close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Боязид Бистомий

Шарқда «Султон ул-орифин», «Бурҳон ул-муҳаққиқин» деб улуғланган Абу Язид Тайфур Исо ўғли Бистомий VIII аср охирида Эроннинг Бистом шаҳрида таваллуд топган. Илк таълимни Бистомда олган. Сўнг Шом вилоятига бориб, Жаъфар Содикдан етти йил сабоқ олган. Ўз даврининг буюк муршиди, ҳақиқат сирларининг кашфиётчиси даражасига етишган.

Шарқда «Султон ул-орифин», «Бурҳон ул-муҳаққиқин» деб улуғланган Абу Язид Тайфур Исо ўғли Бистомий VIII аср охирида Эроннинг Бистом шаҳрида таваллуд топган. Илк таълимни Бистомда олган. Сўнг Шом вилоятига бориб, Жаъфар Содикдан етти йил сабоқ олган. Ўз даврининг буюк муршиди, ҳақиқат сирларининг кашфиётчиси даражасига етишган.
Боязид Нишопур, Рай, Ҳамадон, Ироқ, Арабистонларга сафар қилган. Аҳмад Хузравия, Абу Ҳафс, Яҳё Маъоз, Шақиқи Балхий каби машойих билан суҳбат қурган.
Боязид нафс тарбиясига эътибор қаратиб, риёзатга берилган. Унинг ақидасича, инсон ирода, хоҳиш ва истагидан, яъни бу дунёга рағбатдан батамом холи бўлиб, бутун хаёли, фикру зикрини маҳбуб (Худо) томон йўналтириши, яъни ҳайвоний табиат руҳонийга, моддий - маънавийга айланиши, банда билан Худо ўртасида ягоналик, яқинлик пайдо бўлиши лозим.
Боязид Бистомийнинг пурмаъно сўзлари ва кашфу кароматлари Суламий, Қушайрий ва Ҳужвирийнинг асарларида келтирилган. Имом Ғаззолий ўз асарларида унинг ҳикоят ва шеърларидан истифода этган.
«Китоб ан-нур мин калимоти абий ал-Тайфур», «Шат-ҳиёт» маноқибларида Боязиднинг қариндошлари, шогирду сафдошлари томонидан айтилган, нақл этилган кўплаб ҳикоят, ривоятлар келтирилган.
Боязид Бистомий 262/875 йилда 103 ёшида оламдан ўтган. Қабри Бистом шаҳрида.

Боязид деди:
- Онам сув сўради. Ариқдан музни ёриб, сув келтирдим. Онам уйқуга кетган экан, сувни унинг олдида тутиб турдим. Қўлларим қотиб қолди. Онам уйғонди. Кўзани кўтариб турганимни кўриб, сувни ичди ва мени дуо қилди. Аллоҳ ато этган барча мартабани онамнинг дуосидан топдим.

Жунайд Бағдодий деди:
- Боязид бизларнинг орамизда худди Жаброил фаришталар орасида бўлгани кабидир.

Боязид Жаъфар Содикдан таълим олди. Бир куни Жаъфар деди:
- Фалон токчадаги китобни келтир.
Боязид сўради:
- Қайси токчадаги китобни келтирай?
Жаъфар Содиқ деди:
- Шунча йилдан бери ҳузуримда ўқиб, қайси токчада қандай китоб туришини кўрмадингми?
Боязид деди:
- Мен бу ерга токча томоша қилиб, китоб кўргани эмас, билим олгани келганман.
Жаъфар Содиқ деди:
- Таҳсилинг тамом бўлибди. Бор, халқни Ҳақ йўлига чақиргин.

Боязид ҳаж зиёратидан қайтишда Ҳамадон шаҳрига кирди. Бозорда гул уруғ сотиб олиб, уйига келди. Гул уруғини экмоқчи бўлиб, халтани очди. Уруғ ичида бир неча чумолини кўриб, Ҳамадонга қайтиб, чумолиларни уруғ олган жойига келтирди ва деди:
- Аллоҳнинг амрига таъзим. Аллоҳнинг махлуқотига шафқат.

Боязид қирқ йил масжидга қатнади. Унинг масжидга киядиган либоси алоҳида, таҳорат оладиган кийими алоҳида эди.

Агар инсон сен билан яқинлашиб, ёмонлик қилса, унга гўзал ахлоқ билан жавоб бер. Шунда ҳаётинг гўзаллашади.

Боязид йўлда кетаётган эди. Бир йигит Боязиднинг оёғи изларини босиб, унга эргашди.
Боязид деди:
- Нима қиляпсан?
Йигит деди:
- Сизнинг изингиздан босиб кетяпман, зора сиз каби бўлсам. Кийимингиздан бир парча берсангиз, унинг баракасидан файз олар эдим.
Боязид деди:
- Токи Боязид қилган иш (риёзат)ни қилмас экансан, унинг кийими тугул, терисини олсанг ҳам фойдаси йўкдир.

Бир киши Боязиддан сўради:
- Менга ўгит бергинки, унинг сабабидан дўзах ўтидан халос бўлайин.
Боязид деди:
- Икки ишни ёдингда тут: бири шуки, Худойи таоло сенинг ҳолингдин огохдир. Нимаики қилсанг кўради ва билади. Иккинчиси шуки, ибодатинг миннатли бўлмасинки, Худойи таолонинг тоат-ибодатингга эҳтиёжи йўкдир.

Ориф Аллоҳ зикрида чарчамайди, ундан ўзга билан суҳбатдош бўлмайди.

Орифнинг камолоти шуки, муҳаббат ўтида куйгай.

Тавҳиднинг аввалги манзили шуки, ҳар нима сўзласа, ҳилм (мулойимлик) билан сўзлар ва ҳар нимани эшитса, тафаккур (илм) билан эшитар.

Аллоҳ севган бандаларнинг саховати дарёга, шафқати қуёшга, тавозеъси ерга ўхшайди.

Ўттиз йил илм олдим. Илмдан юксакроқ нарса топмадим. Агар олимларнинг ихтилофи бўлмаганда шу майдонда қолар эдим.

Аллоҳнинг авлиё бандаларини сев, уларнинг кўнглини олишга урин. Чунки Аллоҳ таоло ҳар куни орифлар қалбига уч юз олтмиш марта назар солади. Шояд Аллоҳ сени ҳам у ерда кўрса.

Ҳиммат аҳлининг куфри миннат аҳлининг иймонидан саломатрокдир.

Халқ Худо ва бандалар ҳурматини сақламагани ҳамда Аллоҳ неъматларининг шукрини қилмаслиги туфайли ҳалокатга юз тутади.

Энг яхши кишининг икки қўли ҳам тўғри бўлади, у бир қўли билан эмас, икки қўли билан яхшилик қилади.

Гина-адоватдан узоқ бўл. Кучинг етмайдиган ишга киришма. Сўз юритувчи, чақимчиларнинг сўзларига ишонма. Чунки улар фитна-фасод йўлини излаб юрувчи ярамас одамлардир.

Ишқинг сени ўлдирди орифу омни,
Маҳв айлади савдойинг ҳар эзгу номни.
Май рангли лабинг завқи чиқармиш, кўргил,
Бу савмаадан Боязид Бистомийни.

Бизнинг йўлимиз ишқ ичра бадномликдир,
Куйганлар аро насибамйз хомликдир.
Нокомлигимиз Ёр дилининг коми экан,
Дил коми ҳамиша энди нокомликдир.

Дил дер: Бу ғамим маҳрами ҳеч жон бўлмас,
Ҳар кимга бу сўзни англаш осон бўлмас.
Мендай киши бу жаҳонда кофир бўлса,
Бас, Ер юзида мусулмон бўлмас
(Боязид Бистомий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. - Т: «Ўзбекистон», 2009. 9-10-бетлар.).

Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тасаввуф аломалари
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase