048. Фатҳ сураси
- 207 марта кўрилди
Ичида Исломнинг қўлга киритажаги фатҳ,нусрат ва зафар ҳақида сўз юритган бу сура «Фатҳ» номини олган. Мазкур сура ҳижратнинг олтинчи йилида Ҳудайбия аҳди пайтида Мадина ва Макка орасида тушган ва Мадинада нозил бўлган суралардан ҳисобланади. 29 оятдан иборат.
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-3. Биз сенга равшан фатҳни ато қилдик. Бу Қурайш билан сулҳ қилишингдан иборатдир. Аллоҳ таолога ҳар бир хатоларинг учун истиғфор айтинг, токи Аллоҳ таоло сенинг ўтган ва келгуси хатоларингни кечирсин. Ва сенга неъматини комил қилсин ва ҳам сенга тўғри йўлни кўрсатсин ва душманларинг устидан ғолиб келишингизга қавий ёрдам берсин.
4-7. Парвардигор шундай зотдирки, шариат аҳкомларига амал қилишда мўминларнинг дилларига оромликни ва сукунатни нозил қилди, токи иймонларининг устига иймонлари зиёда бўлсин. Осмон ва ернинг лашкарлари Аллоҳнинг ҳукмидадир. Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳолига донодир ва ҳикматли мудаббирдир (тадбир қилувчи). Ва ҳам бу имоннинг баракотидан мўъминва мўъминаларни, тагидан анҳорлари жорий бўлган жаннатга дохил қилади ва гуноҳларга каффорат қилади. Бу Худонинг наздида улуғ ва шарафли бир мақсаддир. Ва ҳам иймонсиз мунофиқ ва мушрикларни хоҳ эркак бўлсин, хоҳ хотин бўлсин, қаттиқ азоблайди. Булар Худонинг шаънига ёмон гумон қилувчилардир. Ёмон мусибат шуларнинг устига бўлади. Худо буларга ғазаб қилиб, лаънатлаган ва буларга жаҳаннамнинг азобини тайёр қилиб қўйгандир. Жаҳаннам кўп ёмон борадиган жойдир. Ер ва осмоннинг лашкарлари Худонинг ҳукмидадир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага ғолиб ва ҳикматли мудаббирдир.
8-10. Эй Муҳаммад! Биз сени Ҳақни изҳор қилиш учун, мўъминларга башорат бериш учун ва кофирларни қўрқитиш учун
юбордик. Энди, эй мўъминлар, сизларга башорат шундайки, Худо ва Расулига иймон келтирасиз, дин ишларида унга ёрдам берасиз, уни ҳурматлайсиз ва Аллоҳни улуғлаб, унга эхтиром қиласиз, тасбеҳ айтасизлар яъни эрта ва кеч намоз ўқийсизлар. Эй Муҳаммад, сенга байъат қилганлар, шубҳасиз Худога байъат қилганлар. Аллоҳ таолонинг ёрдами буларнинг қўллари устидадир. Ҳар ким аҳдини бузса, унинг гуноҳи ўз нафсининг зараригадир. Ва ҳар ким Худонинг аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр бергай.
11-12. Эй Муҳаммад, яқинда сендан жиҳоддан баҳона қилиб қолган мунофиқлар узр сўрайди. Айтадиларки,” бизларнинг мол ва ҳолларимиз машғул қилди. Шунинг учун жиҳодга боролмадик. Энди бизлар учун Худодан истиғфор тиланг”. Бу мунофиқлар дилларида йўқ нарсани тиллари билан айтдилар. Айтган сўзлари - ҳаммаси ёлғон. Сен буларга айтгинки, «Агар Худо сизларга балони ирода қилса, ким тўсиқ бўла олади ва агар фойдани ирода қилса, ким қайтара олади. Ҳолат сизлар айтгандек, узурли кечиримли эмас. Йўқ, Аллоҳ таоло ошкору пинҳрн амалларингиздан хабардордир. Эҳтимол сизлар, пайғамбар ва мўъминлар жиҳоддан ўз аҳли-хонадонларига тирик қайтиб кетмайдилар, деб гумон қилгансизлар. Шунинг учун ҳам бормадиларинг. Шайтон тарафидан бу хилдаги ўйлар дилларингизга маъқул қилинди. Мўъминларнинг шаънларига ёмон гумон қилдиларинг. Ҳақиқатан, сизлар ҳалок бўлгувчи қавмдирсизлар.»
13-14. Ҳар кимки, Худо ва Расулига имон келтирмаса, бас Биз бу мункирларга дўзах ўтини муҳайё қилгандирмиз. Ер ва осмоннинг подшоҳлиги, эгалиги Аллоҳ ихтиёридадир. Хоҳлаган бандани кечиради, хоҳлаган бандага азоб беради. Аллоҳ таоло мўъмин бандаларнинг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибондур.
15-16. Илгари урушга бормасдан узр айтиб қолган мунофиқлар яқинда айтадиларки, «Эй мусулмонлар, Худо ваъда қилган ғаниматларни, ўлжаларни олишга борсангизлар, айтинглар, бизлар ҳам сизлар билан борайлик.» Бу мухолифлар Худонинг ҳукмини ўзгартиришни истайдилар. Эй Муҳаммад! Уларга айтгин, «Энди сизлар биз билан урушга бормайсизлар. Аввалги сафар жиҳоддан баҳона қилиб қолганларингда Худо шундай ҳукм қилган эди.» Улар айтаджиларки, «Худо ҳеч қандай ҳукм қилгани йўқ. Балки сизлар бизга бахиллик қиляпсизлар.» Балки бу қавм ўз фойдаларини камроқ тушунадилар, яъни мол-дунёга эга бўлишни ўйлайдилар, холос. Жоҳодга бериладиган ажр мукофотлар ҳақида умуман ўйлашмайдилар. Эй Муҳаммад, бу хилоф қилувчиларга, мунофиқларга; «Яқинда сизлар шавкатли ва қувватли кофирларнинг жангига чақириласизлар ва шулар билан муқотала (жанг) қиласизлар, ёки улар жангсиз таслим бўлиб, ислом келадилар. Агар сизлар Худонинг ҳукмига итоат қилсаларингиз Аллоҳ сизларга кўп-кўп ажр беради. Агар аввалгидек жиҳоддан юз ўгирадиган бўлсангиз, унда Аллоҳ таоло сизларни қаттиқ азобга мубтало қилади,»-деб айтинг.
17. Парвардигор узрлиларни урушдан озод қилиш учун ҳукм қилди; кўрлар агар урушга бормасалар, уларга ҳеч гуноҳ йўқдир, чўлоқларга ҳам, беморларга ҳам ҳеч гуноҳ йўқдир. Ҳар ким Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига итоат қилса, Аллоҳ уларни тагидан анҳорлар жорий бўлган жаннатга дохил қилади. Ва ҳар ким Худонинг ҳукмидан юз ўгирса, қаттиқ азобга мубтало қилади.
18-21. Албатта Аллоҳ таоло, сенга дарахтнинг тагида жон ва молларини ислом учун фидо қилишга байъат қилган мўминлардан рози бўлди. Аллоҳ таоло буларнинг дилларидаги ихлосларини билди ҳамда дилларига ором ва хотиржамлик жойлаштирди. Буларга яқинда муяссар бўладиган ғалабани ва ҳам кўп ғаниматларни (ўлжаларни) муқаррар қилди. Улар буларни оладилар. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага ғолиб ва ҳар бир феъли ҳикматлидир. феъли ҳикматилидир. Аллоҳ таоло кўп ғанимат молларга молик бўлишингизни ваъда қилади. Сизларга ҳозир «Хайбар» урушини нақд қилди ва кофирларнинг ғалабасидан сизларни сақлади. Токи олган ғаниматларинг мўъминлар учун Худонинг ваъдасини ростлигига нишона бўлсин. Бундан кейин ҳам Аллоҳ таоло сизларга жиҳод қилиш йўлларини кўрсатади ва яна ғанимат молларга эга бўлишларингизга ҳам ваъда қилади. Ҳали сизлар унга қодир бўлганларинг йўқ. Аллоҳ таолонинг илми ҳамма нарсани иҳота қилган, қамраб олган. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир.
22-23. Агар кофирлар сизлар билан жанг қилса, қўрқанларидан орқаларини ўгириб, тумтарақай қочадилар. Кейин ўзларига ёр ва мададкор топмайдилар. Аллоҳ таоло аввалдан пайғамбарларга ёрдам беради ва кофирларни мағлуб қилади. Бундан кейин ҳам шундоқ қилади. Аллоҳ таолонинг одатида ўзгариш топмайсан.
24-25. Парвардигор шундай зотки, Ҳудайбияда сизлардан кофирларнинг қўлларини ва улардан сизнинг қўлларингизни тўсди. Яъни уруш бўлмади. Макканинг чўлида сизларга зафар берганди. Буларнинг устига кофирлар лашкарларининг олдинги сафларида турганларни асир қилиб олган эдиларинг. Кейин кофирлар билан сулҳ қилдиларинг. Аллоҳ таоло сизларни амалларингизни кўргувчидир. Бу кофирлар, сизларни Масжидул Ҳаромнинг тавофидан маън қилиб, қурбонликларингизни қурбонлик қиладиган жойга олиб боришга тўсқинлик қиларди. Агар Макка ичида сизлар билмайдиган мўъмин ва мўминалар бўлмаганида ва уруш бошланиб кетса, уларни билмасдан ҳалок қилишлари хавфи туғилмаганида эди, Худо сизларни урушдан асло маън қилмасди. Албатта уруш бўлганда сизлар уларни билмасдан ўлдириб қўйиб, гуноҳкор бўлишларинг мумкин эди. Шунинг учун Парвардигор сулҳ қилишларингизни ирода қилди. Аллоҳ таоло хоҳлаганини ўз раҳматига дохил қилади. Агар Маккадаги мўъминлар кофирлардан ажраб кетсалар, ул вақтда Бизлар кофирларни қаттиқ азобга мубтало қилурмиз.
26.Эй Муҳаммад, кофирлар дилларидаги жоҳилият кибрини намоён қилган пайтни ёд қилгин. Муҳаммад алайҳиссаломни Маккага кириб, хонаи Каъбани тавоф қилишга қўймадилар. Ҳатто мусулмонлар кофирлар билан урушишни ирода қилдилар. Лекин Аллоҳ таоло уруш бўлмаслигини хоҳлади. Бас, Аллоҳ таоло Расулига ва мўъминларга сабру оромни нозил қилди. Буларга тақво калимаси, яъни калимаи шаҳодатни собит айлади. Мўъминлар бу калимага жудаям ҳақли ва муносиб эдилар. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир.
27.Расулуллоҳ Ҳудайбия воқеасини, сулҳдан олдин туш кўрган эдилар. Тушларида хонаи Каъбага кириб, зиёрат қилдилар ва аж аҳкомларини адо этдилар. Мўъминларга бу тушларни ҳикоя қилдилар. Ва бу туштаъбирини шу йилда ҳосил бўлади деб ўйладилар. Сўнгра ҳаж қилишга азм қилдилар. Маккага келганларида кофирлар киргани қўймади. Кейин ҳаж қилмасдан сулҳ қилиб қайтдилар. Баъзи имони заиф мўъминлар Расулуллоҳнинг тушлари нотўғри чиқди, деб дилларига шайтон васваса сола бошлади. Ваҳоланки, тушнинг таъбири қирқ йилдан кейин ҳам келади. Аллоҳ таоло Русулининг тушини тасдиқлаб айтдики: «Аллоҳ Расулининг тушини рост қилгандир, албатта у воқеъ бўлади. Эй мўъминлар, Худо хоҳласа, сизлар урушсиз, амну омонлик бирла Масжидул Ҳаромга дохил бўлурсиз. Сочларингни тагидан олдирасиз ёки калта қилдирасизлар ва ҳеч кимдан қўрқмайсиз. Сизлар билмаган нарсани Аллоҳ билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир фатҳ-ғалабани, Ҳайбар жангидаги нусратни муяссар қилди.
28.Парвардигор Ўз расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан бошқа барча динларга ғолиб қилиш учун юборди. Бу диннинг ҳақлигига Аллоҳнинг гувоҳлиги кифоя қилади.
29.Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, у зот билан бирга бўлган мўъминлар кофирларга нисбатан қаҳрли ва ўзаро раҳму шафқатлидирлар. Уларни Худонинг ибодатида рукуъ ва сажда қилган ҳолда кўрасан. Улар Аллоҳнинг фазлу марҳаматини ва розилигини истайдилар. Ҳамиша юзларида сажда қилганлик аломатлари мавжуддир. Уларнинг сифатлари Тавротда шундай. Инжилдаги уларнинг тавсифлари худди шох чиқарган, қувватга кирган, йўғон бўлиб, ўз танасида тик турган, кўкариб яшнаган ва экувчисини хурсанд қилган бир дарахтга ўхшайдур. Бу мисол Муҳаммад алайҳиссалом бирла мўъминларнинг мисолларидир. Бундай мисолнинг келтирилиши кофирларни мулзам ва ғамгин қилиш учундир. Аллоҳ таоло гуноҳларнинг кечиришини ва улуғ савоб беришни мўъминларга ва яхши амал қилувчиларга ваъда қилади.