close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нажот исломдадир!

Бир ёзувчи инсоннинг дунёдаги ҳаёт йўлини уч сўзга жамлаган экан: туғилди, яшади, ўлди. Аммо ана шу уч сўз замирида не-не воқеа-ҳодисалар, турмуш кечинмалари, қувонч ва изтироблар бўлиб ўтишини ҳамма яхши билади. Энди инсон ҳаётининг қандай кечишини бир тасаввур қилиб кўринг.

Бир ёзувчи инсоннинг дунёдаги ҳаёт йўлини уч сўзга жамлаган экан: туғилди, яшади, ўлди. Аммо ана шу уч сўз замирида не-не воқеа-ҳодисалар, турмуш кечинмалари, қувонч ва изтироблар бўлиб ўтишини ҳамма яхши билади. Энди инсон ҳаётининг қандай кечишини бир тасаввур қилиб кўринг. Мана, у туғилди. Атрофида ота-онаси, яқинлари парвона бўлиб тарбиялай бошлашади: егулик-таомлар беришади, кийинтиришади, ювиб-тарашади, йиқилса турғизишади, ахлоқ-одобини тузатишади, ҳамма нарсадан ҳимоя қилишади, хат-савод ўргатишади, камолга етишига йўл очишади. Бола аввал мактабни, кейин бошқа бирор ўқув юртини тугаллайди ёки касб-ҳунарнинг бошини ушлайди. Балоғатга етгач, тенгини топиб, оила қуради. Ёш эр-хотин тўй қилишади, рўзғор барпо этишади, фарзандлар кўриб, ҳаёт давомийлигини таъминлашади. Ишхонада амал-мартаба зинапояларидан кўтарилиш бошланади: малакаси ошади, мақоми юқорилайди, мукофот ёки танбеҳлар олади, ҳасадгўй ҳамкасблар билан олишади, юмшоқ курсиларни, хизмат машинасида юришни орзу қилади, дўстлар орттиради.
Унинг дунё ҳаётидаги турмуши деярли шундай кечади: умри давомида тонналаб турфа таомларни еб, қанча ичимлик-шарбатларни ичиб тугатади. Дини-диёнати бўлса-ку, майли! Акс ҳолда ҳаёт мазмунини фақат еб-ичишда, яхши кийинишда, иложи борича лаззатларга ғарқ бўлишда деб тушунадиган моддапарастлар каби неъмат ва шаҳват ичида дунёга нега келиб-нега кетаётгани ҳақида ўйлашга вақт ҳам, имкон ҳам тополмай қолади.
Бир куни қарасаки, белдан мадор, кўздан нур кетибди, соч-соқолга ғубор қўнибди. Кексалик деган нохуш, кутилмаган бир меҳмон эшик қоқиб келибди. Ундан қочгани жой йўқ, илож йўқ! У алдаганга ҳам кўнмайди. Шунда инсон тақдирга тан беришга, ўтган ҳаётини сарҳисоб қилишга, юракка ваҳима ва ваҳшат солиб тобора яқинлашаётган ўлимга тайёргарлик кўришга мажбур бўлади. Шундай қилиб, бир инсоннинг ер юзидаги ҳаётига сўнгги нуқта қўйилади. Айрим жузъий фарқларни ҳисобга олмаганда, деярли жамики одамзотнинг дунё ҳаётидаги йиллари мана шундай бир хил кечади.
Ўлим соатларини эса ҳар ким ҳар хил кутиб олади. Кимдир ўлимни абадий ҳаётга, Яратганнинг жамолига элтувчи бир йўлак сифатида кўради. Кимдир учун у – дунё лаззатларидан, фаровон-тўкин ҳаётдан бирданига узиб қўювчи даҳшатли фурсат! «Ҳар бир жон ўлим шарбатини тотгувчидир» (Оли-Имрон сураси, 185-оят). Ўлим – мўмин-мусулмонлар учун абадий саодатга элтувчи бир манзил. Кофир ва мушриклар учун даҳшатли ҳисоб-китоб ва абадий азоб-уқубатнинг бошланиш бекатидир. Ўлим инсонни фоний дунёдаги яқинларидан, машғулот-юмушларидан, уй-жойу мол-мулклардан, йиллар давомида эришган обрў-мартабасидан, шон-шуҳратидан – ҳамма-ҳаммасидан бир лаҳзада узади-қўяди. Ҳатто у кўпинча васият қилишга, жигаргўшалар жамолига, дунёнинг жозибасига бир пас тўйиб олишга имкон ва фурсат қолдирмайди. Фаридиддин Аттор айтганларидай, «Умр битди, ажал келди, ярангга қай маҳал малҳам қўясан?»
Ҳар бир  тафаккур аҳли ўзини қуйидаги уч савол билан сўроққа тутади: «Киммиз, нега келдик, қаёққа кетамиз?» Агар ана шу саволлар моҳиятини кенгроқ мушоҳада қиладиган бўлсак, улар яна бир қанча майда саволчаларга бўлиниб кетади: «Нима учун яратилдик? Нега бунчалик ранг-барангмиз? Нега ҳамма бир динга эътиқод қилмайди? Қаерга борамиз? Яна қайтамизми? Бу борлиқ нима ўзи? Уни ким бошқаради? Дунё ҳаёти қандай бошлангану қандай тугайди? Ҳаётимизни қандай яшаб ўтишимиз керак? Ўлгандан кейин бизларни нима кутади? Ва ҳоказо...»
Хўш, инсон ҳаёти шу қадар жумбоқ экан, унда берилган умрни қандай яшаб ўтиш керак? Бир лаҳзадай ўтиб кетадиган йиллар қариб, ўлим дамлари яқинлашганда афсус-надомат чекмаслик учун қандай тайёргарлик кўриш лозим? Ана шу саволларга жавоб топиш учун эса Аллоҳ таолонинг инсонни яратишдан мурод ва ҳикматини англаб олишимиз зарур бўлади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик» (Ват-тийн, 4); «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зориёт, 56-оят); «Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда аралаш нутфадан (шаҳватдан) яратдик. Бас, синаш учун уни эшитадиган, кўрадиган қилдик» (Инсон, 2); «Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал хилқатнинг шукрини қилмасдан, куфру туғён йўлига кетгач), уни асфаласофинга (яъни, энг тубан дўзахга) қайтардик» (Ват-тийн, 5).
Инсоннинг яратилиш босқичига бир эътибор қилинг: одамзодни яратиш учун Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилган, лойдан сополга ўхшаш жасад халқ қилган, сўнг ўша жасадга руҳидан пуфлаб, жон киритган. Одам вафот қилганида энг аввало руҳи (жони) чиқади. Сўнг жасад сополга ўхшаб қотади. Ерга дафн қилинганидан кейин у шишиб ёрилади ва лойга ўхшаб қолади. Охири тупроққа аралашиб кетади, яъни олинган жойига қайтади. Инсоннинг яратилиш босқичлари шу!
Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади, ер юзи халифаси мақомидаги олий  мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча иймонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади, Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади.
 Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китоблар нозил қилган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган.
Инсонлар эътиқодларига кўра уч хил: Ҳақни таниганлар, Ҳақни инкор қилганлар ва Ҳақни танишда адашганлар бўлишади. Айтайлик, инсон бир машина ихтиро қилди. Унинг ўзига бўйсунишини, хизмат қилишини истайди. Итоат қилишини кўзлаб унга рул ўрнатади, тормоз қилади, ғилдирагини ясайди, чироқлар билан жиҳозлайди. Чунки у машинасининг тўғри йўлдан чалғимай юришини, ағдарилиб ҳалокатга учрамаслигини хоҳлайди. Аллоҳ таоло бандасини яратар экан, унинг Ўзига бўйсунишини, белгилаб берган йўлидан юришини истади. Йўлидан чиқиб кетган машина ағдарилиб, пачоқ бўлгани каби инсон ҳам тўғри йўлдан адашса, залолатга учраб ҳалок бўлади.
«Ҳақни танинг, Ҳақни таниш сизни озод қилади», дейилган Юҳанно Инжилида. Қуръони каримда эса бундай марҳамат этилади: «Зотан, Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ юксакдир!» («Мўминлар», 116). Аллоҳ таоло бундай дейди: «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ – Қуръон келди» (Юнус, 108); «Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин (Ислом) билан, уни барчага ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир!» (Фатҳ, 28). Аллоҳ таолога яқинлашиш, Унинг меҳрибонлиги, раҳм-шафқати, ажр-мукофотларидан умидвор бўлишнинг энг ишончли ва тўғри йўли – Исломдир!
Албатта, Аллоҳ бутун инсоният учун шу динни танлаган, шунга рози бўлган ва Исломгача ҳукм юритган бошқа барча динларни насх (бекор) қилган. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин – Ислом динидир» (Оли-Имрон, 19); «Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида, 3); «Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Рум, 30).
Исломда бир одамнинг иккинчисидан ортиқчалиги, афзаллиги йўқ. Бир рангдагининг бошқасидан, бир миллатнинг иккинчи миллатдан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Чунки Ислом: «Аллоҳ таоло одамзотни битта жинс – тупроқдан, барчасини тароқ тишларидай баробар қилиб яратган», деб таълим беради. Ҳар бир инсон яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўз ихтиёри ва хоҳиши билан қилади, у қилган амал-ишлари учун Аллоҳ ҳузурида масъулдир, уларнинг солиҳ ва фожирлигига қараб мукофот ёки жазо олади. «Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур» (Залзала, 7–8).
Аммо ана шу улуғ ва комил дин ҳақидаги тушунчалар ўта жўн, содда ва чалкаш. «Ислом» деганда айримларнинг кўз олдига чопонини судраган, қолоқ, илм-фандан бехабар жоҳил кишилар келади. Ёки ер юзидаги бузғунчилик, ёвузлик қилиб юрган кимсаларни ўйламай-нетмай Исломга боғлашга ўрганиб қолинган.
Ваҳоланки, Ислом ва мусулмон бошқа-бошқа нарса! Агар бир мусулмон жиноят қилса, нега энди бунинг учун бутун айбни Исломга тўнкаш керак? Нима, ғайримуслимлар сира жиноят қилишмайдими? Агар ҳаж амалини бажарган бир ҳожи кимнидир алдаса, нега дарров Исломга ёпишамиз? Нима, умр бўйи тузалмаган, инсоф-диёнати йўқ одам Маккага бориб-келибоқ солиҳ мўминга айланиб қоладими? Агар жаҳоннинг бирор ерида портлаш ёки қотиллик рўй берса, нега ўйлаб ҳам кўрмай дарров Исломга, мусулмонларга тўнкаймиз? Нима, ўша жиноятчининг қалбига кириб, иймонини ўлчаб чиқдикми ёки унга салла кийдириб, қўлига китоб тутқазиб қўйиш билан у мусулмон бўлиб қолганми?
Аслида мусулмоннинг хатоси, жинояти, қилмиши учун Ислом жавобгар эмас, унинг бунда ҳеч қандай «айби» йўқ. Қилғиликни қилиб, айбни мусулмонга, Исломга тўнкаётган ғанимларнинг қилиғи машҳур латифадаги олма ўғирлаб қўлга тушган Афандининг гапини эслатади. Бу боғ эгасининг «Нега боққа ўғирликка тушдинг?» деган саволига Афандининг «Нега сен хотинингга ковуш олиб бермайсан?» деган дағдағасига ўхшаб кетади. Булар иймон-эътиқоддан йироқ корчалонларнинг ўз жиноятларини, асл мақсадларини яшириш учун Исломдан бир қурол, бир нишон, бир баҳона сифатида фойдаланиб қолиши, йўл-йўлакай инсоният кўзига Аллоҳнинг ҳақ динини, мусулмонни қора қилиб кўрсатишидан бошқа нарса эмас!
Канадалик фалсафа доктори Жамол Бадавий бундай ёзади: «Агар бирор мусулмон зулм, шафқатсизлик, зўравонлик ёки террор кўрсатса, бундай жиноятларнинг Исломга ҳеч қандай дахли йўқ. Чунки Ислом ҳеч қачон зулмга йўл қўймайди, жиноят ва суиистеъмолларнинг ҳеч бири Қуръон ва суннатга мос келмайди. Бундай жиноятлар уни содир этган кимсаларга юклатилиши керак. Чунки бу шахслар Ислом динининг асл таълимотларини ниқоб қилиб, аслида ўз манфаатларинигина кўзлайдилар».
Ислом шаънига тинмай туҳмат ва иғво тошлари отилаётганида мусулмонларнинг ҳам айби бор. Сўнгги асрларда илм-фан тараққиётидан ортда қолиш, майда-чуйда ички ихтилофлар билан ўралашиш, Ислом биродарлигининг тобора унутилиб бораётгани, дин қайғусининг дин ялқовлиги ва лоқайдлигига айлангани, энг даҳшатлиси, аждодлар ибрати ва меросидан воз кечилгани ана шу хатоларнинг бошидир.
Австриялик машҳур сиёсатдон ва ёзувчи Асад Вайс бундай ёзади: «Менинг Ислом таълимотидаги бениҳоя кенг доирани ўрганишим жараёнида мусулмонларнинг бу таълимотдан узоқлашаётганларидан ҳайрат ва таажжубим орта борди. Исломдаги фаоллик, ҳаётсеварлик мусулмонлар орасида ялқовлик ва лоқайдликка айланганини, Исломдаги олийжаноблик, Ҳақ учун фидокорлик эса тор маънодаги тарафкашликка, енгил ҳаётга интилишга айланганини кўрдим».
Демак, бир вақтлар аждодлари ер юзида Исломни тарқатиш йўлида жон фидо қилган, бунинг учун бир қанча ўлкаларни фатҳ этиб, халқларга ҳидоят, нажот, икки дунё саодатини олиб борган мусулмонлар бугунги кунда ўз ибратлари, исломиятнинг инжалари орқали ғайримуслимларнинг қалблари, ақллари, шуурларини забт этмоққа бурчлидирлар.
Ислом келгунига қадар инсоният очиқ-ойдин адашувда эди. Инсонлар ақида, эътиқод, тасаввур ва ҳаётий тушунчаларда, турли алоқалар ва урф-одатларда, иқтисод, ахлоқ ва ижтимоий муносабатларда, хуллас, бошқа кўпгина соҳаларда очиқ-ойдин адашувда эди. Аллоҳ таоло инсонларга ўзларидан Муҳаммад алайҳиссаломни бир пайғамбар ўлароқ юбориб, инсониятни бу адашувдан, залолатдан қутқарди, тўғри йўлга солди. Қуръони каримда бундай дейилган: «Гарчи мушриклар хоҳлашмаса-да, Аллоҳ Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир!» (Тавба, 33).
«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин китоб келди» оятидаги «нур»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир, ҳидоят нури, Ислом нуридир…
Замона мутафаккирлари комил инсон ҳақида кўп тортишишади. Ваҳоланки, Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам комилроқ инсон бўлмаган ва бундан кейин ҳам бўлмайди! «Мен яхши хулқларни жорий қилиш учун юборилганман», дея баралла айта олган зотдан ҳам комил инсон бўлиши мумкинми? «Набийнинг ахлоқлари Қуръони карим эди», деб таъриф берилган инсондан ҳам комил киши бўлиши мумкинми? Ёш болага ҳам салом берган, бошлиқ бўлатуриб кийимини ўзи ямаган ва қўйини соққан, бирор кишини, ҳатто хизматкорларини урмаган, тергамаган, ҳатто қаттиқ гапирмаган, оддий саҳройининг танбеҳ, танқид ва маломатларини ҳам эътирозсиз тинглаган зотдан ҳам комилроқ ким бўлиши мумкин?
 Бағрикенглик, кечиримлилик бобида ҳам у зотга тенг келадигани топилармикин? Қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шаҳарларидан қувиб чиқарган маккалик мушрикларни ҳам, тош олиб у зотни яралаган ва шаҳридан қувган тоифликларни ҳам, амакилари  ва энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам, хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зотдан ким комил бўла олади?
Ана шундай зотнинг уммати бўлган мусулмонлар Қуръон ва суннатни маҳкам тутган пайтларида бутун дунёни бошқаришган. Енгилмас салтанатлар, қудратли давлатларни таслим этишган. Ислом динини Форс ерларига, Византия мустамлакаларига, Оврўпа Испаниясигача олиб киришган. Фас, Қуртуба, Ғарнотада дорилфунунлар ташкил этишган. Насроний оламини жоҳилликдан уйғотишган, дунёда илм-фанни ривожлантиришган.
Улуғ салжуқ ҳукмдори Муҳаммад Алп Арслон милодий 1071 йили ўзининг қирқ минг кишилик қўшини билан Византия императорининг икки юз минг кишилик ўрдусини (армиясини) Малазгиртда мағлуб қилган ва ўғуз турклари Онадўлига келиб ўрнашишган эди. Салибчилар улар устига бир неча бор юриш қилиб ҳам, Онадўлидан чиқаришга муваффақ бўлолмадилар.
Темурийлар дунёнинг катта қисмида илм-маданият гуллаб-яшнаган, турли халқлар тотувлик ва адолат байроғи остида яшаган қудратли ва улкан давлат барпо қила олишди.
Усмонлилар аҳли сунна вал жамоа ақидасига асосланган буюк  Ислом салтанатини ташкил этишди ва у йигирманчи аср бошланишигача дунёнинг каттагина қисмига ҳукмронлик қилди… Бу рўйхатни ҳали анча давом эттириш мумкин.
Исломнинг инсоният учун ягона нажот эшиги, қуллик ва хўрликдан, жаҳолат ва куфрдан қутқарувчи чин илоҳий дастур эканини мусулмонлар қолиб, ҳатто ғайриислом мутафаккирлар тан олишган. Шу ўринда зиёлиларимиз кўпроқ афзал кўрадиган Ғарб олим ва ёзувчиларининг Ислом ва мусулмонлар ҳақидаги ўнлаб мулоҳаза ва эътирофларини келтириш мумкин.
Олмонларнинг улуғ файласуф шоири Иоган Волфган Гёте шундай дейди: «Биз Оврўпа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, ҳазрат Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи босқичидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса бу мусобақада у зотдан юқорироққа ўта олмайди».
Мана булар эса фаранг файласуфи Алекс Ловазоннинг фикрлари: «Ислом динини қабул қилганлар адади қисқа фурсат ичида уч юз миллион кишига етди ва мусулмонлар отларининг наъраси билан, ўткир найзаларининг ваҳшати билан Рим империясини ағдаргач, шундай бир сарватга эга бўлдиларки, бу ҳашамат ва улуғворлик олдида бутун шарқу ғарбнинг муаззам давлатлари зир титрадилар».
Канадалик фалсафа доктори Жамол Бадавий шундай ёзади: «Ислом умуминсониятга туширилган мукаммал диндир».
Англиялик доктор Моррис эса бундай дейди: «Византия насронийлари кўнглидаги фойдасиз эътиқодлар заҳрини фақат Арабистоннинг Хиро тоғидан юксалган овозгина йўқ қила олади».
Аммо Ислом душманлари жим ўтиришмади, мусулмонларнинг зафар устидан зафар қозонишига, ҳамма ерда Ислом шариатининг йўл топаётганига хотиржам томошабин бўлиб туришмади.  Исломни куч билан енгиб бўлмаслигига ақллари етган эди. Унга фақат Исломдан устун ғоя-ақида билан қарши туриш мумкин эди. Бунинг асло иложи топилмаганидан кейин мусулмонларни маърифатдан узоқлаштириб, ораларига фитна солиб, илми-ирфонини тортиб олибгина Исломнинг ер юзидаги музаффарона юришини тўхтатиш, ҳеч бўлмаганда секинлатиш орзусига тушишди.
Бу йўлда улар ҳеч нарсадан чекинишмади, ҳеч нарсани назардан қочиришмади. Энг майда-чуйда имкониятдан ҳам фойдаланиб қолишга уринишди. Улар энг аввало Ислом ҳазораси бунёдга келтирган илм ва кашфиётларни қизғин ўрганишга киришишди. Ислом алломаларининг Андалусияда тўпланган минг-минглаб жилд китоб ва асарларини ғарб тилларига ўгириш бошланиб кетди. Улар ҳатто фарзандларини ўша пайтда илм-фан гуркираб яшнаган Бағдод, Куфа, Самарқанд, Бухоро, Дамашқ каби шаҳарларда ўқитишдан ҳам орланишмади.
Айни пайтда мусулмонларни фақат илм-маърифатдан, тараққиётдан четда тутибгина, уларнинг ахлоқини ва аслиятини бузибгина мағлуб қилиш мумкинлиги аён бўлиб қолган эди. Дин душманлари Аллоҳнинг итоатидан чекиниб, фисқ йўлига тушган кимсаларни қарам қилиш, бўйсундириш осон бўлишини англаб етишган эди. Уларни дунёвий фанларни ўқитишдан маҳрум этиш, яъни дунё илми билан охират илми ўртасига девор-тўсиқ қўйиш билан енгиш мумкинлигини тушуниб қолишди. Кейин жиддий курашга ўтилди: мусулмонлар орасида ичкиликбозлик, қимор, зино, баччабозлик, судхўрлик, ҳаромхўрлик каби иллатларни ёйиш орқали Ислом умматига зарба бериш бошланди.
Мусулмон ҳукмдорлар ўртасига турли иғво-фитна ва душманлик уруғларини сепиб, бир-бирларига гиж-гижлаш, уруштириш ва оқибатда мулкларини парчалаб ташлаш ғоялари зўр бериб амалга оширила бошланди. Ана шундай фитнага учиб фосиқлик йўлини танлаган минглаб-миллионлаб мусулмонлар охиратни бой бериб, дунёнинг фаҳш ва разолат тўла сиртмоғига бўйин тутишди.
Мусулмонларни дунё лаззатларига ғарқ қилиш, фаҳш ва бузуқлик гирдобига чўктириш, шуҳрат ва манфаатлар ноғорасига ўйнатиш учун барча воситалар ишга солинди. Аждодлари Ислом, ирфон, илм, иймон, ихлос, итоат билан ўтган кишилар буларнинг ҳаммасидан юз ўгириб, дин душманларининг найрангларига қул бўлишди.
Келинг, ана шундай ҳаёт тарзини танлаб, адашган бир кимсанинг умр йўлларига фаразан саёҳат қилайлик: мана, у болалик билан хайрлашиб, «катта ҳаёт» остонасида турибди. Атрофидаги турфа одамларнинг турмуш тарзидан «ибрат» олади, уларга эргашади, яшашга мослашади. Бир ёқда шайтон васвасаси авжга чиқяпти: ҳақ йўлдан оздирувчи, гуноҳ ишлар, қабиҳлик ва ифлосликлар кўзига жозибали кўрсатиб қўйилган. Атрофидаги ярим яланғоч, шарм-ҳаёсиз аёллар кўзини ўйнатади, хаёлини олиб қочади. Миясига турли ифлос режалар уя қура бошлайди. Бадани ишрат ва фаҳшнинг «ҳузурбахш» лаззатларини қўмсайди.
Яна бир ёнда ичкилиб ичиб, тамаки ёки бангивор модда чекиб «мазза» қилаётганлар сафига чорлайди. Ана шу қабиҳ ва гуноҳ ишлар унга ғоят чиройли кўринади. Назарида бошқалар ҳузур қилиб, у ҳаммасидан қуруқ қолаётгандай бўлади. Қалбини ўкинч, алам эгаллайди. Қандай қилиб ана шу разолат домига кириб кетганини ҳам билолмай қолади.
Энди унинг атрофга боқишга, ҳаётининг моҳияти ҳақида ўйлаб кўришга, ўзи яшаётган оламни ва махлуқотни ким яратгани, ўзининг дунёга нега келганию ва қаёққа кетиши ҳақида фикр юритишга имкони йўқ, иложи йўқ. Аллоҳ таолога итоат ва ибодат қилиш, Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарган нарсаларини тарк этиш унга тоғни жойидан кўчиришдан ҳам машаққатли ишга айланган. Охират ҳақида ўйлаш умуман хаёлининг кўчасига келмайди, келса ҳам хаёлларини нари қувади.
Аксинча жилвакор дунёнинг журму исёнлари уни гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Илм олиш, ибодат қилиш ва шу йўл билан Аллоҳ розилигини топиш учун яратилган инсон имтиҳон дунёсини нафсини хурсанд қилиш, ҳайвоний истакларию шаҳвоний майлларини қондириш, ҳавойи орзуларига эришиш йўлида қурбон қилиб бўлган.
Бу йўлда ҳеч қандай жиноятдан, ёвузликдан қайтмайди. Инсофу диёнат, ҳалоллик-поклик каби тушунчалардан узоқлашган. Энди у ҳаётининг мазмунини лаззатларга кўпроқ ғарқ бўлишда, ҳаммадан кўпроқ ейиш-кийишда, ҳаммадан тўкинроқ ва фаровонроқ яшашда деб тушунади. У шоҳона зиёфатларда бўғзига келгунча овқат ейишни, тошиб чиққунча ичкилик ичишни ҳаёт лаззати деб билади. Умрининг энг яхши дамларини томошахоналарда ёки ғийбат қайнаган базмларда ёки қимор қизиган  давраларда совуриб юборади.
Тўхта, ўзи дунёга нимага келгансан? Ер юзини банд қилиб нима учун яшаяпсан? Умринг тугагач, қаёққа кетасан? Охират камонидан узилган ажал ўқи кўксингга келиб санчилмагунча ҳам дунё васвасаларидан қутула олмадингми? Аллоҳнинг динидан сўзлаганларга, амри-маъруф қилганларга нега ўқраяпсан? Нега уларнинг гапларига пешонанг тиришади? Ҳақ йўлга даъват қилишса, нега «вой-дод, жоҳиллар эркимни бўғишяпти», деб аййуҳаннос соласан? Назарингда ичкиликка ғарқ бўлиб, фаҳшга ботиб, ўзгаларга зулм қилсанг ҳам ҳеч ким мушугингни «пишт» демаслиги эркинликми? Азиз умрингни ғафлатда, ғурбатда, ишратда совуриб юбориш яхши яшашга кирадими?
Бу саволлар нақадар аччиқ ва ёқимсиз бўлмасин, ҳар бир инсон уларга маънили жавоб топишга, ҳидоят сари юзланиб, ҳаётини Ислом сари буришга мажбур! Бу Аллоҳнинг буйруғи-фармони, Расулининг умматларга кўрсатмаси! Булардан ортга чекинишга эса бошқа йўл йўқ!    
Бузуқ ва ифлос ҳаёт тарзини танлаган фосиқ кимсаларга қиёматда аламли азоблар, дўзах қийноқлари, ўша жойда абадий қолиб кетиш даҳшати борлиги ҳақида Аллоҳ таоло қайта-қайта огоҳлантиради: «Эй мўминлар, ароқ, қимор, бутларга (сиғиниш) ва чўплар билан (фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир!» (Моида, 90); «Зинога яқинлаша кўрманглар! Чунки бу бузуқликдир – энг ёмон йўлдир» (Ал-Исро, 32); «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди улар албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям, 59); «Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби Ислом шариатида ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир» (Маориж, 31); «Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр – жаҳаннам бордир» (Раъд, 25).
Булар охиратдаги азоб-қийноқлар! Аллоҳ бу дунёда ҳам вақти-вақти билан турли бало-офатларни юбориб, бандаларини огоҳлантириб туради. Иқлимнинг тубдан ўзгариб кетиши, жаҳоннинг турли ўлкаларида   кучли тўфонлар, зилзилалар, довуллар ва бошқа офатларнинг, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган касалликларнинг содир бўлиши, минглаб кишилар ҳаётига зомин бўлаётган катта фалокатларнинг кўпайгани ана шундай огоҳлантиришлардан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир» (Рум, 41); «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз билан қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур)» (Шўро, 30); «Ёки (агар Аллоҳ хоҳласа, қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур» (Шўро, 34).
Мусулмонлар Исломдан узоқлашиб, Қуръон ва суннатни унутиб ҳамиша мағлубиятга юз тутишган, хўрланишган, азоб-аламларга мубтало бўлишган. Омма орасида фисқ кучайса, унинг ахлоқи бузилса, бу халқ мутеликка, ўзгпга қарам бўлишга, истибдод ва зулмга дучор бўлишга маҳкумдир. Бунга тарихда мисоллар тўлиб ётибди. Қудратли умавийлар ва аббосийлар халифаликларининг инқирозга юз тутиб парчаланиб кетгани, Оврўпада гуллаб-яшнаган Андалусия салтанатининг салибчилар томонидан тор-мор этилиб, батамом йўқ қилингани, дунёнинг ярмида ҳукм юргизган Усмонлилар салтанатининг таназзулга юз тутгани ва  ўнлаб майда, кучсиз давлатларга бўлиниб кетганининг сабаблари ҳам худди ана шунда!
Бу ҳақиқатни юртимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Узоқ тарихимизда қачон шариат топталган, ахлоқ бузилган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи кетган, ҳукмдорлар ва халқ ўртасида аҳиллик йўқолган бўлса, бу юрт устига, халқининг бошига беҳисоб кулфатлар, азоб-хўрликлар ёғилган. Мўғулларнинг Мовароуннаҳрни, (қолаверса дунёнинг ярмини) харобага айлантириб, миллионлаб кишиларни тиғдан ўтказгани ёки қул қилгани ҳам ана шунинг оқибатидир. Македонияли Искандарнинг гуллаб-яшнаган ўлкаларни топтаб, халқни зулмга гирифтор қилгани ҳам шундан. Янги тарихимизда русларнинг бу ўлкани салкам бир ярим аср истибдод ва мустамлака исканжасида тутиб тургани ҳам шу туфайлидир.
Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб – муқаррар бўлур. Бас, Биз уни вайронага айлантирурмиз» (Ал-Исро, 16).

НАҚАДАР ГЎЗАЛ БУ ИСЛОМ!  
«Ислом»нинг луғатда «тоат, ихлос, бўйсуниш, тинчлик» маънолари бор. Ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг итоатида бўлган, Унинг амр-фармонларини бажарган, қайтарганларидан чекинган кишиларгина том маънодаги мусулмон саналади. Аллоҳ таолога соф ихлос ва муҳаббат билан сиғинган, ибодат қилган кишиларгина чин мусулмон саналади. Аллоҳ таолога убудият-бандаликни бажо келтириб, Унга бўйсунган кишиларгина ҳақиқий мусулмон саналади. Ер юзида бузғунчилик қилмай, инсонлар орасини ислоҳ қилиб юрган кишиларгина мусулмон саналади.
Мусулмон иймони билангина бошқалардан ажраб туради. Иймонгина уни олий мақомга чиқаради, саодатга элтади, дунё ҳаётидаги вазифасини белгилайди, охирати учун захира ҳозирлашга чорлайди. Инсон иймони билангина барча махлуқларнинг гултожига айланади.
Иймон инсоннинг дунё ҳаётидан охират манзилига йўл кўрсатувчи порлоқ маёғи, ҳар бир ишда ҳаракат дастури, барча амалларнинг дебочасидир. Иймонсиз киши ўзини ҳар қанча покдомон, софдил, яхши фазилатли кўрсатмасин, инсоният равнақи йўлида қанчалик оламшумул ишларни бажармасин, Аллоҳ наздида чивин қанотича ҳам қадр топмайди, охират неъматларидан заррача насиба ололмайди. Фақат иймонгина – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга,  қадарга (барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билангина содир бўлишига) қатъий ишончгина инсониятни икки дунё саодатига эриштирадиган улуғ илоҳий неъматдир.
Мўминликнинг йўли машаққатли, унинг юки оғир. Аллоҳ таоло мўмин кишини ҳар қадамда, ҳар ишда, ҳар сонияда имтиҳон қилади. Мушкулотларга солади, қийноқ-азобларга рўпара қилади. Минглаб тўсиқ-қийинчиликлар билан ўраб-чирмаб ташлайди. Бир лаҳзада яқинларидан айириб қўяди. Баъзан бирор хасталик билан синайди ёки аранг қўлга киритган мол-дунёсидан маҳрум қилади. Ёхуд кўзлаган ишларига, орзуларига етказмайди. Аммо ҳақиқий мўмин бу имтиҳонларга сабр билан жавоб қайтаради. Изтироб чекмайди, хафаликдан кўкрагини захга бериб ётмайди. Аллоҳнинг имтиҳонидан бардош ва шукр билан ўтади.
Аллоҳ мўминни фақат булар билангина синовга солмайди.   Мўминлар дунё ҳаётида ҳамиша азоб-мушкулотлар тўлқинида сузишга мажбурдирлар. Маккада қанча қийноқ, камситиш, тазйиқларни бошдан кечирган илк мусулмонларга осон бўлган дейсизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган, уй-жой, мол-мулки, қариндош ва яқинларини ташлаб бегона шаҳарга кўчган муҳожирларга осон бўлган дейсизми? Кейинги асрларда золим ва мустабид босқинчилар қўл остида ҳам дину диёнатларини асраб қола олган мўминларга осон бўлган дейсизми?
 Аллоҳ таолонинг мўминларни синовдан ўтказиши булар билангина чекланмайди. Аллоҳ уларга бир неча хил ибодатни, Ўзига итоатни буюриб қўйган. Бунинг ҳам турган-битгани қийинчилик, машаққат! Роҳат-фароғатдан воз кечибгина Унинг розилигига эришасиз. Тонг саҳарда ширин уйқуни тарк этиб, оромингизни бузиб намозга турасиз. Совуқда дийдираб таҳорат оласиз. Анча йўл босиб, қоронғида туртиниб-суртиниб масжидга борасиз.
Рўза тутиш ҳам бундан осонмас! Атрофингизда қанчалаб одам ошхоналарни тўлдириб, анвойи таомларни еб кекириб ёки тамаки бурқситиб юрганида сиз вужудингизни емоқ-ичмоқдан, лаззатлардан қайтарасиз, тиясиз. Дилингизни, тилингизни, танингизни фақат эзгуликка буюрасиз.
Ёки ҳажни олиб кўринг: ҳам пулингиз кетади, ҳам танангиз қийналади, ҳам Арабистоннинг чидаб бўлмас иссиғига, ҳаж машаққатларига бардош беришингиз керак. У ерда мавқеингиз, обрўйингиз, мансабингиз, насабингиз, бойлигингиз билан ҳеч ким ҳисоблашмайди, туртиб-суртиб кетаверади. Чунки у ерда шоҳ ҳам, гадо ҳам бир хил кийимда, бир хил мақомда бўлади.
Закот беришни ҳам осон деб ўйлайсизми? Меҳнат билан ишлаб топган молидан бир улушини дилдан чиқариб, ўз ихтиёри билан муҳтожларга, фақир-мискинларга ялиниб элтиб бериш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Аммо мўмин киши Аллоҳнинг буюрганига сўзсиз итоат қилади. Унинг буйруқларини бажаради. Чунки у дунё ҳаёти лаззат, зийнат ва фароғат билан, охират дунёси эса машаққат, қийинчиликлар билан ўраб қўйилганини яхши билади.
Мўминлик осон эмас. Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истайди. Нафси минг кўйга солади. Ана шуни енга олган чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз қул бўлади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, иймонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Шунинг учун дунёда кофир, осий кўп, мўмин ва солиҳ инсон оз.
Инсониятни иймон билан шарафлаган Ислом шунчалик улуғ динки, бошқа дин ва мафкураларга кишилар зўрлаб ёки нималардир ваъда қилиниб ёхуд қўрқитиб ё алдаб киритилгани ҳолда ҳатто бошқа эътиқоддагилар ҳам Исломга ўз ихтиёрлари, истаклари, иймонлари билан кириб келишяпти.
Чунки дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳнинг ягона Ўзига ибодат қилишади. Бошқа барча дин ва мафкураларнинг издошлари кимгадир ёки нимагадир (масалан, бутга, ҳайвонларга, қуёш, ой-юлдузлар, ҳатто ўзларига ўхшаган инсонларга) сиғиниб, ўша нарсалардан ёрдам ва  марҳамат кутиб ётган дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳ таолога бошқа ҳеч нарсани шерик қилишмайди. Дунёда фақат мусулмонларгина Аллоҳни қўйиб, баъзилари баъзиларини «робб», «илоҳ» қилиб олишмайди.
Ислом бандаларни бандага сиғинишдан Аллоҳга сиғинишга олиб чиққан ягона дин ва тузумдир!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таъбирлари билан айтганда: «Аллоҳ таоло ягона бўлганидан кейин ақида ҳам битта бўлиши керак. Ҳақиқатан ҳам у битта, яъни Ислом ақидасидир. Аллоҳ таоло якка-ягона бўлганидан кейин дин ҳам битта бўлиши керак. Дарҳақиқат у битта, яъни Ислом динидир. Ислом – бандаларнинг ёлғиз Аллоҳ таолога сўзсиз батамом бўйсунишидир. Ислом – бандаларнинг фақат Аллоҳ таолога тўлиқ ибодат қилишидир. Ислом – бандаларнинг фақат Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан чекинмай юришидир. Ислом – бандаларнинг фақат Аллоҳ таолони сиғинишга ва ибодат қилишга сазовор Зот деб тан олишидир. Ислом – бандаларнинг фақат Аллоҳ таолони ўзлари устидан ягона ҳукмдор деб тан олишларидир».
Ислом барча замонларнинг ва ҳамма умматларнинг рисолатидир. Олдин ўтган пайғамбарларники каби муайян аср, баъзи замонларгагина тегишли муваққат рисолат эмас. Исломгача барча пайғамбарлар маҳдуд бир замонга юборилган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматга қадар боқий бир рисолат эгаси, пайғамбарларнинг охиргиси, якунловчисидирлар. Исломдан кейин бошқа бир шариат келмайди. Қуръони каримдан сўнг бошқа китоб нозил бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин бошқа пайғамбар келмайди.
Ислом бир уммат ёки замон билан чегараланмаган экан, демак, бирор макон, ё миллат, ёки халқ, ёхуд табақа билан ҳам чегараланган эмас.
Ислом барча миллатлар, жинслар, халқлар ва табақаларга баравар хитоб қиладиган кенг қамровли умумий бир диндир.
Ислом Аллоҳнинг «мухтор халқи» деб билинган айрим халқларнинг рисолати эмас, балки бутун инсоният ҳаётининг ҳамма томонларини қамраган, инсоннинг бутун борлиғини ўз ичига олган ягона диндир.
Ислом Ернинг барча иқлимларини ўзига бўйсундириш ва барча бойликларни талашни шарт қилиб олган муайян бир иқлимнинг рисолати эмас, балки Ер юзининг барча минтақаларида мислсиз адолат ва ҳурриятни жорий қилувчи ягона диндир.
Ислом бошқа табақаларни ўз манфаатига, хоҳишига бўйсундиришни кўзлаган камбағал ё бойнинг, кучли ё кучсизнинг, умуман муайян бир табақа ёки синфнинг рисолати эмас, балки ҳамма миллат ва табақалар ўртасида тенглик ва тотувликни иҳота қилувчи, барча дунё ва охират ишларини қамровчи улуғ бир диндир.
Ислом инсоннинг руҳи қолиб ақлининг, жисми қолиб руҳининг ёки туйғулари қолиб қуруқ фикрининг рисолати эмас, балки у инсоннинг бутун борлиғи – руҳи ва ақли, жинси ва замири, иродаси ва виждонининг рисолатидир, ҳар бир инсоннинг, дунёдаги барча комил инсонларнинг динидир.  
Ислом уммати ана шу рисолат ила шарафланган, бу рисолатга ҳамиша содиқ қолишга байъат берган, бу рисолатни асрлар оша бутун инсониятга етказишга вазифаланган саодатманд умматдир.
Умматларнинг энг мўътабари, сараси ва олийи Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси, бутун инсониятга ибрат бўладигани, бошқа инсонлар эргаштирадигани ҳам Ислом умматидир. Умматларнинг энг пешқадами,  афзали ва собитқадами ҳам Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таоло «Сиз одамлардан чиққан энг яхши уммат бўлдингиз» (Оли Имрон, 110) деган.
Бу умматнинг Китоби Аллоҳ таолонинг мўъжиза каломидир, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга индирилган илоҳий дастурдир, ҳукми қиёматгача амалда бўладиган ва ақлларни лол қолдирадиган Қуръони каримдир. Аввалги самовий китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилиб, қўшимчалар қилиниб аслиятидан узоқлаштириб юборилгани ҳолда Қуръони каримни қиёматгача бирор ҳарфини ўзгартирмасдан муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло зиммасига олган.
Бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳозиргача тарих кўрган барча пайғамбарларнинг энг аълосидирлар. Бу зот бутун инсониятга йўлбошчи ўлароқ юборилган Коинот сарвари ва фахри, инсонларнинг энг афзали ва комили, мусулмонларнинг қиёматдаги шафоатчиси, Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар.
Бу умматнинг ҳатто қибласини ҳам Аллоҳ таоло дунёдаги энг афзал қибла қилиб қўйган. Қибламиз саналган Каъба Ер куррасининг қоқ киндигида, қуруқликнинг айни марказида, заминнинг энг табаррук ва муқаддас бир ерида жойлашганини ҳатто ғайримуслим олимлар ҳам тан олиб ёзишга мажбур бўлишган.
 Ислом дини инсонларнинг бир-бирларидаги ҳақларидан тортиб, жамиятдаги муносабатларнинг ҳамма қирраларигача шуғулланади, ислоҳ қилади. Инсонлар ҳаётининг бирор соҳаси йўқки, у ерга Ислом кириб бормаган бўлсин. Кишилик жамиятининг бирор муаммоси йўқки, Ислом уни ҳал этиб бормаган бўлсин.
Ислом иймон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаб беради. У фарзандни қандай эмизишдан тортиб, марҳумни қандай дафн этишгача, меросни қандай тақсимлашдан тортиб, етимлар ҳаққини ҳимоялашгача, жониворларни қандай овлашдан тортиб, уй ҳайвонларини қандай сўйишгача, ота-онани қандай ҳурматлашдан тортиб, бемордан қандай ҳол сўрашгача, қандай кийинишдан тортиб, қандай еб-ичишгача, қандай олди-сотди қилишдан тортиб, қўшни билан қандай муносабат ўрнатишгача – ҳамма нарсани қамраб олган. Динимиз аралашмайдиган, ислоҳ қилмайдиган, таъсир ўтказмайдиган, муносабат билдирмайдиган бирор соҳанинг, ҳатто энг майда-чуйда нарсанинг ўзи йўқ.
Бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради.
Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради.
Бу шундайин динки, инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, туғилгандан бошлаб ҳур, озод бўлиш, одил судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиш ва оила қуриш, ислоҳ қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини кафолатлайди.  
Ислом динига иймон келтириш, унинг ақида, шариат, ибодат, ахлоқ, одоб каби асосларига, арконлари ва вожибларига амал қилиш – Аллоҳга бўлган иймоннинг шартидир. Ким ушбуни қабул қилса, мусулмондир, уни рад этса, кофир бўлади.
Ислом ўз шавкати билан фитрий чин инсонлигимизга қайтишга имкон беради. У иймонимизни асровчи, хасталикдан қутқарувчи турмуш тарзи билан ҳаёт уммонидан сузиб ўтишга имкон берадиган нажот қайиғидир. Ислом Аллоҳ юборган динлар ичида хотималовчи, қиёматгача барча даврлар ва жамиятлар учун баб-баравар жавоб берадиган ва хизмат қиладиган ягона диндир. Бу дин «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен бўлсам ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим», дея баралла айтган хотам ун-набий Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган илоҳий дастурдир.
Абдуллоҳ ибн Ҳузаймани Рум ҳукмдори ўз динига даъват қилиб, киришга кўнса, дунё молининг ярмини ва қизини бермоқчи бўлганида рад қилдирган, иймонни асраш учун душман томонидан қизиб турган қозонга ташланишига рози қилган ҳам Ислом эди.
Халифа Умар ибн Хаттобни «Дажла қирғоғида бир чўпоннинг қўзисини бўри олиб қочса, Аллоҳ халифа Умардан сўрайди», деб нола-изтироб чектирган, Аллоҳдан қўрқиб ўн икки ямоқ хирқада юришга, амирлик саройида тунашдан воз кечишга мажбурлаган ҳам Ислом эди.
Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифани бир кийимнинг нуқсонини айтишни унутиб сотиб юборгани учун тижоратдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан ажрашиб кетишга ва савдодан тушган ҳамма пулни садақа қилиб юборишга рози қилган нарса ҳам Ислом эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафдошларидан асҳоби суффани эгнидаги юпун кийимга, оч-наҳор юришга, масжид ёнидаги суффани бошпана қилишга кўндирган ҳам Ислом эди.
Муҳаддислар султони Имом Бухорийни охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун барча мол-мулк ва бойликлардан воз кечишга, фақат қотган нон ва сув билан қаноатланишга чорлаган нарса ҳам Ислом эди. Молик ибн Динорни битта бўйра, Мусҳафи шариф ва битта кўзачадан бошқа бисот ушламасликка рози қилган нарса ҳам Ислом эди. Сўфиййа Робиаътул-Адаввиййани «Тавбаларимизнинг ўзи тавба-тазарруга муҳтождир», дея фарёд чектирган нарса ҳам Ислом эди.
Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик – гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги Ҳақ диндир!
Кишилик тарихини кузатсангиз, ҳалигача бирорта тузум, дин ёки мафкура инсонлар ўртасида чинакам адолат ва тенглик ўрната олган эмас. Аксинча, ҳозирги ғарб мутафаккирлари «Дунёнинг энг катта ҳокими – адолатсизлик, уни ҳақсизлик бошқаради», деб иддао қилишади. Фақат Исломгина инсонларга чинакам илоҳий адолатни таклиф эта олди, жамиятда бу адолатни ўрната олди. Унинг Низомидаги бош ғоя ҳам Адолатдир.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан Охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайта тирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда Ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган (Расули акрамнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунича қул эди), қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтармаган, қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига қулини озод қилишга буюрмаган бўлур эди.
Агар шундай бўлмаганида оддий бир кампир Ислом давлатининг ҳукмдорини (масалан, Ҳазрати Умарни) кўчада тўхтатиб танбеҳ бера олмаган бўлур эди. Ёки Мафтуна  исмли қоратанли бир ночор аёл Миср ҳукмдоридан девори бузилиб кетгани, қўшнининг товуғи чиқиб озор бераётгани, шунинг учун деворини тузатиб беришни сўраб, унга мактуб йўллмаган бўлур эди.
Ёхуд Пайғамбарнинг куёви бир яҳудий билан тортишиб қолганида адолат истаб Ислом қозисининг олдига бормаган ва қози ҳам айб яҳудийда экани аниқ бўлгандагина: «Яхшиямки, Али ҳақ бўлиб чиқди, акс ҳолда яҳудий фойдасига ҳукм қилиб виждоним қийналган бўлур эди», деб изтироб чекмаган бўлур эди.
Ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир ўғрини авф қилишни сўрашганида «Агар қизим Фотимани тутиб келганларингда ҳам қўлини кесган (яъни жазолаган) бўлур эдим» деб ҳукм чиқартирмаган бўлур эди.  
Аллоҳ ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. «Албатта Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир» (Оли Имрон, 19). Яҳудийлик, насронийлик каби самовий динлар Аллоҳ ҳузурида эътиборини йўқотган, буддавийлик, зардуштийлик ёки шунга ўхшаш бошқа ҳар хил эътиқодлар эса самовий дин бўлмай, инсон изланишлари маҳсулидир. Уларга эътиқод ва амал қилаётганлар адашиб-улоқиб, азиз умрларини беҳуда совуриб юришибди.
Қуръони каримда: «Динга мажбур қилиш йўқ», (Бақара, 256) дейилган. Чунки зўравонлик, мажбурлаш билан тарқатилган ақида, ғоя ва мафкураларнинг умри қисқа бўлади. Илк даврлардаги динга даъват ва таклифни ҳисобга олмаганда Ислом динига ҳеч ким, ҳеч қачон мажбурлаб киритилмаган. Ҳамма инсонлар ҳамиша Исломга ўз ихтиёри, ишончи, ихлоси, итоати, ақидаси, ақли билан кирган.
Ислом асли фитратдир, жибиллиятдир. Эътиқодлар ичида энг софи ва бузилмагани ҳам Исломдир. Масалан, инсонга фитрий, соф нарсалар (масалан, пахта, жун, ипак каби табиий матолар ёки гўшт, нон, мева-сабзавот каби емишлар) ёқади, фойда беради, азият етказмайди. Аксинча, кимёвий йўл билан олинган сунъий газлама, таом ва буюмларнинг инсонга албатта бир зарари ёки озори бор.
Шу каби сунъий ғоя, мафкура ва эътиқодлар ҳам қанчалик жозибали кўринмасин, манфаатдор томон уни тарқатиш ва онгларга сингдириш учун қанчалик қаттиқ ҳаракат қилмасин, улар инсониятга фойда келтирмайди, унга саодат эшикларини очиб бера олмайди. Масалан, яқин тарихимизда коммунизм ғоясини тарқатиш учун олиб борилган кураш ва бунга харжланган моддий-маънавий сарфиётлар ҳавога совурилди, ғоянинг ўзи тарих ахлатхонасидан жой олди. Бу ғоянинг бош тарғиботчиси бўлган СССР отли улкан империя битта ҳам ўқ отилмай жон таслим қилди.
Бир ҳамкасбимиз яқинда бундай мулоҳаза билдириб қолди: «Дунёда насронийлик ёки бошқа мазҳабларни тарғиб қилиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланади. Бунга қанча-қанча илмий-тадқиқот институтлари, матбуот, радио-телевидение хизмат қилади. Миллионлаб нусхада филм, китоб-журналлар текинга тарқатилади. Минглаб миссионерлар дунёнинг ҳамма бурчида изғиб, даъват билан машғул. Аммо бунча ҳаракат ва харажатдан кейин ҳам кўзлаган мақсадларига эриша олмай гаранг. Масалан, Оврупа ва Америкадаги черковлар ҳувиллаб ётибди: қавмни кўпайтириш учун бутхоналарда уюштирилаётган поп-мусиқа консертлари, турли кўнгилочар тадбирлар ҳам иш бермаяпти.
Ислом масаласида ҳолат аксинча. Ғарб оламини қўятурайлик, ҳаттоки мусулмон ўлкаларда ҳам Ислом динига очиқ-ойдин даъват қилишга йўл берилмайди. Мусулмонларга матбуот, радио-телевидение орқали чиқишлар уюштириш чеклаб қўйилган. Мусулмон киши ҳатто ўқийдиган китобини нашр этиб-кўпайтиришга, боласига диний таълим беришга, аёлига ҳижоб ўратишга ҳам кимдандир ижозат олиши керак. Аммо ана шунча тақиқ-камситишларга қарамай, бирорта мусулмон (ҳа, бирорта мусулмон, чунки миссионерлар фитнасига учиб иймонини сотаётган айрим кимсаларнинг мусулмонлигига шубҳамиз бор) Исломидан воз кечаётгани йўқ. Аксинча Исломга кирувчилар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда. Агар дунёда бошқа динлар тарғиботига қилинган саъй-ҳаракатлар ва харажатларнинг ўндан бири Исломга нисбатан қўлланганида борми, билмадим, ҳозир Ер юзида мусулмон бўлмаган одам қолармикин?».
Унинг мулоҳазаларига раддия билдириш инсофга хиёнат бўлиб туюлади.
Ислом дини эса ҳар қандай тузумда ҳам инсониятнинг ахлоқий ва маънавий қалқони (имммунитети) бўлиб келган ва қиёматгача шундай қолаверади. Унинг ўн беш асрдан буён барча замонлар, барча жамиятлар талабига бирдай жавоб бериб келаётгани бежизга эмас. Чунки у Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга юборган ягона илоҳий дастури ва инсонларни қиёматгача ҳидоятга чорловчи ёрқин маёғидир.
Мусулмон бўлишнинг яхшилигини кўринг: ғарблик ғайримуслим ҳатто ота-онаси, туғишганларидан ҳол сўрашга имкон топа олмаётган бир замонда мусулмон киши олис ўлкадаги мазлум биродарига нажот тилаб дуо қилади, бегона қўшнининг ҳолидан  доимий хабардор. Бир ғайримуслим чув тушмаслик, зарар кўрмаслик учун атрофидаги одамларнинг ҳаммасидан шубҳаланиб, қўрқиб, хавфсираб юрган бир пайтда мусулмон ҳаммани ўзи каби ҳалол, омонатдор, тақволи санаб, барчага баравар ишонч, муҳаббат, вафо кўрсатади.
Ўғлим хонадонининг кириш эшигини янгилаётганида уста: «қулфни иккита ўрнатмасангиз бўлмайди, домчилик, яна ўғри тушиб юрмасин», деган маслаҳат берибди. Ўғлим: «Ташвиш қилманг, аждодларимизнинг ҳикоясига кўра ўтмишда мусулмон хонадонида қулф бўлмаган экан, бирор жойга кетишса, зулфинини илиб қўйиш билан кифояланишар экан, Худога шукрки, домимизда ҳам асосан мусулмонлар туришади, бу томонидан кўнглим тўқ», деган жавобни берибди.
Икки ҳамкасбим ўртасида пул муомаласи бўлган экан, бири иккинчисидан олган қарзини узмоқчи эди. Қарз берган киши қайтарилган пулни санаб кўрса, юз минг сўм ошиқ экан. Бир тахлам пулни қайтариб берса, нариги шериги: «Мусулмонлик қандай яхши-я, пул муносабатларида ҳақинг кетиб қолишидан ёки алданишдан ҳеч қачон хавфсирамай яшайсан!» деб хитоб қилган эди.
Самарқандлик бир танишимнинг ҳикоясига қараганда, оврупалик бир сайёҳ шаҳар кўчаларини айланиб юрганида аждодларимиз тиклаган муҳташам обидаларни кўриб: «Мусулмонларнинг ҳатто қурган бинолари ҳам кишига ҳаловат ва хотиржамлик бағишлайди-я!» дея ҳайратланган экан.
Ўзининг зарарига бўлса-да ўзганинг ҳақи поймол бўлмаслиги учун қайғурадиган қилиб қўйган ҳам Исломдир. Ўзи фақир бўлса ҳам қўшнисининг аҳволига ачиниб дастурхонидаги сўнгги нонни, киссасидаги охирги чақани қўшнисига тортиқ қилдириб қўйган ҳам Исломдир. Ҳақ букилмаслиги учун қози ёки ҳукмдорни ўз фарзанди зарарига ҳукм чиқартирган ҳам Исломдир. Хизматчисига билмай бир тарсаки туширганидан афсус чекиб, гуноҳга ботмаслик учун уни дарҳол озод қилишга мажбурлаган нарса ҳам Исломдир. Нафақат мусулмон биродарига, ҳатто бошқа диндагиларга ҳам яхшилик ва хуш муомала қилиш, беморлигида бориб кўриш, қийналиб қолса ёрдамлашишга буюрган ҳам Исломдир!
Яхшиямки, Ислом бор: агар у бўлмаганида дунёдаги барча халқлар бир-бири билан урушиб, ер юзини қонга ғарқ қилган, шаҳар-қишлоқларни вайронага айлантирган бўлур эди.
Яхшиямки, Ислом бор: акс ҳолда инсоний муносабатлар батамом издан чиқиб, зўравонлар ожизларнинг молини тортиб олган, ўзини қул қилган, ҳамма ёқда зулм ва ҳақсизлик ҳукм сураётган бўлур эди.
Яхшиямки, Ислом бор: йўқса ҳамма бир-бирига хиёнат қилишдан, бир-бирини алдашдан, фаҳш ишлар билан шуғулланишдан, зулм ва ёмонлик қилишдан уялмаган бўлур эди.
Яхшиямки, Ислом бор: у бўлмаганида ахлоқ заволга юз тутган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи йўқолган, оила-никоҳ муносабатлари издан чиқиб, одамлар ҳайвонлардан ҳам баттар бўлиб кетар эди.
Яхшиямки, Ислом бор: акс ҳолда жамиятда ҳақлар поймол қилиниб, бойлар бойийверган, камбағаллар тобора қашшоқлашган, аслзодалар ўзидан тубан табақадагиларга паст назар билан қараган, аёллар, заифлар, етимлар хўрланган бўлур эди.

Аҳмад Муҳаммад, роҳимаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase