close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Довуд Тойи Ал-Балхий

Довуд Тойи ўз даврининг машойихларининг улуғи, марди Худо, фиқҳ илмида баркамол, тариқат олими ва маърифат шамчироғи бўлган. Балх шаҳрида туғилган. Ёшлигида ҳеч қимга қўшилмас, кўп вақтини тафаккур қилиш билан ўтказган. Унинг юзидан Аллохдан қўрқув билиниб турган. Унинг тавбасига сабаб бўлган воқеа жуда ибратли. Қулоғига ногаҳон бир байт чалинади: «Дунё ўткинчидир, охират барқарордир». Бу сўзлар кўнглига таъсир қилиб, ҳоли ўзгаради ва сабоқ олишга ҳам рағбати қолмай, ибодат билан машғул бўлади.

Довуд Тойи ўз даврининг машойихларининг улуғи, марди Худо, фиқҳ илмида баркамол, тариқат олими ва маърифат шамчироғи бўлган. Балх шаҳрида туғилган. Ёшлигида ҳеч қимга қўшилмас, кўп вақтини тафаккур қилиш билан ўтказган. Унинг юзидан Аллохдан қўрқув билиниб турган. Унинг тавбасига сабаб бўлган воқеа жуда ибратли. Қулоғига ногаҳон бир байт чалинади: «Дунё ўткинчидир, охират барқарордир». Бу сўзлар кўнглига таъсир қилиб, ҳоли ўзгаради ва сабоқ олишга ҳам рағбати қолмай, ибодат билан машғул бўлади.
Имом Аъзам унинг ҳолидан огоҳ бўлиб, уни ҳузурига чорлайди. Довуд Имом Аъзамдан фиқҳ илмини ўрганиб, йигирма йил хизматини қилади.
Ҳабиб Роийнинг ҳузурида унга кашф ҳосил бўлади. Китобларни қўйиб, узлатга чекинади. Халкдан умидини узиб, Ҳақ йўлини тутади. Умрининг асосий қисмини бедорликда, гўшанишинликда ўтказади.
Довуд Балхий Арабистон, Ироқнинг кўп шаҳарларини кезиб, кўплаб машойих суҳбатидан баҳраманд бўлган. Ана шундай сафарлардан бирида Маккада Иброҳим Адҳам билан учрашиб, ўз кароматлари билан уни лол қолдирган.

Довудга отасидан йигирма олтин танга мерос қолган бўлиб, уни баққолга бериб, йигирма йил рўзғор тебратган.
Ёронлар Довуднинг дунё молини сақлаганига эътироз билдирдилар:
- Тариқат дунёни ийсор қилиш эмасми?
Довуд деди:
- Бу олтинларни шунинг учун сақларманки, дунёдан фориғ бўлишимга сабаб бўлади. То ўлгунча, унга қаноат қилиб яшайман. Аллоҳдан тиларманки, мерос тугагач, жонимни олгай. Менинг дуоимни қабул этар, деган умиддаман.
Баққол ҳар кунги харажатни ҳисоб-китоб қилар эди. Довуднинг сармояси тамом бўлган куни жони узилди.

Шайх Абубакр Аббос Довуднинг уйига келди. Довуд қўлида бир парча нонни ушлаганча йиғлаб ўтирар эди. Абу-бакр сўради:
- Йиғлашингнинг боиси нима?
Довуд деди:
- Бу парча нонни ейиш учун қўлимга олдим, лекин унинг ҳалолми ёки ҳаромлигини билмайман.

Сарий Сақатий Довуднинг уйига келди. Довуд офтоб тиғида терга ботиб, зикр қилиб ўтирибди. Сарий сўради:
- Эй Довуд, рўзадор бўлсанг, яна офтобда ўтирибсан, сояда ўтирсанг бўлмайдими?
Довуд деди:
- Эй Сарий, бу ерга офтоб тушмасдан аввал келиб ўтирдим. Устимга офтоб тушди. Энди нафсим учун сояга ўтишга Аллоҳдан қўрқаман.

Довуднинг ҳовлиси уйларга тўла эди. У бир уйда яшар, уй нураб кетса, бошқасига ўтар эди. Шу тариқа, бирин-кетин уйлар хароб бўлиб, қулаб тушди.
Сўрадилар:
- Нима учун уйингни таъмир қилдирмайсан?
Довуд деди:
- Дунёда хароб бўлмайдиган уй борми? Мен Ҳақ таоло билан ҳеч қачон таъмирланган уйда ўтирмаслик, дунёни обод қилмасликка ахдлашганман.
Ниҳоят, охирги уй ҳам қулаб тушди. Довуд даҳлиз ичида қолди. Ўша кеча Довуд вафот этгач, даҳлиз ҳам ағанади.

Довуд охират ғамида доимо қайғули эди. Ҳеч ким унинг кулганини кўрган ва эшитган эмас эди. Бир куни дўстларидан бири Довуднинг уйига бориб, унинг кулиб ўтирганини кўрди. Довуддан кулишининг сабабини сўради:
- Ҳеч қачон кулмаган эдинг, бугун нима бўлди, кулиб ўтирибсан?
Довуд деди:
- Кеча Аллоҳ менга дўстлик шарбатини ичирди, бугун байрам қилдим, шунинг учун шодонман ва куларман.

Нақл қилишларича, бир кеча ойдин эди. Довуд девор устига чикди. Осмон тарафга бокди. Беҳуд бўлиб ҳамсоянинг уйига йиқилди. Қўшни уйимга ўғри келибди, деб гумон қилиб, қўлига қилич олиб ҳовлига чиқди. Довудни кўрди. Қўлидан тутиб сўради:
- Бу ерга қандай келиб қолдинг?
Довуд деди:
- Беҳуд эдим, қаердан келиб қаерга тушиб қолганимни билмайман.

Фузайл деди:
- Эй Довуд, менга насиҳат қил.
Довуд деди:
- Жоҳиллардан қочгин.

Эй одамзод, бойлик ва амалингга эришганда севиндинг. Лекин билиб қўйки, ажалинг яқинлашди, умринг битаётир. Келажак учун тўплаган сармоянгнинг фойдасини бошқалар кўради.

Сўрадилар:
- Эй Довуд, нега одамлардан ўзингни олиб қочасан?
Довуд деди:
- Ўғлонлар билан ўтирсам, ибодатдан чалғитадилар. Улуғлар билан ўтирсам айбимни ошкор этмайдилар. Нега Холиқ суҳбатини қўйиб, махлуқ суҳбатини ихтиёр этайин?

Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тасаввуф аломалари
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase