Журналистларнинг терговга яқин бўлган манбаси маълумотларига кўра, носвой орқали заҳарланиш варианти ҳозир биринчи ўринда турибди. «Агар носвой таркибига парранда ахлати қўшилган бўлса, ундан заҳарланиш рўй берган бўлиши мумкин», - деб шарҳлади бу ахборотни нашрнинг тиббиёт вакили бўлган ҳамсуҳбати.
Заҳарланиш манбаси нафақат курсантларнинг ўпкасида, балки бошқа органлари – жигари, ошқозон ости бези, бош мияси, талоқ ва кўзларида ҳам аниқланган. Ўсмирлардан бирининг онаси айтган сўзларга қараганда, беморларнинг бир қисмини операция қилишга тўғри келади. 14 феврль куни билим юртининг 33 нафар тарбияланувчиси ётқизилган Красногорск госпиталида Ульяновскдан янги беморлар кутилмоқда.
Бундан ташқари, билим юртини 2018 йил битирган битирувчилар ҳам Мудофаа вазирлиги госпиталида эхинококкоз бўйича текширилмоқда. Улардан бирининг отаси Андрей Шульга хабар беришича, заҳарланган битирувчилар сони ортмоқда. Унинг айтишича, «суворовчилардан бирида заҳарланиш манбаи бошида топилган ва энди унинг бош суягини очиш кутилмоқда».
Манбанинг берган маълумотларига кўра, мамлакат ҳарбий ўқув муассасаларининг раҳбариятидан талабалар ва ходимлар шахсий таркибининг соғлиғини текшириш талаб қилинди.
Россияда носвой билан савдо қилиш тақиқланган. Носвойнинг ватани Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳисобланади. Уни тайёрлашда қуритилган тамаки барглари ёки чанги билан, шунингдек, бошқа таркибий қисмлар билан аралаштириладиган товуқ ёки туя ахлатидан фойдаланилади. Бунда ҳайвонлар ахлатига иссиқлик билан ишлов берилмайди, бу эса тўғридан-тўғри касаллик учун йўл очиб беради
3 февраль куни билим юртининг 26 та тарбияланувчиси, иккита офицер ва ошхона ходимида эхинококкоз аниқлангани хабар қилинганди. Курсантлардан бирининг онаси айтишича, касаллик манбаи ёки ўчоғи ҳалигача аниқланмаган. Кейинроқ касаллик ҳайвонлардан юққан деган хабарлар ҳам пайдо бўлди.
Экинококкоз ўпка, жигар ва бошқа органлар ва тўқималарга шикаст етказади ва бу органларда кейинчалик паразит кисталар ҳосил бўлади.