090. Балад сураси
- 501 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган бу сура йигирма оятдан иборатдир.
Қоф сурасидан кейин нозил бўлган бу суранинг номи илк оятда келган ва «шаҳар» (Макка)ни англатган «балад» сўзидан олинган. Унда инсоннинг яратилишидан, унинг баъзи хатти-ҳаракатларидан, инсон унга берилган мол-дунёни яхшиликка ишлатмаганининг ёмон оқибатидан, хайр йўлига ишлатганларнинг нурли келажакларидан сўз юритилади. Хуллас, инсонни саодатга ва бадбахтликка етаклайдиган йўллар ва воситалар кўрсатиб берилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-10. Қасамёд қиламан шу – Макка шаҳрига! Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сен шу Макка шаҳрида нозил бўлгансан (туғилгансан ва яшаб турибсан). Ҳазрати Одам ва унинг болалари (зурриётлари) билан қасамёд қиламан! Албатта, Биз инсонни оғир меҳнат-машаққатга дучор бўладиган ҳолда халқ қилдик. Оё, инсон: «Менга бирор кишининг кучи етмайди», – деб ўйлайдими? У кофир айтадики: «Ислом динининг зарарига кўп моллар сарф қилдим». Оё, у (ғофил инсон) ҳеч ким уни билмайди ва амалларини ҳам кўрмайди, деб гумон қиладими? Оё, Биз унга иккита кўз бермадикми? Ва унга сўзлаш учун тил ва ейиш учун оғиз ва оғизни беркитиш учун иккита лаб бермадикми? Унга ҳақ ва ботил йўлни кўрсатиб қўймадикми? Балки унга ушбу неъматларимизни бериб, қудратимизни кўрсатдик.
11-16. Бас, у (мағрур) инсон диннинг қаттиқ (қийин) йўллари (ақаба)дан ўтмади. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), диннинг қаттиқ йўллари нима? Сен (уни) қандай билдинг? Сен билгилки, ғуломларни (қулларни) озод қилиш, очарчилик кунларида қариндош, етимларга, ёки бечора-мискинларга таом бериш – ана шулар диннинг оғир йўлларидан иборатдир.
17-20. Кейин инсонлардан шундай мўминлар (ҳам) борки, бир-бирларини сабрга ва ҳам Худонинг бандаларига меҳрибонлик қилишга далолат қиладилар. Бу мўминлар Аршнинг ўнг тарафида турган (саодатли) асҳоблардир. Ва Бизнинг оятларимизга мункир бўлган у гуруҳлар Аршнинг чап тарафидаги (бадбахт) асҳоблардир. Уларни ҳар тарафларидан ўт (дўзах олови) ўраб олгандир.