Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Чугуев шаҳрини 26 июл куни Россия қўшинлари ракета ҳужумига тутган. Ракета портлашидан вайрон бўлган маданият уйи биносидан аввалига уч кишини қутқариб қолишган.
Қидирув ишлари натижасида вайроналик остидан аввалига 30 ёшли маҳаллий аёлнинг, кейинроқ эса эркак кишининг жасадини чиқариб олишган. У ўзбекистонлик 36 ёшли Сардор Ҳакимовнинг жасади бўлиб чиқди.
«Бутун Чугуев уни танирди. Ҳамма Сардор Ҳакимов тирик эканига охиригача умид қилиб турди. … У доимо табассумли, қувноқ эди. У бизнинг хотирамизда мангу яшайди. Унинг палови ва шўрвасининг хушбўй ҳидини унутиб бўлмайди. У энди Чугуевда абадий қўним топди”, – деди Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Олег Синегубов.
Хабарларга кўра, Сардор асли ўзбекистонлик бўлиб, 2000 йилдан бери оиласи билан Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида яшаб келган. Ўша ерда ўзбек ошхонаси ва зираворлар дўконини очиб, ишлатиб келаётган эди.
Қрим Россияга қўшиб олингач, 2014 йилда у ерда уруш ҳаракатлари бошлангандан кейин Ҳакимов оиласи билан Чугуевга кўчиб ўтган. Лекин номинг ўчгур уруш ёш оилани бу ерда ҳам қувиб етган. Россия қуролли кучлари Украинага бостириб киргач, Сардор оиласини Ўзбекистонга жўнатиб юборган ва ўзи кўнгилли сифатида одамларга ёрдам бериш учун Чугуевда қолган.
Украина журналистларининг ёзишича, уруш бошланганидан бери ёш ошпаз Чугуевда ўз ҳисобидан палов дамлаб, қадрдон бўлиб қолган маҳаллий аҳолига эҳсон тариқасида тарқатиб келаётган эди.
Оқбура, Бишкек.