close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

089. Фажр сураси

Маккада нозил бўлган бу сура ўттиз оятдан иборатдир.
«Фажр» сўзи қуёш чиқадиган жойнинг оқариши ва шафақ маъносида келади. «Вал фажр» – тонгга қасам дегани. Лайл сурасидан кейин нозил бўлган ушбу  Фажр сурасида олдин ўтган қавмларга оид қиссалар зикр қилинади. Аллоҳ таоло инсонларга бойлик ва камбағаллик бериб синаши, Қиёматда ҳар бир кишининг қилган амалига муносиб жазоланиши, ёки мукофотланиши ҳақида хабар берилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-8. Субҳга (тонгга) қасам! Рамазоннинг даҳаи охирига (охирги ўн кунлигига) қасам! Тоқ ва жуфт нарсаларга қасам! Яъни, Холиқ ва махлуққа қасам! Ва ўтиб бораётган кечага қасам! Оқиллар учун Мен ёд қилган (мана шу) қасамлардан мақбулроқ қасам борми? Албатта, (булар) оқиллар учун мақбул қасамлардирки, Қиёмат куни мункирлар учун (даҳшатли) азоб муҳайёдир (тайёрлаб қўйилгандир). Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Парвардигоринг Од (қавми) ва устунлари баланд Ирам (шаҳри)га қандай муо-мала қилганлигини билмадингми? Бу (Од) қавми кучли, бўйлари баланд эди. Уларга ўхшаган қувватли ва баланд бўйли халқлар бошқа шаҳарларда халқ қилинмаган (яратилмаган)дир.
9-14. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Парвардигоринг Самуд қавмига қандай муомала қилди? Бу қавм тоғлардан катта тошларни олиб келиб, «Водийул-Қуро» деган жойда қасрлар бино қилган эдилар. Оё, Парвардигоринг Фиръавнга қандай муомала қилганлигини билмадингми? У михлар эгаси эди. Одамларни михга қоқиб азоблар эди. Уларнинг ҳаммаси шаҳарларга ҳоким бўлиб, зулм қилар эдилар. Ва у шаҳарларда (фисқу) фасодни қилар эдилар. Парвардигоринг уларнинг тепасига (устига) азоб нозил қилди (туширди). Албатта, Парвардигоринг бандалар ҳолига ҳозиру нозирдир.
15-20. Аммо Парвардигор бир инсонни имтиҳон қилиш учун уни азиз ва мукаррам қилиб, (унга) кўп неъматлар берса: «Парвардигорим мени икром (азиз) қилди», – деб мағрур бўлади. Ва аммо бир инсонни (синаш учун) ризқини танг қилса ва камбағал қилса, у банда айтадики: «Парвардигорим мени таҳқир (хор) қилди». (Йўқ!) У ўйлагандек эмас! Банда (фақат) тақво билан (азиз ва) мукаррам бўлади, гуноҳ (фисқу фасод) билан ҳақир (хор ва залил) бўлади. Балки улар бирор етимга раҳм этиб, икром қилмаганлар. Ва мискинга ўзлари ҳам таом бермаганлар ва бошқаларни ҳам тарғиб қилмаганлар. Бирор жойдан мерос моли топилса, хўб (орқа-олдиларига қарамай) ейдилар. Мол ва дунёни ниҳоятда дўст тутадилар.
21-24. (Йўқ!) Ҳаргиз бундай қилмаслик керак! Ушбу воқеалар ҳақдирким, вақтики (зилзила бўлиб), ер пора-пора (парча-парча) бўлса, Парвардигорнинг ҳукми келса ва малоикалар саф-саф бўлиб турсалар ва ўша кунда жаҳаннам олиб келинса (келтирилса), ўша вақтда инсон қилган амалларини ёд қилади, ҳасрат ва надомат чекади. Бу мақомда (ўринда) энди унинг ёд қилиши (эслаши) ва надомат чекиши қандай манфаат беради?! (Ҳеч манфаат бермайди). Айтадики: «Эй кошки, бу ердаги (охиратдаги) ҳаётим учун яхши амаллар қилиб юборган бўлсам эди?!»
25-30. Ўша кунда ҳеч ким Парвардигорнинг берган азобига ўхшаш азоб қила олмайди ва ҳеч ким У занжирларга боғлаганидек боғлай олмайди. Парвардигор солиҳ одамларнинг руҳига хитоб қилиб айтадики: «Эй Худонинг зикри билан ором олган (хотиржам) руҳ, ўзинг рози бўлган ҳолингда ва Парвардигор ҳам сендан рози бўлган ҳолда Парвардигоринг ҳузурига қайт! Ҳар бирларингиз бандаларимнинг жасадларига киринглар ва жаннатимга дохил бўлинглар!»

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase