ЕИ минтақанинг энергетика ресурслари, транспорт йўлаклари билан қизиқмоқда, шунингдек, Марказий Осиёга ўз таъсирини кенгайтириш бўйича режалар ишлаб чиқиб, ёрдам дастурларини молиялаштиришни оширмоқда.
"Тез ўзгараётган минтақа динамикаси ҳамда Европа ва Осиё ўртасида барқарор ўзаро алоқалар аҳамиятининг ўсиб бориши Марказий Осиёнинг диққат марказида бўлишига олиб келмоқда. Минтақа мамлакатлари, айниқса, Туркманистон ислоҳотлар ўтказиш, бугунги куннинг глобал вазифаларини ҳал этиш ва модернизация қилиш бўйича ишончли ҳамкор сифатида ЕИга тобора кўпроқ қарамоқда", – деди ЕИ хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Фредерика Могерини.
Европа Иттифоқи Ашхободда доимий ваколатхонасини очмоқда. Бу Европа Иттифоқига Туркманистон билан сиёсий, иқтисодий ва секторал суҳбат ва ҳамкорликни фаоллаштиришга имкон беради. "Қарор ЕИнинг Туркманистон билан хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, энергетика, иқлим ва қонун устуворлиги каби стратегик соҳаларда ўзаро алоқа қилишга интилишини акс эттиради", – таъкидлайди Могерини.
Агар Туркманистон Европа йўналишида илк қадамлар қўйишни бошлаган бўлса, Қозоғистон ЕИ билан ҳамкорлик бўйича минтақада етакчи ҳисобланади. Эслатиб ўтамизки, Марказий Осиё учун ЕИ стратегияси 2003 йил ишлаб чиқилган бўлиб, вақти-вақти билан тузатиш киритиб турилган. Ҳужжатда энергетика, таълим, терроризмга қарши кураш, чегараларни қўриқлаш, қонунчиликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида минтақанинг ҳар бир мамлакати ва Европа билан муносабатларни ривожлантириш кўда тутилган. ЕИ умумий бюджети 230 млн еврони ташкил қиладиган 110 дан ортиқ лойиҳани молиялаштирди. Ҳамкорлик стратегияси 2017 йил охирига келиб қайта кўриб чиқилиши лозим эди, лекин бу рўй бермади. Сабаб оддий – Европанинг ҳозир бошқа ташвишлари кўп, Марказий Осиё учун ортиқча пул ҳам йўқ, минтақада эса Хитой ва Россия фаол ишламоқда. Шу сабабли бугунда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бу лойиҳаларга Афғонистонни ҳам жалб қилиш ҳисобига ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратиш таклиф этилмоқда.
Янги стратегияда минтақанинг ҳар бир мамлакати бўйича индивидуал ҳамкорлик афзал кўрилмоқда, лекин Ўзбекистон бу рўйхатда биринчи ўринда туради. Европа Иттифоқи бу ерда 168 млн евро миқдорида қатор лойиҳаларни амалга ошириш ниятида. Тошкентга ўтган йили ташриф буюрган Халқаро ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича Европа комиссияси бош директори Стефано Мансервизи маълум қилганидек, "ЕИ Ўзбекистонни асосий ҳамкор сифатида кўриб чиқмоқда". Унинг сўзларига қараганда, ЕИ Ўзбекистонда иқтисодий фаолликни кучайтириш, янги иш ўриналри яратиш, шунингдек, ўзбек тадбиркорларига Европа тажрибасини ўртоқлашиш ниятида. Шунингдек, у ЕИ ўзбек лойиҳаларини молиялаштиришни ошириш имкониятларини кўриб чиқаётганини айтди. "Европалик компаниялар сони Ўзбекистонда ортиб боради", – деди Мансервизи.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахмановнинг таъкидлашича, ЕИ Қозоғистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкори, шунингдек, ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаверади. Агар яқин қўшнилар шартнома ҳужжатларини янгилашни энди режалаштирган бўлса, Қозоғистон ЕИ билан кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик ҳақида Битимни Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб имзолади.
Могерини айтишича, бу битим Европа мамлакатларининг аксарияти томонидан ратификация қилинган: "Яқинда Буюк Британия ва Ирландия ички давлат таомиллари якунлангани ва парламентларда тасдиқлангани ҳақида маълум қилди. Яна учта давлат қолган бўлиб, умид қиламизки, яқин кунларда улар ҳам ушбу ҳужжатни ратификация қилишни якунлайди. ЕИ Марказий Осиё билан ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор".
ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланишида ижобий динамика ўсганлигини ва европаликлар учун янги ҳамкорлик имкониятлари мавжудлигини қайд этди. "Марказий Осиёда ЕИ билан ҳамкорлик муносабатларини диверсификация қилиш учун ўсиб бораётган талаб мавжуд. Биз шунингдек, хавфсизлик, савдо, энергетика, коммуникация ва бошқа ривожланиш соҳаларида ўзаро алоқаларни кучайтиришдан манфаатдормиз. Биз келаси йил қабул қилишни режалаштирган Марказий Осиё бўйича ЕИ янги Стратегияси бўйича фикр алмашдик", – деди Могерини.
Минтақа ТИВ ЕИга жавоб тариқасидаги таклифлар билан чиқдилар. Бу ЕИнинг минтақада кичик ва ўрта бизнесни, таълимни ривожлантиришга кўмаклашуви, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштиришдир. Хусусан, Кайрат Абдрахманов Астанинг ЕИ, ЕАЭС ва Хитой ўртасида ўзаро алоқалар бўйича мулоқотни бошлаш учун майдон тақдим этига тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, Қозоғистон Марказий Осиёнинг 70 млн аҳолиси учун Европага "универсал виртуал дарча" бўлиши мумкин бўлган умумий онлайн-портал яратишин таклиф қилди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сироджиддин Мухриддин ЕИ томонидан Тожикистонга чегара хавфсизлиги ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи олдини олиш (BOMCA ва CADAP доирасида) кўрсатилаётган ёрдамни ошириш, ЕИ ва Тожикистон ўртасида Кўп йиллик индикатив дастур ва Марказий Осиё учун Европа Иттифоқи янги Стратегияси воситасида ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга умид билдирди.
Собиқ Совет иттифоқи маконидаги мамлакатлар бўйича эксперт, Германиялик доктор Ашот Манучарян "Вестник Кавказа"га айтганидек, ЕИ сиёсати доимо маълум бир лойиҳаларга йўналтирилади: "Бу лойиҳалардан мақсад – ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг маълум бир соҳасини барқарорлаштиришдир. Ушбу ҳолатда win-win вазият кўриб чиқилади, бунда иккала томон – ЕИ ва Марказий Осиё – лойиҳанинг амалга оширилишидан фойда кўради. Боз устига, бу соф капитал қўйилмалар эмас, балки минтақа инфратузилмасига инвестициялаш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича энг йирик мамлакат ҳисобланади". Бу ерда ЕИ ташқи иқтисодий сиёсат омили иш беради: иқтисодиётнинг барқарорлашуви мамлакатда (минтақада) сиёсий барқарорлашувга олиб келади, ёки, ҳеч бўлмаганда, инқирозга олиб келмайди, айниқса, давлатнинг ҳаёт фаолияти асосий соҳалари туб ўзгаришлар даврида.
Федерика Могерини маълум қилдики, ЕИ Марказий Осиё беш давлатига барқарор ривожланиш учун 124 миллион евро ёрдам ажратади. Унинг сўзларига кўра, молиялаштириш дастурлари хусусий секторни ривожлантиришга, савдо ва инвестицияларга, атроф муҳитни муҳофаза қилишга, иқлим ўзгаришига қарши курашга, қонун устуворлигини таъминлашга, шунингдек, таълим соҳасида самарали сиёсат яратишга хизмат қилади. "Биз умумий хавфсизлик соҳасида, жумладан, Афғонистон билан ўзаро алоқалар борасида ҳамкорликни фаоллаштириш йўлларини муҳокама қилдик. Биз аввалгидек, Эрон билан атом битими тарафдоримиз ва Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаракатлари ушбу битимни самарали ва тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади", – таъкидлади Европа дипломатияси раҳбари.
Хориж матбуоти асосида
Абу Муслим тайёрлади