close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шайх Абдулқодир Жийлоний (Гийлоний)

«Ғавсул Аъзам» номи билан танилган Шайх Муҳйиддин Саййид Абулқодир Жийлоний қодирия тариқати сўфийларидан бўлиб, Жийлоннинг Баштир қишлоғида 471/1078 йилда дунёга келган.

«Ғавсул Аъзам» номи билан танилган Шайх Муҳйиддин Саййид Абулқодир Жийлоний қодирия тариқати сўфийларидан бўлиб, Жийлоннинг Баштир қишлоғида 471/1078 йилда дунёга келган.
Жийлоний дастлаб Абу Закариё Табризийдан адабиёт бўйича дарс олган. Ўн олти ёшида Бағдодга бориб, Абу Бакр ибн Муҳаммад, Абулқосим Али ибн Аҳмад ибн Баён, Абу Толиб ибн Юсуф каби уламолардан калом ва ҳадис илмидан таҳсил олган. Али ибн Абу Саъид Мухрумийдан фиқҳ илмидан сабоқ олган. Абу Саъид Мухрумий қўлидан шайхлик хирқасини кийган.
Бағдодга қайтган Абдулқодир Жийлоний мадрасада мударрислик қилган. Жийлоний ўттиз уч йил давомида ваъз айтиб, толиби илмларга сабоқ берган. Жамоат орасида «султон ул-авлиё», «қутби аъзам», «ғавс ул-аъзам», «ғавс ул-сақалайн» деб улуғланган Абулқодир Жийлонийнинг мақоми олий бўлиб, Аллоҳнинг валийси, каромати зоҳир машойих эди.
Шайх Абулқодир Жийлоний тасаввуфдаги қодирия силсиласининг асосчиси, «машғуллик ва фориғлик» (ўзинг дунё билан машғул бўлганинг ҳолатида дилинг дунёдан фориғ бўлсин) ғоясининг тарғиботчисидир.
Жийлоний ислом тарихи, тасаввуф назарияси, ахлоқ-одобга доир «Китоби башора ал-ҳайрат», «Китоб ул-ғуния», «Китоб ул-фатҳ ур-раббоний вал-файзи ар-раҳмоний», «Китоби футуҳ ул-ғайб», «Китоб ал-файзот ал-раббония», «Мактуботи Жийлоний», «Сирр ул-асрор маҳзар ул-анвор», «Ал-куня ли толиби ториқ ул-Ҳақ» каби ўнлаб рисолалар муаллифидир.
Жийлоний Бағдод уламолари-ю толиби илмлари, фозиллари-ю арбоблари орасида мислсиз обрў қозонган. Унинг илмий қудрати, кашфу каромати ҳақида кўплаб ҳикоятлар тарқалган, китоблар ёзилган. «Баҳжат ул-асрор ва маъдан ал-анвар», «Дур ул-анвор», «Дур уд-дин», «Туҳфат ул-қодирия» «Маноқиби қодирия» каби мақомотлар шулар жумл асид андир.
Абулқодир Жийлоний 90 йил яшаб, 562/1166 йилда вафот этган. Қабри Бағдодда. Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғус қишлоғида Абдулқодир Жийлонийнинг қадамжойи бўлиб, мўътабар зиёратгоҳ ҳисобланади.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд деди:
Ҳар икки оламнинг султони Шоҳ Абдулқодир,
Одам авлодининг ҳоқони Шоҳ Абдулқодир,
Аршнинг, Курсининг, қаламнинг ойи ҳам қуёши,
Энг буюк нурдан бу қалб нури Шоҳ Абдулқодир.

Ҳазиний деди:
Сулуким - Қодирия, раҳбаримдир пири пироним,
Саҳарлар Зарбулиллоҳни эмди одат қилмасам бўлмас.

Олимлар Аллоҳнинг хос қулларидирки, уларни диний илмлар учун танлади.

Эй фарзанд, Худо учун холис тақво қил, тоатни тарк этма, бировдан қўрқма ва бировдан умид қилма, ҳожатинг раво бўлса, уни Аллохдан деб бил, ҳожатларингни Худодан тила.

Валийлар дин илмларини тарқатувчи ва Пайғамбар (с.а.в.) нинг динларини маҳкам ушлаган ёрдамчи, унга эргашган, набийнинг таом ва шаробидан насибадор бўлганлари туфайли ортларидаги нарсаларни худди олдларида кўргандек кўра оладилар(Абдулқодир Гийлоний (Ғавсул Аъзам). Раббонийликни англаш ва раҳмоний файзни қозониш. Биринчи китоб. 98-бет.)

Барча амаллар ичида оч кишини қорнини тўйдиришдан кўра афзалроқ амал йўкдир.
Кўнгилнинг фақат битта қибласи бордир.

Сени унутмайдиган Зотни унутмагин, сендан ғофил бўлмайдиган Зотдан ғофил бўлмагин.

Ўзингга насиҳатгўй бўл, ана шунда ҳеч кимга муҳтож бўлмайсан. Авлиёлар насиҳати зоҳиринг учун бўлса, ўзингнинг насиҳатинг ботининг учундир.

Хукм ўзгаради, илм ўзгармайди. Ҳукм амалдан қолади, илм ҳамиша амалда бўлади. Аллоҳнинг илми камаймайди, ҳукми ҳам.

Зоҳир - ботиннинг белгисидир.

Қалбнинг илми кўпайгани сари Аллоҳга яқинлашади. Дунёга муҳаббати бўлган ҳар бир қалб Аллохдан тўсилгандир.

Ўз қадрини билмаган киши такдир кўргуликларига дучор бўлади.

Фарз амаллари ҳеч бир кишидан ҳеч бир ҳолда соқит бўлмайди.

Эй қавм, сизнинг қорнингиз тўқ бўлса-ю, қўшнингизнинг егани нони бўлмаса, «мўминман» деб даъво қиласизми? Қўлингизда таом бўлиб, ўзингиздан ошса, эшигингиз ортида турган фақирга бермасангиз иймонингиз саҳиҳ эмасдир.

Аллоҳ инсоннинг ташқи олами тартибини шариат билан, ички олами тартибини маърифат билан дарж этган. Ҳар ик-кисининг бирикувидан ҳақиқат пайдо бўлади.

Юзаки тавба қилиб, асл мақсад сари юзланмаган кишини экинзордаги бегона ўтларни юлиб, илдизини қўпормаган деҳқонга ўхшатиш мумкин. У фақат ўтнинг кўриниб турган қисмини олади. Ҳақиқий тавба қилган киши ўтларни илдизи билан тозалаб ташлайди.

Нафсларингизни семиртириб юборманглар, агар улар семириб кетса, сизларни еб ташлайди.

Ғафлат уйқусидан уйғонинглар!

Дунёга қул бўлмай, унга ҳукмронлик қилиш авлиёлар сифатидир. Улар дунёнинг ўткинчилигини биладилар ва уни талаб қилмайдилар.

Мунофиқликдан ҳазар қилинг.

Эй гумроҳ банда, одамларга эмас, Ҳаққа тавба қил.

Эй инсонлар, сизлар дунёни кетидан қувлайсизлар. Дунё эса Аллоҳнинг дўстлари ортидан эргашиб юради.

Қалбнинг хотиржамлиги руҳга етади. Руҳнинг хотиржамлиги Аллоҳ муҳаббатига етказади.

Қалб тўғри бўлса, назар ҳам тўғри бўлади.

Ихлос билан ўқилган намоз мўминнинг меърожидир.

Эй нокас, қачонгача кўп ризқ тилайсан? Ҳолбуки, ризқинг ҳақида ёзиб бўлинган. Қисматингга ёзилмаган нарсани талаб қиласан. Нафс талабида ҳар қанча тиришиб, ҳирсга берилма, барибир тақдирингда ёзиб қўйилганидан бошқасига эриша олмайсан.

Мўмин киши мусибатлар келганида тоғ кабидир.

Ихлос билан қилинган зарра амал зоҳирий қилинган амалдан минг марта яхширокдир.

Жисм қафас, руҳ қушдир. Мунофиқ киши қафасдаги қуш кабидир.

Нафсингдан тийилсанг, қалбинг ҳақиқат сирларини сўзлайди.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тасаввуф аломалари
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Боязид Бистомий Юсуф Ҳамадоний »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase