close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом ва фан-техника тараққиёти

Бу мавзу (яъни илмий қолоқлик) уммат учун "оғриқли мавзу" ва исломни технологик қолоқлик билан тенглаштирмоқчи бўлган барча турдаги исломофобларнинг севимли мавзуси бўлгани учун кўриб чиқилмаслиги мумкин эмасди. Шунинг учун бу муаммони тушунишга ва барча саволларга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Биринчидан, Исломнинг Ғарб мамлакатларидан ортда қолиши кеча бошлангани йўқ, сўнгги халифалик (Усмонийлар) мунтазам равишда 18-асрнинг иккинчи ярмидан мағлуб бўла бошлади, рус императори Николай I таъриф берганидек, "Европанинг бемори"га айланди. Дарҳақиқат, ўша пайтга келиб, қолоқлик институционал бўлиб, халифалик замон талабларига мос жавоб берадиган, саноат инқилобига қўшилиш ва саноатлаштириш босқичидан ўтишга ёрдам берадиган сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларга эҳтиёж сезарди. Бироқ бу ўз вақтида рўй бермади, натижада бир қатор ҳарбий ва сиёсий мағлубиятлардан сўнг ёш туркларни – диний асослардан халос бўлиш ва ғарб намунаси бўйича янгича, дунёвий давлат барпо этишга қарор қилган ёш ислоҳотчиларнинг ҳокимият тепасига келишига сабабчи бўлди.
Бундай жараёнлар фақат усмонийлар ва мусулмонларгагна хос эмасди, тахминан шу пайтда бу каби инқирозларга масалан, рус православ империяси ҳам дуч келган, оқибатда у усмонийлардан сал олдинроқ қулаган, католик испанлар монархияси эса, бироз узоқроқ давом этган, чунки у Биринчи жаҳон урушида қатнашмаган. Бошқа томондан, бу пайтда Британия империяси, АҚШ, Германия каби муваффақиятли протестант ҳаракати мавжуд бўлиб, бу оқибатда замонавий ғарб интеллектуал макони протестантлик қадриятлар тизимида экани ҳақида ҳозирги кунда ҳам оммавий бўлган ғоянинг пайдо бўлишига олиб келди.
Ҳақиқатда эса бу муваффақият сири динда эмас, балки у ташкил қилинган моделда бўлиб, уч қисмдан иборатдир:

1. тартиб (ривожланиш стратегияси),
2. бу тартиб йўл қўядиган интизом,
3. фан-техника тараққиётига йўналтирилганлик, бу тартибни энг самарали амалга ошириш имконини беради. Моҳиятан бу асосида тартиб, чўққисида эса – фан-техника тараққиёти ётадиган пирамидани ифодалайди.

Бу модель нафақат протестант кўпчлиги томонидан амалга оширилиши мумкин, мисол учун, биз юқорида айтиб ўтган даврда дунёнинг бошқа бир қитъаси – Японияда «синтоизм» дини билан монархия худди шу моделни амалга оширади, бу эса унга улкан сакрашни амалга ошириб, аграр мамлакатдан саноатлашган мамлакатга, мустамлакалашув арафисида турган, ёпиқ давлатдан минтақадаги етакчи кучга ва мусталакачига айланиш имконин берди. Бизнинг даврда эса Хитой XX асрнинг 70-йилларида амалга оширилган Ден Сяопин ислоҳотлари туфайли бу моделни ўзида амалга ошира олди, бу эса Хитойга XXI аср бошида қудратли давлатлардан бирига айланиш имконини берди, гарчи бундан 50 йил олдин бу мамлакатда миллионлаб одамлар очликдан ўлиши одатий ҳолат бўлган бўлсада. Ёки масалан, Иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлган Исроил давлати ҳам худди шу модел бўйича ташкил этилиб, душман араб мамлакатлари қуршовида омон қолиб, барча араб-исроил урушларида ғолиб чиқди ва минтақада етакчи кучга айланди. Худди шу фикрни Веймар республикаси вайронларида юзага келган, қисқа вақт ичида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бирига айланган ва унинг «арбайтен унд дисциплинен» тамойили оммага машҳур бўлган Учинчи рейх ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Бу мисолларнинг барчасини муваффақият ва етакчилик – «протестант қадриятлари»га эга бўлган давлат учунгина эмас, нафақат либерал-демократик, балки тоталитар мамлакатларга ҳам хос эканлигини кўрсатиш учун келтирдик. Шунинг учун бу модел Ислом доирасида амалга оширилиши мумкин (ва лозим) ва бунинг учун дунёвий Ғарб демократияларининг ўхшашига айланиш шарт эмас. Аммо бунинг учун ушбу модел ўринга эга бўлиши мумкин бўлган муассасалар ишлаб чиқилиши керак. Биринчидан, бу унинг доирасида стратегия ишлаб чиқиладиган исломий мафкура, иккинчидан, уни амалга оширадиган ва жамиятда юқори интизомни сақлайдиган давлат сиёсий аппарати ва агар биз етакчилик учун курашмоқчи бўлсак, бунинг учун зарур бўлган фан-техника тараққиёти. Бу уч таркибий қисмнинг ҳаммасида эса, мусулмон салтанатлари ўз мавжудлигининг охиригача жиддий муаммоларни бошдан кечирди: тўғри стратегиянинг йўқлиги, ҳокимиятнинг парчаланиши ва натижада интизомсизлик ва қуйи синфларнинг қашшоқлашуви.
Табиийки, бундай жамиятда ҳеч қандай индустриализация ва фан-техника тараққиёти ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Боз устига, бу муаммолар ҳозирги кунда Ислом дунёсида фақат чуқурлашиб бормоқда. Бу давр мобайнида Ислом тафаккури инқироздан чиқишга уринмоқда, лекин ҳозирча муваффақиятиз. Инқирознинг давом этаётган чуқурлашуви энг ёрқин намуналаридан бири эса чуқур фикрий таназзул, мусулмонлар оммасининг дунёвий таълим ва илмга бўлган муносабати ҳисобланади. Агар анъанавий Ислом тафаккурига муносабат ҳали ижобий бўлса (гарчи яқиндагина фиқҳ мазҳаблари кўринишида классик исломий меросни четга суришга даъватлар янграган бўлсада), дунёвий илм-фанга муносабат тобора қандайдир бегона ва кераксиз эмас, қандайдир душманларча сифатида бўлиб бормоқда.
Агар анъанавий Ислом мероси ва фиқҳга салбий муносабат келиб чиқиши модернистлар ва жадидлар билан боғлиқ бўлса, неолуддизмга қадар етиб борган илм-фанга агрессив қаршилик манбаси сохта салафийлар бўлиб, уларнинг мурожаати моҳиятан литерализм ва анти-интеллектуализм сифатида таърифланиши мумкин. Уларнинг муқаддас матнларни фақат сўзсиз қабул қилиши ва нуфузли олимлар асарларига танқидий ёндашуви йўқлиги уларнинг баъзиларини Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши ва унинг шарсимон шакли каби ҳаммага маълум бўлган далилларни инкор этишига олиб келди.
Афсуски, Форс кўрфази мамлакатлари (биринчи навбатда. Саудия Арабистони) томонидан ушбу тенденциянинг кучли молиявий қўллаб-қувватланиши туфайли у кенг тарқалди. Табиийки, бундай ёндашув билан дунёвий фанларга муносабат фақат салбий бўлади, ваҳоланки, юқорида таъкидлаганимиздек, фан-техника тараққиётининг ривожланиши замонавий дунёда муваффақият ва мустақилликнинг асосий омилидир.
Кўпинча, бундай дунёқарашларнинг издошларидан мусулмонларнинг биринчи авлодлари Византия ва Форс империяларига нисбатан камбағал ва технологик жиҳатдан қолоқ эди, аммо бу уларнинг устидан ғалаба қозонишларига тўсқинлик қилмади, шунинг учун бизга илм-фан керак эмас, деган фикрларни эшитиш мумкин. Аслида, ушбу фикр «омон қолганларнинг тизимли хатоси» ёки оддийгина қилиб «омон қолганларнинг хатоси»  сифатида машҳур бўлган ҳодисанинг турларидан бири бўлиб, бунда хулоса фақат муваффақият ҳақидаги маълумотлар асосида қилинади, муваффақиятсизликлар ҳақида маълумотларга эса, эътибор қаратилмайди.
Дарҳақиқат, ўтмиш цивилизацияларига, уларнинг юксалиши ва қулашига назар ташласак ва ўз моделимизни уларга нисбатан қўлласак, фан-техника тараққиёти ҳозирги замондан фарқли ўлароқ анча кичик роль ўйнаганлигини сезамиз. Варвар герман қабилалари ҳужумида остида Рим империясининг қулаши, Аббосийлар халифалиги ва Хитой империясининг мўғул-татар ўрдаси ҳужуми остида қулаши каби ёрқин мисоллар ўша даврларда цивилизацион ривожланишнинг пастроқ босқичида турган халқлар муваффақиятли рақобат қила олгани ва ҳатто янада юқори ривожланган цивилизацияларни забт эта олгани ҳақида далолат беради. Бу ерда асосий муваффақият омиллари бизнинг моделдаги дастлабки иккита таркибий қисм бўлган: тартиб ва интизом, агарда муафкура ёки дин уларни сафарбар қилса, миллат муваффақиятга эришган ва қўшниларни забт этган.
Аксинча, агар бу икки омил таназзулга юз тутадиган бўлса, миллат тараққиёт турғунликка ботиб қолган, кейин эса инқирозга учраб, пировардида ҳатто ривожланишниг қуйи босқичидаги бошқа халқларга бўйсунган. Қуйидаги сўзларни Чингисхон айтган деб ҳисоблашади: «Интизом бўлмаган ҳар қандай қўшин – бу оломондир, оломонни эса доим осонлик билан енгиш мумкин», бу тамойил бутун жамиятга нисбатан ҳам тўғри келади.
Бу жараённи биринчилардан бўлиб таърифлаган Ибн Халдун, VII асрда яшаб ўтган ислом олими ҳақли равишда социология фанининг асосиси ҳисобланади. У ўзининг «Муқаддима» асарида буни цивилизациялар босиб ўтадиган циклик жараён сифатида таърифлайди, бу жараённи асосий ҳаракатлантирувчи куч, деб эса у «асабия»ни кўрсатади, мазмунан бу тахминан «миллий руҳ» ёки «миллат руҳи»ни англатади. Бунда Ибн Халдун цивилизация ривожланиши билан асабия сусайишини, ҳокимиятни факат ҳашамат, дабдаба ва шу ҳокимиятни қўлда сақлаш қизиқтириши, уларнинг ўрнига асабияси кучли бўлган ёввойи ва оч кўчманчилар келиши, уларни забт этиши ва бу вайроналарда ўз давлатини барпо этишини кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, Ибн Халдун мамлуклар ҳукмронлик қилган ва темурийлар босқини кучайган даврда Мисрда яшаган, шу сабабли у таърифлаган жараёнлар моҳиятан унинг кўз ўнгида рўй берган. Бироқ ушбу циклни ибн Халдун муқаррар, деб ҳисобламаган ва дин ўгитларига амал қилиш йўли билан асабияни ҳам, демак, цивилация ҳаётини ҳам узайтириш мумкин, деб ёзган.
Лекин, юқорида кўрсатиб ўтганимиздек, фан-техника тараққиёти билан техник улкан устунлик бера бошлади, энди ғалаба учун фақат асабиянинг ўзи камлик қилади. Биринчи жаҳон уруши технологиялар соҳасида етакчилик ғалабанинг гарови эканлигини кўрсатиб берди. Авиация, кимёвий қуроллар, танклар пайдо бўлиши билан шахсий жасорат ва чидамлилик ҳал қилувчи рол ўйнамай қўйди, аскарлар эса техниканинг ишлаши учун зарур бўлган мурватчага айланди.
Келажакда бу тенденция фақат ошади кучайиб боради. Ҳозир Фаластинда Исроил амалда жанговар дронлар ва роботлар ёрдамида арабларга қарши уруш олиб бормоқда. 80 ва 90-йиллардаги фантастик жангари фильмлар билан бизни қўрқитишган одамлар ва машиналар уруши аллақачон кўз олдимизда ва бу бизнинг фойдамизга эмас, чунки одам машинадан совуққонроқ ва кучлироқ бўла олмайди. Албатта, фан-техника тараққиётида етакчилик нафақат жанг майдонида, балки ҳаётнинг барча соҳаларида устунлик беради: интернет ва гаджетлар шаклидаги унинг маҳсулисиз энди ҳаётни тасаввур қила олмаймиз. Шу сабабли тараққиётга қарши кураш бефойда, уни жиловлаш керак ва бу, агарда биз, мусулмонлар, етакчиликни ва дунёни эгаллашга лойиқ бўлган ўрнини қайтаришни истайдиган бўлсак, бунинг ягона йўлидир.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase