«Толибон» ҳаракати вакиллари Панжшер вилоятидаги қуролланган мухолифатни таслим бўлишга чақирди. Бу ҳақида Al Arabiya телеканали хабар қилди.
Манбанинг маълумотларига кўра, қаршилик етакчиси Аҳмад Масъудга вилоятни «Толибон» назоратига топшириш учун тўрт соат вақт берилди. «Толибон» гуруҳлари вилоятни қуршаб олиб, ҳужум операциясига тайёр эканлиги айтилмоқда. Шу билан бирга, Ғани ҳукуматида мудофаа вазири бўлган Бисмилл Хон Муҳаммадий толиблар Панжшерни қўлга кирита олмайди, деб айтди.
Қатарнинг Al Jazeera телеканали, ўз навбатида, «Толибон» Масъуд билан учрашиш учун яқин вақт ичида делегация юбормоқчи эканлигини айтди. Делегация аъзолари Панжшердги вазиятни муҳокама қилиб, Масъуд қўйган талабларни бажариш учун кафолатлар тақдим этиш ниятида.
20 август куни «Толибон» Панжшер дарасида Масъуд билан вилоятни тинч йўл билан топшириш ҳақида музокара ўтказгани маълум бўлди, лекин суҳбат якунлари маълум қилинмади.
Аввалроқ хабар қилинишича, Панжшерда жангариларга қаршилик кўрсатган отрядлар толибларнинг вилоятга уюштирган ҳужумини қайтарган. «Толибон – фақат афғон халқининг муаммоси эмас. Шубҳасизки, уларнинг назорати остида Афғонистон радикал исломий террориз ўчоғига айланади, демократияга қарши фитналар режалари яна шу ерда ишлаб чиқилади», — деди кичик Масъуд. Масъуднинг таъкидлашича, унинг қуролли кучлари шунчаки толибларга қарши эмас, балки «Покистон назоратидан чиқиб кетган террорчи гуруҳ»га қарши курашмоқда.
Панжшер кичик Масъуд отрядлари назоратидаги чекка минтақага 17 август куни Афғонистон собиқ ички ишлар вазири, ўзини мамлакат амалдаги президенти деб эълон қилган Амруллоҳ Солиҳ келганидан сўнг «Толибон» ҳукмронлигига қаршилик марказига айланди.
«Толибон» Панжшердаги қаршилик раҳбариятига таслим бўлишни таклиф қилди
«Толибон» Панжшер вилоятини топшириш учун қаршилик етакчиси Масъудга 4 соат вақт берди
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|
Калит сўзлар