close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абулҳусайн Нурий

Абулҳусайн Аҳмад Нурий Хуросонда етишиб чиққан машҳур шайхлардандир. Шайх Нурий «замонасинииг ягонаси ва вақтининг муқтадоси ва тасаввуф аҳлининг зарофатликлари ҳамда муҳаббат ахлинииг шарофатликларидан эди» деб улуғланган. Машойихлар орасида «Амир ул-қулуб ва қамар ус-сўфия» деб фахр билан тилга олинган.

Абулҳусайн Аҳмад Нурий Хуросонда етишиб чиққан машҳур шайхлардандир. Шайх Нурий «замонасинииг ягонаси ва вақтининг муқтадоси ва тасаввуф аҳлининг зарофатликлари ҳамда муҳаббат ахлинииг шарофатликларидан эди» деб улуғланган. Машойихлар орасида «Амир ул-қулуб ва қамар ус-сўфия» деб фахр билан тилга олинган.
Унинг «Нурий» деб айтилиши сабаби шундаки, қоронғу уйда суҳбат қурса, уй ёришиб кетган. Бундан ташқари, фаросат нури билан кишиларнинг қалбларидаги ҳар қандай фикр-ни билиб олган. Шайх Нурий бир неча йиллар мужоҳада ва риёзат чекиб, муродига етиш йўлида жидду жахд кўрсатган. Қирқ йил нафсига ҳукмини ўтказган. Тоат бобида беназир, фақрни ўзига ғолиб қилган, қоронғу кечада сўзласа, оғзидан нур таралиб, вужуди равшан бўлган.
Накл қилишларича, Шайх Нурийнинг ибодат қиладиган хонақоҳи кечалари шайх ибодат қилаётган вақтда мунаввар бўлиб, яқин атрофдагилар Шайх Нурийнинг дарчасидан чиқаётган нурни томоша қилгани келишган.
Абулҳусайн Нурий Жунайд Бағдодийнинг қариндошларидан бўлиб, Шайх Аҳмад Жаворийнинг яқин дўсти бўлган. Шайх Нурий машҳур Шайх Сарий Сақатийнинг муриди эди.
Абулҳусайн Нурий 296/908 йилда вафот этган.

Нақл қилишларича, унинг муножотини эшитганлар ҳайратга тушган. Шайх Нурий дер эди:
- Илоҳим, жаҳаннамга лойиқ бўлган бандаларингни яратдинг. Энди уларни қиёматда жаҳаннамга ташлайсан. Илоҳим, уларнинг ўрнига мени жаҳаннамга ташлаб, уларни дўзах азобидан озод эт.

Шайх Нурий бир кишининг қўли билан соқолини ўйнатиб намоз ўқиётганини кўриб деди:
- Худонинг соқолидан қўлингни торт.
Шайх Нурийнинг сўзларини куфрга йўйган мутаассиблар дарҳол бу ҳақда халифани огоҳ этдилар. Олимлар келишиб, «Шайх Нурий бу сўзни айтиш билан кофир бўлди» дедилар.
Шайх Нурийни халифанинг ҳузурига чақирдилар.
Халифа сўради:
- Сен чиндан ҳам «Худонинг соқолидан қўлингни торт»
дедингми?
Нурий деди:
- Шундай.
Халифа ажабланиб сўради:
- Нима учун бундай дединг?
Нурий деди:
- Банда кимники бўлса, соқоли ҳам Уникидир.
Халифа хато иш қилиб қўймаганидан хурсанд бўлиб, деди:
- Алҳамдулиллоҳ, Худо бир асради. Мен Шайх Нурийни ўлдириб юборишимга бир баҳя қолди.

Бир покдомон кишининг эшаги узала тушиб ётибди. Ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, турғизишнинг иложи бўлмайди. Шайх Нурий эшакни оёғи билан тепиб деди:
- Тур, ҳозир уйқунинг вақти эмас.
Эшак дарҳол ағанаб, ўрнидан силжиди. Эшакнинг эгаси юкларини ортиб, йўлига равона бўлди.

Шайх Нурий бемор бўлди. Ёронлари ҳар куни уни зиёрат қилар, унинг тузалиб кетиши учун дуо ўқир эдилар. Бир куни Жунайд бир қўлида гул ва бир лаган мева олиб келиб, Шайх Нурийнинг олдига қўйди. Нурий тузалди.
Бир неча фурсатдан сўнг Жунайд оғриб қолди. Шайх Нурий асҳоблари билан Жунайдни кўргани йўл олиб, уларга деди:
- Ҳар қайсингиз Жунайднинг оғриғидан бир парчадан олинг.
Асҳоб дедилар:
- Шундай қиламиз.
Жунайд дарҳол соғайиб ўрнидан турди ва дўстларига лутф кўрсатди.
Нурий деди:
- Эй Жунайд, энди касал кўргани борсангиз биз каби боринг ва беморнинг дардини олинг.

Шайх Нурий деди:
- Бир заиф ва камқувват кишини кўрдум. Уни ўғирликда айблаб, қамчи билан савалар эдилар. Лекин сабр қилар эди. Сўнг зиндонга солдилар.
Шайх Нурий зиндонга кириб, унинг ҳолини сўради:
- Бу қадар заифлик ва камқувватлик билан қамчи зарбига қандай сабр қилдинг?
Мазлум деди:
- Эй Нурий, балога сабр қилиш учун ҳиммат керакдир.
Шайх Нурий деди:
- Сабр недир?
Мазлум деди:
- Сабр шуки, бало келганда ўша балони роҳат ва ҳузур деб қабул қилишдир.

Замонамизнинг энг азиз нарсаларидан бири илмига амал қилган олим бўлса, иккинчиси Аллоҳ ҳақиқатидан сўзловчи орифдир.

Инсон умрни Аллоҳ қўрқуви билан кечириши қандай яхши давлат. Ҳар ким Аллохдан қўрқса, Аллоҳдан паноҳ тилайди.

Сўрадилар:
- Авлиёлар халққа ваъз айтиш мартабасига қачон сазовор бўладилар?
Шайх Нурий деди:
- Қачонки авлиёнинг айтар сўзи Худонинг даргоҳидан қуйилиб келса ва ўша сўзларни халқнинг қалбига етказиш фаҳмига етса, у вақтда халққа ваъз айтишга лойиқ бўлади.
Ким дўст бўлиб келса, муҳаббат қозонади. Ҳар ишда муҳаббат билан иш тутса, Ҳақ бандалари қаторидан жой олади.

Гуноҳ йўқотишдан, тоат макрдан холи эмасдир.

Ҳар бир нарсанинг уқубати бўлади. Орифларнинг уқубати Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишдир.

Ҳар ким ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билса, унинг қайтиши ҳар ишда Аллоҳга бўлади.

Сўрадилар:
- Мусулмонлик нима?
Шайх Нурий деди:
- Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларига итоат этишдир.

Сўрадилар:
- Тасаввуф нима?
Шайх Нурий деди:
- Тасаввуф русум, илм эмас, Аллоҳ хулқларидан бири, яъни Аллоҳ хулкдари билан хулқланиш, озодлик ва мардлик, такаллуфни тарк этиш ва охиратни дўст тутишдир.

Сўрадилар:
- Таваккул нима?
Шайх Нурий деди:
- Сенинг тадбиринг Унинг такдири ичида фоний бўлишидир, яъни Аллоҳга ҳар ишда рози бўласан. Аллоҳ се-нинг ишингга вакилдир.

Шайх Нурийнинг муроқаба ҳолида ўтирганини кўрган дўстлари сўрашди.
- Бу қандай муроқаба?
Шайх Нурий деди:
- Бу муроқабани мушукдан ўргандим. Эр киши Ҳақ таоло йўлида мушук каби бўлиши керак. Зеро, сичқон тешик ичига кирса, мушук тешик ташқарисида туриб, сичқонни пойлайди. Эр киши ҳам Аллоҳни истаб, худди шундай ҳозир бўлиши лозимдир.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тасаввуф аломалари
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase