Ўзига итоат қилган ва тақволи бандаларини азиз, амрларини зое қилиб осий бўлганларни хор, тақводорларни Ўз розилигига эриштирувчи амаллар қилишга муваффақ қилган, осий бўлганлар устидан эса қазо ва қадарини жорий этган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мен Аллоҳга ширин неъматлари ва аччиқ балолари учун тасаннолар айтаман ҳамда «Биз учун шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ ва робб йўқ эканига, Унгагина сиғинишимизга, У – самода ҳам, ерда ҳам ягона илоҳ эканига, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Унинг пайғамбарлар шодасини тугаллаган бандаси ва элчиси эканига» шаҳодат келтираман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган ва ўзига раҳбар қилиб олган одамларга муждалар бўлсин! Аллоҳим, банданг ва расулинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва Аллоҳ йўлида лойиқ бўлганидек курашган, истаклари Аллоҳнинг ҳидоятига тобеълик бўлган асҳобларига кўпан–кўп салавоту саломлар йўлла.
Сўнг …
Ҳой мусулмонлар, ўзимга ва сизларга Аллоҳдан тақво қилиш ва Унга итоат этишни тасия қиламан!
Ҳой мусулмонлар, сўнгра шуни айтмоқчиманки, бугунги кундаги умматнинг катта балоси истибдод хусусан сиёсий истибдоддир. Бўлиб ҳам, халқлар норози бўлсада, ҳукумат ва салтанатни қўлга олган муайян синфнинг истибдодидир. Бу синфнинг мақсади халқларни бутунлай бўйинсундириш, кишанбанд қилиш, ботил нарсалар билан изланаётган одамларни ўзларига яқинлаштириб, ҳақиқатни ушлашга насиҳат қилаётган кимсаларни узоқлаштиришдир.
Бугунги кундаги истибдоднинг катта имкониятлари бўлиб, бу имкониятлар воситасида одамларнинг фикрлари ва истакларига аксари ўз қўлида бўлган таълим–тарбия, матбуот, ижроқўм ва қонун чиқариш муассасалари воситасида таъсир ўтказмоқда.
Истибдод ва туғёндан биринчи бўлиб дин зарар кўрмоқда. Ислом дини, одамлар ўз фикрларини эркин, қувғин қилинмай ўз истаклари билан ёки истаган кишилари учун «Ҳа» ёки «Йўқ» дея олишадиган ҳур заминдагина гуркираб ўсади, гуллаб яшнайди ва одамлар ақли ва қалбига кириб бориб, шахслар ва жамиятларга ижобий таъсирини кўрсатади.
Ислом ва Араб оламининг кўплаб халқлари мустабид раҳбарлар синфининг балосига учраган. Уларнинг аҳволини шоир шундай таърифлайди:
Ҳукуматга ҳужум қилиб то тонггача,
Тонг ҳам қочиб, ҳеч қайтмади бугунгача.
Қалблар мустабид ҳукуматлардан нафратланади, тиллар дуойи бад қилади. Халқлар улардан халос бўлиш кунини байрам қилиш учун пойлайди. Шундай бўлсада, ўтказилган оммавий фикр йўқламалари (референдум)да мазлум Учинчи Дунё Давлатлари халқларининг 99.99 фойизи «ўз ҳукуматини» қўллаб қувватлайди.
Истибдод сиёсатнигина эмас, балки, бошқарувни ҳам бузади. Чунки истибдод иқтидорли ва лаёқатли, диндор ва аҳлоқли шахсларни эмас, раҳбарга яқин бўлган мунофиқлар ва «ишончли» одамларни муқаддам қўяди. Бунинг оқибатида ижтимоий ҳаёт тарзи бузилади, меъёрлар ўзгаради, халқлар соат сайин ҳалокатга яқинлашиб боради. Ҳолбуки, ишни лойиқ бўлмаган одамга топширсангиз Қиёматни кутаверинг!
Истибдод иқтисодни ҳам бузади. Кўплаб сармоянинг ҳаққи берилмайди, ноўрин жойларга сарфланади. Ҳатто раҳбарларнинг хавфсизлиги, уларнинг давлат ичидаги ва хориждаги мухолифларидан ўч олиш учун сарфланади. Турли пардали ёки ошкора ўғирлик ва талончилик, очиқ ёки совғалар тимсолидаги порахўрлик, битта синф даромад кўрсада миллионлаб халқнинг бошқа қатламлари маҳрум қоладиган шубҳали тижоратлар …
Агар раҳбар бирон нарсага қарор қилса бошқаларнинг у ҳақда сўрашга ҳақлари йўқ. Нега?! Чунки халқ ичида унингдек заковатли, оқил ва доно одам йўқ–да!! У барча ишни биладиган аллома–да!! Унинг атофига тўпланганлар раҳбар дуо қилса: «Омийн!» дейишдан, гапирса қувватлашдан нарига ўта олишмайди. Унга қарши чиққан ёки журъат билан эътироз билдирган одамнинг ҳолига маймунлар йиғлайди! Чунки у, ўз эътирози билан «эркинлик душмани»га айланади. «Эркинлик душмани»га эса ҳуррият берилмайди!
Истибдод аҳлоқни ҳам бузади. Чунки истибдод бозорида мунофиқлик, қўрқоқлик, хорлик ва хўрликдан бошқа «маҳсулот» йўқ! Буларнинг барчаси кўнгилдаги ғурурни, қалблардаги шижоатни ва ёшлардаги матонатни ўлдиради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим золимга қарши: Ҳой Золим!,– дея олмаса, у уларни йўқ қилади» деб айтган ҳадисларининг нақадар ҳаққоний эканига гувоҳ бўласиз (Имом Аҳмад 2521). Айтингчи, агар истибдод ҳар куни золимни: «Буюк халоскор ва матонатли қаҳрамон!» дея олқишлаб турса нима бўлиши ҳам мумкин?!
Истибдод ўз тарафдори бўлган кимсаларнинг жиноят ва гуноҳларига кўз юмади ва ҳатто жазодан ҳимоя қилади. Агар жиноятлари ошкора бўлса тарафдорларини суянчиқлари доимо ҳозиру нозир ва гуноҳлари мағфур–афв этилганини билишлари учун ошкора ҳимоя қилади.
Истибдоднинг асрлар давомидаги шиори: «Биз билан бирга бўлмаган – бизнинг душманимиздир!» бўлган. Бундан ташқари танбал дангаса, тиришқоқ ишчи каби ойлик олади, айбсиз эса жиноятчи ўрнига жазосини тортади! Мана шунинг ўзи, балойи азимдир!
Ҳой мусулмонлар, Қуръон Карим жамият бошқарувини фосиқ маишатпарастлар ёки золим инсонлар ёхуд жиноятчилар тўдаси қўлга олганидан кейин халқлар емирилиб, жамиятлар ҳалокатга юз тута бошлаганларини баён қилмоқда. Улар раҳбарлик мансабига ўтирган кунларидан бошлаб, қўлларига раҳбарликни топширган халқ ва жамиятларни парчалаш учун ҳаракат қилмоқдалар. Улар раҳбарликни истибдод ўрнида ишлатиб, ўз фикрлари ва шахсий қонунларини ИНСОНнинг бу дунёдаги мақомини белгилайдиган ниҳоий ғоя деб тушунишмоқда ва халқларни ҳақиқат ва ҳақиқатга чорлашдан тўсиш учун шафқатсизликнинг энг ашаддийларини қилишмоқда!! Улар Фиръавннинг ушбу жумлаларини доимо такрорлашмоқда:
«Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани (яъни Мусони ўлдиришнинг маслаҳатини)гина кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларман» (Ғофир сураси, 29).
Истибдод омилларининг энг муҳими шуки, мустабид одам ўз кучи, хафсизлик хизмати, «донолиги», «оқиллиги» ва нозик ишларни қилишга устамонлиги билан кибрланади. Мухолифларини эса мустабидни ва мустабиднинг фикрларини билмасликда айблайди. Мақолда ҳам шундай дейилган: «Ким ўз фикрига ҳайрон бўлса маслаҳат қилмас, ўз фикрида мустабид шахс ҳақиқатга яқин келмас».
Истибдод омилларининг бири, мустабид одам аҳамият бермаган мунофиқлар билан дўстлашиш–ки, улар ҳақиқатларни сохталаштирадилар, мустабидга зулму туғённи чиройли қилиб кўрсатадилар. Алий разияллоҳу анҳу бу ҳақда: «Маслаҳат қандай яхши ёрдам, истибдод эса қандай ёмон тайёргарлик!»,деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам истибдоддан огоҳлантирдилар ва: «Раҳбарларнинг энг ёмони одамларни уриб, уларга шафқат қилмаганидир!»– дедилар. Ҳадис(нинг арабча матни)да келган «ҳутомаҳ» сўзи «ҳатм» сўзидан ясалган бўлиб, одамларни урадиган ва шафқати бўлмаган раҳбар учун истеъмол қилинади. У, одамларни шафқатсизлик билан бошқаради, зўравонлик қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мустабид раҳбарларни дуойи бад қилдилар: «Аллоҳим, умматимнинг ишига раҳбарлик қилган ва уларга машаққат туғдирган одамга машаққат туғдир! Умматимнинг ишига раҳбар бўлган ва уларга марҳамат қилган одамга марҳамат қил!» (Имом Муслим 4826).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мустабид золимларнинг жаҳаннамга киришларини англатиб, сиёсий истибдоднинг уммат ичида ҳулқий бузуқларнинг пайдо бўлишига ҳам сабабчи эканини баён қилдилар: «Умматим ичида икки тоифа борки, Мен уларни (ҳануз) кўрмадим: ўзлари билан қорамолнинг думидек қамчилари бўлган ва у билан одамларни урган оадмлар ҳамда ярим яланғоч, ишвали ва бошқаларни ўзига жалб қиладиган, бошлари(даги сочлари) эгилган ўркачдек хотин–қизлар. Улар жаннатга кирмайдилар ва фалон ва пистон узоқликлардан ҳис этилсада жаннат ҳидларини олмаслар!»(Имом Муслим 5704).
Истибдод – жамиятлар емирилишининг бош омилидир. Келгусида рўй бериши мумкин бўлган емирилиш ва йиқилишларнинг асосий омили, истибдод ва синдириш муҳитида ўз пойдеворини қуради ёки энг камида ўсиб, ривожланади. Умавийлар салатанатининг охирги намояндаси Марвон ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга: «Арконлари кучли ва султонлари маҳобатли бўлган салтанатингизни нима кучсиз қилди?»– деб савол берилганида: «Ўз фикримда туриб олишим!»– деб жавоб берган эди.
Мустабид раҳбар Умматга ўзинигина тинглаш ва ортидан юришликка мажбурлар, халққа фикрларини ошкора айтишни таъқиқлар, уларнинг эрки ва ҳурматини тортиб олар, халқнинг муҳим муаммоларини душманларига арзон гаровга сотар, халққа хоҳлаган нарсасини жорий қилар ва ўз фикрини айтишга имкон яратмас экан, бу халқ албатта емирилади ва душман олдида оёққа тура олмайди.
Аллоҳим, бу Уммат ишини тоату ибодатдагилар азиз, гуноҳкорлар хору хўр бўладиган, яхшиликка буюрилиб, ёмонликлардан қайтариладиган суратда ўнгла! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодирсан.
Аллоҳ таоло мени ва сизларни муқаддас Қуръони ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан фойдалантирсин! Мен шу гапларни айтиб, ўзим, сизлар ва барча мусулмонлар учун қилинган гуноҳлар эвазига Аллоҳ таолога истиғфорлар айтаман. Сизлар ҳам истиғфор айтингиз! Чунки, Аллоҳ – Кечиргувчи ва Раҳмли зотдир.
***
Барча нарсадан бохабар, ҳар бир нарсага ўз меъёрини қўйган, махлуқотларини Ўз паноҳида асраган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Мен Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, шукроналар келтираман, тавбалар қилиб, истиғфорлар айтаман ҳамда «Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Саййидимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг қули ва расули бўлиб, Аллоҳ уни бутун инсониятга (жаннатдан) муждаловчи ва (жағаннамдан) огоҳлантирувчи қилиб юборган» эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, асҳоблари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан издош бўлганларга салавоту саломлар йўллаб, уларнинг номини абадийлаштирсин ва савобларини мўл қилсин!
Аллоҳнинг бандалари! Ҳукми қамоқ, қамчилаш ва қийноқларга асосланган давлат билан, раҳбари Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу волийларига қуйидаги гапларни айтган давлат ўртасида катта фарқ бор: «Ҳой одамлар, Аллоҳ таоло ўз ҳаққини одамлар ҳаққидан афзал қилди ва Ўз ҳаққини улуғлаш асносида шундай деди:
«У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон — Аллоҳга бўйинсунгувчи бўлганингиздан кейин куфр — динсизликка қайтишга буюрадими?!» (Оли Имрон сураси, 80). Унутмангларки, мен сизларни амир ёки зўравон қилиб эмас, балки сизлар билан ҳидоятланишлари учун ҳидоят пешволари қилиб юбормоқдаман. Мусулмонларнинг ҳуқуқларини берингиз! Уларни урмангиз, хўрламангиз, ноҳақ қамоққа олмангиз! Акси тақдирда уларни фитнага қоласиз! Уларнинг олдида дарвозаларни ёпмангиз! Акси тақдирда кучлилари кучсизларининг гўштини ейди! Улардан хабардор бўлингиз ва ҳуқуқларидан маҳрум этмангиз!». Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: «Мен сизларни зўравон қилиб эмас, пешо қилиб юбордим. Мусулмонларни уриб хорламангиз, ноҳақ қамоққа ташлаб фитнага солмангиз, ҳуқуқларидан маҳрум қилиб зулм этмангиз!».
«Агар Аллоҳ таоло бир халқ учун яхшиликни хоҳлаб қолса, уларга ҳалим инсонларни раҳбар қилиб, уларнинг мулкларини жўмард инсонлар қўлига беради. Агар Аллоҳ таоло бирон балони хоҳлаб қолса, уларга пасткаш инсонларни раҳбар қилиб, мулкларини бахиллар қўлига бериб қўяди. Огоҳ бўлингларким, умматимнинг ишларидан бирига раҳбар бўлган одам уларга эҳтиёжларида шафқат қилар экан, Аллоҳ (ҳам) унга эҳтиёжида шафқат қилади. Агар ўзини одамларнинг эҳтиёжларидан олиб қочса, Аллоҳ (ҳам) унинг алами ва эҳтиёжига ёрдам бермайди»– деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай тўғри айтганлар.
Айтингларчи, мустабид ва ўжар золим ва кўнгли хорлик билан суғорилган ҳамда бузуқ муҳитлар ичида яшаётган мазлумнинг, эътиборли уммат ва кучли давлат қуриш имкониятлари борми?!
Аллоҳнинг бандалари, Ислом ва истибдод бир–бирига нисбатан ўт ва сув каби зиддир. Исломий таълимотлар одамларни ягона Роббиларига ибодат қилишга, истибдод маросимлари эса кўр–кўрона сиёсий бутпарастликка олиб боради.
Мусулмонлар ўз динларидан ҳар қандай халқ ичидаги шахс туғёни оғир жиноят эканини, раҳбар жамият руҳидан келиб чиққан ва унинг мақсадаларини амалга оширишга ҳаракат қилсагина ўзининг қонуний ҳуқуқларига эга бўлиши ва дастакка лойиқ эканини биладилар.
Қуръон Карим Аллоҳ таолонинг: «(Ҳақиқий мўминлар кимлар экани маълум бўлиши) ва жиноятчи кимсаларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни мана шундай муфассал қилурмиз» (Анъом сураси, 55) ояти билан, сиёсий туғён рамзи бўлган Фиръавннинг ватан, фуқаро, шахс, меъёр ва нарсаларга ҳукмрон бўлиш йўлида олиб борган ижтимоий ва сиёсий курашни бошқариш стратегиясининг энг муҳим жиҳатларини ўз ичига олган шаклини тақдим этди ва бу билан мўъминлар ва иймонларини зулм билан булғамаган кимсаларни огоҳлантирди.
Сиёсий истибдодга қарши Ер юзидги кучсизларнинг биринчи кураш босқичи, тинч йўллар билан кураш, ширинсуханлик ва энг яхши услублар билан мужодала босқичидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай ўгит бермоқда:
«Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса» (Тоҳа сураси, 43, 44).
Одамларнинг тасаввурида мустабид ҳукмдор зўравон ва жабрловчи бўлиб кўрингани боис, Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломлар:
«Улар дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак) у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки баттар туғёнга тушишидан хавфдамиз»– дедилар (Тоҳа сураси, 45). Чунки, Фиръавн мустабид раҳбар ўлароқ, салтанат ва молу мулкни одамларга зулм қилиш ва уларни хорлаш билан қўлга киритган эди. Аллоҳ таоло буни шундай тасвирлайди:
«Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг йўлингдан оздиришлари учун шундай қилдинг. Парвар¬дигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар» (Юнус: 88). Яъни, уларнинг уқубатлари фақат охиратдагина эмас, балки шу дунёда – Ер юзидаги кучсиз инсонлар қўлида ҳам бўлади.
Мустабид раҳбарнинг одамларни қулликдан озод қилиши учун айтилган ҳалим гапларга, аввало, ёлғонга чиқариш ва нийятда шубҳалантириш билан раддия берганини кўрамиз. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга — Фиръавн қавмига боргин, улар (Мендан) қўрқмайдиларми?!» (деган эди), Мусо айтди: «Парвардигорим, (албатта амрингга итоат этурман — у золим қавм олдига борурман, фақат) улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман» (Шуаро сураси, 10 – 12).
Бироқ мулойим сўз даъватнинг хуфёна босқичида аъёнлар ичидан айрим одамларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Аллоҳ таоло буни шундай тасвирлайди:
«Фиръавн хонадонидан иймон келтирганини яширган бир киши айтди …» (Ғофир сураси, 28).
Бундан ташқари, мўъмин кўмакчиларнинг аксарини хуфёна ҳаракат босқичида мўътадил ва тарафсиз ҳолатда турганларига ҳам гувоҳ бўламиз:
«… Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! …» (Ғофир: 28). Лекин бу ҳолат сеҳргарларнинг иймон келтиришлари ва даъватнинг ёйилиши биланоқ ошкора қаршиликка айланади.
Ўша пайтда, Аллоҳ таоло оятида баён қилганидек, золим мустабид даъватчиларни ёлғончиликда айблашдан воз кечиб, куч ишлатиш ва уларни жисмонан йўқ қилиш йўлига ўтади:
«Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ (пайғамбарлик) билан келганида, улар: «У билан бирга мўмин бўлганларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!» дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдир (яъни зое бўлгувчидир).
И з о ҳ. Фиръавн Бани Исроил қавмидан бўлган ўғил болаларни қатли ом қилгани ҳақида бошқа сураларда (жумладан «Тоҳо» сурасидаги 37-40 оятлар ва уларга берилган изоҳда) батафсил айтилган эди. Энди юқоридаги оятда Фиръавн Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган кишиларни яна қатли ом қилишга буюргани, лекин унинг бу макру ҳийласи ҳам бефойда кетгани ҳақида хабар берилди. Шунда у Мусо пайғамбарнинг ҳаётларига суиқасд қилмоқчи бўлгани ва бу уриниши ҳам беҳуда кетгани тўғрисида қуйидаги оятларда баён қилинади.
Фиръавн деди: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикан. Дарҳақиқат мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишдан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришдан қўрқмоқдаман»» (Ғофир сураси, 25 – 26).
«Ўлдиринглар!»,– деб айтган кишилар ким эди?! Бу саволга Ғофир сурасининг йигирма учинчи ва йигирма тўртинчи оятларида шундай жавоб келди:
«Аниқки, Биз Мусони, Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга юборганимизда, улар «(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир», дедилар» (Ғофир сураси, 23, 24). Ўлдириш фармонини олганлар уч киши: сиёсий салтанат боши Фиръавн, диний салтанат боши Ҳомон ва боёнлар намояндаси Қорундир.
Ҳуррият ва озодлик талабларини шафқатсиз бостириш учун мазкур уч салтанат ўртасида иттифоқ бор бўлсада, уларнинг рағбатини ижро қилувчи куч сиёсий истибдод салтанатидир.
Аллоҳнинг бандалари, истибдоднинг ўз белги ва аломатлари бор. Бу аломатларнинг биринчиси: ёлғон ва алдовга суяниш ҳамда ҳақиқат ва ҳуқуқларни кўрмасдан келиш, вазифаларни суиистеъмол қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
«Уларнинг ҳоли худди Фиръавн одамларининг ва улардан аввал ўтган кофирларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач …» (Оли Имрон сураси, 11).
Иккинчидан: қийноқ, қатл, териларни шилиш ва номусларни оёқ ости қилиш Фиръавннинг мантиқи ва мухолиф фикрдаги одамларга қарши қўллаган режаларидан бири эди.
Фиръавн ўз мухолифларини қўлга киритиш учун турли фикрий танловларни амалга ошириш учун кураш усулларини ўзгартириб туради. Бироқ унинг стратегик мантиқи қатл, қийноқ ва териларни шилишдан ҳеч қачон ўзгармайди:
«Аллоҳнинг сизларга берган неъматини — сизларни оғир азоблар билан қилинаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эслангиз» (Иброҳим сураси, 6).
Учинчидан: мустабид раҳбарларнинг мантиқи ижтимоий мутаносибликни ижтимоий меъёрларга зарар бериш, жамиятни шарқу ғарб, дўсту душман, боёну камбағал, саводлию саводсизлар синфига бўлиш, фикрларни «чўпчак», услубларни эса «қолоқ» дея талқин қилишдир.
Фиръавн шу мантиқ билан бошбошдоқликни ёяр, парчаланган жамият синфлари ўртасида душманлик оловини кучайтирар эди:
«Дарҳақиқат Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни Бани Исроил қавмини) хорлаб …» (Қасас сураси, 4).
Тўртинчидан: бу мантиқ ортидан ижтимоий бирликни қадрият ва фикр нуқтаи назаридан мустабид раҳбарнинг ўз нафсини фиръавнчилик ҳамда мамлакат ва аҳоли устидан ёппа ҳукмронлик туйғулари билан қондириш мантиқи келади. Шунинг учун ҳам мутлақ ҳақ эгаси бўлган одам мустабид раҳбардан сўрамай ва унга мурожаат этмай жойидан ҳам қимирлай олмайди:
«Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!» (Зухруф сураси, 51).
Бешинчидан: мамлакат ва аҳоли устидан мутлақ эгалик ва иқтидор сабабли, Фаръавн ўзини ватан ва аҳолини катта ёки кичик, сиёсий ёки ижтимоий, диний ёки дунёвий муаммоларни ҳал этишда ягона ҳақ эгаси деб билади. Ўз фикри билан ҳал этишда уятиш нима эканини ҳам унутади. Чунки у: Барча шахслар, қадриятлар ва унсурлар фақатгина менинг мулким!, деб тушунади!!
«Фиръавн айтди: «Мен сизларга фақат ўзим раъй қилаётган нарсани (яъни Мусони ўлдиришнинг маслаҳатини)гина кўрсатурман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етакларман» (Ғофир сураси, 29).
Хуллас, шу гапларни айтмоқчи эдим. Энди Ҳидоят ва Ҳақ Дин пайғамбари бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўллангиз. Аллоҳим, Пайғамбаримизга, Унинг оиласи, асҳоблари ва Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган издошларига салавоту саломллар йўлла!