087. Аъло сураси
- 2213 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган бу сура ўн тўққиз оятдан иборатдир.
Аллоҳнинг «Энг улуғ» маъносидаги номи билан бошланганлиги учун бу сура «ал-Аъла» деб ном олган. Сурада улуғ мўъжиза – инсоннинг дунёга келиши, табиатдаги ўзгаришлар Аллоҳ қудратининг нишоналаридан эканлигига ишора қилинади. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарининг қалбига Қуръонни жойлаши, Қуръондан тақводорларнинг ибрат олишию, бадбахт кимсаларнинг ундан қочиши баён қилиб берилади. Шунингдек, Қуръондаги илоҳий мавзуларнинг Иброҳим ва Мусо пайғамбарлар саҳифаларидан ҳам ўрин олганлиги айтилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-5. Улуғ Парвардигорингнинг номини поклик билан ёд қил! Парвардигор шундай зотдирки, у инсонни она раҳмида (бачадонида) халқ қилди. Ва ҳамма аъзоларини баробар (мутаносиб, уйғун) қилди. Ва У шундай Зотдирки, (инсоннинг) раҳмда қанча муддат бўлишини муқаддар қилди (белгилаб қўйди), кейин чиқиш йўлини кўрсатди. Ва У шундай Зотдирки, (ердан) гиёҳлар (ўт-ўланлар, ўсимликлар) ундирди, кейин ул гиёҳларни қуритди ва бошқа рангга айлантирди.
6-13. Яқинда (Биз) Сенга Қуръонни ўқитамиз, кейин эсингдан чиқармайсан. Магар Худо хоҳлаган (баъзи оятларни ёки) мансух оятни (эсингдан чиқарасан). (Албатта), Аллоҳ таоло ошкорни ҳам билади ва махфийни ҳам билади. Сенга шариат аҳкомларини осон қиламиз. Бас, агар мавъизанг манфаат берса, халққа панду насиҳат қилгил. Худодан қўрқадиган муттақий Сенинг мавъизангни қабул қилади. Ва шақий (бадбахт) эса Сенинг мавъизангдан қочади. У Қиёматда улуғ ўтга (жаҳаннамга) киради. Кейин у дўзахда ўлмайди ҳам, тирилмайди ҳам, роҳатланолмайди ҳам.
14-19. Гуноҳдан пок бўлган, Худонинг номини ёд қилган ва намоз ўқиган (киши) нажот топди. Кофирлар охиратнинг ўрнига дунё ҳаётини ихтиёр қиладилар. Ваҳоланки, охират дунёдан яхшидир ва ҳамиша боқийдир. Албатта, бу сўзлар илгари нозил бўлган саҳифаларда бордир. У саҳифалар Иброҳим (алайҳиссалом) ва Мусо (алайҳиссалом)га нозил бўлгандир.