Айрим – рақамли даврдан олдинги – тарихий мисоллар маълум қилишича, «долзарблаштириш» кўникма сифатида янги мулоқот доираларини жалб қилади ва мавжуд мулоқот доираларини ўзгартиради. Машҳур ҳинд ҳуқуқшуноси Саид Амир Али (Syed Ameer Ali) (1849–1928) инглиз тилидаги мулоқот доирасини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам шахсияти билан таништирган биринчи шахслардан бири бўлган. Замонавий нуқтаи назардан унинг «Муҳаммаднинг ҳаёти ва таълимоти» китобини (1873) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шахсияти ва ҳаётини викториан қадриятлар билан боғлашга уриниш деб ҳисоблаш мумкин, лекин шунга қарамай, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам таржимаи ҳоли ва бошқа асарлар ўн йилликлар давомида ўз долзарблигини сақлаб қолган.
Кейинги даврга оид мисоллар орасида Саид Ҳуссайн Насрни (Sayyed Hossein Nasr) келтириб ўтиш мумкин (1933). Массачусет технология институтининг физика ихтисослиги бўйича битирувчиси, Гарвардда фан тарихи бўйича доктор илмий даражасини олган Наср 1978-1979 инқилоби даврида Эронни тарк этган. Шу пайтдан бошлаб унинг ислом мавзусидаги асарлари (масалан, "Ҳақиқат боғи") сўфийликка бағишланган бўлиб, у орқали замонавий ҳаётда дин ва эътиқод ролини тушунишга ҳаракат қилган. Тариқ Рамазоннинг (Tariq Ramadan) сўнгги асарларини қисман улар билан солиштириш мумкин. Мисол учун, "Маъно изидан" китобида (2010), у барча диний урф-одатлар учун асосийси тақводорларни "ички мувозанат"га эришишга ундаш эканлигини тушунтиради. Агар муаллифнинг исмини билмасдан бу китобни ўқийдиган бўлсангиз, матннинг муайян диний анъаналарга мансуб эканлигини билиш қийин.
«Долзаблаштириш» шунингдек, турли тилларга таржима қилиш, академик ва оммавий контекстларни очиб бериш, турли ОАВ, матбуот нашрлари, телевидение ва YouTube орқали ғояларни тарқатишга кўп сонли фаоллар ва тарафдорлар жалб қилишни кўзда тутиши мумкин. Шайх Юсуф Қаразавий (Yusuf al-Qaradawi) бу борада энг ёрқин мисол бўла олади.
Долзарблаштириш жиддий мухолифатга ҳам дуч келиши мумкин. Долзарблаштириш тарафдорлари шахс имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлашда стратегия йўқлиги ва ноаниқлик учун танқид қилиниши мумкин.
Исломни жамият ҳаётининг ажралмас ва мақбул келадиган қисми сифатида тақдим этиш «долзарблаштириш» натижаси ҳисобланади. Маълум бир натижа эмас, асосан жараён сифатида тақдим этиладиган «долзарблаштириш»да иштирок этиш уларниг муҳимлик даражаси контекстга боғлиқ бўлган муайян қобилиятлар ва кўникмалар талаб қилади.
Одамлар ўртасидаги мулоқот ва уларнинг умумий неъмат ғояларини қабул қилиши (ал-маслаҳа ал-амма) жиддий ўзгариши ҳақида кўпроқ ишонч билан гапириш мумкин. Новаторлик ғоялари ва ёндашувлари жамиятда мустаҳкам ўрин топиши ва уни ўзгартириши кўп жиҳатдан замон ва маконга боғлиқ бўлади. Рақамли асрда ёндашувлар ва тасаввурлар шакллантириш йўлларини тушуниш ўтмишнинг «катта» ғояларини тарқатиш ва мустаҳкамлаш йўллари ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун зарур бўлган йирик ўзгаришларсиз ўринга эга бўлиши мумкин эмас.
Ал-урва ал-вусқа: Арабистон VII асрдан кейин
VII аср Арабистонда диндорлар жамияти ичида «боғловчи ришталар», кўп сонли ва мураккаб содиқлик ва бурч (ота-она, эр-хотин, шаҳар ва қабила ўртасида) ришталари қаторига Қуръон (Бақара сураси 256-оят, Луқмон сураси 22-оят) «энг мустаҳкам тутқич» (ал-урва ал-вусқа) – алоҳида шахснинг Худо билан алоқасини қўшди.
Бу энг мустаҳкам тутқич, ҳеч бўлмаганда назарий жиҳатдан, бошқа барча тутқичларни алмаштирмаган бўлсада, уларни сўзсиз иккинчи ўринга тушириб қўйди. Амалиётга келадиган бўлсак, ишонч билан таъкидлаш мумкинки, VII асрдан бошлаб ҳозирги пайтгача «энг мустаҳкам тутқич» ижтимоий айнан ўхшашликнинг бошқа жиҳатлари, бурч, садоқат ва ижтимоий гуруҳга ёки диндорлар жамоатига мансублик билан қандай муносабатда бўлиши асосий масалага айланди.
VII асрда «ал-урва ал-вусқа» тамойили диндорларнинг шахсий жавобгарлиги ва тенгликка эътибор қаратган ҳолда ҳайратомуз тарзда замонавий янграб, бу жамиятнинг оддий аъзоларидан юқори даражада садоқат, жалб этувчанлик ва иштирок этишни талаб қиларди.
Лекин шунга қарамай, араблар учун VII асрда бу «энг мустаҳкам тутқич» доим ҳам бу қадар яққол ва уруғ-қабиладошлик алоқалари каби мажбурий бўлиб кўринмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг 632 йил ридда ёки қайтиш (муртадлик) даври бошланиб, бунда кўплаб қабилалар ўзини исломдан озод деб ҳисоблай бошлади. Бошқача қилиб айтганда, илк ислом жамиятида шартномалар билан белгиланган бурч ва садоқат ришталари тўлиқ амалга ошмади.
Ат-Табарий (839–923) Бани Робия қабиласидан бўлган бир кишининг худди шу қабиладан бўлган «сохта пайғамбар» Мусайлима ибн Ҳабиб билан учрашуви ҳақида хабар қилинган ҳадисни келтириб ўтади. «Сенинг олдинга ким келмоқда?» деган саволга Мусайлима: «Ар-Раҳмон» деб жавоб берди. «Нур остидами ёки сояда?» «Сояда», жавоб берди Мусайлима. Бунга ҳалиги одам жавоб берди: «Гувоҳлик бераманки, сен ёлғончисан ва Муҳаммад ҳақиқатни сўзлайди. Бироқ Бану Робия қабиласидан бўлган ёлғончи бизга Мударлик (Муҳаммаднинг қабиласидан) тўғри сўздан кўра ёқимлироқдир».
Албатта, «энг мустаҳкам тутқич» амалга оширилган ва бошқа ришталар ва мажбуриятлардан устунлик қилган шароитлар бутун мусулмонлар тарихи ва ўзига хослиги учун асосий масала эди. Масалан, XIX асрдан бошлаб, милатчиларнинг таъкидлашича, миллий алоқалар бошқа исталган алоқалар билан таққослаганда устувор бўлиши ва, мос равишда, уларга юкланадиган мажбуриятлар – бошқа мажбуриятлардан устувор ҳисобланиши лозим эди. Улар кўпинча жамият томонидан тан олинишга ёки ҳар ҳолда, шу нуқтаи назардан унинг ташқи розилигига эришарди.
Тахмин қилиш ўринлики, одамлар орасидаги овозалар ва XIX асрда тарқалган, ҳозирги кунда «ахборот улоқтириш» деб айтиш мумкин бўлган қалбакилаштирилган янгиликлар тарқатган «энг мустаҳкам тутқич» мавжудлиги ҳақида илк ишончли хабарларни бир-биридан ажратиш қийин бўлган.
Хусусан, 1789 йилнинг ёзида Франция ҳудуди бўйлаб кек сақловчи зодагонлар деҳқонлар мулкини йўқ қилиш ниятида деган миш-мишлар тарқалди. Бу ҳақиқат эмасди. Лекин Францияни кучли қўрқув қамраб олди ва тез орада асоссиз миш-мишлар ва ёлғон-яшиқ гап-сўзлар билан бирга кузатилган инқилоб рўй берди.
Бугунги кунда турли миш-мишлар жуда тез тарқалмоқда, чунки ишонарли ахборот излаб топишни янада қийинлаштирадиган кўп сонли рақамли ва электрон ОАВ одамлар орасида тарқаладиган овозаларга хизмат қиляпти.
Рақамли асрда ғоялар, ҳис-туйғулар ва урф-одатларни тарқатиш
Жамиятда ғояларни илгари суриш ҳамда уларнинг географик ва тил билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этишида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган учта асосий омилни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Уларнинг биринчиси – макон бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги. Бу ҳаж қилиш, зиёратгоҳларга ташриф буюриш, ишбилармонлик сафари, меҳнат миграцияси, уруш ёки минтақавий низолардан қочиш бўлиши мумкин. Муқаддас жойларни зиёрат қилиш ҳам, иммиграция ҳам диний ғояларга чуқур таъсир кўрсатади. Зафар Исҳоқ Ансарий (Zafar Ishaq Ansari) йигирма йил муқаддам Ғарб ва дунёнинг қолган қисмлари ўртасидаги чегаралар энди фақат ҳудудий эмаслигини таъкидлагани бежиз эмас.
Иккинчи омил бу – олий таълимнинг очиқлиги, бу бутун дунё бўйлаб барча одамларнинг, эркаклар ва аёлларнинг, оммавий равишда саводхонлигини англатади. 1960-йилларда кичик араб шаҳарчалари ва қишлоқларидаги ҳаётни эслаш кифоя: қоидага кўра, кечга якин эркаклар қаҳвахонада тўпланарди, бу ерда ўқиш ва ёзишни биладиган оқсоқоллардан бири пойтахтдан, масалан, Бағдоддан келтирилган газетани овоз чиқариб ўқирди. Шахсан мен бундай вазиятни юқори Мисрда ва Марокашда, берберлар қишлоғида кузатганман, бу ерда араб ёки француз тилида ўқишни биладиган бир киши қўшниларига газетани овоз чиқариб ўқир ва таржима қилиб берарди.
Кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойларда саводхонлик кенг тарқалгунга қадар, ҳаттоки араб тилида сўзлашадиган мамлакатларда ҳам, мулоқот доирасининг бир қисмини фақат минтақавий шефаларга таржима қилиш йўли билан қамраб олиш мумкин. Масалан, эллик йиллар муқаддам Марокаш аҳолисининг бир қисми учун асосий кундалик янгиликлар мазмуни етиб келмасди, чунки одамлар адабий араб тилини билмасди. Ўшанда мен Марокашнинг чекка қишлоқларида бўлган пайтимда мендан «радиода нима деб гапирилгани»ни араб тилидан таржима қилиб беришни сўрашарди. Энди эса адабий араб тилини ҳамма тушунади. Муҳими, адабий араб тилини билиш аввалги пайтлардан кўра кўпроқ одамларга омма олдида сўзга чиқишга имкон бермоқда.
Учинчидан, янги коммуникация воситалари тобора интерактив бўлмоқда. 1990-йилларда видеокассеталарнинг, кейинроқ эса компакт-дискларнинг кенг тарқалиши сунъий йўлдош орқали узатиладиган телевидение билан бир қаторда, давлат телерадиокомпанияларининг кўп сонли одамлар онгини бошқаришини сусайтирди. Интернет ва мобил коммуникациялар оммалашиб, ҳаммабоп бўлгунга қадар, принтер ва факсларнинг кенг тарқалиши давлат лицензиясига эга бўлган каналлардан мустақил равишда, ўхшаш дунёқарашларга эга бўлган одамлар орасида муқобил ахборот алмашинишни таъминлади. Мобил телефонлар, айниқса, смартфонлар, интернет орқали ишлайдиган бир қатор замонавий коммуникация воситалари билан биргаликда цензурани аввалги даврлар билан таққослаганда самарасиз қилиб қўймоқда.
Рақамли даврда оммавий соҳа
1970-йилларда янги диссидентлар овозининг кўтарилиши осонлик билан кўпайтириш, яшириш, сезидирмасдан олиб ўтиш мумкин бўлган аудиокассеталар, шунингдек, ёзма, босма ва фотонусха кўчирилган сўзлар туфайли ўринга эга бўлди. 1990-йиллардан кейин, интернет даврининг кириб келиши билан, коммуникация янада соддалашди. Кейинги ўн беш йил давомида эса Facebook (2004), Twitter (2006), WhatsApp (2009) каби платформалар диний ва сиёсий ҳукуматнинг янада парчаланишига хизмат қилди.
Бироқ диннинг янгиланиши учун фақат янги технологияларнинг ўзи камлик қилади. Техника янгиликларининг имкониятларидан фойдалана оладиган ва бошқалар билан диний янгиланишни долзарб қиладиган, гоҳида натижаларни олдиндан айтиш мумкин бўлмаган соҳада ишлашга қодир бўлган одамлар керак.
Бу долзарблаштириш тўртта асосий кўникмани кўзда тутади:
1. Ақл-заковат соҳибларининг ғоялар ишлаб чиқиш ва улардан, айниқса, ноҳукумат ҳаракатлари рағбатлантирилмайдиган давлатларда кўпроқ мулоқот доирасини ишонтириш учун фойдаланишни «ўз зиммасига олиш»га тайёрлиги.
2. Одамларни очиқ оммавий уюштириш ва самарали коммуникация. Давлатлар – ҳам очиқ, ҳам тоталитар давлатлар – худди Индонезиядан тортиб Марокашгача муваффақиятли диний ва фуқаро ҳаракатлари динни жамият хизматига қўйиб, ғоялар, моделлар ва ёндашувларни «сотиш» учун аҳолининг ўрта қатламларига мансуб бўлган профессионалларга боғлиқ.
3. Заиф фуқаролик жамияти кучли давлат тузилмалари билан бирлаштирилган жойларда, масалан, давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган бошланғич ва ўрта мактабларда катта дастурларни амалга оширадиган мамлакатларда, танқидий фикрлаш, гендер тенглиги, диний бағрикенглик каби қадриятларни жорий этишга имкон берадиган матрица яратиш учун Исломий мавзулардан фойдаланиш учун саҳналар ортида жимгина ишлашга тайёрлик. Хусусан, 2004 йилнинг феврал ойида Марокашда қабул қилинган янги оилавий қонунлар кўп йиллар давомида тайёрланган, аммо 2003 йил май ойида Касабланка шаҳрида содир бўлган йирик террористик ҳужумлардан сўнг расмий равишда тасдиқланган. Ушбу террорчилик ҳужумлари мухолифатнинг эътирозисиз жасоратли диний ва фуқаролик ислоҳотларини амалга ошириш учун монархиянинг қўлларини ечиб ташлади. Худди шундай, саҳна ортида ишлаш кўникмалари муқобил фикрларни обрўсизлантириш ва бошқа нуқтаи назарни ўз ичига олган хабарларни бузиб кўрсатиш учун яширинча қўлланилиши мумкин.
4. Махфийликка ошкоралик билан қаршилик қилиш қобилияти. Ошкоралик ҳаракатлар ва ғояларга нисбатан шубҳаларни бартараф қилиши ва шу тариқа, уларни «нормаллаштириш»га жиддий хизмат қилиши мумкин. У, шунингдек, диний ғоялар ва урф-одатларни «объектлаш»га хизмат қилади, илгари яширин бўлган, кўзда тутилган ғоялар ошкора бўлиб, маълум бир шаклга эга бўлади. Натижада кўп сонли диндорлар онгида қуйидаги каби қатор саволлар пайдо бўлади: «Менинг диним ўзи нима? У менинг ҳаётимда қанчалик муҳим? Диним менинг хулқ-атворимга қандай таъсир этади?» Объективлаш, гарчи айрим одамлар айнан шундай деб ўйласада, дин ҳақида яхлит бир бутунлик сифатидаги тасаввур шакллантиришни англатмайди.
Тўғридан-тўғри ва «объектив» саволлар – бу, шубҳасизки, замонавий саволлар, кимдир уларнинг қўйилишини ҳақиқий анъаналарга қайтиш зарурати билан оқлашга ҳаракат қилсада. Уларга жавоб топишда маълум бир диний тасаввурлар ва амалиётлар одамлар онгида қандай қилиб долзарб қилинишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу саволга «нима учун?» даген саволдан кўра жавоб бериш осонроқ, лекин унга қараганда камроқ берилади.
Рақамли давр оммавий соҳа ва унинг диний эътиқоди ва урф-одатлари ҳақидаги ғояга чуқур таъсир кўрсатди. Ўз вақтида ёзув ва китоб босиб чиқариш жамиятда ўзаро ҳамкорликнинг кутилмаган янги шаклларини яратган, куч ва ижтимоий чегараларни ўзгартирган бўлса, рақамли давр ҳам худди шундай йўл тутмоқда. Тобора очиқ ва қулай коммуникация шакллари Исломнинг (бошқа динларнинг) рамзий тилидан обрўли фойдаланиш учун тортишувни янада глобал ва очиқроқ қилади.
Одамларнинг тасаввурлари учун кураш энди рамзларни талқин қилиш, уларни ишлаб чиқарадиган ва уларнинг мавжудлигини таъминлайдиган расмий ва норасмий институтларни назорат қилиш учун курашиш учун рақобат ва мусобақалашувни кучайтиришни назарда тутади.
1990-йилларда Интернет пайдо бўлгандан сўнг, кабелли телевидение ва компакт-дисклар ёрдамида муқобил ижтимоий-сиёсий оламларнинг ғоялари, тасвирлари, ёндашувлари ва усуллари нафақат ошхоналарга, балки ётоқхоналарга ҳам кириб, маҳаллийлик ва чекловларнинг янги тушунчаларини яратиб, ижтимоий маконни янада қўнимсиз ҳолга келтирди. Араб тилида сўзлашадиган дунёда саводхонлик даражасининг кескин ортиши, илгари асосан диний ва дунёвий элитага хизмат қилган адабий араб тилини кенгроқ билиш, кўпроқ одамларга ўз ҳудудидан ташқарида тушунилмайдиган маҳаллий шеваларда эмас, умумий тилда, араб мактабларида ва оммавий ахборот воситаларида кенгроқ аудитория билан мулоқот қилиш имконини берди.
Мисол учун, 2001 йил май ойида араб дунёси ва Жануби-Шарқий Осиёда тарқалган "Ал-Қоида"нинг ёллаш видеоси 622 йил ғайридинлар кўлида ўлимдан қочиб ва Исломий умматнинг яратилиши учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага кўчишлари билан боғлиқ мумтоз ҳижрат образига мурожаат қилган. Бу барча мусулмонлар учун тушунарли бўлган бу тарихий ҳавола, Усама бин Ладен ва унинг тарафдорлари от минган ҳолда Афғонистонга кириб, замонавий ҳижрат қилишни назарда тутган саҳнани тушунишда асосий маънога эга бўлди. Аудиоёзув шевада эмас, балки "ТВ-янгиликлар" араб тилида ёзилган ва баъзи версияларда инглиз тилидаги субтитрлар билан берилган. Бундай аудио ёзувлар, шунингдек, "расм" остида югурадиган сатрлар ушбу роликнинг хабарини қабул қилишга қодир бўлган мулоқот доирасини жиддий кенгайтирган оммавий таълим ва янги рақамли оммавий ахборот воситалари давридан олдин имконсиз бўлган.
Рақамли ОАВ тарқалиши ва сунъий йўлдош каналлари сонининг ортиши бир қатор ҳис-туйғулар ва фикр-мулоҳазаларга сабабчи бўлиб, диний ғоялар ва амалиётларни жамият ва ижтимоий масалалар билан боғлаш имкониятларини кенгайтирди. Кенг доиранинг бир томонида экстремистик видео, бошқа томонида эса – «ал-Жазира»да диний ғоялар ва урф-одатлар ҳақидаги мунозаралар бўлиб, бутун араб дунёсининг эътиборини ўзига жалб қилди. Ушбу сунъий йўлдош каналида биринчи бор, масалан, Юсуф Қаразавий ва секулярчи Содиқ ал-Азм (SadekAl-Azm) ўртасидаги мунозараларни кўриш мумкин бўлиб, уларда ал-Азм Қаразавийнинг қайноқ эътирозлари остида кенг мулоқот доирасига секуляризм нима эканлигини тушунтириб берган. 1997 йил 27 майда тасвирга олинган кўрсатувни Дамашқ, Қувайт, Қоҳира, Роботда – бир сўз билан, бутун араб дунёсида томоша қилиш мумкин бўлган.
2003 йил биз Жон Андерсон (JonAnderson) билан бирга мусулмон дунёси ОАВда рўй берган шиддатли ўзгаришларни таҳлил қилгандик. Бу ҳали Facebook, Twitter ва WhatsApp каби платформалар пайдо бўлмаган пайтлар эди. Ушбу платформалар эса диний ва сиёсий ҳукуматнинг янада парчаланишига хизмат қилди.
Сўнгги ўн йил ичида содир бўлган энг муҳим ўзгариш - сўзлар, тасвирлар, хабарлар ўзгариши мумкинлиги, реклама, сиёсий, диний ва бошқа мақсадлар учун максимал таъсир ўтказиш учун манипуляция қилиниши мумкинлиги ҳақидаги тушунчани англашнинг ўсиб боришидир. Иборани кесиб тақдим этиш машҳур техникадир - бугунги кунда унинг қўлланилиши лентали магнитафонларидаги ёзувларга қараганда анча осонлашди, бундай "таҳрирлаш" том маънода пленкани ёпиштиришдан осонроқдир. Энди бундай таҳрирлаш ёки ўзгартириш, Мануел Кастельс (ManuelCastells) ибораси билан, "реал виртуаллик"ни фақат тажрибали мутахассислар сезиши мумкин.
«Тармоқ ҳамжамияти» минтақалараро ғоялар кўламини қисқаритирш ва уларни маҳаллий ҳамжамиятларда мужассам этиш, уларни илгари тахмин ҳам қилинмаган тарзда шарҳлашга имкон беради. «Алгоритм» атамаси эндиликда умумий лексикадан ўрин олган бўлиб, хабарлар ва образлар яратишнинг уларга шахсга етиб бориши замонавий имкониятларини англатади – ўтмишдаги дин тарафдорлари ва тарғиботчилари, диний арбоблар ва рекламачилар бундай технологиялар ҳақида орзу ҳам қилмаган.
Хулоса
Таълим даражасини ошириш, сафарларни соддалаштириш, коммуникация воситалари ривожланиши нафақат сиёсий ва иқтисодий элита, балки одамлар гуруҳлари ҳам сиёсий ва диний масалаларни муҳокама қилишда сўз айтиш имконига эга бўлишига ёрдам берди. Натижада авторитаризмга, диний ва сиёсий ҳокимиятнинг парчаланишига, "умумий неъмат" билан боғлиқ масалалар бўйича мунозараларнинг очиқлигини оширишга қадам ташланади. "Қоронғу Интернет", "чуқур давлат", "яширин" кун тартибининг ғоялари ва усуллари баъзан хаёлий бўлиб кўринади, лекин бу ҳар доим ҳам шундай эмас. Рақамли даврнинг бошланиши билан пайдо бўлган, бир вақтлар барқарор ижобий деб ҳисобланган имкониятлар ва тенденциялар, кўпчилик одамлар томонидан энди тенг бўлмаган ва кўпинча ноаниқ деб ҳисобланмоқда.
Исломий ғоялар ва амалиётларни долзарблаштириш нафақат диний олимлар ва ўзини шундай деб эълон қилган нуфузли диний шахслар, балки дунёвий интеллектуаллар, тариқатлар, оналар, талабалар, ишчилар, муҳандислар ва бошқа кўпчилик жамоат муҳокамалари ва ижтимоий ҳаётда иштирок этадиган "Исломнинг ошкоралиги"ни оширишга хизмат қилади. Ушбу "ошкоралик" сифатда Ислом сайёрамизнинг турли қисмларида сиёсий ва ижтимоий ҳаётни қайта шакллантиришга катта ёрдам бериши мумкин. Рақамли асрнинг иккинчи даври, "Фейcбукдан кейин" давр бошланиши билан бир вақтда, диний ғоялар ва амалиётларнинг яратилиши, жорий қилиниши ва бузиб кўрсатилиши мумкинлигини тушунишни ҳисобга олган ҳолда қўрқув учун жуда кўп сабаблар вужудга келади.
Манба: CILE