055. Роҳман сураси
- 163 марта кўрилди
Маккада нозил бўлиб, 78 оятдан иборатдир. Илк сўз бўлган «ар-Раҳмон» суранинг номи бўлган. Бу сурада Аллоҳнинг неъматлари саналади. Бу неъматлар бир-бир саналаркан барча шуурли (тушунадиган) борлиққа хитобан «Бас, Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?» деган маънодаги оят тез-тез қайтарилиб туради.
Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-13. Парвардигор Муҳаммад алайҳис саломга Қуръонни таълим берди. Инсонни ҳалқ қилди ва унга сўзлашни таълим берди. Офтоб ва ой муқаррар бўлган ҳисоб билан ҳаракат қиладилар. Гиёҳлар ва дарахтлар Парвардигорга сажда қиладилар. Осмонни бандалар тепасига кўтарди. Сизларнинг муомалаларингизга тарозуни муқаррар қилди. Токи тарозуда ҳаддан тажовуз қилманглар, адолат билан тортинглар. Тарозуни тортишда кам қилманглар. Аллоҳ таоло ерни халқ учун пайдо қилди. У ерда мевалар бўлади ва ғилофнинг ичида хурмо мевалари пайдо бўлади. У ерда барг чиқарадиган доналар ва хушбўй гиёҳлар кўкаради. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб ёлғон дейсизлар?!
14-25. Аллоҳ таоло инсонни мисли саполга ўхшаш қуриган лойдан яратди. Ва жинни ўтнинг шуъласидан яратди. Эй инсонлар ва жинлар, бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматини инкор қилиб ёлғон дейсизлар?! Аллоҳ таоло машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорнинг қайси бир неъматини инкор қилиб ёлғон дейсизлар?! Парвардигорнинг қудратларидан бири шуки, икки дарёниниг сувини бир-бирига аралаштирмади: бири шўр ва яна бири ширин, икковининг ўртасида бир-бирига қўшилмайдиган парда яратди. Ва бир-бирларига ғалаба қилмайдилар. Яна иккови бир-биридан жудо бўлади. Ширин сув шўр сувдан ажралади. Бу Парвардигорнинг қудратларидан биридир. Бас, инсонлар ва жинлар, Парвапрдигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?! Икков дарёдан марваридлар ва маржонлар чиқади. Эй инсонлар ва жинлар Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?! Парвардигор у дарёда тоғ каби улуғ кемалар яратган. Эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?!
26-30. Ернинг байтида (устида) ҳар бир нарса бўлса, ҳаммаси йўқ бўлади. Фақат улуғлик эгаси Парвардигорнинг зоти боқий, бошқаси фоний, ўткинчидир. Эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорнинг қайси бир неъматини ёлғон деб инкор қиласизлар?! Осмондаги ва ердаги ҳар бир инсон ва малоика Парвардигордан ҳожатларини сўрайдилар. Парвардигор ҳар бир соатда ва ҳар бир кунда бошқа бир ҳолатда туради. Эй инсон ва жинлар Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар.
31-38. Биз ҳамма нарсаларнинг баёнидан фориғ бўлиб, сизларга мутаважжиҳ бўламиз. Эй инсонлар ва жинлар, бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?! Эй инсонлар гуруҳи ва эй жинлар гуруҳи осмоннинг канораларидан ва ернинг канораларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларинг, чиқиб кетинглар. Чиқиб кетолмайсизлар, магар зўр қувват билан ҳам. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини инкор қиласизлар?! Сизларнинг осий ва мушрикларингиз тепасига ўтнинг аланга ва тутини юборилади. Кейин сизларни куйдиради. Сизлар даф қилолмайсизлар. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини инкор қиласизлар?! Вақтики осмон ёрилиб кетса, у қизил гулга ва қизил бисотга ўхшаш ранг пайдо қилади. Бас, Парвардигорингнинг қайси бир неъматларига инкор қиласизлар?!
39-53. Бас, ўша кунда инсоннинг ва жиннинг гуноҳидан савол қилинмайди,балки амалларнинг аломатларидан таниб олинади. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини инкор қиласизлар?! Кофирларнинг аломатларидан таниб бўлади. Бас, пешоналаридаги сочларидан ва оёқларидан ушлаб дўзахга ташланадилар. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?! Малоикалар айтадиларки: `` Мана шу мушриклар инкор қилган Жаҳаннамдир.`` Дўзахдагилар ўт билан исссиқ сув орасида ҳаракат қиладилар. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматини ёлғон деб инкор қиласизлар?! У дунёда Худонинг олдида ҳисоб беришдан қўрққанларга икки Жаннат берилади. Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?! У икки жаннат дарахтларининг шоҳлари бир бирига уланиб кетган. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?! У икки Жаннатда икки чашма жорийдир. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини инкор қиласизлар?! Шу иккови Жаннатда ҳар қисм мевадан жуфт-жуфт яратганмиз. Бас, Парвардигорнинг қайси бир неъматларини ёлғон деб инкор қиласизлар?!
54-57. Аҳли жаннатлар астарлари ҳарир (ипак)дан бўлган бисотлар (тўшаклар)га суяниб ўтирадилар. Хдр икки жаннатнинг мевалари аҳли жаннатга яқиндир. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор ҳилиб, ёлғон дейсизлар?! Жаннат ҳасрларининг ичида шундай ҳурлар борки, ўз куёвлари (эгалари)дан бошқага (асло) кўзлари тушмагандир. Уларга бу куёвлардан илгари инс ҳам, жин ҳам яқин бўлмаган. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор ҳилиб, ёлғон дейсизлар?!
58-61. Бу ҳурлар гўёки ёқут ва маржонга ўхшайдилар. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?! Яхшилик (эҳсон)нинг жазоси яхшиликдан бошқа нарса бўлмайди. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?!
62-67. Бу иккала жаннатдан бошқа яна икки жаннат бордир. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор килиб, ёлғон дейсизлар?! Бу иккала жаннат ниҳоятда сабзазор ва кўкаламзордир. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?! Бу икки жаннатда жўш уриб (отилиб) турган икки чашма бордир. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?!
68-75. У икки жаннатда ҳар қисм мевалар, хурмо ва анор дарахтлар бор. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?! Бу жаннатларда сараланган, чиройли (гўзал) аёллар бор. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?! Яна чодирларда яширинган ҳурлар бор. Бас, эй инсонлар ва жин-лар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?! Бу ҳурларга ушбу эрлардан илгари бирор инс ҳам, жин ҳам кўл теккизмаган. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?!
76-78. Аҳли жаннат кўк рангли болиш (ёстиқ)ларга суяниб, чиройли бисотларда ўтирадилар. Бас, эй инсонлар ва жинлар, Парвардигорингизнинг қайси бир неъматларини инкор қилиб, ёлғон дейсизлар?! Парвардигорингнинг номи улуғдир. Улуғликка ва инъом (карам ва эҳсон сифати)га эгадир. Ва қаҳрия сифатига ҳам ва лутфия сифатига ҳам соҳибдир.