close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

064. Тағобун сураси

Мадинада нозил бўлиб, 18 оятдан иборат. Сура номи 9-оятда келган «алданиш, фойда-зарар» маъносида келган «тағобун» сўзидан олинган.

Бандаларига дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман

1-4. Осмондаги малоикалар ва ердаги нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд қиладилар. Подшоҳлик ва тамоми яхшиликлар у Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Парвардигор шундай зотдирки, сизлани халқ қилди, энди сизлардан баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўъминдирсизлар. Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингизни кўрувчидир. Аллоҳ таоло осмон ва ерни комил тадбир билан халқ қилди. Ва сизларни инсон суратида қилди, суратларингизни чиройли қилди. Ҳамма нарсанинг ружуми(қайтиши) Парвардигор тарафигадир. Аллоҳ таоло осмондаги ва ердаги ашёларни билади. Ва сизларнинг махфий ва ошкора қилганларингизни билади. Аллоҳ таоло дилингизда ўйлаган нарсаларни билади.

5-7. Эй Курайш халқи, сизларга муқаддам ўтган кофирларнинг хабари келмаган эдими? Улар ўз амалларининг жазосини тортиб ҳалок бўлган эдилар ва уларга қаттиқ азоб муқаррар қилган. Боиси уларга пайғамбар мўъжизотлар билан келганда улар айтадиларки: «Бизни ўзимизга ўхшаган одам ҳидоят қиладими? Бу пайғамбарларнинг биздан ҳеч фарқлари йўқдир». Бас, инкор қилдилар ва пайғамбардан юз ўгирдилар. Аллоҳ таоло уларнинг иймонларидан мустағнийдир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан мустағнийдир ва ҳамдга лойиқдир. Кофирлар Қиёмат куни ҳаргиз тирилмасликларини гумон қиладилар. Эй Муҳаммад, айтгин: «Қасам Парвардигоргаки, оре тириласизлар. Кейин қилган амалларингизга огоҳлантириласизлар. Сизларни тирлтириш Худога осондир».

8-10. Эй мункирлар, Худога ва Унинг расулига ва Биз нозил қилган Қуръонга иймон келтиринглар. Аллоҳ таоло қилган амалларингиздан хабардордир. Парвардигор сизларни жам қиладиган ўша кунни ёд қилинглар. Қиёмат куни сизларнинг зиён кўрадиган ва афсус қиладиган кунингиздир. Кофирлар иймон келтирмай зиён қилгандирлар. Мўъминлар амал қилишда нуқсон тақсир қилганлари учун зиён қилганлар. Ҳар ким Худога ихлос билан иймон келтирса ва яхши амал қилса, Аллоҳ таоло гуноҳларини кечиради ва тагидан анҳорлар жорий бўлган Жаннаига дохил қилади. У Жаннатда ҳамиша бўладилар. Бу Жаннатга кириш буюк мақсадга етмоқдир. Кофирлар ва оятларимизни такзиб(ёлғончи) қилганлар – булар дўзах аҳлидирлар. Дўзахда ҳамиша бўладилар. Дўзах кўп ёмон борадиган жойдир.

11-13. Ҳар мусибатки, бандаларга етса, Худонинг ҳукми билан етади. Ҳар кимки ихлос билан Худога ишонса, Парвардигор унинг дилини яхши амалларга ҳидоят қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир ва донодир. Эй бандалар, Аллоҳ таоло ва Унинг расулига итоат қилинглар. Агар сизлар юз ўгирсаларингиз, у холда расулимиз учун сизларга очиқ насиҳат қилишдан бошқа нарса қолмайди. Бир Аллоҳдан бошқа ҳеч маъбуд йўқ. Мўъминларга лозимки, Парвардигорга таваккул қилсинлар.

14-18. Эй мўъминлар, сизларнинг хотинларингиз ва авлодларингиз сизларни Аллоҳнинг ёдидан ғофил қиладиган душманларингиздир. Улардан ҳазар қилинглар. Улардан душман деб интиқом олманглар. Агар улардан юз ўгирб кечирсаларинг, яхшидир, чунки Аллоҳ таоло кечирувчи меҳрибондир. Билингларки молларингиз ва авлодларингиз сизларга имтиҳон учун фитнадир. Сизларга лозим шуки уларга зиёда муҳаббат қўйиб Худони тарк этманглар. Аллоҳнинг наздида сизларга буюк савоб бордир. Эй Мўъминлар, қўлларингдан келгунича Аллоҳдан қўрқинглар ва пайғамбарнинг насиҳатларини эшитинглар, итоат қилинглар ва нафсларинг фойдаси учун молларингизнинг яхшисини Ҳақ йўлида беринглар. Ҳар кимки, нафсининг бахиллигидан ўзини сақлар экан ҳақиқий нажот топгувчи шу жамоадир. Эй мўъминлар, агар Худога ихлос билан қарз берсаларинг, Худо сизларга неча баробар қилиб беради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ таоло шукр қилувчиларнинг шукрини қабул қилади ва дарров уқубат қилмайди, махфий ва ошкорани билувчидир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ғолиб ва ҳикматли зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase