Афғонлараро музокараларнинг эҳтимолий бошланиши арафасида «Афганская голубка» Telegram канали Афғонистонда Толибонга нисбатан муносабат чорак асрдан зиёд қандай ривожлангани ҳақида ҳикоя қилади.
Бир кўзли Робин Гуд
1995 йилга келиб Афғонистон вайронага айланди. Кобулнинг аксар қисми совет қўшинлари олиб чиқиб кетилгач, ўзаро ҳокимият учун кураш бошлаган мужоҳидларнинг бомбардимон қилиши оқибатида яксон қилинди. Аҳмад Шоҳ Маъсуд пойтахтда тартиб-интизомни сақлаб қолишга муваффақ бўлди, аммо ташқарида тартибсизлик ҳукмронлик эди: катта ва кичик дала қўмондонлари мамлакатдаги ҳамма нарсани бошқарарди. Уларни назорат қилиш учун ҳеч ким йўқ эди ва ўнлаб қуролли кишилар ўз қоидаларини ўрнатиши мумкин эди. Афғонистон қашшоқлик, зўравонлик ва эртанги кун олдида қўрқувда яшарди.
Мана шу вазиятда ўша пайтда ҳеч кимга маълум бўлмаган толиблар Қандаҳор вилоятида пайдо бўлди. Ривоятларга кўра, улар эзгу ҳаракат билан бошлашган: икки дала қўмондони талашаётган бир болани озод қилишди ва бу ахлоқсизларни қатл этишди. Орадан кўп ўтмай, улар бошқа бир қўмондон томонидан асирликка олинаётган икки қизни қутқаришди. Золимни эса, танкнинг тўпига осиб ўлдиришди.
Афғонлар ҳар икки ҳолни завқ-шавқ билан қабул қилдилар: ниҳоят, уларга зулм қилганларни жазолашга қодир бир куч пайдо бўлди. Бундан ташқари, ўша пайтда ҳар қандай куч анархиядан афзал кўринарди — мужоҳидларнинг ўзаро чексиз жанжалларидан ҳамма чарчаган эди. «Толибон»га бошчилик қилган Умар исмли бир кўзли мулла тезда обрў қозонди, чунки у дала қўмондонларининг жабрдийдаларига ва оғир шароитга тушиб қолган оддий одамларга ёрдам берарди ва буни бепул амалга оширарди – ахир бу мўъжиза!
Ўша пайтда толиблар ўзларини исломий идеалистлар деб ҳисоблаганлар: ўзбошимчалик, қашшоқлик, порахўрликка қарши курашдилар, бачабазлик амалиётга ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришга чек қўйишга ҳаракат қилдилар.
Ва бу, албатта, кўпчиликни ўзига оғдирарди.
Ўлимлар сони эвазига барқарорлик
1996 йил 27 сентябрда «Толибон» Кобулни жанг билан олди. Гувоҳларнинг ҳикоя қилишича, пойтахт аҳли уларнинг танкларини салкам қўлида гуллар билан қарши олган: гўёки «Толибон» уруш азобида қийналган мамлакатда тартиб ўрнатадигандай эди. Бу қандай тартиб бўлиши ўша куниёқ аён бўлди: «Толибон» БМТ миссияси биносидан паноҳ топган собиқ президент Нажибулла ва унинг укасини қатд этдилар. Ўлимидан олдин улар қийноққа солишди ва жасадларини таҳқирлашди, шундан сўнг улар шаҳар марказида оммавий намойишга қўйишди. Уларни ҳатто ислом қоидаларига биноан дафн этишга рухсат беришмади.
Қизиғи шундаки, ўлик Нажибуллоҳнинг фотосуратлари энди интернетда яна пайдо бўлди. Одатда улар остида ҳозирги президент Ғани ва унинг энг яқин ёрдамчиси Солиҳни ҳам шу тақдир кутаётганини ёзишмоқда. Тарих такрорланяпти.
Афғонистонда ҳақиқатдан барқарорлик ўрнатилди, лекин қандай? Шариат қоидаларини ўзларича талқин қилган ҳолда уларга амал қилиб, «Толибон» вакиллари ўғрилик учун ўғриларнинг қўлларини кесишган, зино учун тошбўрон қилишган, улар қўйган тақиқларни бузганлик учун одамларни отиб талашган, осишган ва ҳибсга олишган. Тақиқлар эса жуда кўп: мусиқа тинглаш ва рақс тушиш, ғарбча кийиниш ва соқол олиш тақиқланган (айбдорлар токи соқоли керакли узунликка етмагунга қадар қамоқда ушланган). Фотосуратлар, фильмлар, расмли китоблар, уларнинг мазмунидан қатъи назар, олиб қўйилган ва йўқ қилинган. «Толибон» ўз эрмакларини ҳам ўйлаб топган, улардан бири Кобулдаги «Гази» стадионида оммавий қатллар бўлган.
Бундан ташқари, «Толибон» миллий озчиликлар – хазарийлар, ўзбеклар ва бошқалар истиқомат қиладиган жойларда этник тозалашлар ўтказиб, «ғайридин»-шиаларни йўқ қилган ҳолда «Афғонистон пуштунлар учун» тамойилини тарғиб қилган.
«Ҳазарийлар мусулмон эмас, биз уларни ўлдиришимиз керак,- деди Мозор-и-Шарифни қамал қилиш асносида воизлик қилган «Толибон» қўмондонларидан бири. — Қаерга яширинсангиз ҳам сизни топамиз. Осмонга чиқсангиз оёқларингиздан, ер остига яширсангиз сочларингиздан тортиб чиқарамиз».
Шаҳар қўлга олингандан кейин қирғин бошланди. Турли манбаларга кўра, тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар 5 мингдан 8 минг кишигача бўлган. Уларнинг жасадлари ҳам бир неча кун кўмилмай қолиб кетган: ўзларини ҳақиқий мусулмон, деб атаган толиблар ўзлари учун фойдали бўлганида ислом меъёрларидан осонгина узоқлашарди.
Ўзбеклар етакчиси маршал Дўстум ва бошқа этник жамоалар етакчилари «Толибон» билан ярашиш ғоясига ҳамон ўта шубҳа билан қараётгани бежиз эмас.
«Мўъжиза юз бериши ва «Толибон» Конституция қабул қилиб, фикрлаш тарзини ўзгартиришига ишонмайман, - дейди ҳазарийлар раҳбарларидан бири Муҳаммад Муҳақиқ. - Улар фақат Ғарб қўшинларининг олиб чиқилишини кутишмоқда. Бундан кейин нима бўлишини тахмин қилиш қийин эмас».
«Менинг қизил чизиғим»
Афғонистон аёлларига келадиган бўлсак, ўтган йиллар давомида уларнинг «Толибон» ҳақидаги фикрлари яхши томонга ўзгариши мумкин эмасди. 1996 йилда аёлларга энг оғир чекловлар жорий қилинди: уларга ўқиш, ишлаш ва эрлари, ўғиллари ёки ака-укалари ҳамроҳлигисиз уйдан чиқиш тақиқланди. Минглаб афғон аёллари амалда ўлим жазосига ҳукм қилинган: касаллик юз берганда эркак шифокорларга мурожаат қила олмаган, мамлакатда аёл кадрлар фалокатли даражада етишмасди, шунингдек, дори-дармон ҳам бўлмаган. Уруш пайтида эрлари ва ака-укалари ҳалок бўлганларга очлик таҳдид солган.
Доҳадаги музокаралардан олдин ҳам «Толибон» аёлларга айрим ҳуқуқларини беришга тайёр эканини билдирган, бироқ «уларнинг инсоний қадр-қимматини бузмайди ва анъанавий қадриятларга таҳдид солмайдиган» тарзда. Радикаллар хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашчиларни қоралади, чунки улар аёлларни «афғон урф-одатларини йўқ қилишга» ундайди.
«Толибон» тинчликпарварлик ва либералликни сўз билан намойиш этишга уринмоқда, бироқ амалда ҳамма нарса аянчлироқ: атиги бир ой олдин университетларга киришни режалаётган Бадахшон вилоятидан 180 нафар ўқувчи қизга таҳдид қилишган.
Чорак асрдан бери нисбий эркинликка кўниккан, ишлаётган, парламентда ўтириб, вазирлик лавозимларини эгаллаб келаётган афғон аёллари учун «анъанавий қадриятлар»ни қайтариш том маънода ўлимга ўхшайди ва улар ўз ҳуқуқлари учун охиригача курашишга тайёрлигини билдиради. Тахминан бир йил олдин журналист Фараҳназ Форотан "Менинг қизил чизиғим" ижтимоий лойиҳасини ишга туширди, унда Афғонистон аҳолиси ҳар қандай шароитда ҳам нималардан воз кечишга тайёр эмаслиги ҳақида гапирди: танлов эркинлиги, таълим олиш ҳуқуқи, хавфсизлик ҳуқуқи.
Нима бўлганда ҳам, мамлакатни бир неча аср ортга улоқтирган «Толибон»га нисбатан ишончсизлик ва қўрқувга қарамасдан, кўпчилик аввалгидек, муроса бўлишига ишонмоқда.
Қанчалик парадоксал янграмасин, афғонлар «Толибон»ни ҳар доим ҳам душман сифатида қабул қилмаган. «Толибон» учун жанг қилган ёки жанг қилаётган аъзоси бўлган жуда кўплаб оилалар бор, бунда ҳукумат қўшинлари таркибида жанг қилаётганлар улар билан оилавий тантаналарда учрашишади. ИШИД жангариларидан фарқли равишда, «Толибон» аъзолари – худди ўша уруш ва қашшоқлик шароитларида ўсган, лекин бошқа йўлдан кетган афғонлардир. Жамият ва ҳукуматнинг муносабатини тахминан қуйидагича ифодалаш мумкин: «Ҳушингизни йиғиб олинг, кейин гаплашамиз».
2018 йилда президент «Толибон» билан биринчи сулҳни имзолаб, улар Кобулга қуролсиз киргач, афғонлар томонидан очиқ кутиб олинди. Ўшанда ҳамма жойда қардошлик манзаралари кузатилиши мумкин эди: одатда Толибонни лаънатлаган одамлар уларни бағрига босган ва сулҳ кунларида уларга гул берган. Кўпинча соқолли "мард мужоҳид" ни Кобул аҳолиси ўраб олиб, эсдалик сифатида селфига тушишга интиларди. Баъзида уларга аскарлар ва полициячилар ҳам қўшиларди.
Бундан ташқари, «Толибон» амада параллел структуралар ташкил қилиб, мамлакатнинг ижтимоий ҳаётига интеграциялаш. Кўпгина вилоятларда иккита ҳоким бор: бири Кобул томонидан тайинланган, иккинчиси – хуфиёна. Улар назорати остидаги ҳудудларда радикаллар жиноятчиликка қарши курашган ва қонунбузарларни намойишкорона жазолашни йўлга қўйган ҳолда ўз судлари ва ҳуқуқ-тартибот кучларини ташкил қилган. Вақти-вақти билан олижаноблик ўйинини ўйнашга ҳаракат қилишади: тўғонларни таъмирлашади ёки автомобил йўлларида ҳукуматгатга тегишли ёқилғи ташувчи машиналарни мусодара қилиб, ўз «фуқаролари»га ёқилғини бепул тарқатишади.
Бошқача айтганда, толиблар Мулла Умар бир пайтлар яратган адолат учун олижаноб курашчилар қиёфасини қайта тиклашга уринмоқда. Аммо йигирма беш йиллик фуқаролар уруши ва тинч аҳоли ҳалок бўлган мунтазам террористик ҳужумлар бунга йўл қўймайди.
Оптимизм шу йилнинг феврал ойида, АҚШ «Толибон» билан тинчлик битимини имзолагач қайтди. Бироқ, баҳор хурсанд бўлиш учун жуда эрта эканлигини кўрсатди: жанглар янгиланган кучлар билан бошланди ва ҳукумат қўшинлари сафида тўрт ой ичида 3500 киши ҳалок бўлди.
Афғонистон келажаги олдиндан айтиш қийин ва унчалик оптимистик эмас. Кобул маъмурияти ва «Толибон» ўртасидаги музокаралар қачон ўтиши ва улар қандай якунланиши ҳозирча маълум эмас, бироқ «Толибон»нинг узоқ вақт сиёсий майдонда қолишига шубҳа йўқ. Уларнинг аллақачон эскириб қолган қарашларидан узоқлашиб, афғон жамиятига интеграциялашишни хоҳлайдиларми, афғонлар минглаб ҳалок бўлганлар уларнинг виждонида бўлган одамларни кечира оладими, йўқми - буни вақт кўрсатади.
Мақолани тайёрлаб бўлгунимизга толиблар Кабулни, яъни Афғонистонни тўлиқ назорат қилаётгани ҳақида хабарлар келди.