close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бани Назир воқеаси

Бу воқеа ҳижрий тўртинчи йил, рабиул-аввал ойида бўлиб ўтган. Ибн Саъд ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам бир куни муҳожир ва ансорлардан иборат бир қанча саҳобалари билан Қубо масжидига бориб намоз ўқидилар.

Бу воқеа ҳижрий тўртинчи йил, рабиул-аввал ойида бўлиб ўтган. Ибн Саъд ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам бир куни муҳожир ва ансорлардан иборат бир қанча саҳобалари билан Қубо масжидига бориб намоз ўқидилар.  Сўнг Бани Назир яҳудийлари олдига бориб, билобликлар хунини тўлашга ёрдам беришларини сўрадилар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳимоясига кирган билоблик икки мушрикни Амр ибн Умайя Зомрий билмасдан ўлдириб қўйган эди. Бани Назир билан бану Омир ўртасида иттифоқдошлик бор эди. Бани Назир яҳудлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: "Сен истаган ишни қиламиз - хун ҳаққини тўлашга ёрдам берамиз эй Абул Қосим", дейишди. Ва ўзаро холи қолишиб хиёнат қилишга қасд қилишди. Амр ибн Жаҳҳош исмли яҳуд: Мен уйнинг тепасига чиқаман ва Муҳаммаднинг устига бир харсангтош ташлаб ўлдираман, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг уйининг девори яқинида ўтирган эдилар. Яна бир яҳуд - Салом ибн Мишкам эса: Бундай қилманглар, Муҳаммад бу суиқасдингиз ҳақида (Робби томонидан) хабардор бўлади, қолаверса, бу иш ўртамиздаги мийсоқ - аҳдни бузиш ҳисобланади, деди.
Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламга (фаришта орқали) яҳудлар тил бириктирган суиқасднинг хабари билдирилди. Бас, тезда ўринларидан туриб, худди ҳожатга бормоқчи бўлгандек кетиб қолдилар ва тўғри Мадинага юзландилар. Ортларидан саҳобалар етиб келишиб: Кетиб қолибсиз, сезмай қолибмиз, дедилар. Шунда у зот: "Яҳуд хиёнатни қасд қилди, Оллоҳ менга бунинг хабарини етказгач, туриб (Мадинага қайтдим)", дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга одам жўнатиб, бу шаҳримдан чиқиб кетинглар, менга хиёнатни қасд қилдинглар. Сизларга ўн кун муҳлат бераман. Ундан кейин сизлардан кўзимга кўринган кимсани бошини танасидан жудо қиламан, дедилар. Яҳудлар Мадинадан чиқиб кетишга тайёргарлик кўра бошлашди, лекин (мунофиқлар каттаси) Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул уларга одам жўнатиб, диёрингизни тарк қилманг, қўргонингизда туринг, мен билан икки минг киши бор, сизларни ҳимоя қилиб уришамиз, деди. Буни эшитган яҳудлар чиқиб кетмоқчи бўлиб турган бир вақтда орқага қайтдилар. Қўрғонларига маҳкам ўрнашиб олишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг қилишга тайёргарлик кўришга буюрдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга юриш қилдилар. Яҳудлар ўз қўрғонларида қурол-аслаҳалари билан мустаҳкам ўрнашиб олишган эди. Лекин Абдуллоҳ ибн Убай уларни ёрдамсиз қолдирди, ваъдасининг устидан чиқмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қамалга олиб хурмоларини кесиб ёқишга буюрдилар. Шунда яҳудлар: "Эй Муҳаммад, бузгунчиликдан қайтарардинг, бузғунчилик қилганларни айблардинг, энди бу хурмони кесишинг ва ёқишинг нимаси?!" дейишди. Оллоҳ таолонинг ушбу ояти ана шу ҳақда нозил бўлган:
"(Эй мўминлар), сизлар (Бану Назийр хурмо-зорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингларми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Оллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-и-тоатсиз кимсаларни шарманда қилиш учун (бўлди)" (Ҳашр сураси, 5-оят ).
Кейин улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Мадинадан чиқиб кетишга рози эканларини айтишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Фақат қуролсиз чиқиб кетасизлар ва молларингиздан бир туяга сиққанчасини оласиз, қолгани қолади" дедилар. Яҳудлар бунга рози бўлишди ва молларидан бир туя кўтарганчасини олиб жўнаб кетишди.
Ибн Ҳишом айтади: "Яҳудлар уйларини бузиб, ёғочларини ҳам туяларига ортиб кетишди. Улар Шом тарафларга тарқалиб кетишди. Улардан фақат икки киши - Ямин ибн Умайр билан Абу Саъд ибн Ваҳб мусулмон бўлиб, ўз мол-мулкларига эга бўлдилар".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Назирдан қолган ўлжаларнинг бир қисмини муҳожирларга бўлиб бердилар. Ансорлардан фақат икки кишига - Саҳл ибн Ҳаниф билан Абу Дужонага (фақир бўлганлари учун) бердилар. Бошқа ғазотларда тушган ўлжаларнинг бешдан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегса, бу Бани Назир ўлжаси тўлалигича У зотники эди. Бу тўғрида Ҳашр сурасида шундай дейилган:
"Оллоҳ Ўз Пайгамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсаларнинг устига сизлар оту туяларни - ўйнатиб-чоптириб борганларингиз йўқ (яъни, у ўлжаларни сизлар қийналиб, машаққат чекиб, жанг-жадал билан қўлга киритганларингиз йўқ), лекин Оллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан (мана шундай) устун қилиб қўюр. Оллоҳ барча нарсага Қодирдир. Оллоҳ қишлоқ-шаҳарларнинг (кофир) аҳолисидан Ўз Пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар — токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин учун — Оллоҳники, Пайгамбарники ва (у зотнинг) қариндош-уруглари, етимлар, бечора-мискинлар ва йўловчи-мусофирларникидир. Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Оллоҳдан қўрқинглар! Албатта Оллоҳнинг жазоси қаттиқдир." (Ҳашр сураси, 6-7-оятлар).

Ибратли нукталар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудлар режалаштирган хиёнатдан огоҳ этилишлари Оллоҳ Ўз Расулига инъом этган навбатдаги мўъжизалардан бири эди. Бу мўъжиза у зотнинг пайғамбарликларига иймонимизни янада қувватлантиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан Бану Назир хурмозорининг бир қисмига ўт қўйилди. У зот тутган бу ҳарбий усулнинг тўғри бўлгани ҳақида қуйидаги оят нозил бўлди.
"(Эй мўминлар), сизлар (бану Назийр хурмо-зорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз поясида турган ҳолида қолдирдингларми, бас, (сизлар қилган ҳар бир иш) Оллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни шарманда қилиш учун (бўлди)." (Ҳашр сураси, 5-оят).
Мусулмонлар жанг қилмасдан қўлга киритган ўлжа уларнинг амирлари ҳукмига ҳавола қилинишига уламолар иттифоқ қилганлар. Яъни, уни уруш ва жанг билан қўлга киритилган ўлжа каби аскарларга тақсимлаб бериш вожиб эмас. Уламолар бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бани Назир ўлжасига нисбатан қилган тасарруфларини далил қилиб келтирадилар. Билиб ўтганимиздек, у зот Бани Назир ўлжасидан ансорларга бермай, фақат муҳожирларгагина тақсимлаб бердилар. Бу тутилган йўлнинг тўғрилигини тасдиқлаб мазкур оятлар нозил бўлди.
Ҳашр сурасининг бошидан-охиригача Бани Назир воқеаси ҳақида сўз юритилган.

Шайх Рамазон Бутийнинг
"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase