қонли ва сотқин дин эканлиги тўғрисидаги фикрни шакллантирди”.  

Аҳамияти

Франциядаги диний урушлар даврмида гугенотлар ҳам католикларни савалаган. Мисол тариқасида 1567 йилда Авлиё Михаил кунида Нимадаги “Мишелада”ни келтириш мумкин. Бироқ Варфоломей туни ҳаммасидан ўтиб тушди ва замондошларнинг ақлини шошириб қўйди. Ушбу тун католиклар ва гугенотлар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг бошқа воқеаларини иккинчи даражага тушириб қўйди.  Варфоломей тунидан сўнг 200 мингга яқин гугенот қўшни мамлакатларга қочдилар. Англия, Полша ва немис герцогликлари мазкур зўравонликлар борасида ўз норозиликларини билдирдилар. Рус подшоси Иван Грозний ҳам раиятга нисбатан бунақа муносабатни қоралади (унинг айблов мактуби Новгород қирғинидан икки йил ўтиб ёзилганди).

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz

Ўхшаш мақолалар (калит сўз бўйича)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase