"Ажабланарли тарзда Путинга унинг президентлик муддати якун топиши ҳақидаги хаёллар асло зиён келтирмайди. У ҳали ҳеч қачон "чўлоқ ўрдакча" бўлмаган. Аксинча, «2024 йил муаммоси» қанчалик кўп муҳокама қилинса, Путин бундан шунчалик кўп фойда олади. Бу шунингдек, кам сонли одамларгина «Путинсиз Россия»ни тасаввур қилиши мумкин – мухолифатнинг норозилик намойишларидаги шиори айнан шундай янграйди".
"Шу сабабли, эҳтимолий ворисларнинг номлари деярли эшитилмайди. Гарчи мудофаа вазири Сергей Шойгу ёки ташқи ишлар вазири Сергей Лавров потенциал номзодлар, деб аталган бўлса ҳам, сиёсатшунос Дмитрий Орешкин бу муҳокамани бефойда деб ҳисоблайди. "Владимир Путиннинг энг муносиб вориси - бу Владимир Путиннинг ўзи" дейди у. Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, Путин 20 йил давомида фақат битта одамга, аниқроғи ўзига қаратилган сиёсий тизимни қурди ", - деб ёзади газета.
"Бундан ташқари, Путин даврида хавфсизлик кучлари, турли вазирликлар ва хавфсизлик тузилмалари раҳбарларидан иборат катта аппарат бир неча марта ўсди. (...) Барча тузилмаларда қуролли бўлинмалар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари бир-бири билан кескин рақобатлашади."
"Путин бу мураккаб тармоқни яратди, у қудратли хавфсизлик кучларини бир-бири билан мувозанатда ушлаб тура оладиган ягона одам", - дейди Орешкин.
Бир неча ой давомида Москвада Путиннинг ҳокимиятни сақлаб қолиш учун нима қилиши мумкинлиги тўғрисида учта сценарий муҳокама қилинмоқда.
"1. Янги "рокировка", худди 2008 йил Медведев билан бўлгани каби. Бироқ бу фақат ўша пайтга келиб 71 ёшга тўладиган Путин бу сафар ҳам вақтинчалик президентни «жиловидан ушлаб туриш»нинг уддасидан чиқа оладими, гап мана шунда (...)", - дейди материал муаллифи.
"2. Президент лавозимини эгаллашнинг чекланишини бекор қиладиган конституцияга киритиладиган ўзгариш – ёки янада энг нозикроқ вариант бўлиши мумкин бўлган янги лавозим, масалан, хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини жорий қилиш ва унга президентдан кўпроқ ваколатлар бериш. Бу сценарийни кўпчилик эҳтимоли энг юқори деб ҳисоблайди ".
"3. Россия ва Белоруссия ўртасида иттифоқ асосида мутлақ янги давлат вужудга келиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда (...). Икки давлатнинг тўлиқ бирлашуви янги президентлик учун имконият очиб берган бўларди ".
"Москва Карнеги марказидан Андрей Колесников бундай фикр-мулоҳазалар учун ҳали эрта деб ҳисоблайди. Унинг ишончи комилки, «2024 йил муаммоси»ни қандай ҳал қилишни Путиннинг ўзи ҳали якуний ўйлаб кўргани йўқ. Бунинг учун вазият жуда ноаниқ: кутилмаганда бу йил ёздаги Москва шаҳар думасига сайловларга қарши норозилик Кремлни ғафлатда қолдирди. "Айни пайтда Кремль мамлакатдаги вазиятни узлуксиз кузатиб, таҳлил қилиб бормоқда. Путин президент сайловларига яқин қолганда қарор қабул қилиши кутилмоқда. Эҳтимол, бизга умуман кутилмаган номзод ҳам кўрсатилиши мумкин", - ҳисоблайди Колесников".
"Путин ҳеч кимга ишонмайдиган одам ҳисобланади. (...) " Аммо ворисга рухсат бериш учун у унга ишониши - ўзининг хавфсизлиги ва атроф-муҳит хавфсизлиги кафолатланишига ишониши керак", - дейди сиёсатшунос Орешкин".
"Ҳозирги кунда Россияда хавфсизликни фақат президентгина ҳақиқатда кафолатлаши мумкин. Ҳокимият тепасига келганидан сўнг 20 йил ўтгач, - қайд қилади нашр, - Путин ўзи яратган тизимнинг ўзига хос гаровига айланди".
Манба: ARD
Абу Муслим таржимаси