close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Зараркунандалар

Жониворлар орасида икки ҳашаротнинг уруғ қўйиш жараёни диққатингизни тортади. Пашшадан каттароқ ҳашарот пашшани тутиб олади.

Жониворлар орасида икки ҳашаротнинг уруғ қўйиш жараёни диққатингизни тортади. Пашшадан каттароқ ҳашарот пашшани тутиб олади. Ана ҳозир ейди, деб хаёл қилиб турсангиз, кичик пашшани қисиб олган бу йирик ҳашарот уни емайди. Питирлаётган пашша тинчиб қолади. Пашша қаноти остига йирик ҳашарот уруғ қўяди. Уруғ қўйиб бўлгач, ҳеч нима бўлмагандек бошқа жойга учиб кетади. Болаларим нима бўлади, пашша ўлдириб қўймасмикин, деб хавотир ҳам олмайди. Пашша ўз устидаги юкдан халос бўлиш учун бир неча бор уриниб кўради. Уринишлари бефойда кетгач, бор-е дегандек қорин ғамида учиб кетади. Зулукдек ёпишиб олган майда қуртлар пашшани маҳкам қучоқлаб унинг устида мазза қилиб парвоз қилишади. Пашша кавшанаётган мол устига қўнади. Худди биров ўргатиб қўйгандек, ”посадка” бўлиши билан самолётдан тушаётган пассажирлар сингари қуртваччалар ҳам пашшадан тушиб мол терисига ёпишишади. Чунки мол терисидан чиқаётган иссиқлик улар учун пашшадан тушишга сигнал эди. Мол чақирилмаган бу меҳмонлардан безовталаниб думи билан уларни ҳайдамоқчи бўлади. Пашшанинг осмону фалакдан ташлаб юбораман деб қўрқитишидан чўчимаган қуртлар молнинг бир-икки пўписасига парво қилишмайди. Уч ой давомида молнинг қонини сўриб ётишади. Уч ой деганда мол билан хайр-маъзурни насия қилиб, учиб кетишади.
Иккинчиси, икки жуфт қанотли нозик ҳашарот. У уруғини баргнинг ичига қўяди. Икки ҳафта ўтар-ўтмас уларнинг атрофида чумолилар гирдикапалак бўлиб қолади. Чумолилар уларга оталарча ғамхўрлик кўрсата бошлайди. Аста-секин у қуртларни ўз инларига судраб олиб келишади. Бу ҳолатдан ҳайратланган микробиология мутахассислари бу ғамхўрликнинг сирини излай бошлашади. Натижада у қуртлар ўзидан чумоли суядиган ҳид чиқаради, деган фикрга келишади. Чумоли бу ҳидга мафтун бўлиб қуртни ўз боласидек парваришлайди, турли зарарлар етишидан ҳимоя қилади.
Вақти соати келиб чумоли инида кун кўраётган қурт қанот ёзиб, туз-намак бўлган хонадонга ташаккур айтишни ҳам унутиб учиб кетади. Ота-онани қидириб эмас, ”қайда экан менинг насибам” дегандек ўз жуфтини қидириб ўрмон томон йўл олади. (“Даъватчи қуш” китобидан)
Шиллиқуртнинг ўзига хос гижжа паразити бўлар экан. Ўша паразит шиллиқурт ичини роса ер аммо ўлдирмас экан! Чунки ўлдирса ташқи муҳитда ўзича яшай олмас экан.  Ҳалиги паразит ўз эгасини бу аҳволга солиб бўлгандан кейин, кўпайиш учун шароит қидириб қолар экан. Бу шароит эса, осмондаги учар қушнинг ичаги экан. Энди тасавур қилинг! Паразит нима қилиши керак: у ўт орасида ўрмалаб юрган кичкинагина ҳашорат ичида, қуш эса баланд осмонда, ҳаёт эса давом этиши керак! Сиз нима ўйлаб топган бўлар эдингиз?
Аллоҳ таоло бу махлуқига ато қилган “хунарига” қаранг!  Паразит шиллиққуртнинг миясини айнита бошлар экан, натижада шиллиққурт бечора беркиниб юриш ўрнига ўзини очиқ сатхга, барглар, шохлар учига паразит таъсири остида олиб чиқа бошлар экан! Бу ҳам камдек, паразит шиллиққуртнинг шохчаларига кириб олиб алвон турли ранглар берар ва бетўхтов пульсация қилиб қимирлатиб турар экан! Натижада бу расвоси чиққан шиллиқуртни ҳар қандай қуш ҳам баланд парвозда ҳам топиб олиши ҳеч гап бўлмай қолар экан.  Қуш таёр овқатни тутиб еб юборади-ю, ўлжаси ичидаги паразитни ўз ичагига жойлаб олади. Шиллиққурт халок бўлади, паразит эса орзу қилган жойида, мазза қилиб қуш ҳисобидан кун кечираверади. Жуда кўпайиб кетса, қуш ахлати билан ташқи дунёга тушиб кетади, ерда эса шиллиқуртлар кўп, насиб қилса албатта биттасининг ичига кириб олади. Мана шу ҳаёт доираси қиёматгача бетўхтов давом этиб бораверади. (“BBC Wild” кўрсатувчидан).  

Яна бир мисол

Сергей Кара-Мурзанинг китобида чумолиларнинг уларнинг уясига кириб олган қўнғизлар таъсирида юз берувчи жуда ҳам ғалати хатти-ҳаракати тасвирланган:
«Масалан, чумоли уяларида майда қўнғизчалар – Ломехуз қўнғизлари жойлашиб олишди. Ўз ҳаракатлари ва қилиқлари билан улар чумолиларга жуда ўхшайди ва уларнинг имо-ишора тилини яхши тушунишади. Ҳамжиҳат ва меҳнаткаш чумолилар биродарига биринчи сўрагандаёқ емиш берадилар. Чумоли бу илтимосни шеригини маълум тарзда «тақиллатиш» орқали ифодалайди. Қўнғизлар бу ҳаракатни осонгина ўзлаштириб олдилар ва бемалол емиш сўраб олаверадилар. Лекин улар жуда очофат бўлиб, чумолиларнинг бутун жамоаларини ўзларини боқишга мажбур этадилар. Қўнғизлар танасида олтинранг туклар тутами бўлиб, уларда ажратмалар (чиқиндилар) тўпланади. Ишчи чумолилар бу ажратмаларни ялагандан сўнг, ҳар қандай соғлом фикрлашни йўқотиб қўйишади. Улар қўнғиз ва унинг личинкаларини шундай ғайрат билан озиқлантира бошлайдики, натижада ўз биродарлари ва ўз личинкаларини озуқасиз қолдиришади. Келгиндиларга меҳр қўйиш оқибатида ўзлари тўлиқ халокатга юз тутадилар, хатто чумоли тухумларини ҳам қўнғизларга емиш сифатида бериб, зурёдсиз қоладилар. Мабодо чумоли уясига хавф тахдид қиладиган бўлса, улар ўз личинкаларини ташлаб, қўнғиз личинкаларини қутқарадилар.
Аниқки, ўзлариннг наркотиксимон ажратмалари билан Ломехуз қўнғизлари чумолиларга, уларнинг организмида мавжуд бўлган муҳим хатти-ҳаракат дастурини йўққа чиқарувчи (тўсиб қўювчи) сигнал юборади. Яъни, одатда чумолиларнинг ҳаётини таъминлашга ва зурёдини давом эттиришга йўналтирилган ҳаракатларни бажаришга ундовчи дастурни йўққа чиқаради. Ва, афтидан, қўнғизлар томонидан берилган ахборот «нормал» дастурни тўсибгина қўймасдан, уни ўзгартириб ташлайди, ва чумолиларни боқиманда (паразит) учун фойдали бўлган харакатларини фаоллаштиради. Бўлиб ҳам, чумолилар бу ҳаракатларни бажаришдан мутлоқ бахтиёрликни ҳис этадилар».
Бугунги кунда умматимиз душманлари айнан шу тарзда иш юритмокдалар; умматнинг ҳушёрлигини сохта ғоя ва шиорлар билан сўндирмоқдалар, ўзларининг оммавий маданияти, фильмлари ва мусиқалари билан мусулмонларни Исломга хизмат килишдан тўсмоқдалар, уларнинг орасига ташқи кўриниши мусулмонларнинг ўзларига ўхшаш бўлган (худди Ломехуз қўнғизлари чумолиларга ўхшаганидек) мунофиқ ва сотқинларни киритмоқдалар.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase