close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

088. Ғошия сураси

Маккада нозил бўлган бу сура йигирма олти оятдан иборатдир.
«Ғошия» – ўраб олгувчи деганидир. Суранинг номи унинг илк оятида келган ва даҳшати барча нарсани ўз ичига ўраб олган Қиёмат куни маъносидаги «ғошия» сўзидан олинган. «Зориёт» сурасидан кейин илк нозил бўлган суралардан бўлмиш бу сурада Қиёмат ва охиратга оид хабарлар бор. Бундан ташқари Аллоҳнинг борлиғига, Унинг ваҳдониятига далолат қиладиган баъзи мавжудотлар далил сифатида келтирилади. Ҳаётнинг муайян бир режа ва дастурга мувофиқ давом этиши ва бу давомийликнинг интиҳоси эса Аллоҳга қайтиш ва Унинг наздида ҳисоб бериш эканлиги англатилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-7. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сенга Қиёматнинг хабари келганми? У кунда бир қанча юзлар хор бўладилар, (қўрқувдан кофирларнинг бўйинлари хам бўлиб қолади), (улар) меҳнат қилгувчи (машаққат чеккувчи) ва чарчагувчидирлар. Улар ёниб турган ўтга кирадилар ва уларга қайнаб турган чашмадан ичкизилади. (Дўзахда) уларнинг таомлари Зариъ деган заҳарли ва тиконли ўтдан бўлади. Уни ҳеч бир ҳайвон еёлмайди. У одамни семиртирмайди ва очликдан сақламайди ҳам.
8-16. Қиёмат куни юзлари ниҳоятда тоза, нуроний (ва масрур) бир жамоа одамларни кўрасан. (Улар) ўзларининг қилган амалларидан розидирлар ва баланд (олий) даражали жаннатда бўладилар. (У) жаннатда беҳуда сўз эшитмайдилар. (У) жаннатда жорий бўлган (оқиб турадиган) чашма бордир. (У) жаннатда баланд тахтлар қўйилган, (ичиш учун) шароб тўлдирилган кўзалар ҳозир этилган ва ёстиқлар қаторланган (тизиб қўйилган) ва бахмал палослар (гиламлар) ҳар ер - ҳар ерга тўшалган.
17-20. Оё, улар туянинг қандай халқ қилинганига назар қилмайдиларми? Тоғларни ер бетига қандай ўрнатиб қўйилганига ва осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига назар қилмайдиларми?! Ва ерни қандай текис қилиб қўйилганига қарамайдиларми?
21-26. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сен халққа насиҳат қил! Чунки Сен насиҳат қилгувчидирсан. Уларни мажбур қилувчи эмасдирсан. Лекин Парвардигор Сендан юз ўгирадиган ва мункир бўладиган у одамни улуғ азоб билан азоблайди. Албатта, уларнинг (кофирларнинг оқибат) келадиган жойлари Бизнинг ҳузуримиздадир. Кейин уларнинг қилган ишларидан ҳисоб олиш Бизга (тегишли)дир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase