Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ Бош Ассамблеясини Россиянинг Украинанинг бир қатор ҳудудларини аннексия қилганини эълон қилганини қоралашга чақирди. Ҳар бир овоз БМТда "ноқонуний аннексия" бўйича режалаштирилган овоз беришда муҳим, деди у 7 октябрь, жума куни Берлинда покистонлик ҳамкасби Билавал Бхутто Зардорий билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида.
Бербокнинг сўзларига кўра, режалаштирилган резолюция Россияга бу минтақалар ҳамон Украинага тегишли эканлигини тушунтириб бериши керак. Бу ҳужжат, шунингдек, ҳеч ким ҳеч қандай давлатнинг суверенитетини, айниқса зўравонлик орқали шубҳа остига қўйишга ҳақли эмаслигини таъкидлаши керак, деди у.
10 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдан ташқари йиғилишида Россия президенти Путиннинг Украинанинг шарқий ва жанубидаги тўртта вилоятни – ўзини "ДХР" ва "ЛХР" деб эълон қилган "республикаларни", шунингдек, Запорожье ва Херсон вилоятларини қўшиб олиш тўғрисидаги фармонини кўриб чиқади. Иштирокчилари БМТнинг 193 та давлати бўлган Бош Ассамблеянинг овоз беришига тегишли резолюция лойиҳаси киритилади.
Ноқонуний аннексия
Дунёнинг кўплаб давлатлари Россиянинг Украинанинг тўртта вилоятини "қўшиб олиш" қарорини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Покистон Ташқи ишлар вазири Зардорий мамлакати Бош Ассамблеяда қандай овоз бериши ҳақидаги саволни очиқ қолдирди. Унинг айтишича, бу масала ҳали Покистондаги ҳукмрон коалиция ҳамкорлари томонидан келишиб олиниши керак.
Украина ва Албания ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бир ҳафта олдин БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россия вето қўйгани сабабли Украинанинг тўртта вилоятининг Россияга қўшиб олинишини қораловчи резолюцияни қабул қила олмади. Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзоси ичида ушбу ҳужжатга қарши овоз берган ягона давлат бўлди. Кенгашнинг 10 аъзоси резолюцияни қўллаб-қувватлади, қолган тўрт нафари – Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Габон бетараф қолди.