“Рус православ черкови (РПЧ) меҳнат муҳожирларига тарқатиш ниятида Библияни ўзбек тилида нашр қилмоқчи”. Афсуски, “МК”да “Кун қувончи” ёки “Хуш хабар” (Инжил сўзининг маъноси Благая весть, яъни Хуш хабар деб таржима қилинади- тарж.) деган рубрика йўқ. Бўлса бундай янгилик учун айни муддао бўларди. Бу хушхабар радио орқали тарқатилмоқда, телеканалларда унинг атрофида мунозаралар уюштирилмоқда: “керакмиди шу иш? Ёрдам берармикан?” деган маънода... Бу хабарнинг нимасини муҳокама қилиш мумкин. Албатта ўйлагандек бўлади. Кутилаётган зафар ва ғалабаларнинг тўлиқ рўйхатини эса тасавур қилишдан юрагинг ўйнаб кетади.
Библияни ўзбек тилида нашр қилишади. Демак, яқин келажакда муҳожир-ўзбеклар рус тилида бошқа китобларни ўқишмас экан.
Библия бир ярим минг саҳифадан иборат. Демак, кулбасига ишдан (қурилишдан, бозордан ёки бошқа жойдан) қайтган бетончи, сотувчи, фаррош дилни бузадиган ТВ томошаларини кўрмай фойдали Китоб ўқийдилар.
Майда ҳарфлар билан битилган 1500 саҳифали китоб... Назаримда, ҳар битта Библияга қўшиб лупа ҳам беришса ҳам керак.
Лупа ишлаб чиқарувчилари учун бу ҳам Хушхабар.
Библияни таржима қилиб чоп этиш, унга биттадан лупа қўшиб тарқатиш албатта амалга оширилиши мумкин бўлган иш. Аммо уни ўқишармикан?
Қизиқ, россияликларнинг қанчаси, неча фоизи Библияни ўқиб чиқишган? Саволни аниқроқ қилиб берайлик: россиялик ўрисларнинг нечтаси бу китобни ўқиган? (доғистонликлар, чеченлар ва бошқалар хақида сўраб ўтирмаймиз ҳам).
Рус православ черковининг вазиятга холис баҳо берувчи руҳонийларига кўра, черковга қатнаб, шам ёндирувчи, пасха байрамида тухумларни қизилга бўяб, чала-чулпа рўзаларини адо этувчи православ қавмнинг беш фоизигина диний китобларни варақлашга вақт топар экан. Ўшанда ҳам уларнинг аксарияти Библия ва Инжилни битта китоб деб ўйлашар экан.
Библияни ўзбек-муҳожирлари орасида тарқатиш нега керак бўлиб қолди?
Москва Епархиал кенгаши қошидаги Миссионерлик комиссияси раҳбари иерероҳиб Дмитрийнинг айтишича, Библияни ўқиш меҳнат муҳожирларининг онги ва қалбларида яхшиликка интилиш ва бизнинг (яъни русларнинг) қадриятларимиз, ғояларимиз ва анъаналаримизни англашга ёрдам берармиш. Унинг билдиришича, “янги нашр илмий, академик ва сифатли бўлиши ўта муҳим. Бу меҳнат муҳожирларининг интеграциялашуви ва маданий мослашуви (адаптация) борасидаги жамият талабларига бизнинг қўшаётган хиссамиздир. Бу ўрганмоқчи бўлаётган муҳожирларга бизнинг таклиф қилишимиз мумкин бўлган тил ва маъно жиҳатидан ўзига хос бир стандарт бўлиб қолади”.
“Илмий, академик” – демак, бу боғча болалари учун чиқарилган расмли китобчалар эмас. Россиядаги ўзбекларни “маданий мослаш” керак бўлиб қолибди, унда нега ўзбекча “тил стандартини” таклиф этиш керак”? Русчаси яхши эмасми?
...Қизиқ, россиялик депутатлар, губернаторлар, вазирларнинг қанчаси Библияни ўқиган экан? Уларнинг юриш-туришларига қараб Библия уларга ҳеч қандай ижобий таъсир кўрсатмаган деган хулосага келиш мумкин. Шояд ўзбекларга таъсир этиб қолса. Бироқ керакми шу?
Библия зўровонлик, қотилликлар, хоинликлар, урушлар, геноцидлар, қонхўр подшоҳлар ва ақлдан озган элатлар, ҳамда уларнинг орасида баъзан ноумидликка тушиб, сарсон бўлган пайғабарлар ҳақидаги ривоятларга тўлиб-тошган. (Испанияда Библия зарарли китоб деб 300 йил давомида тақиқ остида қолган).
Жаҳон тарихида қонли из қолдирган икки мустабид золимнинг Библия ўқигани ҳам уларни қонхўрликлардан тўхтатиб қолмади; боз устига, уларнинг бири (Сталин) ҳатто диний семинарийда таҳсил олган. Иккинчи жаҳон уруши мутлақо христианлар дунёсига тегишли. (Унда мажусий Япония ҳам қатнашган, аммо японларнинг тинч аҳоли яшайдиган шаҳарларига атом бомбаларини айнан христианлар ташлаган).
Оммавий ахборот воситаларида черковлардаги баччабозлик ва бесоқолбозлик атрофида юзага чиқаётган жанжаллар тўғрисидаги хабарлар тўхтамаяпти. Луганск, Славянск, Одессада ҳам оммани қатл этаётганлар мусулмонлар эмас.
Рус бетончилари ишдан сўнг Библияни ўқимас экан, нега энди ўзбеклар ўқиши керак?
Балки ҳар бир ўзбекни бўйнига биттадан видеорегистратор илиб қўйиш ҳақида ўйлаб кўрилар? Библия ўқияптими у ёки беҳаё филмларни тамошо қилаётганини камера қайд қилиб турсин деб. Видеорегистратор ишлаб чиқарувчилар учун бу “Хушхабар” бўлиб қоларди. Ўшанда видеорегистраторлар баҳонасида меҳнат муҳожирларининг миқдори тўғрисида аниқ маълумот олиш мумкин бўлиб қоларди.
РПЧ ўзбеклар билан чекланиб қолмаслиги муқаррар. Ахир тожиклар бор, қирғизлар бор... Нашр адади қанчалик кўпайган сари бюджет ҳам шунчалик катта бўладику. Давлат ҳам қараб турмайди бу ишларга: “қўллаб-қуватлаб” юборади. Биз бўлсак Ўрта Осиё халқлари тилларида чоп қилиниши керак бўлган Библияларнинг чоп этилиши учун чўнтагимиздан пул тўлаймиз, бу ишлар бизнинг ҳисобимиздан амалга оширилаверади...
Нега айнан ўзбеклардан бошлашди? Нима улар энг итоаткор ёки энг саводли бўлгани учунми?
Ўн метрли кулбада йигирмата одамнинг биттаси палов дамлаётган пайтда қолганларининг Муқаддас китобни мутоала қилаётганини бехос кўз олдингизга келтириб кўринг.
Унақада Арасту (Аристотел)ни ҳам таржима қилиб тарқатиш керак. Уни ҳам бу ерда ҳеч ким ўқимайди, ҳеч бўлмаса шу ўзбеклар ўқисин.
Библияни эса, украин тилига таржима қилиб, қариндошлар, оға-инилар бир-бирларини қириб ташлаётган Майдан ва Донбасс блокпостларида тарқатиш мақсадга мувоффиқроқ.
(Александр Минкин, www.mk.ru)
Абу Муслим таржимаси