Бани Қайниқоъ воқеаси Бадр урушидан кейин бўлиб ўтган. Расулуллоҳ алайҳиссалом яҳудийлардан бўлган бу қабила билан аҳднома тузган эдилар. Мусулмонларнинг Бадр урушида мушриклардан ғолиб келиши яҳудийларга ёқмади. Бу улкан ғалабага ҳасад қилдилар ва Мадинада мусулмонларнинг обрўйи ортиб, ўзларининг обрўйлари пасайишидан қўрқдилар.
Бани Қайниқоъ қабиласи Пайғамбар алайҳиссаломга қарши уюштираётган фитна ҳақида хабар келди. У зот яҳудийларга аҳдномани эслатдилар ва оқибати ёмон бўлишини таъкидладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Қайниқоъ бозорига тўплаб туриб:
«Эй яҳудийлар жамоаси, ўзингизга худди қу¬райш-ликларга тушган мусибатга ўхшаш мусибат тушиб қолишидан ҳазир бўлинглар. Мусулмон бўлинг¬лар. Батаҳқиқ, сизлар менинг юборилган набий эканимни билдингиз. Буни сиз ўз китобингиздан ва Аллоҳнинг сизга жорий қилган аҳдномасидан биласиз», дедилар.
Улар қўполлик билан танқид аралаш жавоб бердилар:
«Эй Муҳаммад! Бизни ўз қавминг деб ўйлаяпсанми?! Урушни билмайдиган қавм устидан қозонган ғалабангдан кеккайма! Аллоҳга қасамки, биз сенга қарши урушсак, кимлигимизни кўрсатиб қўямиз!» дейишди.
Бани Қайниқоъ қабиласи турли фитналарни қўзий бошлади. Бозорда бир муслима аёлни ҳақорат қилишгандан сўнг, улар билан мусулмонлар орасида уруш бўлди.
Ҳодисанинг тафсилоти қуйидагича:
Бир араб аёл ўзининг сотадиган нарсасини олиб келди. Уни Қайниқоъ бозорида сотмоқчи бўлди. У ердаги бир заргарнинг олдига ўтирди. Улар аёлнинг юзини очишга ҳаракат қила бошладилар. Аёл бунга йўл бермади. Заргар билдирмасдан аёлнинг кийимининг бир томонини қайириб орқасига боғлаб қўйди. Аёл ишини битириб ўрнидан турганда аврати очилиб кетди. Улар кулдилар. Аёл дод солди. Мусулмонлардан бир киши ўрнидан сапчиб туриб заргарни ўлдирди. Заргар яҳудий эди. Яҳудийлар ҳалиги мусулмонга ҳужум қилиб уни ўлдирдилар. Қатл этилган мусулмоннинг қариндошлари мусулмонлардан яҳудийларга қарши ёрдам сўрадилар.
Бу, яҳудийлар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузилган шартноманинг биринчи бор бузилиши эди. Орада қарама-қаршилик вужудга келди. Ўшанда иккинчи ҳижрий сананинг шаввол ойи ярми эди.
Пайғамбар алайҳиссалом уларни бир муддат қамал қилиб турдилар. Ўн беш кун ўтгандан кейин яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига рози бўлишларини эълон қилдилар. Шунда мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай:
«Эй Муҳаммад, менинг дўстларимга яхшилик қил», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга илтифот қилмадилар. У ўз сўзини иккинчи бор такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юз ўгирдилар. У қўлини у зотнинг ёқаларига узатди. У зот унга:
«Қўйиб юбор мени!» дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабланганлари юзларидан билиниб турарди. У зот яна:
«Қуриб кетгур! Қўйиб юбор мени!» дедилар. У бўлса:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, менинг дўстларимга яхшилик қилмагунингча сени қўйиб юбормайман! Улар тўрт юз бошяланг ва уч юз қалқонли. Мени қизилдан ҳам, қорадан ҳам ҳимоя қилганлар. Уларни бир кунда қириб юборасанми? Мен замоннинг айланишидан қўрқадиган одамман. Шунинг учун ўз валийларимдан воз кечмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Убайга:
«Эй Абул Хаббоб, Убода ибн Сомитга қарши яҳудийларнинг валийлигига бахиллик қилганинг сенга бўлсин», дедилар.
«Қабул қилдим», деди у.
«Улар сенга бўлсин», дедилар у зот.
Охирида Қайниқоъ аҳли Мадинаи Мунавварадан кўчиб, ўзлари билан молу мулкларини олиб, қурол-аслаҳани қолдириб, Шомга кетадиган бўлишди.
Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг яҳудийлардан валийларим бор. Уларнинг сони кўп. Мен Аллоҳ ва Унинг Расули учун яҳудийларнинг валийлигидан воз кечаман. Ҳамда мен энди фақат Аллоҳни ва Унинг Расулини ўзимга валий деб биламан», деди.
Шунда Аллоҳ таоло Моида сурасидаги қуйидаги оятларни нозил қилди:
«Эй иймон келтирганлар! Яҳудий ва насороларни ўзингизга дўст тутманг. Улар бир-бирлари билан дўстдирлар. Сиздан ким уларни дўст тутса, албатта, у улардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавм¬ларни ҳидоят этмас.
Қалбларида касаллик борларнинг, замон айланиб бизга мусибат етишидан қўрқамиз, деб улар томон шошилганини кўрасан. Шоядки, Аллоҳ фатҳу нусрат берса ёки Ўз томонидан бирон иш ато қилсаю ўзларича сирлашган нарсаларига надомат қилсалар» (51-52-оятлар).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ
Ҳадис ва Ҳаёт, 19-жилдан