047. Муҳаммад сураси
- 149 марта кўрилди
Номи Пайғамбаримиз (с.а.в) исмларидан олинган бу сура яна «Қитол» деган ном билан ҳам аталган.
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-3. Аллоҳни инкор қилиб, Ҳақ йўлидан бошқаларни ҳам қайтарувчи кимсаларнинг амалларини Аллоҳ ботил қилгандир. Аммо у гуруҳларки, Худога иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Муҳаммад (а.с.)га Парвардигор тарафидан нозил бўлган Қуръонни тасдиқ қилган кишиларнинг гуноҳларини Парвардигор кечиради ва дилларини нифоқдан пок қилиб, ислоҳ қилади. Кофирларнинг амаллари ботил бўлмоғига сабаб шуки, улар Худога мункир бўлиб, ботил динга эргашдилар. Мўминларнинг гуноҳларини кечирилиши ва дилларининг пок қилинишига боис, албатта, улар Парвардигор тарафидан нозил бўлган Қуръонга тобеъ бўлдилар ва иймон келтирдилар. Аллоҳ таоло буларнинг ҳолларини халққа насиҳат учун шундай баён қилади.
4-6. Эй мўминлар, агар сизлар урушда кофирларга йўлиқсаларингиз шамшир билан бўйнига уриб, бошларини узиб ташланг. Вақтики, қон тўкишликни тамом қилганликларингдан сўнг, агар ғалаба қилсаларингиз, кофирларни асир қилинглар ва қўлларини маҳкам боғланглар. Сўнгра ё кечириб қўйиб юборасизлар ёки фидя эвазига озод қиласизлар. Сизларга то ўрталарингизда жанг тамом бўлиб, сулҳ бўлгунча ҳукм шудир. Агар Парвардигор хоҳласа, сизларга урушсиз ҳам зафар берар эди. Лекин Аллоҳ таоло баъзиларингизни баъзиларинг билан синайди. Яъни мўминларни кофирлар муқобилида жиҳод билан синайди. Кофирларни мўминларга нисбатан адоват билан синайди. Аллоҳ шаҳид бўлганларнинг амалларини ҳабата (бекор) қилмайди ва тўғри йўлга ҳидоят қилади ҳамда дилларини ислоҳ қилади. Агар шаҳид бўлсалар, жаннатга дохил қилинадилар. У дунёда буларга ваъдалар билан маълум қилган эди.
7-9. Эй мўминлар, агар сизлар Худонинг динига ёрдам берсангизлар, Худо ҳам сизларнинг ҳар бир ишларингизга ёрдам беради. Ҳар бир ишга қадам қўйсаларингиз, қадамларингизни мустаҳкам қилади. Кофир бўлганларни Аллоҳ таоло ҳалок қилади. Чунки улар Худонинг нозил қилган китобини ёмон кўрдилар, бас, Аллоҳ таоло уларнинг амалларини ҳабата қилди.
10-12. Нима учун Макка аҳли ер юзини сайр қилмайдилар? Токи булардан илгари ўтган, Аллоҳ таоло ҳалок қилган кофирларнинг оқибатлари қандай бўлганлигини билар эдилар ва асарларини кўрар эдилар. Бу кофирларга ҳам шу хилда уқубат бўлади. Мўминларга Аллоҳнинг марҳамати шунинг учундирки, Аллоҳ таоло мўминларга дўстдир. Кофирларнинг уқубатлари шунинг учундирки, ҳеч дўстлари йўқдир. Албатта Аллоҳ таоло иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг тагидан анҳорлар жорий бўлган жаннатга дохил қилади. Кофир бўлганлар дунёдан фойдаланадилар, ҳайвонларга ўхшаб ейдилар, кейин уларнинг жойлари дўзахдир.
13-14. Куфрлари учун халокатга дучор бўлган авввлги кўп қишлоқ аҳллари сени шаҳрингдан ҳайдаганлардан, яъни Макка аҳлидан қувватлироқ ва давлатлироқ эдилар. Биз уларни ҳалок қилдик ва уларга Худонинг балосидан қутқарувчи ҳеч қандай ёрдамчи бўлмади. Сенинг қишлоқ аҳлингни ҳам ҳалок қилишга қудратимиз етади. Ҳар кимгаки Аллоҳ тарафидан равшан ҳужжат ва мўъжизалар келган бўлса, аё шундай одам, шайтон тарафидан чиройли кўрсатилган ёмон амалларини қилгач ва нафсоний хоҳишларга эргашган одам билан баробар бўладими?! Ҳаргиз баробар бўлмас!.
15., Худо тарафидан муттақийларга ваъда қилинган жаннатнинг сифати шудирки: у жаннатда анҳорлар жорийдирки, сувлари лаззатли, ўзгармагандир ва ҳам сутдан анҳорлари жорийдирки, мазаси мутағайир бўлмагандир ва ҳам шаробдан анҳорлар жорийдирки, ичувчиларга лаззатлидир ва ҳам тоза асалдан анҳорлар жорийдир. Муттақийларга бу жаннатда ҳар хил мевалар муҳайё. Ва ҳам Парвардигор тарафидан фазл ва марҳамат бордир. Шу сифатларга ва шу нозу неъматларга етган банда дўзахда абадий қолувчи ва у ерда шундай иссиқ, заҳарли, ичганларида ичакларини майдалаб юборадиган сув ичувчи бадбахт кимса билан тенг бўладими?
16-18. Мунофиқлардан баъзилари сенинг панду насиҳатларингга қулоқ соладилар. Қачонки, сенинг олдингдан ташқарига чиққанларида илмли саҳобаларга айтадиларки: «Муҳаммад ҳозир нима деди, билдиларингми? Биз фаҳмламадик. Бу гуруҳнинг дилларига Аллоҳ таоло муҳр босгандир ва ўзларининг нафсоний ҳаволарига эргашадилар. Шунинг учун сенинг сўзларингни фаҳмламайдилар. Аммо сенинг сўзларинг, суҳбатинг ҳидоят топган, Аллоҳ таоло уларга тақво ато этган кишиларнинг иймонларини зиёда қилади. Булар Қиёматнинг тез келишига мунтазирлар. Унинг, Қиёматнинг аломатлари ва шароитлари зоҳир бўлган. Вақтики, Қиёмат келса, буларнинг тавбалари, афсус ва надоматлари ҳеч фойда бермайди.
19-21. Эй Муҳаммад, вақтики, сен кофирларнинг уқубатини ва муттақийларнинг башоратларини билдинг, бас, энди унутманг, бир Аллоҳдан бошқа ҳеч маъбуд йўқ, хатоларингиз ва мўминларнинг гуноҳлари учун Аллоҳдан мағфират сўрагин. Аллоҳ таоло сизларнинг ҳаракатларингизни ва ором олган жойларингизни билур. Жиҳодга ҳарис бўлган мўминлар айтадиларки, нима учун жиҳодга амр қилувчи сура нозил бўлмайди. Ҳар вақтики, очиқ маъноли сура нозил бўлса ва унда қитолнинг зикри бўлса, дилларида марази нифоқи бор мунофиқларни кўрасан. Сен тарафига хунук назар билан қарайдилар, гўёки ўладиган одам «сакаротул мавтга» дучор бўлган пайт назар қилгандек. Бас, уларнинг ҳолларига вой! Зоҳирда ўзларининг итоатларини ва яхши сўзларини ошкора қиладилар. Қачонки, мўминлар жиҳодга қасд қилсалар, булар қўрғонларидан, уйларидан чиқмайдилар. Агар Худонинг ҳукмига рост муомала қилсалар, ўзларига яхши бўлар эди.
22-26. Эй мунофиқлар! Агар сизлар халққа ҳоким бўлсаларинг ер юзида фасод қилмоқликни ва сийлаи раҳмни узишликни орзу қиласизларми?! Сизларнинг бу умидларингиз ҳаргиз муяссар бўлмайди. Мунофиқларни Худо лаънатлаб қулоқларини кар, кўзларини кўр қилгандир. Аё Қуръоннинг насиҳатларига қулоқ солмайдиларми, токи ундан ибрат олсалар ёки дилларига қулф солинганми?! Албатта, Ҳақ зоҳир бўлгандан сўнг, орқаларига қайтиб, муртад бўлганларга шайтон гумроҳлик йўлини зийнатлаб кўрсатган. Ва ҳам уларни, сизларга азоб келмайди, деб хотиржам қилган. Шайтон буларнинг қалбини эгаллаб олишига боис, бу мунофиқлар, Аллоҳ нозил қилган оятларини ёмон кўрувчи мушрикларга айтдиларки, Биз сизларга баъзи ишларда, яъни пайғамбарлар билан жанг қилсаларингиз ёрдам берамиз. Аллоҳ таоло буларнинг махфий қилган сўзларини билади.
27-31. Қачонки, малоикалар бу мунофиқларнинг юзларига ва орқаларига уриб жонларини олсалар, ул вақтда буларнинг ҳоллари қандай бўлади?! Бу уқубат шунинг учундирки, Худони ғазаблантирадиган нарсаларга тобеъ бўлдилар ва Худонинг ёқтирган ишларини ёмон кўрдилар. Бас, Аллоҳ таоло амалларини ҳабата(бекор) қилди. Аё бу дилларида маразлари бор мунофиқлар мўминларга бўлган махфий адоватларини Аллоҳ таоло мўминларга ошкора қилолмайди, деб гумон қиладиларми?! Эй Муҳаммад, агар Биз хоҳласак, , мунофиқларнинг ҳақиқатини сенга кўрсатамиз ва аломатларини баён қиламиз. Бас, сен уларнинг аломатларидан танийсан, бундан бошқа уларнинг хато сўзларидан ҳам танийсан. Аллоҳ таоло амалларингизни билади. Биз сизларни имтиҳон қиламиз. Қитолларга(жиход,жанг) амр қиламиз, токи сизлардан мужоҳидлар ва урушда сабр қилувчилар маълум бўлсин. Ростгўйлик ва ёлғончиликда, иймон ва ихлосда ҳолларингизни имтихон қилурмиз.
32-34. Албатта, кофир кимсалар, бошқаларни Худонинг йўлидан қайтардилар ва ҳақ зоҳир бўлгандан сўнг Расулуллоҳга қарши чиқдилар. Улар Худонинг ишига зарар етказолмайдилар. Аллоҳ таоло уларнинг барча амалларини ботил қилади. Эй мўминлар, Худонинг фармонига итоат этинглар ва Расулининг амрини бажо келтиринглар. Исён қилиб, амалларингизни ботил қилманглар. У гуруҳки, ўзлари кофир бўлиб, бошқаларни ҳам Худонинг йўлидан қайтариб, кейин кофирлик ҳолатида ўлганларни Аллоҳ таоло ҳаргиз кечирмайди!
35-38. Эй мўминлар! Кофирларга қарши суст бўлманглар ва уларни сулҳ қилишга чақирманглар. Ваҳоланки, сизлар улардан ғолибдирсизлар. Аллоҳ таоло сизлар билан биргадир ва ёрдам беради. Амалларингизни зое қилмайди, дунёнинг тириклиги бефойда ва ўйиндан бошқа нарса эмасдир. Агар Худо ва Расулига иймон келтирсаларинг ва тақво қилсаларинг, албатта Аллоҳ таоло ажрларингизни беради. Аллоҳ таоло ҳеч вақт сизларнинг молларингизни талаб қилмайди. Агар Аллоҳ таоло молларингизни талаб қилиб, беринг деб қистаса, бахиллик қилиб бермайсизлар. Ва аччиқларинг келиб, дилларингиздаги адоватлар зоҳир бўлади. Эй мухотаб жамоалар! Сизлар Худо йўлида молларингизни сарф қилишга чақириласизлар. Бас, сизлардан баъзиларингиз бахиллик қилиб, Худо йўлида сарф қилмайди. Ҳар ким сизлардан бахиллик қилар экан, у ўз нафсининг зарарига бахиллик қилади. Чунки савобидан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло ғанийдир. Сизларнинг эҳсонларингизга муҳтож эмас. Балки, сизлар Худонинг эҳсонига муҳтожсизлар. Агар Худонинг ҳукмларидан юз ўгирсаларинг, Худо сизларни ҳалок қилиб, ўринларингизга бошқа қавм олиб келади. Улар сизга ўхшаб бахил бўлмайдилар.